
Бувимнинг исмлари Гулсум эди. Аммо иккинчи исмлари Жамила бўлгани боис, кўпчилик бувимни Жамила буви деб чақиришарди.
Тўнғичим Маъруф ўша пайтда анча ёш, тахминан учинчи синфда ўқирди. Мен кундузи ишда бўлганим сабабли, улар ҳар куни вақтни биргаликда ўтказишар, катта эвараси Бувижонимнинг эркатойи эди. Бувим эртаклардан тортиб, ҳаётнинг сабоқларини, бошидан ўтказганларини сўзлаб берар, шеър ва қўшиқлар айтиб, Маъруфга ҳам ёдлатар эди.
Бувижоним пиёда юришни ёқтирардилар. Пиёда юриш соғлик учун фойдали, томирларда қон юришиб, мушаклар ишга тушади, деб таъкидларди.
Бувим кўзларига дори олиш учун Маъруфни ёнларига олиб, дорихонага олиб кетибди. Тошкентдаги Шайхонтоҳур туманида жойлашган Оқтепа мавзесида яшардик. Анҳор бўйида дорихоналар, савдо дўконлари ва ошхоналар бор эди (ҳозир у жойлар бузилган).
Ишдан келсам, рафиқам Мирзомуҳаммад ўғлимиз билан бирга экан. Бувимни сўрасам, дорихонага чиқиб кетганларини айтди. Бувимга кўзга томизадиган дориларини келтириб қўйган бўлсам-да, Бувим нафақа олган кунлари сайр қилиб, дори-дармон билан бирга эвараларига музқаймоқ ва ширинликлар олишни ёқтирардилар.
Кўчага ёлғиз чиқманг деб тайинлаганимиз сабабли, эвараси ҳамроҳ бўларди.
Бувим бироз ҳаяллаб қолганидан хавотир олдим. У пайтлар қўл телефонимиз йўқ эди. Излаб чиқай десам, Тошкентда нима кўп, дорихона кўп. Ҳар қадамингизда дорихонани учратасиз. Қайси дорихонага кетишган, билмасам. Балки тамадди қилиш учун бирор ошхонага киришгандир.
Бироз вақтдан сўнг эшик қўнғироғи жиринглади.
Эшикни очсам, бувим билан ўғлимнинг ёнида истараси иссиқ бир йигит кулимсираб турган экан.
Салом-аликдан сўнг остонада саволга тутмай деб, меҳмонни уйга таклиф қилдим.
Ўша пайт қиш эди. Йўллар қор, ерлар музлаган ва сирпанчиқ.
Маълум бўлишича, бувим дорихонанинг зинасидан тушаётиб, сирпаниб йиқилган экан. Оёғи зинага урилиб, лат ебди. Маъруф Бувимнинг қўлларидан тутиб турганига қарамай, ушлаб қололмаган. Шу пайт уларнинг ёнида шу йигит пайдо бўлибди. У бувимни турғазиб, оёғини ушлаб, синган ё синмаганлигини текширибди. Кейин Бувим ва ўғлимни машинасига ўтқазиб, эсон-омон етиб олишига ишонч ҳосил қилиш учун, уларни уйга ўзи олиб келибди.
Унинг исми Муродилла экан. У Бувим дори сотиб олган дорихонада ишларкан.
Одамлар кўпинча бировнинг ташвишидан юз ўгиришга шошадиган, кўпчилик эса бошқа бировнинг йиқилишини кўрмаганга оладиган ҳозирги замонда бундай иш ўзгача бир ҳодисадек туюлади.
Муродилла Бувимга ёрдам беришга мажбур эмас эди. У буни кўрмаганга олиши, жуда бўлмаганда Бувимдан ҳол-аҳвол сўраб қўйиш билан кифояланиши ёки такси чақириб, жўнатиб юбориши ҳам мумкин эди. Аммо у чинакам одамийлигини намоён қилди. Ота-онаси берган гўзал тарбияни амалда қўллади.
Баъзан олижаноблик баландпарвоз сўзлар ёки қаҳрамонликлар билан ўлчанмайди. У оддий ҳаракатларда намоён бўлади: ожиз (кекса, ногирон, ёш бола)нинг қўлидан тутиш, кекса одамга суянчиқ бўлиш, уйигача кузатиб қўйиш, эвазига ҳеч нарса тама қилмаслик.
Ўшанда газетада ишлардим. Мен бу йигитнинг қилган ишидан қувониб, ёрдам бергани ва келтириб қўйгани учун бензин пули деб пул тутқазсам, астойдил ранжиди.
– Ака, мен савоб ишни пул учун қилганим йўқ. Кекса онахон йиқилиб тушганини кўриб, қандай қилиб ёрдам бермаслигим мумкин эди?
Шунда мен унинг бу ёрдами ҳақида ёзмоқчи эканлигимни айтганимда, у астойдил ранжиб, бош чайқади.
– Унда мен савоб эмас, ўзимни кўз-кўзлаш ва мақтаниш учун яхшилик қилган бўлиб қоламан.
Унинг сўзларини эшитиб, ичимда ундан фахрландим. Дунёда шундай одамлар бор экан, дунё турибди.
Инсон бир ишни манфаат ё тама учун эмас, балки ички виждонга таяниб, савоб учун қилса, бу унинг олижаноб инсонлигидан, яхши тарбия кўрганидан далолат.
– Айтганча, мана буни олиб қўйинг, – деб салафанга солинган нарсани узатди.
– Нима бу? – деб сўрадим.
– Бинт, пахта, спирт, йод, оғриқ қолдирадиган дорилар.
Оғзим ланг очилиб қолди. Бувимни олиб келиш баробарида, муолажани ўйлаб, шу дори-дармонларни ҳам олганидан қаттиқ таъсирландим.
– Лекин буларнинг пулини олишингиз керак, – дейишим билан Муродилла кескин бош чайқади.
– Яна пул десангиз, қаттиқ ранжийман, ака! – деди эътирозга ўрин қолдирмайдиган кескин оҳангда.
Бувим уни кейин ҳам анча вақтгача миннатдорлик билан эслаб, дуо қилиб юрди.
Буларнинг ҳаммасини ўғлим Маъруф ҳам кўриб турган эди.
Эҳтимол, айнан шундай манзаралар бола қалбида қандай эркак бўлиш кераклиги ҳақидаги тушунчани шакллантирса, ажаб эмас.
Зеро, тарбия қуруқ насиҳат ва чиройли сўзлардан эмас, ибрат кўрсатишдан бошланади. Бола эшитганидан кўра, кўпроқ кўрганига амал қилади.
Ўша куни бизнинг кўз ўнгимизда оиламизга инсонийликдан сабоқ берган, одамгарчиликнинг жонли намунаси турарди.
Муродилла ўша куни дорихонани рафиқасига топшириб кетган экан. Рафиқаси ҳам ўзи сингари доришунос экан.
Кейинчалик дорихона бузилиб, бошқа жойга кўчиб кетишган бўлишса ҳам, оқибатимиз, меҳримиз йўқолмаган.
Муродилладан умрбод миннатдорман. Унинг одамийлиги, катталарга кўрсатган ҳурмати, шунчаки бефарқ ўтиб кетмагани учун.
Бизга қанча яхшилик қилган бўлса, ҳаётида ҳам шунча яхшилик бўлсин.
Кейинчалик у билан ака-укадек қадрдон бўлиб кетдик. Муродилла Бувимнинг ҳамюрти – бухоролик экан.
Бувимнинг жанозасида ҳам қариндошларим қаторида елкама елка ёнимда турди.
Муродилла Неъматов соҳаси тиббиёт бўлса-да адабиёт ва санъат шайдоси. Дорихонада бўш вақтларида доим китоб мутолаа қилиб ўтиради.
Ҳар Рамазонда ўз маҳалласидагилардан ташқари, аввал ишлаган жойи, ўзимизнинг маҳалламиздаги кекса, ногирон ва муҳтож кишиларга хайру саховат кўрсатади. Дори дармонлар, гўшт, пул бериб моддий ёрдамини аямайди ва бу ҳақда овоза қилишларини истамайди. Ўта камтар йигит.
Коронавирус авж олган даврларда ҳам ўзининг ва бизнинг маҳалламизда яшайдиган муҳтож ҳамда бемор инсонларга қиммат дори-дармонларни бепул тарқатганига, дорихоналарда тиббий ниқобнинг нархини кескин ошириб юборишганида, ниқобларни текинга тарқатганига шахсан ўзим гувоҳман. Савоб пинҳона бўлишини ёқтирадиган чинакам саховатпеша инсон.
Дунё улкан воқеалардан эмас, балки кичик, беғараз амаллардан нурафшон бўлади.
Муродиллага ҳамиша муроди ҳосил бўлиб, келинимиз билан умрбод бахтли ҳаёт кечиришини ва фарзандларининг орзу-ҳаваси ҳамда роҳатини кўриб юришини тилайман!
Дунёда Муродилла сингари беғараз, савобталаб инсонлар бор экан, оламда яхшилик йўқолмайди!
Музаффар МУҲАММАДНАЗАР

