ҲОКИМЛАРНИНГ СЎКИШГА ҲАҚИ БОРМИ? УРИШГА-ЧИ?


Раҳбар - жамиятимизнинг акси 
ҲОКИМЛАРНИНГ СЎКИШГА ҲАҚИ БОРМИ? УРИШГА-ЧИ?

 

     Ҳокимлар мажлисда сўкиняпти… Ҳатто баъзилари ураяпти ҳам… Ҳақорат қилиш эса оддий ҳолга айланган…
     Бу аввал Сирдарёда, кейин Фарғонада, энди Қашқадарёда кузатилди. Бири-бирининг ишидан хулоса чиқариш ўрнига, «ўзим хон, кўланкам майдон» қабилида иш қилишди… 
     Биз қаёққа қараб кетяпмиз? Бизга нима бўляпти ўзи? Уларга билдирилган ишончнинг жавоби шуми? Ёки раҳбарлик фақат сўкиниш ва ҳақорат қилишдан иборатми? 
     Президентимиз Шавкат Мирзиёев юритаётган сиёсатда ёшларга алоҳида эътибор қаратмоқда. Жорий йилнинг 30 июнь куни Ўзбекистон ёшлари ҳаётида тарихий бурилиш юз бўлди. Бир томондан, эндиликда бу сана «Ёшлар куни» сифатида байрам қилиниши айтилган бўлса, иккинчи томондан, ҳукумат ёшларга ўз эшикларини очди. Бу бежизга эмас. Вилоят, туман ва шаҳар раҳбарларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари айнан «Ёшлар иттифоқи» етакчиларидан танлаб олинаётгани эса фикримиз исботидир. Бизнинг келажагимиз, эртанги кунимиз ёшлар қўлида эканлиги барчамизга аён. Ватанпарвар, замонавий фикрловчи, интеллектуал салоҳияти баланд, ташаббускор, ташкилотчи, ҳалол-пок - бу бугун давлатимиз раҳбари ёшлар олдига қўя¬ётган талаблардир. 
     Бугун ватанпарварлик руҳида тарбияланаётган ёшларимиз янгича фикр ва янгича қарашда. Ҳукуматимиз яратган имкониятлардан фойдаланиб, деярли ҳар соҳада юксак натижаларга эришаётган ёшларимизни кунора телевидение орқали кўрамиз, радиодан эшитамиз, газеталардан ўқиймиз. Улар билан фахрланамиз. Юртимиз ёшлари нималарга қодир эканлигини «Рио-2016» Олимпиадасида исботлаб берганини ҳали кўп эслаймиз. Чемпионлар юртимиз байроғини баланд кўтарганида орамизда кўзларига ёш келмаган бирор киши қолмаган бўлса керак. Ёки бўлмаса, футбол бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатидаги ёшларимиз жамоаси қўлга киритган ғалабасини эсланг. Ҳақи¬қий мардлар жанги эди бу. Йигитларимиз ғалаба учун, миллатимиз шаъни учун тиш-тирноғи билан курашди. Бундай фахрли мисолларни ҳар соҳада кўп¬лаб келтиришимиз мумкин. Математика бў¬йи¬ча халқаро олимпиадада ҳам биринчимиз, ёш шахматчилар, мусиқий фестиваль совриндорлари барча-барчаси бизнинг фахримиз-ифтихоримиз. Эл тинчлиги ва фаровонлиги учун жон куйдирадиган, миллатнинг шаънини сақлайдиган мана шундай ёшларимиз бор, дея баралла айта оламиз! Уларга қўшилиб, барчамиз юртимизни янада обод ва тараққий этган, дунёга юз тутган ҳолатда кўришни истаймиз. Бугун танланган йўл нақадар истиқболли эканлигига шубҳа қилмаймиз. Мана шу йўл ўз натижаларини бераётганидан қувонамиз. Аммо, минг афсуски, танганинг иккинчи томони ҳам бор...
ҚАНДАЙ ЎРНАК БЎЛАЯПСИЗ, РАҲБАРЛАР?
Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларга юкланаётган ҳокимлар ва турли соҳа раҳбарларининг иш жараёнидан олинган яширин тасвир ва аудиолари кишини ўйга толдиради. Айрим раҳбарларнинг ички дунёси нақадар қашшоқ эканлигидан уяласан, киши. Айниқса, бир шаҳар ҳокимининг мактаб директорлари иштирокидаги йиғилишидан тарқалган аудиоси интернет фойдаланувчилари орасида қизғин муҳокамага сабаб бўлди. Унда йиғилишни бошқараётган раҳбарнинг нутқ оҳанги ва кескинлигига эътибор берсангиз, аудионинг сохта эмаслигига шубҳа қолмайди. Ҳокимнинг ўзини тутиши, муомаласи, оғзидан чиқаётган ҳақорат-у, куракда турмайдиган сўзлари унинг ҳатто оддий инсон сифатида маънавиятдан қанчалик йироқ эканлигини кўрсатади. Бир неча дақиқалик аудиода бирорта ҳам адабий сўз ёки бўлмаса сўкиш ишлатилмаган гап эшитмайсиз... Бундан аввалгиларида эса нафақат ҳа¬қорат, балки қўл кўтаришлар ҳам бор эди… 
Бу айрим билимсиз ва тажрибасиз раҳбарларнинг йиғилишни олиб боришдаги одатий услубими? Бундай «томоша»ларни кўриб ёки эшитиб, баъзан «йиғилишлар фақат ҳақоратдан иборат бўларканда...» деган хулосага келасиз. Мулоҳаза қилсангиз, бу мажлисда кўриб чиқилаётган муаммонинг таҳлили қани? Масалага ечим излаган раҳбар уни аввал жойига бориб яхшилаб ўрганганми, текширганми? Унинг ечими бўйича таклифлар олинганми? Саволлар кўп… Жавоб ўр¬нига эса берилган топшириқ белгиланган муддатгача бажарилмаса, уларни нималар кутиши билан таҳдид қилиш…
Бундай йиғилишларда хотин-қизлар, ёш мутахассислар ҳам иштирок этиши инобатга олинмайдими? Президентимиз олиб бораётган сиёсатни қўллаб-қувватлайдиган малакали мутахассислар, садоқатли ва интилувчан ёшларимиз, хотин-қизлар бундай ҳа¬қо¬ратли сўзлар жамланмасини эшитиб, қай аҳволга тушишаяпти экан? Мақоламизни бежизга фахрланса арзийдиган ёшларимиз ютуқларидан бошламадик. Айтинг-чи, улар мана шундай раҳбарлардан ибрат олиши, уларга эргашиши керакми? 
Ҳоким - давлат раҳбарининг вакили, ҳокимият рамзи, давлат номидан иш кўрадиган шахс! Бугун ҳар қандай раҳбар айтаётган сўзи ёки қилаётган ишини етти ўлчаб, бир кесиши шарт! Ҳокимлар иш юзасидан талабчанлик қилишлари мумкин, лекин қўл остидагиларни камситишга, ҳақорат қилиб, уришга, шахсиятига тегишга қонунан ҳам, маънан ҳам ҳақли эмас! 
Йиғилиш ўтказадиган ҳоким, биринчи навбатда, унга яхши тайёрланиб келиши муҳим. Йиғилишнинг мақсадини ўзи учун аниқ белгилаб олиши, мавжуд муаммонинг илдизини жойларга бориб ўрганиб, унинг ечими бўйича аниқ режа ва таклифларни ишлаб чиқиши лозим . Ушбу таклифларни мажлис иштирокчилари-оқсоқоллар, ўқитувчилар, соҳа мутахассислари билан муҳокама қилиб, аниқ бир ечимга келса, ўз-ўзидан ҳақорат-у камситишларга ўрин қолмайди. Шундай иш олиб бораётган ва халқнинг меҳрига сазовор бўлаётган ҳокимлар ҳам кўп. Буни шу пайтгача Сурхондарё вилояти ҳокими бўлиб ишлаган Эркинжон Турдимов мисолида кўриш мумкин. Сурхондарёга раҳбарлик қилган қисқа вақт давомида халқ у кишини чинданда яхши кўриб қолди. Буни интернет тармоқларида тарқалган хабарлар, вилоят аҳо¬лисининг мактубларидан ҳам англаш мумкин эди. Бундан ташқари, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ҳа¬лоллик ва Ватанимизга фидойилик билан хизмат қилиш ҳақидаги фикрлари, олиб бораётган ишлари халқимизга манзур бўлмоқда. Самарқанд вилоятининг бир нечта туманларида раҳбар бўлиб ишлаб келаётган Баҳодир Саъдуллаев ҳақи¬да кишиларнинг фикрини эшитиб, қанийди, ҳар бир ҳоким, ҳар бир раҳбар шу тарзда халқ меҳрини қозонишга ҳаракат қил¬са, жамиятимиз тезроқ ўз¬гарар эди, деган хулосаларга келасиз.
ИЛОЖСИЗ ЭДИКМИ?
Яқин тарихимизда шундай даврлар бўлдики, соҳанинг етук мутахассислари унутилиб, жавобгарларни биргина йўл (сўкиш ва ҳақорат) билан тарбияласа ҳам бўлар экан, деган катта хатога йўл қўйдик. Зўр¬ники тегирмон юрғизади деганларидек, хато қилганларни, топшириқни вақтида бажара олмаганларни камситиш, ота-онасини қўшиб сўкиш, керак бўлса уриш орқали иш кўрмоқчи, шу билан натижага эришмоқчи бўлдик. Балки шунга мажбур бўлгандирмиз... Кенгроқ фикр юритадиган бўлсак, 90-йилларнинг бошида юртимизда турли сиёсий кучлар пайдо бўлиб, халқимизни ҳар томонга торта бошлаган бир пайтда, жамиятимизга шундай кескин, дангал ва қўрқмасдан йўл тутадиган кишилар керак бўлгандир. Қолаверса, ким шундай кучли ва қўрқмас кўринган бўлса, ўшани раҳбарликка тайинлаш энг мақбул йўл, деб топилгандир. Балки шу йўл ўша мураккаб замонда ўзини оқлагандир, лекин қўполлик, одамларни менсимаслик ва уларни ҳақорат қилиш кейинчалик ҳам айрим раҳбарларнинг асосий қуролига айланиб қолди... 
Бугун юртимиз, замонимиз тинч, тараққиёт йў¬лидан кетаётган бир пайтимизда эскича услубда иш кўришдан воз кечиб, раҳбарларнинг ҳам ўз устида ишлаш вақти келди, деган фикрни ишонч билан билдириш мумкин. Бу давр талаби! Республикамиз тараққиёти, унинг дунё миқёсидаги обрўси, жамиятимиз ривожи бошқарув курсисига келган раҳбар ва етакчиларга, уларнинг дунё¬қараши, маънавияти, маданияти билан чамбарчас боғлиқ. 
24 июль куни 61 ёшга тўлган Шавкат Мирзиёев ҳақида «Жаноб Президент» фильми намойиш этилди ва унда давлатимиз раҳбари биринчи марта оиладаги муносабатлари, ҳаёт ва ишдаги фалсафаси ҳақида сўзлади. Жумладан, фильмда шундай сўзлар бор:
«Ҳамма раҳбарлар ҳам ҳозирги халқимизнинг талаби асосида ишлашга тайёр эмас. Уларнинг дунёқарашини ўзгартириш, халқимизга муносиб хизмат қилдириш ва қилиш - менинг энг катта вазифам. Шахсан менинг ҳам ҳеч қачон хато қилишга ҳақим йўқ. Ҳозирги раҳбариятнинг ҳам ҳақи йўқ!»
ПРЕЗИДЕНТ НИМАНИ ИСТАЙДИ?
Биз юқорида халқимиз ҳавас қилган, меҳр қўйган ва уларнинг эртасига ишонган йигит-қизларни тилга олдик. Улар юртимизнинг ёруғ юзи, фахр-у ифтихорлари! Бундай ёш¬лар эса мамлакатимизда жуда кўп. 
Бугун совет замонидан қолган қўпол ва маънан қашшоқ раҳбарлардан воз кечиб, миллий истиқлол руҳида тарбияланган, бу кунлар шукронасини англаб етган ва халқ дардида ёниб ишлайдиган кишилар тажрибасини, малакасини пухта эгаллаган, янги, келажаги буюк давлатни кўраётган билимдон, салоҳиятли ва халқимизнинг муҳаббатини қозонган инсонпарвар кишиларни, янги авлод вакилларини раҳбар этиб тайинлаш вақти келди. Президентимиз айнан шундай ёш кадрларни кўриб, республикамиз келажагини улар билан боғлаб, улардан қувониб, эртанги кундан хотиржам бўлишни истайди. 
Бугун Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ривожланаётган, ёш демократик давлат сифатида дунё ҳамжамиятида ўз ўрнига эга. Шундай пайт¬да, мамлакатимиз ичидаги бошқарув тизимида ҳам давлатимизга, унинг тарихи, маънавияти ва шон-шуҳратига муносиб шахслар иш юритса, нур устига нур бўлар эди. Барчамизнинг ниятимиз шу. Токи ўз аксимиздан уялмайлик… 


Севара Зокирова, Холиёр Сафаров.