«Саодат» журнали таъсис этилган кун!
«Саодат» журнали Ўзбекистон Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг ижтимоий-сиёсий, адабий-бадиий безакли нашри ҳисобланади.
Унинг илк сони 1925 йилнинг 1 декабрида «Янги йўл», 1936 йилда «Ёрқин турмуш», 1936 йилда «Ёрқин ҳаёт» номи билан чоп этилган. Ундаги материаллар тобора фаоллашаётган Ўзбекистон аёллари ҳаётининг кўзгусига айлана бошлаган.
1941 йилда нашр тўхтаб қолган.
1950 йилда «Ўзбекистон хотин-қизлари» номи билан ўқувчиларга тақдим этилган.
1966 йилдан опа-сингилларимизнинг интилишлари, қалб истакларига ҳамоҳанг тарзда ушбу нашр – «Саодат» деб номланган.
«Саодат» миллионлаб хонадонларга кириб борди, ҳақиқий маърифат чашмасига, мухлисларнинг қадрдон маслаҳатчисига айланди.
Мустақиллик «Саодат»га янги нафас, янги мавзулар берди. «Мустақил Ватан таянчлари», «Тадбиркорлик калити», «XXI аср аёли», «Огоҳ бўлинг, одамлар», «Аёл ва сиёсат», «Маънавият бекати», «Жаҳонга машҳур хонимлар» каби рукнлар остида таҳлилий, маърифий, танқидий руҳдаги мақолалар берила бошлади. «Илк қадам», «Суюнчи», «Кўнгилнинг нозик сирлари», «Уйингизда қиз ўсяпти» каби саҳифалар ташкил этилди.
1999 йилнинг апрелида журналга илова «Гулчеҳралар» газетаси ўқувчилар қўлига тегди.
Ҳозирда ҳам «Саодат» жамоаси мухлислар, ўқувчиларига содиқ, журнал анъаналарига садоқат билан ишламоқда.
Журналда Зулфияхоним, Ойдин Собирова, Ҳалима Худойбердиева, Ойдин Ҳожиева, Феруза Жалилова каби кўплаб таниқли ижодкорлар ишлаган.
Айни вақтда «Саодат» журналига Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, «Шуҳрат» медали соҳибаси, таниқли ва истеъдодли шоира – Мунаввара Усмонова Бош муҳаррирлик қилиб келмоқда.
Севимли журналимиз – «Саодат» таъсис этилган кун муборак бўлсин!!!