ҲАЁТ ШАМЛАРИ
Музаффар МУҲАММАДНАЗАР
ҲАЁТ ШАМЛАРИ
Тортга учта шам ўрнатилган. Кенжа ўғлим – Муҳаммадумарнинг ҳаяжондан порлаб турган кўзларида учта кичкина аланга рақс тушаётгани акс этаяпди.
Ўғлимга қарар эканман, табиат ва Яратганнинг мўъжизасини – табассум ва қизиқувчанлик билан дунёни кашф этиб улғаяётган қувноқ болакайни, ўзимнинг болалигимни кўраман. Унинг кулгуси уйни қувончга ва нурга тўлдиради, биринчи сўзлари ва илк қадамлари вақтнинг бебаҳо совғасидир.
Уни бағримга босиб, юзларидан оталарча меҳр билан ўпаман, аммо юрагимда шодлик аралаш қайғу борлигини ҳис қиламан. Ўғлимнинг самимий ва беғубор табассумида Ойижонимнинг кулгусини кўряпман... Худди Волидамнинг кўзлари каби. Қошларини чимирганида эса – бу қиёфа Адажонимни эслатади.
Қани эди, шу лаҳзаларда Сизлар ҳам ёнимизда бўлганингизларда эди... Адажоним, Ойижоним, руҳларингиз, хотирангиз биз билан бирга.
Бугун Муҳаммадумар неварангиз уч ёшга тўлди. СИЗЛАР ўтмишим, ўғлим эса – келажагим. Мен эса СИЗЛАРНИНГ «Кечаги кунингиз» билан жигаргўшамнинг «Эртанги куни» орасидаги кўприкда тургандекман. Аммо бу кўприк баъзан шундай кескин чайқаладики, нафасим тиқилиб қолгандек туюлади. Шу паллада Падари Бузрукворим қўллари билан елкамга қоқиб: «Оилапарвар бўл, ўғлим. Мен сингари фарзандларингдан меҳрингни дариғ тутма», – дейишини, далда беришларини шунчалик истайманки!..
Ойижоним эса мулойим, майин, соҳир овозда неварасига кечқурун эртак айтиб беришини хоҳлайман. Худди менга эртаклар айтиб, аллалагандек ухлатиб қўйгани каби...
Ота-Онам ҳаёт бўлишганида, шаксиз сени эркалатишарди, ўғлим. Фарзандимнинг қувончдан порлаб турган кўзларига тикиламан. Шу чоғда қани энди телефон жирингласа-ю, Ойижоним ва Адажоним неварасини табриклашса... Бироқ телефон сукут сақлайди.
Ўғлимга фотосуратлар жамланган альбомни тутқазаман. У Бобоси ва Момосини дарров танийди. Альбомдаги суратларга қараб, деворда илинган айнан ўша тасвир портретини кўрсатади. Ўғлимнинг қўлига тутқазган шоколадимни акаси Мирзомуҳаммадга илиниб, унга тутқазади. Ўртанча ўғлим эса укасига қайтариб берганча: – Ўзинг егин, – дейди. Синглим Моҳигул ҳам шоколадини менга илинар, мен эса Синглимга илинардим. Ака-ука, ака-сингиллар ўртасидаги меҳр-оқибат ва беғараз саховатда ҳаётимнинг ўтмиши ва бугуни гавдаланади. Жўшқин қувонч аралаш бироз ғамгинлигим – Ота-Онам, болалигимни соғинишдан... Ота-Онамнинг қони, меҳрибонлиги томиримизда оқиб турибди.
Унинг кулиши, биринчи сўзлари, қадам ташлаши – буларнинг барчаси ҳаёт давом этаётганидан, у ҳар қандай йўқотишдан кучлироқ эканлигидан далолат беради. Аммо бу истак билан бирга қайғу ҳам келади. Ота-Онам уни ҳеч қачон кўролмаслигидан, бағирларига босолмасликларидан ўкинаман. Ўғлим эса Ота-Онамнинг овозларини эшитолмайди, кафтларининг қайноқ тафтини ҳис қилолмайди. Улар йўқ бўлган бу сокинликда бўшлиқни ҳис қиламан. Қувонч ва қайғу худди нур ва соядек бир-бирига қўшилиб кетади.
Ўғлим наслимнинг давомчиси. Адажоним, Ойижоним, у СИЗЛАРнинг ҳам давомчингиздир. Бу ғалати аралаш туйғуларда ширин қувонч билан бирга таъми тахир ғам-ғусса бор. Худди мана шу торт сингари: ширин, аммо меваларининг айримлари нордон.
Ўғлим, шамларга пуфла. Тортдаги шамлар ўчса-да, ҳаётимиз шамлари ҳеч қачон ўчмасин! Тилакларингни айт. Менинг тилакларимдан бири амалга ошди, бу – сенинг дунёга келишинг. Бошқаси эса... Бошқаси амалга ошмайди. Ўтмиш ва ҳозирги замон ўртасидаги бу бўшлиқ шуни эслатадики, оила – бу биз севган инсонлар ёнимизда бўлмаса ҳам давом этадиган ришта.
Ота-Онам ҳақидаги хотираларимни ўғлимга айтганимда, Ота-Онам сўзимизда, кўзимизда ва ўзимизда яшашига ишонаман. Уларнинг муҳаббати – кўзга кўринмас, аммо сезиларли. Мен орқали сенга, сендан эса фарзандларингга ўтади, ўғлим. Бу ирсият.
Бугун нафақат сенинг туғилган кунингни, балки ҳаёт давом этаётганини ҳам нишонламоқдаман. Замонлар аро кўпригим, кўзимдаги кипригим ва кўз қорачиғим!
Туғилган кунинг муборак бўлсин, азиз ўғлим!