Ажални ортда қолдириб…


Ажални ортда қолдириб…
    

  Пиёда юришнинг саломатликка фойдаси борасида. Пиёда юриш! Ёшлигидан спорт залларидаги машғулотларга тоқати йўқ одам учун спортнинг бундан бошқа яна қайси турини тавсия қилиш мумкин? Кунига ишгача ёки ишдан кейин спорт залга қатнаб, яна бунинг устига-устак, пул ҳам тўлаш дангасалар назарида савдойиликдан бўлак нарса эмас. Пиёда юриш эса- мутлақо текин! Олимларнинг сўзларига таяниб шуни айтишимиз мумкин: пиёда юришнинг спорт залдаги машғулотларга нисбатан талайгина афзал жиҳатлари бор.
   Йил сайин спорт залларидаги фитнес машғулотларига нисбатан пиёда юриш (ПЙ) ва югуриш билан шуғулланувчилар сони ортиб бормоқда. Негаки, фитнесга қатнашиш учун махсус спорт кийимини кийиш ва белгиланган вақтда бориш талаб қилинади. Пиёда юриш ва югуриш учун эса исталган вақтни, қулай либосни кийиш имконига эгасиз. Бундан ташқари, тадқиқотларнинг кўрсатишича, ПЙ жароҳат олиш хавфини камайтириб, саломатлик учун кони фойда. Америкадаги спортнинг аэробика турларини тадқиқот қилиш институтида (Institute for Аеrоbics Rеsеаrch) доcтор Стивен Блэр раҳбарлиги остида олимлар ўзига хос тажрибани ўтказишди.
   Саккиз йил давомида ҳар кун ярим соат ПЙни одат қилган 13 минг одамни кузатишди. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, мунтазам равишда Пиёда юрмайдиганларга нисбатан, ПЙни доимий канда қилмайдиганлар орасида бевақт ўлим хавфи ва семириб кетиш, қон босими, юрак касалликларига чалиниш сони кам экан. Яна шундай ҳулосага келишдики, ҳар куни 30 дақиқа очиқ ҳавода пиёда юрган одамнинг умри 1.3 йилга узаяр экан. Иқтисодчилар буни фойдали инвестиция деб атаган бўлардилар – кунига атиги 30 дақиқани ажратиб, 12 йил мобайнида 49 кунимизни сайрга сарфлаш эвазига умримизни бир йилу уч ойга кўпайтирар эканмиз.


ПИЁДА ЮРИШНИНГ САЛОМАТЛИККА ҚАНДАЙ ФОЙДАСИ БОР?


  Мунтазам равишда ПЙ:
- холестерин миқдорини камайтиради;
- қон босимини туширади;
- юрак ва томирлар чидамлилигини оширади;
- Суяк тўқималарининг мустаҳкамлигини таъминлайди;
- Қадди-қоматингиз ҳушбичим бўлиши, жисмоний ҳолатингиз яхшиланишига имкон яратиб, танадаги ортиқча калорияларни йўқотади.


ТАЙЁРГАРЛИК


 Ҳозирнинг ўзида-ёқ сайр қилишингизга, ярим соат вақтингизни пиёда юришга сарфлашингизга нима тўсқинлик қиляпти? Сизга керак бўладиган, бор-йўғи – қулай кийим ва пойабзал. Ҳаракатланишда халал бермайдиган, танангизда эркин турадиган енгил ва табиий матолардан тикилган кийимларни кийганингиз маъқул.
  Пиёда юришдан аввал мушак ва пайларимизни бадантарбия воситасида чўзиб оламиз. Шунда танадаги томирлар ва мушаклар фаолияти яхшиланиб, қон равонлашади. Оёқ, бел, елка ва қўл мушакларини ҳам енгил бадантарбия орқали чўзишни унутманг. Бу машқ кун  давомида йиғилиб қолган зўриқишлардан халос қилиб, сайрингиз ёқимли ва фойдали бўлишига имкон яратади.


МАШҒУЛОТНИ БОШЛАЙМИЗ


  Сайр тугаганда чарчаб, ўзингизни ҳорғин сезмаслигингиз, куч-қувватингизни сақлаб қолиш учун тўртта асосий қоидага риоя қилинг:
1) Узоқ бўлмаган масофада пиёда юринг. Дастлабки кун беш дақиқа юриш билан кифояланиб, аста-секин масофа ва вақтни узайтириб боринг. Дастлабки кунданоқ ўзингизни зўриқтириб, қийналиб қолманг.
2) Тез-тез юрмасликка ҳаракат қилинг. Энг яхшиси, ўзингизга қулай, секин суръатда юринг. Гавдангиз (айниқса, умуртқаларингиз)ни тик тутиб, бошингизни баланд тутинг, елкаларингизни эса бўш қўйинг.
3) Қўл ҳаракатларингиз табиий бўлсин ва чуқурроқ нафс олишга интилинг. Агар ҳаллослай бошласангиз, юриш суръатини секинлаштиринг.
4) Юраётган пайтингиз бемалол гапира олишингизга ишонч ҳосил қилинг. Агар гапиришда “ўпкангиз оғзингизда тиқилгудек бўлса”, демак юришда шошиляпсиз. ПЙ имкон қадар кўпроқ наф келтиришини истасангиз, сукут сақланг – шунда нафасингиз маромида бўлади. Нафас равонлигига ва қадамингиз билан ҳамоҳанг бўлишига эътибор беринг.


ЯХШИ НАТИЖА – ЮКСАК МАРРАЛАР САРИ ЭЛТУВЧИ ЙЎЛДИР!


 Соғломлаштириш мақсадидаги ПЙ – бу жисмоний фаолликнинг шундай туридирки, машғулотлар учун қоидаларни ўзингиз танлайсиз. Масалан, аввалги масофани осон ва тез босиб ўта олсангиз, юриш тезлигини оширишингиз мумкин. Тоғда сайр қилиш баробарида тепалик бўйлаб ҳаракатланиш – юрак қон-томир фаолиятини чидамлилигини оширибгина қолмасдан, қўл-оёқ мушакларини ҳам мустаҳкамлайди. Шунинг учун ҳар гал машғулотлардан сўнг мушакларни чўзиш учун енгил бўшаштирувчи машқларни бажариш ёки ҳаммомда ювиниб олиш – эртаси куни мушаклар оғришининг олдини олади.
  ПЙ вақтида ўзингиз ёқтирган мусиқа ёки қўшиқни тинглашингиз асабларингизни тинчлантириб, кайфиятингизни кўтаради. Аммо автомобиллар серқатнов йўллар четида юрманг. Негаки, қулоғингизга эшитиш мосламасини тақиб олиб, орқангиздан келаётган машина сигналини эшитмай қолишингиз мумкин. Гоҳида пиёдалар йўлагидан ҳам машиналар чиқиб қолади. ПЙ давомида куй ё ашула тинглаш сизга куч-қувват бағишлаб, аъло кайфиятда бўлишингиз ва бир маромда (мусиқа билан ҳамоҳанг) юришингизга имкон яратади.
   Сўнгги сўз ўрнида – кўпгина мутахассислар кунига 30 дақиқа пиёда юришни тавсия қилишади, лекин бу ерда қатъий қоидалар йўқ. Ўзингизга қулай вақтдагина шуғулланинг. Бу дегани, вақтингига қараб, бир кунда 10-15 дақиқа ёки ҳафта мобайнида бир неча соат юрарсиз. Энг асосийси, ПЙ сизга завқ келтириб, саломатлигингизнинг яхшиланиши учун хизмат қилсин. Илло, пиёда юришни одат тусига киритиб, бундан роҳатлансангиз, бу – келишган қадди-қомат соҳиби ёки соҳибаси бўлишингиз ва мустаҳкам соғлиққа эришишингиз кафолатидир!



Узоқ умр кўриш сирлари

Кексаларни парвариш асрайди


  Узоқ умр кўриш, тез қариб қолмаслик учун,  энг муҳими, инсон ўз асаб тизимини аяши керак. Ҳаётга ишонч, кўтаринки руҳ билан қарайдиган одамлар одатда хушчақчақ бўладилар, бошқалар билан дарров киришиб кетадилар, табиатни, санъатни севадилар, сал нарсадан руҳий тушкунликка тушмайдилар. Бундай одамларнинг аксарияти узоқ яшайдилар. Умидсизлик, нимадандир доимо ранжиб, кўнгил тўлмай юриш, асабийлашиш умрни қисқартиради. 
  Ҳаммомдан чиққач бошни бирдан яланг қилишдан, танани совитишдан сақланиш керак. Қиш вақтида ҳаммомдан кийимга ўралиб чиқиш керак.
  Совуқ сувда чўмилиш тадбири ҳар жиҳатдан мукаммал кишилар учун фойдалидир. Ёш, қувват ва ташқи сифатлар ҳамда йил фасли бунга мос бўлиши керак.
  Совуқ сувда чўмилишни истовчилар сувнинг ўта совуқ эмаслигига, ўртача бўлишига аҳамият берсинлар.
  Меъёрдаги иш шароити, соғлом ва тинч-тотув турмуш асаб тизимининг барвақт ишдан чиқиб қолишидан, қаттиқ чарчашдан сақлайди, саломатликнинг мустагкамланишига ва умрнинг узоқ бўлишига ёрдам беради.
  Ўлим тўшагида ётган машхур немис шифокори Гуфеланд учта энг яқин ҳамкасбини чақириб, васият қилди:
- Мендан сўнг ҳаётда уч шифокор қолади. Буни эшитган шифокорлар “Гуфеланд бизни айтаётганга ўхшайди”, деб суюнишиб, ундан сўрашибди.
- Айтинг-чи, ким экан у шифокорлар?
- Сув, бадантарбия ва парҳез, - деди Гуфеланд.


“БУЮМЛАРНИ АСРАМАНГ


   Холниса Йўлдошева, Янгийўл, 85 ёшда:
 - Яратганга шукур, шу ёшимда ҳа ўз-ўзимга хизмат қиляпман. Фарзандларим бир-бири билан аҳил. Балки шунинг учун ҳам умрим осойишта ва бахтли ўтаётгандир. Кексалик – донишмандлик дейишгани рост, шунинг учун қуйидаги бир-икки сўзимни қулоқларига олишса, ўзларига фойда.
1. Мана, ҳозир уйимдаги эски сервантимга ясатиб қўйилган қадимги Хитой чинниларини роса авайлаб-асраганман. Уни деярли ишлатмаганман. Улар ҳам мен каби “қаришди”, ишлатилмаса-да, ранги ўчди.
2. Ишлаб юрган пйтларимда катта дўкондан хориж этикларини сотиб олганман. Навбатда туриб аёллар билан талашиб-тортишганларим кўз олдимда туради ҳанузгача. Асабларим бузилиб, анча соғлигимни йўқотганлигимни ҳозир ҳис этяпман. Чунки ҳозир анча касалман. Фарзандларим шунча парваришлашса ҳам бирзумда бақириб юбораман.
   Шу сўзларимдан бир хулоса чиқараман: хорижнинг этигини киймасам, биров мени уришармиди? Азиз ёшлар, узоқ умр кўраман десангиз, буюмларингизни асраманг, ишлатинг. Ахир улар уйингизга безак беришидан нима фойда?
   Ўз вақтида ухланг, телевизор ҳам бир оғу, у ҳаётингизни заҳарлайди, оромингизни олади. Ҳар бир ишда меъёрига амал қилинг.


Қўшсаҳифани Малоҳат Мирзомуҳаммад қизи тайёрлади.

Манба: "Сабо" газетаси. 2016 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот