Усмон Эратов
Ўзбекистон Театр Арбоблари уюшмаси раис ўринбосари – Усмон Бабаназарович Эратов 1985 йилнинг 24 Апрель куни Сурхондарё вилоятининг Денов туманида туғилган. Маълумоти олий. 2016 йил Ўзбекистон давлат Санъат ва маданият институтининг «Санъатшунослик», (Театршунослик) бўлимини тамомлаган.
2021 йилда Ўзбекистон давлат Санъат ва маданият институтининг магистратурасини тамомлаган.
У талабалик ва ундан кейинги йилларда республикамизда ўтказилган қатор тадбирлар, танловларни юқори савияда ташкил этилишида фаол иштирок этган. Хусусан, 2016 йилда Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университетидаги билан ҳамкорликда Олий таълим муассасалари кўзи ожиз талабалари ўртасида ўтказилган "Илм ила нур" лойиҳаси доирасида «Инглиз тилида сўзларни ҳарфлаб талаффуз қилиш» (Spelling competition) Республика мусобақасини ташкиллаштириш ва ўтказиш ҳамда университет қошидаги талабалар театр студияси билан ҳамкорликда Гоголнинг “Момақалдироқ” асарини, кўзи ожиз талабалар билан Чеховнинг «Икки мухбир» асарини саҳналаштиришда фаол иштирок этган.
Меҳнат фаолиятини 2017 йилда "Ўзбеккино" Миллий агентлигида раҳбар котиби лавозими билан бошлаган.
У “Ўзбеккино” Миллий агентлигида раҳбар котиби лавозимида фаолият юритиб, фаолияти давомида кадрлар базасини яратиш, агентлик ҳамда тасарруфдаги ташкилотлар раҳбар лавозимларига захира кадрлари шакллантириш, давлат мукофотларига тақдим этиладиган номзодлар ҳужжатлари билан ишлаш каби бир қатор ишларни амалга оширишда кўмаклашган.
2017 йилнинг июнидан бошлаб, Маданият вазирлиги Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази «Пьеса, сценарий ва нота материаллари билан таъминлаш репертуар – таҳрир» бўлимига етакчи мутахассис сифатида ишга қабул қилинган. У ушбу бўлимда театр соҳасига оид барча фото альбом, видео диск, пьеса ва сценарийларни саралаб, жанрларга ажратиб, электрон рўйхатга киритди. Марказ ва Республика театрларининг лавозим йўриқномасини ишлаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан тузилган ишчи гуруҳ раҳбари сифатида фаол иштирок этган.
Усмон Эратов театрларда саҳналаштирилган янги спектаклларнинг муҳокамасида мунтазам қатнашиб, Маданият вазирлигининг барча тадбирлари «Бойсун баҳори», «Ҳаваскорлик халқ театрлари» Республика фестивали, «Нурли наволар» каби бир қатор кўрик-фестивалларни ташкиллаштиришда фаол иштирок этиб, газета ва журналларда соҳага оид таҳлилий мақолалар билан чиқишлар қилган.
2018 йилинг август ойидан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Театр Арбоблари уюшмасида Ижодий бўлим бошлиғи сифатида ишлай бошлаган. У Ўзбекистон Республикаси Театр Арбоблари уюшмасининг маълумотлар базасини яратиш ишларини амалга ошириб, Республикамизда мавжуд барча театрлар, театр ходимлари ва арбоблари тўғрисида янги маълумотлар базасини шакллантиришда бош бўлган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Театр Арбоблари уюшмаси ҳамкорликда ўтказилган «ДЕБЮТ – 2018», «Сени куйлаймиз, замондош!», Қўғирчоқ театрларининг Республика кўрик-фестивали, IV МДҲ Болтиқбўйи ва Грузия давлатлари иштирокида Халқаро ёшлар театрлари Форуми ҳамда “Евросиё” халқаро театр фестивалини ўтказишда мунтазам ташкилотчи сифатида қатнашган.
У иш фаолияти давомида, муаллифлар томонидан келган кўплаб пьесаларни ўқиб, уларга тақризлар ёзган, спектакллар кўригида мунтазам қатнашган ва театр санъати ҳақида бир қанча мақолалар эълон қилган.
2020 йилда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги томонидан ўтказилган қисқа метражли фильм сценарийлар танловида «Ният» сценарийси билан ғолиб бўлган.
2020 йилда раис ўринбосари лавозимига сайланган. Раис ўринбосари бўлган давр мобайнида ҳам кўплаб ишлари амалга оширган.
2021 йилда Олий Мажлис томонидан эълон қилинган грант танловида «Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш» номли лойиҳаси билан ғолиб бўлиб, театр санъати мутахассислари иштирокида Республикамизнинг энг чекка ҳудудларига бориб, «Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш» мавзусида ижодий учрашувлар ўтказган.
2022 йилда Ўзбекистон нодавлат нотижоратлар ассоциацияси томонидан ўтказилган танловда иштирок этиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув академиясида «Нодавлат нотижорат ташкилотлар бошқаруви» йўналишида раҳбар кадрлар малака ошириш курсини тугатган. Шу йилнинг ўзида Ўзбекистон нодавлат нотижоратлар ассоциациясининг Мураббийлар штабига аъзо этиб қабул қилинган.
2022 йилда Олий Мажлис томонидан эълон қилинган Давлат ижтимоий буюртмаси танловида «Санъат – қалб кўзгуси» лойиҳаси билан ғолиб бўлган. Ушбу лойиҳа доирасида «Маданият ва санъат соҳасида замонавий бошқарув жараёни: муаммолари ва ечимлари» мавзусидаги Республика илмий-амалий конференциясини ўтказган. Конференция доирасида соҳа мутахассислари томонидан 100 га яқин мақолалар юборилган. Шундан, 77 та энг яхшиси саралаб олиниб, Конференция тўпламига киритилган. Соҳа мутахассислари иштирокида ҳар томонлама пухта ўйланган ҳолда «Малака ошириш» дастури ҳамда «Санъат ва маданият соҳасини замонавий бошқариш усуллари» номли услубий қўлланмаларни ҳам ишлаб чиқилиши ва нашр этилишида раҳбарлик қилган.
«Санъат – қалб кўзгуси» дастури доирасида Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда барча вилоятларда соҳанинг етук мутахассислари иштирокида 12 та илмий-амалий семинарлар ўтказилди. Унда умумий бир ярим мингга яқин соҳа мутахассислари иштирок этди ва 1000 та «Санъат ва маданият соҳасини замонавий бошқариш усуллари» номли услубий қўлланма, 1000 та «Малака ошириш» дастури ҳамда 500 та Конференция тўпламлари бепул тарқатилди.
2022 йил 8 декабрь арафасида «Конституция куни» муносабати билан «Ўзбекистон Конституциянинг 30 йиллиги» кўкрак нишони билан тақдирланган.