Фонограмма кимга ва нега керак?



   Яқин қўшни – Қирғизистонда хонандаларнинг фонограммада куйлаши тақиқланганини эшитиб, кўз олдимга ўзимиздаги ҳолат келди. Чунки бугун бизда қаёққа қараманг, концерт ­саройими, концерт залларими, телевидение, тўй-ҳашам ёки тадбирми – ҳаммасида фонограммадан фойдаланиш авжига чиққан.
   Аслида қўшиқ юрак-юракдан айтилсагина бош­қалар қалбига етиб боради. Яъни хонанда ўзи айтаётган қўшиқни бутун вужуди билан ҳис этиб, уни айни ҳолатда тингловчига етказса, улар ўртасида руҳий боғлиқлик юзага келади. Фонограммада куйлаётган хонанда эса кўпроқ мусиқадаги шовқинга, ритмга эътиборни жалб қилиб, тингловчини чалғитишга уринади. Оҳангга, аниқроғи, ритмга эргашган мухлисни қўшиқ мазмуни қизиқтирмаслиги табиий. Бу ўринда рақс биринчи ўринга чиқиб, у беихтиёр ўйинга тушиб кетаверади.
   Тўғри, жонли ижро ҳам кишини рақсга чорлайди. Лекин айни ҳолатда мухлис мусиқа билан бирга ­матнни ва хонанда қалбини ҳис қилиб туради. Фонограмма қўшиқларни сақлаш учун – фонотека мақсадида керак.
   Менимча, фақат бизнинг юртимизда урчиган «фонограмма» сўзидан ўринли фойдаланиш ва уни амалиётда тўғри қўллаш шартларини аниқ белгилаш вақти келди. Барча ижодкорлар чет элларда фонограмма қачон ва қандай ишлатилишини яхши билишади. Ундан қўшиқ мусиқасини ижро этиш қийин бўлган вазиятда камдан-кам, шунда ҳам оммани «Мусиқа фонограмма орқали ижро этилади», деб хабардор қилган ва чипта нархини арзонлаштирган ҳолда фойдаланилади.
   Бизнинг айрим санъаткорларимиз ҳам, тўлиқ бўлмаса-да, ўз концерт дастурларида жонли қўшиқ айтишга ҳаракат қилишяпти. Лекин аксарияти ­фонограммада бемалол куйлаб ётибди. Улар «Ижро қандай бўлишидан қатъи назар, заллар доимо мухлислар билан тўла, улар қўшиқларимизни мазза қилиб тинглашяпти. Тўй-ҳашамларда ҳам ҳеч ким эътироз билдираётгани йўқ. Шундай экан, ваҳима қилишнинг нима кераги бор?» дейишлари тайин. Биз мана шунақа лоқайдлик туфайли хонандалар ўз устида ишламай қўйишгани, тингловчи ва томошабиннинг ҳуқуқини поймол қилишаётгани ҳақида нега ўйламаймиз?! Энг катта фожиа эса, куйлашни сал-пал ўрганиб, йўқ овозини замонавий асбоб-ускуналар орқали «кучайтириб», катта саҳналарни, тўйхоналар тўрини, кўп миллионли телеэкранларни эгаллаб олганлар, ҳақиқий санъатнинг қадрини тушираётганлар кўпайиб бораётганидир.
   Дарвоқе, ортиқча жон куйдирмай, овозини ҳам, қўшиқ куйлаш услубини ҳам замонавий техника орқали эпақага келтириб, машҳур бўлиш ва пул топиш кимга ёқмайди, дейсиз?.. Лекин бу ҳолат мени, сизни – ҳаммамизни ташвишга солиши керак. Чунки биз дунёга машҳур ака-ука Сўпихоновлар, Юнус Ражабий, Комилжон Отаниёзов, Фаттоҳхон Мамадалиев, Таваккал Қодиров, Берта Давидова, Фароғат Раҳматова, Коммуна Исмоилова сингари бетакрор овозга эга кўплаб санъаткорларни кўрганмиз. Ва авлодларимиз ҳам ҳақиқий санъатдан, соф миллий ўзбек қўшиқларидан баҳраманд бўлиб улғайишларини истаймиз. Бунинг учун фонограммасиз эмин-эркин куйлай оладиганларга катта саҳналарни, телевидение экранларини, барча тадбирлар майдонини кенг очиб беришимиз шарт.
   Хўш, ҳозир шундай қилишимизга нима халақит беряпти?
   Ўйлайманки, бу саволга, аввало, «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси жавоб бериши керак. Шахсан ўзим 2001 йилдан буён шу ташкилотнинг Бадиий кенгаши аъзосиман. Юртимизнинг таниқли хонанда-созандалари, режиссёрлари ва тегишли ташкилотлар вакилларидан иборат ушбу кенгаш узоқ вақтдан буён, ёшидан қатъи назар, барча хонанда ва созандаларга лицензия бериб келмоқда. Дастлаб лицензия кенгашга ҳужжатларини тақдим этган ижодкорлар юборган видеокассеталардаги қўшиқлар ижросига қараб бериларди. Бунда хонанданинг ижро ­мадания­ти, қўшиқ матни, мусиқаси инобатга олинарди.
   Сўнгги йилларда Бадиий кенгашда хонандаларнинг жонли ижросини тинглаб, лицензияга тавсия этиш тартиби жорий қилинди. Бу жараёнда ҳам уларнинг репертуарида мавжуд қўшиқларнинг барчасини тинглаб, улгуришнинг иложи йўқ. Гап яна концерт ташкилотлари ва телевидениега бориб тақалади. Хонандаларнинг бошқа қўшиқлари эфирга кетиши телевидение, радио, концерт заллари мутасаддилари ихтиёрида.
   Лицензия кенгашида ҳар доим таниқли санъаткорлар, режиссёрлар, соҳанинг малакали мутахассислари фаолият кўрсатишган. Бу ўринда раҳматли устозлар Носир Отабоев, Бахрулла Лутфуллаев, Темур Убайдуллаев, таниқли санъаткорлар Тоир Қўзиев, Азим Муллахонов, Шуҳрат Дадажонов, Шуҳрат Зокиров, Аваз Маллабоев, айни кезларда кенгашга раҳбарлик қилаётган Аваз Мансуровнинг исм-шарифларини келтириш кифоя.
   Энг муҳими, бугун иқтидорини намоён этмоқчи бўлган кишига кенг йўл очиб берилган ва лицензия бериш тартиби ҳеч кимнинг ҳуқуқини чеклаётгани йўқ. Фақат санъаткор ўзининг кимлигини, қайси юрт номидан саҳнага чиқаётганини билиши, оддий ахлоқ меъёрларига таяниб иш юритиши керак. Афсуски, эстрада йўналишида ижод қилаётган баъзи хонандалар ўзларига яратиб берилаётган шарт-­шароитлар ва имкониятларни суиистеъмол қилишаётгани, айрим навқирон санъаткорлар талабчанликни йўқотиб, ҳотиржамлик ва ўзибўларчиликка берилаётгани, ёш қизиқчилар асосан концерт дастурларида бачкана қилиқлари ва гап-сўзлари билан миллий-маънавий қадриятларимизга, одоб-ахлоқ меъёрларига ва менталитетимизга зид иш тутишаётгани кузатилмоқда.
   Президентимиз 2020 йил 24 августда имзолаган 6044-сонли фармоннинг 2-иловасида концерт-томоша тадбирига бир марталик рухсатнома, ­оммавий тадбирларга рухсатнома ҳамда халқаро ва умумдавлат тадбирларига рухсатнома келишиб бирлаштириш орқали бекор қилиниб, 2021 йил 1 январдан оммавий тадбирларга рухсатнома бериш тизими ташкил этилиши қайд этилган. «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунга кўра, Махсус электрон тизим орқали айрим рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низом билан оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатнома паспорти асосида Ички ишлар вазирлиги ваколатли орган сифатида белгиланган. Бунга мазкур вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва маҳаллий ижроия ҳокимиятлари масъул ҳисобланади.
   Лекин концерт дастурлари ва сценарийсини кўриб чиқишга, репертуарининг ғоявий-бадиий даражасини баҳолаш, ижрочиларнинг чиқишларидаги ножоиз хатти-ҳаракатларга чора кўришга етарли даражада эътибор қаратилмаяпти. Масалан, «Миллион» жамоасининг 2021 йил март ойидаги «Миллионавирус» номли концерт дастурида ҳар бир саҳна кўриниши фаҳш сўзлар ва ҳаракатлардан иборат бўлди. Таниқли актриса иштирокидаги бир кўринишда унинг орқа танасига урғу бериш, бачкана қилиқлар ва тутуриқсиз гаплар билан томошабинларни кулдиришга ҳаракат қилинди. Ушбу жамоа яқинда ўтказган концерт дастурида яна шунга ўхшаш ҳолатлар, сунъийлик ва фаҳш сўзлар такрорланди. «BRAVO» жамоасининг 2021 йилги концерти ҳақида ҳам шундай фикрлар билдириш мумкин. Филипп Киркоров эса 2022 йил 1 ноябрь куни «Халқлар дўстлиги» саройидаги концерти давомида саҳнада хонанда Наргиза Зокировани «тасқара» деб ҳақоратлади. Бу кўпчиликнинг ғашига тегди ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди.
   Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади: биз гапни фонограммани йўқотишдан бошлаб, нима учун лицензия бериш тартиби ва санъаткор одобига ўтиб кетдик. Чунки уларнинг бугун пойтахтимиздаги катта залларда, вилоятларда бўладиган якка концертларини ва турли концерт-шоуларни ташкил этиш учун лицензия беришга Ички ишлар вазирлиги ваколатли орган қилиб белгиланган. Юқорида бунинг оқибатида келиб чиқаётган нохушлик­ларни мисоллар асосида исботлаб бердик. Агар бундан кейин ҳам аҳвол шундайлигича қолаверса, концертларнинг савияси ҳақида гапирмасак ҳам бўлади.
   Мен тилга олинган муаммоларни бартараф этиш учун қуйидаги ишларни амалга ошириш лозим, деб ўйлайман. Биринчи навбатда, Ўзбекис­тон ҳудудида Концерт-томоша тадбири дастурини таҳлил қилиш, кўриб чиқиш, баҳолаш ва рухсатнома бериш тизимини «Ўзбекконцерт» давлат муассасасида қайтадан жорий этиш керак. Чунки у ўз номи билан концерт борасида ягона сиёсатни амалга оширади. Шунинг­дек, барча сарой раҳбарларига концерт дастури билан боғлиқ кўрсатмалар бериш ваколатига эга бўлиши зарур.
Бинобарин, санъаткорнинг саҳнадаги ҳаракатларини қонуний назорат қиладиган ва бунинг учун жавоб берадиган ваколатли органни белгилаш зарур. Ҳозир эса Маданият ва туризм вазирлиги, «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси ижрочиларга фақат тушунтириш ва тавсиялар бериш билангина кифоя­ланмоқда.
   Концерт-томоша тадбирига бир марталик рухсатнома беришнинг ўзига хос хусусиятлари шундан иборатки, эксперт комиссияси аризаларни кўриб чиқишда ушбу тадбир дастури (сценарийси)нинг ғоявий-бадиий савиясига, тақдим этилган репертуарнинг миллий анъаналар ва умуминсоний қадриятларга мувофиқлигига, унда Ватанга садоқат ва муҳаббат ғоялари нечоғли акс этганига эътибор қаратади. Концертга тайёргарлик жараёнида санъаткорларга ижодий жиҳатдан кўмаклашади. Шунингдек, концертлар ва томоша тадбирлари давомида миллий-маънавий қадриятларимизга зид бўлган, ёшлар руҳиятига салбий таъсир кўрсатадиган, ахлоқсизлик, жоҳиллик, зўравонлик ва гиёҳвандликни, диний экстремистик ва «оммавий маданият» ғояларини тарғиб этишга қаратилган турли кўринишлар намойиш этилишининг олдини олади. Ижрочиларнинг саҳнадаги ножўя хатти-ҳаракатларига чек қўяди ва унга масъул этиб бириктирилади. Концерт дастурида «устоз – шогирд» анъаналари давом эттирилиб, ёш ижодкорлар иқтидорларини катта саҳнада намойиш этишлари учун шарт-шароит яратилади.
   Албатта, мавжуд камчиликларни бартараф этиш борасида «Ўзбекконцерт» қўлидан келган ишларни бажаряпти. Юртимизда 2016 йилдан ­эътиборан эксперт комиссияси томонидан жонли ижродаги қўшиқ учун лицензия бериш амалиёти йўлга қўйилди. Қолаверса, катта залларда тўлиқ равишда жонли ижрода концерт ўтказилса, зал ижараси (40 миллион сўм)нинг 50 фоизини тўлаш юзасидан Маданият ва туризм вазирлигига чегирма бериш ҳуқуқи берилди.
   Бугунги кунда жонли ижрога илк қадамлар ­қўйилган. Яъни, асосий давлат тадбирларидаги концерт дастурлари жонли ижрода ўтказилмоқда. Ўзига ва овозига ишонадиган айрим таниқли хонандалар, жумладан, Юлдуз Усмонова ва Маҳмуд Номозов 2022 йилги концертларини шу йўсинда бериб, бу ишга катта ҳисса қўшдилар.
   Шундай экан, Маданият ва туризм вазирлиги муҳташам саройларда яккахон концерт берадиган санъаткорларнинг барчаси тўлиқ жонли ижрода куйлашлари кераклиги, бу борадаги барча муаммоларни техник масалаларигача ҳал этиши ҳақида давлатимиз раҳбарига ва ҳукуматга таклифлар киритиши жоиз. Қолаверса, жойлардаги давлат ва хайрия тадбирларида ҳам тўлиқ жонли ижрода концерт бериш, уларда қатнашган барча ижодкорларга ижарадан чегирма бериш амалиётини сарой раҳбарияти зиммасига юклаш ва зарур шарт-шароит қулайликлар яратиш керак. Шунинг­дек, концертлар, тўй ва бошқа тантаналар ҳам тўлиқ жонли ижрода бўлишини шарт қилиб қўйиш даркор.
   Табиийки, жонли ижрога қайтиш санъатни сохта «хонанда»лардан ва бетайин ижролардан тозалаб, миллий санъатимиз янада ривожланишига хизмат қилади.

Гулчеҳра УМАРОВА,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрcатган маданият ходими.
Манба: "Ишонч" газетаси.
2023 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот