УМУММИЛЛАТ ИШИДАН ЧЕТДА ТУРМАЙЛИК


 

УМУММИЛЛАТ ИШИДАН ЧЕТДА ТУРМАЙЛИК

 

 

     Ёзувчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими  Абдуқаюм Йўлдошев  “Муштум” журнали мухбирининг  саволларига жавоб беради

 

  1. Абдуқаюм ака, она тилимизга Давлат тили мақоми берилганига ҳам 28 йил тўлибди. Сизни ушбу муҳим сана билан қутлаймиз.

– Раҳмат. Байрам ўзингизга, жамоангизга ҳам муборак бўлсин. Зеро, яхши биласиз, улуғ Абдулла Қаҳҳор 1961 йили ёзилган “Муштум” тўғрисида” деб номланган мақоласида “Тил маданияти учун кураш ҳам “Муштум”нинг вазифаларидан биридир”, дея алоҳида таъкидлаб ўтган. Тил маданияти учун кураш! Айнан шу мақолада “Муштум” нақадар кулгили бўлса, шу қадар жиддий, нақадар жиддий бўлса, шу қадар кулгили журнал бўлиши” лозимлигига эътибор қаратилган. Назаримда, бу ўгит ва талаб ҳеч қачон долзарблигини йўқотмайди.

 

  1. Орадан ўтган вақт ҳазилакам муддат эмас. Сўзнинг жонкуяри сифатида эришилган натижалардан кўнглингиз тўладими?

– “Эришилган натижалар”ни санаб ўтириш шарт эмасдир. Шоир айтганидай, “Ютуқлар чўнтакда, улар бор нарса”. Дарҳақиқат, у ёки бу даражада эришилган муваффақиятларнинг ҳаммаси ўзимизники, уларни биров тортиб ололмайди.

Аммо Сиз билан суҳбатлашиб турган мана шу кунлари мавзумиз доирасида рўй берган муҳим бир воқелик хусусида тўхталиб ўтмас. Хабарингиз бор, 10 сентябрь куни Остона шаҳридаги Мустақиллик саройида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммити очилди. Ташкилотга аъзо давлатлар ва кузатувчи мамлакатлар, минтақавий ва халқаро ташкилотлар вакилларидан иборат 80 га яқин делегация иштирок этган мазкур анжуманда юртимиз етакчиси ўзбек тилида маъруза қилди...

“Сўзнинг жонкуяри” бўлиш масъулияти улуғ устозларга насиб этган. Биз, шу элнинг оддий фуқароси сифатида тилимиз ҳали ўзи муносиб даражага кўтарила олмади, ҳали ўзига муносиб иззатли мавқени эгалламади деган ўйдамиз.  Назаримизда, ҳазрат Алишер Навоийнинг “Тилга ихтиёрсиз — элга эътиборсиз” деган ҳикмати ҳар кун, ҳар соатда ўзининг исботини топаётгандек.

Фахрлансак арзийди: бениҳоя чиройли, бой тилимиз бор. Яна А.Қаҳҳор таъбири билан айтганимизда, “Бу тилда ифода этиб бўлмайдиган фикр, туйғу, ҳолат йўқ!”. Узоққа бориб ўтирмайлик, жаҳон адабиётининг энг сара намуналари худди ўзбек тилида ёзилганидек таржима қилинганига кўп бор шоҳид ҳам бўлдик.  

    

  1. Айрим катта-кичик идораларда ҳали-ҳанузгача рус тилида иш ҳужжатлари олиб борилаётганини, ҳатто, бўйинбоғ таққан раҳбар акалар мажлисларни ўзбекча олиб боришни хуш кўрмаётганини қандай тушуниш мумкин?

– Қандай тушунардик: бу субъектив омиллар, яъни ўзимизнинг лоқайдлигимиз, бефарқлигимизнинг ҳам оқибати-да. Ўша раҳбарлар эса “талабга яраша таклиф” қабилида иш тутишади.

Албатта, стадионни “ўйингоҳ”, аэропортни “тайёрагоҳ” деган билан тил миллийлашиб ёки бойиб қолмайди. Худди шундай, расмий ҳужжатлардаги айрим русча ёки халқаро атамаларнинг ҳам жонли, тилимизга табиий равишда сингишиб кетадиган муқобилини топиш, уни амалда қўллашгина бизни ўзга тилга қарамликдан қутқазади. Дейлик, бугун ҳеч ким ҳафтада бир марта чоп этиладиган газетани “рўзнома”, ҳар чоракда бир чиқадиган журнални “ойнома” демайди. Шундай мисолларнинг ўзиёқ тилимиз табиий танланиш жараёнини босиб ўтаётганини билдиради. Бироқ бу жараён аксар ҳолларда сунъий равишда чўзилиб кетаётганлиги ҳам бор гап.

Жамиятда бозор иқтисодиётниниг дастлабки унсурлари кўзга ташлана бошлаган ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида кўпчилик тирикчилик ташвишларига андармон бўлиб қолди, яна бир қатлам эса шўро даврида муттасил сўкиб келинган капиталистларга хос мушоҳада юритиб, “нима қилиб бўлса ҳам бойлик тўплаш” ҳавасига астойдил берилди. Эътибор бергандирсиз, худди ўша маҳаллари анча-мунча ўқирманларнинг савиясини туширган, энг ёмони эса, тилимизни ғариблаштиришга ҳиссасини қўшган кўнгилочар “сариқ матбуот” нашрлари пайдо бўла бошлади. “Бисотидаги бир ҳовуч сўзни” тасарруф қилиб қисса кетидан рўмон ёзиб ташлайдиган “ёзғувчилар” қатлами пайдо бўлди. Натижада сўз санъатининг, сўзнинг қадри тушди, оммабоплик мезонга айланди. Бу жараённинг таъсири ҳалигача сезилиб турибди. Дейлик, бугун “ойнаи жаҳон” ёки радиодаа адабий тилда гапириши шарт бўлган диктор (!) бемалол “ҳаммалиги”, деб гапиради, “соғат” деб қўшиб ҳам қўяди. Булар майдароқ мисоллар бўлиб туюлиши мумкин, аммо тил масаласида муаммонинг катта-кичиги бўлмайди; бунинг устига томчи тошни тешади, ахир. Кейинроқ бундай ўхшовсиз тил, шева миллионлаб томошабинлан кўрадиган киноларимизга кўчиб ўтди. Ҳатто тилимиздаги энг ҳақоратли “келгинди” сўзи келину куёвларга туфлаб ёпиштирилган ҳолда кино номларида пайдо бўлди. Хуллас, тилнинг ҳиссизлашуви, роботлашуви, ўз латофатини йўқотиши жараёни кўзга ташланиб қолди.   

Беихтиёр улуғ адибимиз бундан олтмиш йил бурун ўртага ташлаган саволни такрорлаймиз: “Нима учун кўча ҳаракати қоидасини бузган кишига милиция ҳуштак чалади-ю, бутун бир тилни бузаётган одамларга ҳеч ким ҳуштак чалмайди?” Дарҳақиқат, нега?..           

   

  1. Пойтахтимиз мамлакатимизнинг юраги ҳисобланади. Жамики янгиликлару ислоҳотлар айнан мана шу маскандан мамлакат бўйлаб тарқалади. Минг афсуслар бўлсинки, “мамлакат юраги”да атиги ярим соат айлансангиз, худди бирор хорижий юртда юргандек ҳис этасиз, ўзингизни. Ҳатто емакхонага “Узбечка” деб ном қўйиб олганлар кўпаймоқда. Бу бепарволикми, лоқайдликми ёки кўр-кўрона бошқа маданиятга тақлидми?

– Сиз шаҳарни айтасиз. Яқинда тупканнинг тубидаги бир қишлоққа кириб борарканмиз, янги очилган одмигина дўкон деворига “Мы открылись” деган катта эълон осиб қўйилганини кўрдик. Кулишни ҳам билмайсиз, куйишни ҳам...

Бундай манзара тез-тез учраётганининг сабаблари кўп шекилли. Уларнинг асосида “PR”, яъни тарғибот-ташвиқот турса керак, ҳар қалай, “хорижники деса хўрозқандни ётиб ялайдиган”лар учраб туради. Сўнг, балки дабдабалироқ жаранглайдиган номга ҳавасдир. Ҳар қалай, элимизда “Кўрмаганнинг кўргани қурсин”, деган гап бежиз айтилмаган. Ёдингизда бордир, бир ёзувчимизнинг асарида шундай ҳолат келтирилади: ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида янгиланишлардан сархуш бир раҳбар қулоғига чалинган “дизентерея” деган сўзга маҳлиё бўлиб, қизига шундай исм қўйган экан...

Ваҳоланки, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг 20-моддасига кўра “Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин”.

 

  1. Кўпи билан ўттиз йил,  ками билан чорак аср муқаддам биз билган Абдуқаюм Йўлдошев фаол зиёли фуқаро сифатида она тилимизнинг беписанд қилинишига  муросасиз эди. Бугун-чи?

– Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари иккинчи ярмида жамиятимизда пайдо бўлган улкан ижтимоий қалқиш, ўзни, ўзликни, тарихий илдизларни англашга уриниш ҳаракатлари кўплар қатори бизни ҳам четлаб ўтмаган. У пайтлари заводда ишлардим. Бундай жойда ҳисоботлар қайси тилда ёзилиши, мажлислар қайси тилда олиб борилиши ўз-ўзидан аён, албатта. Ўзи шусизам кам сонли икки маҳаллий инженер цехда нарх-наво хусусида гурунглашиб турганимизда туппа-тузук зиёли, билим доираси кенг бир раҳбар мутахассис бизга қараб: “Бу ерда бошқа хитойча гаплашманглар”, деб қолди. Роса алам қилди ўзиям. Шу туйғу таъсирида бўлса керак, давлат тили ҳақида қонун муҳокама қилинаётганида машинкада “Ўзбекистонда давлат тили фақат ўзбек тили бўлиши керак!” деган чақириқни варақа шаклида кўпайтириб, анча-мунча жойга ёпиштириб ҳам чиққандик.       

Дарвоқе, эътироф этиб ўтай, қонун қабул қилинганидан кейин ишхонамизда ўзбек тилини бепул ўргатиш курслари очилди, биз ҳам анча-мунча ҳамкасбларимизга қўлимиздан келганча сабоқ бердик. Тез орада кўплаб русийзабон ходимларимиз тил ўрганиш борасида катта истеъдод эгалари эканлигига ҳам шоҳид бўлдик. Улардаги қизиқишни, интилишни кўриб биз ҳам мамнун бўлгандик. Афсуски, кейинроқ бориб бу тажриба унутилди: ё устозлар қолмади, ё тил ўрганишга талабгорлар; ёинки давлат тилини ўрганишга эҳтиёж сусайди...

Биз ўзимиз ҳам “Энди қонун қабул қилинди, ҳамма ишлар зўр бўлиб кетади”, деган вақтидан бурунги хулосага келиб қўйганимиз чин. Ваҳоланки, қонун қабул қилиш осон экан, уни амалда қўллаш, унга амал қилиш қийин экан...

 

  1. Нафақат мамлакатимизда, балки она тилимиз нуфузининг халқаро миқёсда юксалиши учун Сизнинг-ча, қандай муҳим ишларни қилишимиз керак?

– Мен кўп тилни ўрганиш-билиш тарафдориман. Аваз Ўтар ўгитини эслайлик: “Зор ўлмасун онлар доғи тил билмай Аваздек, Тил билмаганидин они бағри тўла қондур”. Фақат ҳар қандай хориж тилини ўрганиш ўзбек тилини чуқур ўрганиш орқали кечишини унутмайлик. Бусиз бўлмайди. Ўзининг тилини чала-чулпа биладиган, она тилида фикрлай олмайдиган банда ўзга тилни ҳам қойиллатиб қўёлмайди.

Бугун жаҳоннинг турли мамлакатларига бориб таълим олаётган тил билгич ёшларимизга ҳавас қилсак арзийди. Натижада “шўрвасининг шўрваси” эмас, бевосита аслиятдан ўзбек тилига ўгирилаётган асарлар сони ортди, ҳар ойда дунё адабиётининг энг сара асарлари “Жаҳон адабиёти” аталмиш қалин журналимизда чоп этилиб турибди.  Бир сўз билан айтганда, биз дунёни таниб, кашф этиб бормоқдамиз. Аммо дунё ҳам юртимизни танийдиган, кашф этадиган кунлар аллақачон келган. Бизнинг дунёга кўз-кўз қилишга арзийдиган шонли кечмишимиз, инсоният тамаддуни осмонида юлдуз бўлиб порлаётган улуғ аждодлдаримиз билан бир қаторда бениҳоя гўзал, бой тилимиз, бу тилда битилган дурдона асарларимиз бор. Улар фақат бизнинг эмас, бутун бани башарнинг маънавий мулки. Бу мулк токчаларда чанг босиб ётиши эмас, бутун инсониятга хизмат қилиши лозим.       

 

  1. Тил жонкуярларига ёхуд бунинг акси, ўз она тилининг қадрига етмайдиганларга қисқа сатрларда нима деган бўлардингиз?

– Тил милллатнинг қалби. Тилсиз эл руҳсиз вужуддай гап. Тил элнинг маънавий хазинаси. Бу бемисл бойликни авайлаб-асраш, уни заррама-зарра бойитиб бориш, талон-тарож қилинишидан асраш ҳар бир фарзанднинг, ҳамма-ҳамманинг вазифаси ва бурчи. Бусиз тараққиёт бўлмайди, бусиз эл тамаддун аравасидан тушиб қолади, бусиз эл ўзлигини танимай-англамай, фақат моддий бойликларга андармон ҳолда, нафс етовида ўтиб кетади.   

 

  1. Тилимиз ҳақида негадир асосан тил байрами арафасида қайғурамиз. Бошқа пайт тилимизни тишлаб ўтирамиз. Бунинг сабабларини нимада деб ўйлайсиз?

– Шунга ўрганганмиз. Саналарни нишонлашни яхши кўрамиз. Шу билан ўзимизнинг лоқайдлигимизни ҳаспўшлаган бўламиз. Гоҳо ўзимизча “атамақўмлар даври ўтди” деб ҳам қўямиз. Ҳолбуки тилга этибор доимий ва узулуксиз бўлиши шарт. Бу оддий аксиома, исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат.

Келинг, ортиқча маҳмадоналик қилиб ўтирмай, ўрни келиб қолди, устоз Эркин Воҳидовнинг қуйма фикрларини келтириб ўтиш билан кифояланай: “Она тили умуммиллат мулкидир, демак, тил олдидаги масъулият ҳам умуммиллий. Мен ўзбекман, деган ҳар бир инсон ўзбек тили учун қайғурмоғи керак. Унутилган сўзларни тиклаш, борини бойитиб бориш, хорижий атамаларга муносиб истилоҳлар топиш ёлғиз тилшуносларнинг эмас, миллатнинг ишидир”.

Умуммиллат ишидан четда турмайлик...

 

  1. Кирил ва лотин ёзуви: Сиз қайси бирини танлаган бўлардингиз?

 – Отам бир умр лотин ёзувида ёзиб ўтди. Ўтган асрнинг ўттизинчи йиллари мактабда шундай ўқитишган-да. Болаликда олинган билим эса бир умр қалб, онг-шуурга тошга ўйилган хат каби муҳрланиб қолади. Биз кирилчада ўқидик. “Жўрабой”, “журнал” сўзлари бир ҳарфда бошланса-да, “нг” товуши икки ҳарфда ифодаланса-да, “билан” сўзи нега аввалига “блан” деб ёзилганини тушунмасак-да, барибир, ўрганиб қолдик. Дарвоқе, бу борада идеал алфавитнинг ўзи йўқ, шекилли; дейлик, бир машҳур қозоқ ёзувчисининг ҳазилона таъбири билан айтганда, инглизлар “мушук” деб ёзиб, “кучук” деб ўқиса ҳам алфатини ўзгартиришмаяпти, аксинча, тобора бу тилнинг ихлосмандлари кўпайиб боряпти ва улар бемалол, мисол учун, “light” деб ёзиб, “лайт” деб ўқишмоқда. Бугун фарзандларим лотин ёзувида савод чиқаришяпти. Уларнинг дарсини текшириш керак, китоблар ўқиб бериш лозим, хуллас, биз ҳам бу ёзувнинг қонун-қоидасини ўргандик. Ва бир куни мактабга бориб, йўлаклардаги, синф деворларидаги турли-туман рангли плакатларни, чақириқларни, шиорларни ўқиб кўриб, рости, ақлим шошди. Илло, бунчалар кўп ва юзга тошган ҳуснбузардай “ярқ” этиб кўзга ташланиб турадиган имло хатоларини аввал ҳеч қачон учратмагандим. Ахир булар қайсидир нашриётда юз минглаб нусхада чоп этилган. Муҳаррири кўрмадими, мусаҳҳиҳи қарамадими? Болаларни саводсиз қилишдан мақсад нима? Зеро ўқувчи бундай матнларни ҳар куни кўради, уларнинг шакл-шамойили, қандай ёзилиши беихтиёр онггига ўрнашиб қолади. Ана ундан кейинам бу тушунчани тўғри томонга ўзгартириб кўринг-чи! Ҳеч қачон! Шу сабабли биз бугун лотин графикасига асосланган ўзбек алифбосида “olti  so’tih er sotiladi” қабилидаги эълонларни кўриб, ажабланмай ҳам қўйдик. Босма нашрларни-ку, гапириб ҳам ўтирмайлик. Ваҳоланки, мактабда ўқиб юрган маҳалларимиз – гарчанд ҳали компьютьерлар йўқ, ҳарфлар эса қўрғошинда қуйилган бўлса-да – ҳафтасига уч марта беш минг нусхадан чоп этиладиган туман газетаси биз учун саводхонлик намунаси эди, ўқитувчимиз ҳам ишонч билан: “Газетада шундай ёзилибдими, демак тўғриси шу”, деб тураверарди. Ўзим шу газетада корректор бўлиб ишлаганман, биламан: баъзан бир сўзнинг қандай ёзилишини аниқлаштириш учун бир эмас, бир неча луғатни титиб кўришга тўғри келарди.

Қайси алфавит маъқуллигига келсак, билмадим, ҳар нечук, шаклдан кўра мазмун-моҳият муҳимроқ чоғи; эшитган чиқарсиз: Ғафур Ғулом шеърларини араб имлосида ёзган экан. Бу борадаги жазавали баҳслар эса, билмадим, балки адашаётгандирман-у, каминага стакан ичидаги бўронни ёхуд одамларни нималардандир чалғитиш учун ўйлаб топилган эрмак-ўйинни эслатаверади.

    

         

           Суҳбатдош:   Бахтиёр ОЛЛОМУРОД.