ОҚ АТИРГУЛЛАР
Кўп йиллар мобайнида “Инсон ва қонун” газетасида ишлаб, ўзининг ҳуқуқий, таҳлилий мақолалари билан танилган, ҳозирда Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий ахборот бошқармаси бош маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётган Дилфуза Иргашеванинг таваллуд топган кунларимда ОҚ АТИРГУЛ туҳфа қилиши болалигимни эслатади ҳар сафар.
Раҳматли Адажоним Муҳаммадназар Умар ўғли ва Ойижоним Малоҳат Мирзомуҳаммад оқ атиргулни ёқтиришарди. Бу ҳақда авваллари ҳеч ёзмаганман. Илгари Дилфузадан бошқа ҳеч ким менга оқ атиргул совға қилмаган. Дилфуза кўнгли каби оппоқ атиргуллар билан қалбимни нурафшон қиладиган синглим. Умр йўлдоши ҳам ўзи сингари зиёли, ақлли инсон. Бир-бирига узукка кўз қўйгандек муносиб. Ҳавас қиламан. Кўз тегмасин!
Раҳматли Адажоним ҳовлимизга турли рангдаги атиргулларни экиб, парваришлардилар: қизил, сариқ, оқ, пушти... Байрамлар (Ойижонимнинг туғилган куни, 8 Март)да Ойижонимга боғдан оқ атиргулларни кесиб, гулдаста қилганча туҳфа қилганларида, Ойижонимнинг кўзлари қувончдан порлаб кетарди! Албатта, Адажоним биргина гул билан кифояланмай, бошқа совғалар ҳам берардилар. Аммо Ойижоним оқ атиргулларни биллур гулдонга қўяр ва гуллар хонада ўзгача тароват таратиб турарди...
Дилфуза синглим, оқ атиргулларингиз каби ҳаёт йўлингиз ҳам оппоқ бўлсин! СИЗга ҳурматим чексиз! Туғишган синглимдексиз! СИЗга ва аҳли хонадонингизга дунёдаги жамики энг юксак истакларни тилайман!
Камоли эҳтиром ила - Музаффар Муҳаммадназар.
2020 йил.