ЮРАКЛАР ЧОКИДАН УЗИЛГАН КЕЧА...


      Шундай кунлар бўладики, уларни ҳеч қачон унутолмайсиз, қалбингизда ўчмас из ва оғир жароҳат қолдиради.
      Ҳаётни "аввалги" ва "кейин"га бўладиган кунлар бўлади.
      Отам вафот этган кун мен учун шундай машъум, оғир ва аянчли, ҳаётнинг қизиғи сўнгган, унутилмас кун бўлди.
      2009 йилнинг 21 июнь куни...
     Адажоним юрагини даволатиш учун Сурхондарёдан Тошкентга келганди.
     Отам кўпдан бери касал эди – икки маротаба инфарктни бошидан кечирган бўлса-да, сиртига чиқармас, аммо кўзларида касаллик аломатлари ўз изини қолдирган, қовоқлари ости бироз салқиган, жилмайишга, хотиржам кўринишга уринса-да, юрак хасталиги инсоннинг юз ва кўзида акс этарди; буни на табассум билан, на ирода кучи билан яшириб бўлмайди.
      Ойижоним Адамнинг касалликларини телефонда айтганларида, Адажоним: 
– Ойинг ваҳима қилаяпти, соппа-соғман, – деб мени юпатарди. 
Отам ҳамма нарсага чидаш мумкинлигига ишонарди: "Ўз оёғим билан юраётган эканман, демак, ҳаммаси яхши бўлади," – дерди.
    Ўша куни якшанба эди.
  Касалхонада Отамга санаторияга йўлланма берадиган ходим душанба куни келишини айтиб, ўша куни келишларини тайинлашган экан.
   Отам ҳеч қачон ҳеч нарсадан шикоят қилмасди. Бошқаларни ўзининг қайғу ё касаллиги билан безовта қилишни ёқтирмасди. Буйраги оғриб, бир неча операцияларни бошидан кечирганда ҳам, касалликларни мардонавор енгган, сабр-матонатли, келбатидан от ҳуркадиган даражада гавдали, баланд бўйли, Алпомиш каби алп инсон эди.
   У билан бирга унинг дўсти ва тоғам уйимизга келишди. Отам қаерга борса ҳеч қачон қуруқ қўл билан бормасди. Шу сабаб бир талай озиқ-овқат, 5-6 килоча лаҳм гўшт, мевалар ва невараси – Маъруфга ширинликлар келтирибди.
     Улар бироз муддат меҳмон бўлишгач, тоғам Адам ва дўстини уйига олиб кетадиган бўлди.
– Адажон, бугун бизникида қолинг, – дедим. 
     Дадамни жуда соғингандим. Дадам табассум қилиб: 
– Бошқа сафар, бугун тоғангникида қолай, душанба санаторияга даволанишга бораман, – деди оҳиста. 
Дадамнинг феълини билганим учун қайта илтимос қилишимга ҳожат йўқ эди. Чунки, Адам бир қарорга келдими, қарорида қатъий турарди ва сўзидан қайтмасди.
      Падари Бузрукворимни кўчагача кузатиб қўйганим эсимда.
   Адажонимнинг юзларидан ўпиб қўйдим. Адам кулимсираб, менга бош ирғаганча, тоғамнинг машинасига ўтирди.
     Ҳатто ўша дақиқада ҳам ичимда ҳеч қандай хавотир йўқ эди...
     Гўё тақдир бу сўнгги фарзанд ўпичини умидсизликка тушишим учун эмас, балки хотиржам бўлишимга имкон яратиб, ҳақиқатни атайлаб яширгандек эди. Адажонимга охирги марта қараётганим, сўнгги бор кўраётганим, овозини бошқа эшитмаслигимни хаёлимга ҳам келтирмагандим... 
     Кечқурун соат  11-00 лар атрофида уй телефонимизнинг қўнғироғи чалинди. У пайтлар мобил телефоним йўқ эди.
     Гўшакдан куёвим (синглим Моҳигулнинг эри)нинг овоз худди шамол эсаётгандек узоқдан эшитилди. Сўзлари гўё парчаланиб кетаётгандек: "Адангиз вафот этиб қолди... тезроқ етиб келинг!".  
    Эшитганларимга сира ишонгим келмасди. Отам, Устозим, меҳрибоним, суянган тоғим наҳотки энди йўқ?!! Ўша сонияда қандай нафас олганимни эслолмайман. Нима деб ўйлаганларим хаёлимда йўқ. Карахт бўлиб қолгандим.
    Фақат бир нарса –  бошимга оғир гурзи келиб урилгандай бўлди-ю, олам кўз олдимда айланиб кетиб, хонамизда нур таратиб турган чироқ бирдан хира тортиб, сўнгра бутунлай ўчиб қолгандек бўлди. Кўз олдим қоронғулашди... Қўлимдаги телефон қизиб кетгандек ва сирпанчиқдек бўлиб қолди – гўё мен гўшакни эмас, ўз юрагимни ушлаб тургандек эдим.
      Ўшанда телефон қўлимдан тушиб кетишига бир баҳя қолди... Жуда мажолсиз ва ҳолсиз эдим. Гўшакни аранг жойига қўйдим.
    Бутун кўчага эшиттириб бақиргим, ҳайқиргим, йиғлагим келарди. Ичимдаги ҳайқириқ, йиғи ич-ичимдан тўлиб тошиб, кўкрак қафасимни тобора қисарди. Нафас олишим борган сари қийинлашиб борарди. Бутун борлиғимни қора  булутлар каби зулмат чулғаб олди.
   Кўкрагимни тўлдирган, мени руҳан ўлдирган, ич-ичимни кемираётган оғриқ, аламдан нафасим етишмасди. Кўзларимга ёш қуйилиб келди, бироқ гўё бутун дардим ташқарига отилиб чиқишидан қўрққандек, уни аранг тутиб турардим.
     Саволомуз тикилиб турган хотинимга қараб, гапириш учун ўзимда зўрға куч топдим:
– Тайёрланинглар... Маъруфни тез кийинтиринг. Тоғамникига борамиз...
    Сукунат...
– Адажоним... 
  Бошқа сўз айтолмадим... Хотиним тезда тушуниб, бошқа хонага чиқиб кетди. Ёлғиз қолганимда овоз чиқармасдан тинимсиз йиғлардим. Кўзларимдан шашқатор оқаётган ёшлар юзимни ювар, аммо қалбимдаги оғриқларни юволмасди...
   Гўё бир дақиқада орадан кўп йиллар ўтиб, қариб қолгандек сездим ўзимни. Томоғимга тош тиқилгандай, бўғилиб қолгандим... Қўлларим гўё бутун дунёни ушлаб тургандек оғирлашиб борарди ... Ичимдаги оғриқлар бармоқ учларимдан тортиб, онгимнинг туб-тубигача тарқалди...
    Ўша оқшомнинг аламли оғриғи, юрагимда қолдирган асорати ҳали ҳам ўшандек турибди. Нафақат оғриқ, балки ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайдиган Ота меҳр-муҳаббатидан бир лаҳзада айрилиш азоби ва вақтни бир лаҳзага бўлса ҳам ортга қайтариб бўлмаслик, Адажонимнинг лоақал бир оғиз сўзини бошқа эшита олмаслик қийноғидан қийналардим...
     Баъзан ўйлаб қоламан: бешафқат ҳаёт ва ажал сендан йўқотишга тайёрмисан, деб сўрамайди. Вақт тинимсиз олдинга юради ва сизни бўшлиқ ичра ёлғиз қолдиради.
    Лекин бу бўшлиқда ҳамон Отажонимнинг сокин, қатъий ва хотиржам овози янграйди. Ҳар сафар ўша оқшомни эслаганимда, бу овозни шундай аниқ эшитаманки, гўё Адажоним ёнимда: "Ўғлим... ўзингни тут. Сен эркаксан! Бардам бўл. Ўзингни қўлга ол!", – дегандек туюлаверади.
   Отам бизни фақат жисман тарк этди, лекин унинг меҳр ва муҳаббати, ўгитлари, биргаликда ўтказган лаҳзаларимиз ҳақидаги хотиралар абадий қолади. Падари Бузрукворимни қалбимда ҳеч қачон ўчмайдиган нур каби, томирларимда оқаётган қон каби ўзим билан олиб юраман. Аслида, беш ёшлигимда операция бўлганимда, менга қон берган ва иккинчи бор ҳаётга қайтарган ҳам Отажоним эди. Томирларимда Отажонимнинг қони оқаркан, демак Падарим ҳамиша, сўнгги нафасимгача вужудимда яшайди...

Музаффар МУҲАММАДНАЗАР.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот