КУЗ ДРАМАСИ


Куз ажойиб драма ёзди...
Режиссёр ҳам, рассом ҳам ўзи.
Қуёш қони томган боғларни
Ечинтирди куппа-кундузи.

Сўнг саҳнага шамолни ҳайдаб,
Чор тарафга солди тўполон.
Нам ҳавога тугмалар қадаб
Ёмғир кирди саҳнага шодон.

Новдасидан узилган япроқ
Чарх урди-да қўнди елканга.
Заминдан ҳам оғир бир титроқ
Юрагинга солди алангга.

Саҳна тинди.
Чиқдик дилда ғам...
Менга бунча мунгли қарама.
Айтмасанг ҳам биламан эркам,
Куз — бу ҳаёт!
Ҳаёт—драма!

 

Қўчқор Норқобил