АБДУЛЛА ОРИПОВ ФЕНОМЕНИГА ҚЎЙИЛГАН ЯНА БИР ҲАЙКАЛ


     Аслини олганда Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов ўзининг оловли шеърлари билан ўзига ўлмас ҳайкал қўйиб кетган камсонли ижодкорлар сирасига киради. Тўғриси, бундай бахт ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Зеро Абдулла Ориповгача, Абдулла Орипов билан бирга яшаб, ижод қилган, ўз вақтида ўнлаб (балки юзлаб китоблари) чоп этилган, собиқ тузумнинг катта-кичик, бир сўз билан айтганда, барча юксак мукофотларига сазовор бўлган қанча-қанча ёзувчи-ю шоирларнинг асарлари бугун унутилган, ўқилмайди. Абдулла Орипов эса ҳамон ўз даҳоси билан ўқувчиларининг юрагини ларзага солиб, уларнинг тилидан тушмай келаётир. Худо хоҳласа, бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.
     Бу менинг улуғ шоиримиз ҳақида олинган “Абдулла Орипов” бадиий фильми тақдимотига боргунча хаёлимдан ўтган фикрлар. Тақдимотга бора туриб, кўнглимдан “миллатнинг даҳо шоири ҳақида СЎЗ АЙТИШга ҳаракат қилган киноижодкорлар бу ишни уддалай олишдимикан”, деган хавотир ўтгани ҳам бор гап. Фильмни кўриб бўлгач, юқоридаги фикрим хато бўлганини тан олдим...
    Тўғриси, биз, бугунги кун ёшлари Абдулла Орипов ижодини ўқиганимиз, шеърларини ёд билишимизга қарамай, у кишини яқиндан билмаймиз. Фильмни кўргунимга қадар шахсан мен ҳам Абдулла Орипов Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири бўлса, ҳамиша давраларнинг тўрида ўтирган, ҳаётида бирон-бир муаммо бўлмаган бўлса керак, деб ўйлардим. Фильмни кўриш жараёнида, айниқса, фильм қаҳрамонларидан бири — Клара Ходжаевна билан тўқнашув саҳнасида ҳақиқий халқ шоири бўлиш осон эмаслигига амин бўлдим. Ўша сонияларда Абдулла Ориповнинг ич-ичидан ўтган ўкинч, алам, хорлик ва хўрликни кўтаришга унга қанча куч керак бўлган экан, деб ўз ўзимга савол бердим. Аммо, жавобини топа олмадим...
    Фильмни кўриш жараёнида яна бир нарсага амин бўлдимки, собиқ тузум даврида Абдулла Орипов аждарҳонинг оғзида туриб шеър ёзган, аждарҳонинг оғзида туриб қўрқмасдан “Она тилим”, деб ҳайқирган, аждарҳонинг оғзида туриб “Ўзбекистон”, дея қасида битишга ўзида журъат топа олган саноқли ижодкорлардан бири экан.
   Мана, нима учун Абдулла Ориповга ЎЗБЕКИСТОН ҚАҲРАМОНИ, ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ шоири унвонлари берилган!
    Тақдимотдан қайта туриб яна ўзимга-ўзим савол бердим: “Абдулла Орипов” бадиий фильми менга, тенгдошларимга, умуман, томошабинларга нима беради?
    Бу саволга ўзим учун жавоб топдим.
Фильм бизга Абдулла Орипов каби устоз ижодкорлардан фахрланиш, улардан миллатга жонфидолик, Ватанга муҳаббат, эл-юртга садоқат ва керак бўлганда, ўз халқи учун, миллати учун, бир кафт тупроғи учун ҳеч иккиланмасдан фидойилик қила билишга ўргатади. Қолаверса, Абдулла Орипов ва унинг тенгдошлари қандай оғир шароитда ижод қилиб, қандай оғир шароитда ўз миллати эрки учун курашганига яна бир карра гувоҳ бўлдик.
    Сўзимнинг сўнггида Ўзбекистон Кинематография агентлиги ва “Абдулла Орипов” бадиий фильми ижодкорларига ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Зеро, бугун, биз таҳликали замонда яшаётган бир пайтимизда мана шундай миллатни ўйғотувчи, миллатни бирлашишга чорловчи асарлар жуда ҳам керак ва жуда ҳам зарур. Яна шуни таъкидлаб ўтишни истайманки, Ватан мустақиллигининг 32 йиллик байрами арафасида томошабин эътиборига ҳавола этилган “Абдулла Орипов” фильми киноижодкорлар томонидан энг улуғ ва энг азиз айёмга арзирли байрам туҳфаси бўлди. 
    Хулоса ўрнида шуни айтишим керакки, Абдулла Орипов ўзининг оловли шеърияти билан ўзига ҳайкал қўйиб кетган бўлса, “Абдулла Орипов” бадиий фильми ижодкорлари ушбу кино билан даҳо шоиримиз феноменига яна бир ҳайкал қўйишибди. Улуғ шоиримизга янги ҳайкал, томошабинларга янги асар муборак бўлсин!

Сардор ҲАМРОЕВ,
“Келажак бунёдкори” медали соҳиби,
киносценарист, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
   Киночилар уйида Кинематография агентлиги буюртмасига биноан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси томонидан яратилган Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири — Абдулла Орипов ҳақидаги бадиий фильмнинг катта премьераси бўлиб ўтди.
  Премьерада  шоирнинг рафиқаси,  фарзандлари, Агентлик раҳбарияти, ОАВ вакиллари ва киноижодкорлар иштирок этишди.
   Премьера намойишидан олдин  Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография  агентлиги Бош директори  —  Фирдавс Абдуҳолиқов сўзга чиқиб, фильмнинг яратилиши борасида гапириб ўтди. Шунингдек, шоирнинг рафиқаси Ҳанифа Мустафоева ҳам ўзининг дил изҳорларини айтди.
     Фильмда Абдулла Ориповнинг Қашқадарё вилояти Косон тумани Некўз қишлоғида ўтган ва ижодга илк қадам қўйган болалик йиллари, Тошкент шаҳрида ўтказган талабалик даврлари, ижод намуналарининг илк нашри ва Америкада ўтган сўнгги йиллари акс эттирилган. 
     Фильмнинг тасвирга олиш ишлари Қашқардарё вилоятининг Некўз қишлоғида, Тошкент шаҳрида ҳамда Америка Қўшма Штатларида олиб борилди.
     Фильмда Абдулла Орипов ролини «Дўстлик» ордени соҳиби, Абдулла Ориповнинг шогирди, шоир — Шодмонқул Салом ва шоирнинг кексалик даврини Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист — Қудратилла Бурхонов, шоирнинг рафиқаси Ҳанифа Мустафоева ролини эса Ўзбекистон халқ артисти  — Гулчеҳра Жамилова ижро қилган.
   Фильм бош режиссёри — Музаффархон Эркинов, сценарий муаллифлари Абдуқаюм Йўлдошев ва Муқаддас Усмонова (Минхожиддин Мирзо, Фурқат Усмонов иштирокида),  бош оператор — Равшан Мирзакамолов, Бош муҳаррир — Эркин Аъзам, Бадиий раҳбар — Шуҳрат Ризаев, бош продюсер — Фирдавс Абдухолиқов.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот