Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон (1897-1938)


  Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон 1897 йил 5 октябрда Андижон шаҳрининг Қоратерак маҳалласида дунёга келган.
   Чўлпоннинг отаси Сулаймон Мулла Муҳаммад Юнус ўғли замонасининг илғор одамларидан, ниҳоятда зиёли киши эди. Савдогар бўлса-да, “Расво” тахаллуси билан шеърлар ҳам ёзиб турарди.
   У ўғли Абдулҳамиднинг ўқимишли одам бўлишини орзу қилган. Шунинг учун Чўлпоннинг болалигидан илм олишида бор сармоясини аямаган.
   Чўлпон дастлаб мадрасада фалсафа, мантиқ, тарихни ўрганади. Фирдавсий, Саъдий, Ҳофиз Шерозий, Умар Хаём асарларини ўқиб ёд олади.
   Чўлпон ҳам Қодирий каби ўша даврнинг илғор таълим тизими бўлган рус тузем мактабида ўқийди. Рус тилини ўрганиб, рус ва жаҳон адабиёти билан танишади.
   Пушкин, Достоевский ижоди Чўлпонни ўзига мафтун қилади. Жадидлар ҳаракати асосчиси Исмоил Гаспиринский ва турк дунёси намояндалари ижоди билан танишгач, дунёқараши шаклланади. У мазлум Туркистон халқлари қисматини бор бўйи билан ҳис қила бошлайди.
   Чўлпон ўн тўрт ёшидан жиддий шеърлар ёзган. 15-16 ёшида “Маорифпарвар бобомиз Исмоил Гаспиринский ҳазратлари ҳақида таьзиянома” асарини қоралайди.
   Ўша даврдаги жадидлар чоп этаётган энг машҳур газета – “Садойи Туркистон”да “Адабиёт надур”, “Доктор Муҳаммадёр” номли мақолалари чиқади. Туркий назм осмонида янги юлдуз порлаб келмоқда эди.
   Беҳбудий, Авлоний, Ҳамза, Фитрат, улуғ ҳинд мутаффакири Робиндранат Токур асарларидан руҳланган Чўлпон миллат келажагини, унинг истиқболларини кўра бошлаган.
   Ёш бўлишига қарамай, 1917-1918 йилларда Бошқирдистон ҳукумати раисига котиблик қилади.
   1919 йилда Фарғонага келиб, “Янги шарқ” газетасига ишга киради. 1921-22 йилларда “Ахбори Бухоро” газетасига муҳаррир этиб тайинланади.
   Сўнгра Андижондаги “Дархон” газетасида муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлайди. Туркистон мухторияти ва миллий озодлик ҳаракатлари тор-мор қилингани ёш шоирни чуқур изтиробга солади. Буни Чўлпоннинг ўша даврда яратган асарларидаги тушкун кайфиятдан ҳам сезса бўлади.
   Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон – атоқли шоир, ёзувчи, драматург ва таржимон. ХХ аср ўзбек адабиётининг ёрқин намояндаси. Ёрқин шеърлари дастлаб,  турли газета ва журналларда эълон қилинади, сўнгра «Ўзбек ёш шоирлари», «Уйғониш» (1922), «Булоқлар» (1923), «Тонг сирлари» (1926) ва «Соз» (1935) тўпламларида чоп этилади.  Ўтган асрнинг 20-йилларида ёзган «Ойдин кечаларда», «Қор қўйнида лола», «Новвой қиз» сингари ҳикоялари ўзбек адабиётида илк  бор насрда  лирик оҳанглар  берилиши борасида мумтоз намуна  бўла олариди. «Кеча ва кундуз» (1936) романи ҳамда «Ёрқиной», «Халил фаранг», «Ўлдирувчи» (1921), «Севги ва салтанат», «Чўпон севгиси» (1922) каби пьесалари ҳам бор (бу асарларнинг аксарияти бизгача етиб келмаган). Маълумки, серқирра ижодкор ва интеллект салоҳияти юксак, кўпгина хорижий тилларни эгаллаган Чўлпон тўқсонга га яқин жахон адабиёти намуналарини ўзбек тилига таржима қилган. Улар орасида  А. Чеховнинг “А. Ванька” ҳикояси,  А.С. Пушкиннинг “Борис Годунов”, Ф. Шиллернинг “Босмачилар”,  Мольернинг “Хасис” каби драмалари ҳам бор. Айниқса, шоир ўзбек тилига ўгирган Уильям Шекспирнинг «Ҳамлет» фожиаси  ўзбек бадиий таржима санъатининг шоҳ намунаси деса бўлади. 
  Ҳозирда Чўлпоннинг бизга қадар сақланиб қолган асарлари орасида асосан дуторда  ижро  этиладиган  мумтоз ўзбек миллий куйи “Галдир” учун ёзилган  шеъри, атоқли  ўзбек композитори Мутаваккил Бурхонов таъбири билан айтганда, қўшиқ матни асл матндан ҳам  жарангдор, таъсирчан  ва юқори лирик савияга эга дурдона асардир.  
            
ГАЛДИР

Мен дутор бирлан туғишган, кўҳна бир девонаман,
Ул туғишгоним билан бир ўтда доим ёнаман.
Дилларида ғам тўла бечораларга ёрман,
Вақти хуш, ғам кўрмаганлардан тамом безорман.
Мен дуторнинг ҳар ерига беркиниб олсам агар,
Пардаларнинг ҳар бири бергай бўлак ғамдан хабар.
Пардалар узра юриб турган одам бармоқлари
Кўкрагимни кўп босар, шундан бўлур толмоқлари.
Икки торни қақшатиб, бармоқлар ўтса тўхтамай,
Ғамли ўт чиқмас ўшал торларда «Галдир» йиғламай.
Аҳли ғамлар мен каби мажнунсифат «галдир» бўлар,
Шул сабабдан банданинг номини «галдир» қўйдилар...
Йўқ ишим ҳоким, амалдор, шоҳу хоқонлар билан,
Биргадур,ман доимо ҳамдард бўлғонлар билан!..
                           
 Андижон, 1925. 

  Маълумки, шоирдан бизгача  жуда  кам сонли ашёлар сақланиб қолган, санъат майдонини замонавий санъат, ҳозирги ҳаётимизга узвий боғлиқ равишда, мазкур тадбир  нафақат кўргазма, балки видео-фото, инсталляция ва мусиқавий ижро орқали марказий ғояни талқин этишга қаратилгандир.  
  Чўлпондан бизгача фақатгина Чўлпон хотира музейида сақланаётган паспорти, амакиси  совға қилган  “Қуръон”, дастхат туширилган фотосуратлар қолган, холос. Кўргазма доирасида илк бора Чўлпоннинг яқинлари ҳонадонларида сақланаётган, мемориал аҳамиятга эга: шоирнинг болалик даври хон-тахтачаси ва Чўлпонга тегишли бўлган китоб жавони кўргазма залидан ўрин олади. Чўлпон оиласига ва яқинларига тегишли бўлган моддий буюмлар экспозициядан жой олган.
  Замонавий арт йўналишида шоир ва дутор афсонасининг уйқаш жиҳатларига таянган ҳолда “Қатор терак –  эрк йўли” номли инсталляция яратилди, у шоирнинг туғилиб ўсган Андижон шаҳрининг Қатортерак (ҳозирда кесилиб кетган) маҳалласи теракларини эслатувчи терак тўнкаларидан  ҳосил қилинган хиёбондан бошланади. Терак тўнкалари оралиғига узун пойандоз тўшалган бўлиб, унга Чўлпон қатл этилган йилга оид “Уй дафтари”, хонадон режаси ҳужжатларининг варақлари туширилди. Бу инсталляция ҳозирда йўқликка юз тутган ота ҳовли, маҳалла ва ҳонадонга рамзий равишда йўналтирувчи бир йўлдир. Мато бу, унинг мато билан савдо қилувчи баззоз ҳонадонидан эканлигига ва сўнги йўлга кафансиз кетган эканлигига бир рамзий мисол.
   Инсталяциянинг марказий қисми тут ўтинлари ҳамда тут қоқисидан ташкил этилган гулҳанга тайёрланган ўтин жамламасини эслатади. Улкан тут ёғочи тўнкаси устида горизонтал ҳолатдаги дутор чолғу асбобини кўриш мумкин. Инсталляция ортида эса экран орқали дуторнинг яралиш мавзусига бағишланган “ИнкарНация” видео перформанси намойиш қилинади. ИнкарНация кўп диний қарашларда руҳнинг ўзга ҳолатда намоён бўлишини англатади.

Дуторнинг яралиши афсонаси

  Баҳор  қуёшининг  илиқ  нурлари  бутун борлиқни уйғотганда, илк бора бодом ўз гулларини қуёшга тутар, кейин эса ўрик хурсандлик ила гулларга бурканар экану уятчан тут дарахти ўз ҳисларини намойиш этишдан ийманар экан. Аммо орадан бир оз вақт ўтиб, дилига туккан ҳавас ила қуёшга марвариддек оппоқ ва ялтиллаган илк меваларини бахш этар экан. У ҳар бир баҳор фаслининг илк, қуёшнинг иссиқ нурларини эмиб пишган мевалари экан. Булбул ўз гулини, асаларилар башқа мевали дарахтларга шайдо экану фақатгина гўзал капалак, камтар тутнинг шохларида дам олишни ҳуш кўраркан. Капалак хироми тутга дунёдаги энг катта мўъжизадек кўринган, тут эса жону дили билан капалакка муҳаббат қўйган экан. Аммо қиска умр капалакни бу дунёдан олиб кетган, капалак тут шохларига ўзидан ёдгор қилиб пилла шодаларини қолдириб кетган экан. Тут пилланинг ёрилишини ва гўзал капалакнинг яна  хиром этишини кутар экан, аммо одамлар уларни бир-биридан айирибдилар. Пиллалар қайноқ сувга солиниб ипак толаларига айланибди, тут эса айрилиқ ила ёлғизликка юз тутибди. Унинг қалин таналарини бир кун инсон, қишга ўтин ғамлаш учун кесиб ташлабди. Ярмини ўчоққа тиқибди ва кунлардан бир куни, созгар уста ўчоқ ёнидан тут ўтинини олибди-да узун қиш кечаларида дуторнинг косасини ясашга киришибди. Коса ясалгач, у мусиқа асбобига бошқалар каби ҳайвон ичакларидан ясалган торни эмас, қўшни қишлоқдаги ипак толаларини келтириб икки дона тор боғлабди. Дутордан ҳеч бир торга ўхшамаган ҳазин оҳанг таралибди, бу маҳзунлик севги, дард, айрилиқ, ўлим ва оловда синалиб, ниҳоят бирлашган муҳаббат тарихи экан. Бу оҳангга, куйга айланибди муҳаббат ва шундан буён дутор дунёга муҳаббат дардини тараннум этар экан.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот