ТЕАТР СОҲАСИДАГИ ИЖОБИЙ ЎЗГАРИШЛАР


Муносабат

ТЕАТР СОҲАСИДАГИ ИЖОБИЙ ЎЗГАРИШЛАР ИЖОД АҲЛИНИ ҚУВОНТИРМОҚДА

    2024 йилнинг 22 ноябрида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Театрларнинг жамият маданий ҳаётидаги аҳамиятини ошириш ва улар фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори эълон қилинди. 
     Мамлакатимиз етакчисининг театр соҳасини ривожлантириш ва маданий ҳаётдаги аҳамиятини оширишга оид ғоятда муҳим ва долзарб, маданият вакиллари орзиқиб кутган мазкур қарор барча санъат соҳаси ходимларини қувонтирди. Қарор юртимизда театр санъатини янада ривожлантириш, театрлар фаолиятини такомиллаштириш ва уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳада ижодий ҳамкорлик ва эркинликни таъминлаш, спектаклларнинг бадиий савиясини оширишни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, бюджет маблағлари ва бошқа ресурслардан самарали фойдаланиш, соҳага жаҳон театр санъатининг илғор тажрибалари ва замонавий технологияларни жорий этишга қаратилган. Табиийки, бундай кенг кўламли ижобий ўзгаришлар жамиятда театрнинг аҳамиятини янада оширишга хизмат қилади.
    Қарорга мувофиқ 2025 – 2030 йилларда буюк тарихий шахсларнинг ибратли ҳаёти ва ижоди, уларнинг болалиги ва ёшлигини ифодаловчи миллий қаҳрамон образлари, шунингдек, инсоннинг жамиятдаги ўрни ва қадр-қимматини тарғиб этувчи «Инсон қадри учун» эзгу ғояси асосида янги саҳна асарлари яратиб борилади.
  Маданият ва санъат соҳасидаги бу ўзгаришлар, айниқса, «Миллий қаҳрамон» ва «Инсон қадри учун» мавзуларидаги спектаклларни яратиш таклифлари билан катта аҳамиятга эга. Бу мавзулар жамиятимизда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, театрнинг ижодий фаолиятини янги босқичга олиб чиқади. Эндиликда драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги мукофот ҳамда ёш режиссёрлар учун Ўзбекистон Республикаси халқ артисти ва санъат арбоби Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофот таъсис этилади, ушбу мукофотлар бўйича танловлар ҳар икки йилда ўтказилиб, уларнинг ғолиблари меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 50 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.
  Шунингдек, режиссёр — драматург — композитор — рассом тамойили асосида ижодий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган 2025 йилдан бошлаб ҳар йили август ойида «Нигоҳ» ижодий лойиҳаси амалга оширилади. «Нигоҳ» ижодий лойиҳаси доирасида ҳамкорликда яратилган ва ижодий танлов асосида аниқланган энг яхши 5 та асарни ушбу лойиҳа гранти асосида театрларда саҳналаштириш ҳамда режиссёр, драматург, композитор, рассомларни моддий рағбатлантириб бориш амалиёти жорий қилинади. 
    Қарорнинг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, театрлар билан таълим ташкилотларининг узвий ҳамкорлиги изчил йўлга қўйилади. Бунинг учун, аввало, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига мақсадли қабул квоталари театрлардаги кадрларга бўлган эҳтиёжни инобатга олиб белгиланади. 
     Шу билан бир қаторда, касбий таълим ташкилотларининг сўнгги босқич ўқувчилари, учинчи ва тўртинчи босқич бакалавр ҳамда магистратура талабаларининг ҳафтада камида икки кун театрларда амалий машғулотлар ўташи йўлга қўйилади. 
       Ҳар йили давлат буюртмаси учун бюджетдан ажратиладиган маблағлар доирасида мусиқий театр, драматик ва қўғирчоқ театри режиссёрлиги йўналиши бўйича битирувчиларининг бештагача энг яхши битирув малакавий ишлари учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 100 баробаригача миқдорда давлат буюртмаси бериб борилади. 
    Қарорга асосан театрларда давлат буюртмаси асосида спектаклларни саҳналаштириш ҳамда тарихий ва замонавий мавзулар бўйича саҳна асарларини яратишни рағбатлантириш мақсадида миллий мумтоз ва замонавий адабиётимизнинг юқори бадиий-ғоявий савияга эга асарларини театрларда саҳналаштириш мақсадида инсценировка учун ҳар йили 10 тагача давлат буюртмаси бериб борилади. Бундан ташқари, ҳар йили спектаклларни саҳналаштириш учун нодавлат театр ва театр-студияларга Маданият вазирлиги томонидан унинг ҳисоб-китобларига мувофиқ давлат буюртмасини бериб бориш йўлга қўйилади.
       2025 йилдан бошлаб эса ҳар икки йилда тарихий ва замонавий мавзулар бўйича «Энг яхши пьесалар» танлови ташкил этилади ва танловда ғолиб деб топилган 20 та энг яхши пьесалар театрларда саҳналаштирилиб, ҳар бир йўналиш бўйича танлов ғолибларига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 50 баробаригача миқдорда бир марталик мукофот пули берилади. 
      Президент қарорида жаҳон драматургияси намуналаридан таржима қилинган асарлар бўйича ҳар йили «Энг яхши таржима саҳна асарлари» танлови жорий этилиши ва танлов ғолибларига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини 50 баробаригача миқдорда бир марталик мукофот пули берилиши қайд этиб ўтилган. 
     2027 йил якунига қадар маданият ва санъат таълим муассасалари ўқувчи-талабалари учун таълим жараёнида фойдаланадиган 50 тагача хорижий адабиётларни давлат буюртмаси асосида ўзбек тилига таржима қилиш амалиёти жорий қилинади. 
       2025 йилдан бошлаб, ҳар йили 25 нафар ижодий ва ёрдамчи ходимларнинг хорижий давлатлар театрларида маҳоратини оширишни йўлга қўйиш тизими жорий қилиниши ҳам соҳадаги мутахассисларнинг ўз малакаларини оширишларига катта туртки бўлади, албатта.
      Театр томошабин билан тирик. Шу сабабли ҳам, Қарорга асосан, аҳоли, айниқса, ёшларнинг театрларга доимий ташрифларини назарда тутувчи «Театр — ибратхонадир» дастури амалга оширилади. Мазкур дастур доирасида спектаклларнинг чипталарига чегирмалар тақдим қилиш ва акциялар ўтказиш тавсия этилмоқда. Шунингдек, «Маҳалла еттилиги» аъзолари билан биргаликда ҳар ойда маҳаллаларда «Театр куни» тадбирлари ўтказиш йўлга қўйилади. Бунда ижодий учрашувлар ва театрлаштирилган композиция намойишлари ёки театрларга ташрифлар ташкил этилади. «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқаролар ва ногиронлиги бўлган шахслар давлат театрларининг спектаклларига бепул киритилади.
      Маданият ва санъат соҳасида қисқа муддат ичида амалга ошириладиган кенг кўламли бундай қатор ўзгаришлар жамиятнинг маданий ҳаётини бойитиш, ёшларни театрга жалб қилиш ва ижодкорларни рағбатлантиришга хизмат қилади. Зеро, бугунги тез ўзгариб бораётган замонда аҳолининг маданий эҳтиёжларини қаноатлантириш ва маънавиятини юксалтиришда театрларнинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда. 
    Мазкур қарорда белгилаб берилган вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши театр соҳасидаги ижобий ўзгаришларга олиб келиши шубҳасиз. Бу ўзгаришлар, аввало, жамиятимизда театрнинг аҳамиятини ошириш, ижодкорларни рағбатлантириш ва маданий ҳаётни бойитишга қаратилган. Ушбу чоралар ижодкорлар, театр мухлислари ва кенг жамоатчилик учун муҳим аҳамиятга эга.
    
Усмон ЭРАТОВ,
Ўзбекистон Театр Арбоблари уюшмаси раис ўринбосари.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот