Шуҳрат Воҳидовга табрик
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, хонанда - Шуҳрат Воҳидовни таваллуд топган айёми билан чин юракдан муборакбод этамиз! Шуҳрат Воҳидов кўпгина қардош ва хориж тилларида қўшиқлар куйлаши билан ҳам таҳсинга лойиқ санъаткор. Ўзбекистон халқ артисти, раққоса - Рушана Султонова билан биргаликда кўплаб мамлакатларда гастроль сафарларида бўлиб, ўзбек санъати - рақс ва қўшиқчилигини жаҳон халқларига танитишда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Шуҳрат Воҳидовга энг аввало, мустаҳкам соғлик, узоқ умр, ижодий ва ижобий муваффақият, энг эзгу истакларимизни тилаймиз!
Камоли эҳтиром ила - Muzaffar.uz сайтининг ижодий жамоаси.
Маълумот: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист - Шуҳрат Хуршидович Воҳидов - Тошкент шаҳрида туғилган.
1984 йил Глиэр номидаги махсус мусиқа мактабини 8 синфини тугатиб, Гулистон давлат мусиқа санъат билим юртига ўқишга 1984-1988 йиллар кирган ва муваффақиятли тугатган.
1990 йил МДҲ давлатлари ўртасида бўлиб ўтган «Туркистанский запевала» номли фестивалида I-ўрин соҳиби бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг қуролли кучлари «Ашула ва рақс» ансамблига яккахон хонанда сифатида таклиф этилган. Ансамбль таркибида Ўзбекистон қуролли кучлари ҳарбий хизматчилари учун ташкил этилган концертларда ўз қўшиқлари билан фаол иштирок этиб келган.
1990-1998 йиллар Шуҳрат Воҳидов Ўзбекистон Республикаси ва МДҲ давлатларидаги бутун ҳарбий горнизонларида икки мингдан ортиқ концерт дастури билан иштирок этиб, Ўзбекистонлик ва бошқа миллатлар ҳарбийлари олқишига сазовор бўлган.
1998-2000 йиллар «Ўзбекнаво» эстрада жамоаларининг бирлашмасида, яккахон хонанда лавозимида ишлаб келган.
Ўзбекистон телерадио каналларида унинг бир неча фильм концерти ва қўшиқлари мунтазам янграб туради. Эътироф этиш жоизки, Ш. Воҳидов республикамизнинг барча вилоятларида, ҳамда 40дан ортиқ Европа ва Осиё мамлакатларида, яъни ФРГ, Англия, Бельгия, Франция, Италия, Юнонистон (Греция), Ҳиндистон, Голландия, Бангладеш, Австрия, Непал, Туркия, Польша, Россия, АҚШнинг 17 штати, Малайзия, Япония, Корея, Хитой каби давлатларда бўлиб, ўзининг концерт дастури ва ижрочилик маҳоратини намойиш этиб, санъат шинавандаларини хушнуд этган.
У Ўзбекистон Республикаси миқёсида нишонланаётган катта байрам дастурларида, яъни Мустақиллик ҳамда Наврўз умумхалқ байрам тантаналарида, Конституция, «Шарқ тароналари» халқаро фестивалида, Ватан ҳимоячилар кунига бағишланган тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда.
Ш. Воҳидов хайрия концертларини ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратади. Мунтазам равишда «Меҳрибонлик уйи» тарбияланувчиларига хайрия концерт дастурларини намойиш этиб, кўнгилларни шод қилиб келмоқда. Шунингдек, давлат ҳамда ташқи ишлар вазирлиги томонидан уюштириладиган қабул маросимларида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.
Шуҳрат Воҳидовнинг юксак ижрочилик маҳорати билан нафақат ўзбек тилида балки бошқа хорижий тилларда ҳам куйлаётган қўшиқлари халқимизга манзур бўлмоқда, айниқса ёшлар ўртасида кенг оммалашган. У ватанпарварлик, эл-юртга садоқат, муҳаббат ва вафо мавзусидаги ижод намуналарини маромига етказиб куйлаши туфайли турли мукофотлар билан тақдирланган. Жумладан, у кўп маротаба «Халқаро фестиваллари ғолиби» номзодига сазовор бўлган.
1995 йилда Ўзбекистон Республикаси «Касаба уюшмалари Федерацияси» Кенгаши раёсатининг “Ўзбекистон касаба уюшмалари мукофотининг лауреати” фахрий унвони берилган.
1997 йилда Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган Тошкент маданият кунларида Қорақалпоғистон Олий Кенгаши раёсатининг «Фахрий ёрлиғи» билан тақдирланган.
1998 йил Ўзбекистон Республикаси бўйлаб ўзининг “Сен ва мен” янги дастури билан халқимизни хушнуд этган.
1999 йилда «Ўзбекистон Ватаним маним», Профессионал хонандалар ўртасида бўлиб ўтган «Садо» конкурсида I-ўринни эгаллаб, диплом билан тақдирланган.
2000 йилда Непал давлатининг Катманду шаҳрида «Олтин овоз соҳиби» унвонига сазовор бўлган.
2000 йилдан Ўзбекистон давлат чегара қўмитаси қошидаги ансамблида яккахон хонанда лавозимида ишлаб, мамлакатимиз чегарачилари учун юзлаб чегара гарнизонларида ўзининг концерт дастури ҳамда чегара ансамбли билан фаол иштирок этган.
2001 йилда биринчи якка концертини Тошкент шаҳридаги «Зарафшон» концерт залида икки кун намойиш этган.
2002-2003 йилларда Ўзбекистон халқ артисти Рушана Султонова билан ҳамкорликда Енгил саноат вазирлиги ва Бокс Федерацияси қошида «Санам» рақс ансамблини тузиб, Ўзбекистон Республикаси бўйлаб концерт дастурини намойиш этган.
2004-2008 йил АҚШ давлатида профессионал санъаткор сифатида иш визаси билан контракт асосида Нью-Йорк ва Калифорния штатлари томонидан Голливудга таклиф этилган.
2008 йилдан эса Марказий темирйўлчилар маданият саройида якка хонанда хамда бадиий рахбарлик лавозимига таклиф этилган.
2009 йилдан Марказий темирйўлчилар маданият саройи рахбари лавозимида ишни давом эттирган. У «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятида бўлиб ўтаётган барча байрам тадбирларидаги концерт дастурларини юқори даражада ўтишига катта ҳисса қўшди ва айниқса, катта бунёдкорлик ишларини бажараётган темирйўлчилар хузурига чикиб, қурилиш объектларида концерт дастурлари ташкил этиб, яхши ўтишини таъминлади.
2010 йил «Ўзбекистонда хизмат курсатган маданият ходими» унвони билан Воҳидов Шуҳрат Хуршидович такдирланган.
2011 йил Сочи шаҳрида бўлиб ўтган «Сочи-2011» фестивалида, турли МДҲ давлатларидан ташриф буюрган 400 нафардан ортиқ иштирокчи хонандалар ичидан Гран При ва I-ўрин соҳиби бўлган.
2013 йил 9 май "Хотира ва қадрлаш" куни Ш. Воҳидов ўзининг дастури ва махсус ҳарбий қўшиқлари учун «VETERAN» бирлашмаси олдидаги хизматлари учун медаль билан такдирланган.
2013-2016 йиллари Марказий Осиёда энг узун 19 км 200 метрли узунликдаги Камчиқ тунелининг қурилишида Хитойлик ва Ўзбекистонлик қурувчиларининг тоғли иш жойида уч йил давомида бўлиб ўтган барча тадбирларида фаол қатнашиб келган.
2014 йил 27-28 февраль кунлари Шуҳрат Воҳидов «Халқлар дўстлиги» санъат саройида «Нурли кеча» номли ўзининг якка концерт дастури билан Ўзбекистон халқи, хусусан, мухлисларини хушнуд этишга муваффақ бўлган.
2015 йилда Ш. Воҳидов “Санам” рақс ансамбли билан биргаликда Бельгия, Голландия, Франция, Хитой давлатларидаги Ўзбекистон элчихоналарида нишонланган Мустақиллик байрамини юқори савияда ўтишига катта ҳисса қўшган ва унинг ижросидаги қўшиқлар барчага манзур бўлиб, олқишларга сазовор бўлган.
2016 йил Ўзбекистон Республикаси Президентининг Формонига биноан таъсис этилган “Ўзбекистон Мустақиллигининг 25 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланган.
2016 йил Ветеран бирлашмаси томонидан Фахрийлар ҳаракатини қўллаб-кувватлагани учун медаль билан мукофотланган.
2017 йил умумхалқ Наврўз байрами муносабати билан ўзининг ҳарбийларга аталган янги қўшиқлари учун "ЗА ЗАСЛУГИ" ("Хизматлари учун") медали билан РСВА томонидан тақдирланган.
2017 йил Ўзбекистон Республикаси Фармонига биноан таъсис этилган “Ўзбекистон Конституциясининг 25 йиллиги” эсдалик нишони билан такдирланган.
2018 йил Италия давлатида бўлиб ўтган Ўзбекистон туризмни ривожлантириш дастурида ўзбек санъатини юқори даражада намойиш этган хамда Ўзбекистон республикаси бўйлаб кўпгина давлат тадбирларида фаол қатнашган.
2019 йил Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра Туризмни ривожлантириш давлат кўмитаси ташаббуси билан Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида ва Китоб туманида ”Анор” халқаро агротуристик анжумани ташкил этилди ва ҳафта давомида чет эллик меҳмонларни хонандалик санъати билан турли тилларда қўшиқлар ижро этган.
Шуҳрат Воҳидов профессионал хонанда. 10 йил давомида МТМ Сарой раҳбари ва катта саҳна ҳамда концерт режиссёри маҳоратини профессионал даражада намойиш этиб келмокда. Ўзбек миллий эстрада қўшиқчилигини тарғиб этиш ва ривожлантиришда ўзига хос ҳисса қўшаётган ижодкордир. У нафақат эстрада йўналишида, балки миллий фольклор қўшиқларини ҳам зўр маҳорат билан ижро этиб, халқимиз ҳурматига сазовор бўлиб келмоқда. Ҳозирги кунда унинг 20дан ортиқ CD альбоми ва 20дан ортиқ видео-клиплари томошабинларга тақдим этилган. Шуҳрат Воҳидов 30дан ортиқ дунё тилларида қўшиқлар ижро этади ва 2 мингдан ортиқ қўшиқлар дастурига эга.