Бизнинг бахтимиз устуни...


Рукн: Биз учрашган кун 
Илҳом ва Гуласал: “Бизнинг бахтимиз устуни...”

– Илҳом, Гуласал авваломбор, сизларни кириб келган 2025 йил билан муборакбод этаман! Янги йилнинг илк ҳафтасида сизлар билан янги бир лойиҳада суҳбатлашиб турибмиз. Сизларни бу лойиҳага таклиф қилганимни сабаби эса оилангизга, муҳаббатларингизга бўлган ҳавасдир. Келинг, саволимни илк бор бир-бирингизни кўрган ўша дамлардан бошласак. Ўшанда қалбларингизда қандайдир илоҳий ҳиссиёт кечганми?
     Илҳом Атамирзаев: Сизни ва сиз орқали юртдошларимизни Янги йил билан муборакбод этамиз. Гуласални илк бор санъат олийгоҳига ҳужжатларимни топширгани борганимда кўрганман. Уларни топшириб, ўртоғим билан олийгоҳ ҳовлисида гаплашиб турганимизда бинодан Гуласал чиқиб келган. Ана ўша лаҳзалардаёқ мана шу қиз менинг тақдирим эканлигини англаганман, ҳис қилганман. Фақат энди Гуласални розилиги олиш қолганди холос... Талаба бўлганимиздан кейин олти ой давомида уни кузатиб, сўриштириб юрдим. Сўнгра, ўзи билан гаплашиб, аввал дўстликни таклиф қилганман. Уч ойдан сўнг, юрак ютиб севги изҳор қилганман.
     Гуласал Раҳмонова: Тўғри, талабалигимизда мени кузатиб юрганлар, кейин дугонамга айтганлар. Ўшанда дугонам севги хабарини етказганида “Қайси?” деб эслай олмаганман. Сабаби, булар кўпчилик оғайнилар бирга юришарди. Алоҳида кўрмаганим ва эътибор бериб қарамаганим учун эслай олмаганман. Дугонам кўрсатганида илк бор сочи диққатимни тортган. Сочларининг орқа тарафи ўсган, ўзгача имиджда кўрганим учун беихтиёр “вой-бўй намунча энди” деганман. Дугонам йигитнинг қандайлигини сўраб қистайвергач, “Истараси иссиққина йигит экан” деганман, лекин бошқа ҳеч қандай ўйга бормаганман. Лекин кейинчалик мени бу олийгоҳга тақдирим етаклаб келганини ва шу инсон билан учраштириб, турмуш қуришимиз тақдиримизда борлигини англаганман. Институт бизнинг тақдир йўлларимизни бирлашишига сабабчи бўлган бир макон бўлди.  
– Тўғри, бир кўрганда юрак жиз этиши бошқа-ю, унга севги изҳор қилиб, турмуш қуришни таклиф этиш бошқа. Илҳом Гуласалга бу таклифни билдиришда ҳеч ўйланганмисиз, иккиланганмисиз? Тўйдан олдин қандай ваъдалар бергансиз ва бугун уларни қанчалик бажара олдингиз?
     Илҳом Атамирзаев: Турмуш қуриш таклифини беришда менда сира иккиланиш бўлмаган, чунки бу гўзал туйғуни қалбимизга Аллоҳ солади... Севги изҳор қилганимда ҳам, ундан кейин ҳам мен ҳеч қандай ваъда бермаганман, фақат Гуласални, албатта бахтли  қиламан деб ўзимга сўз берганман ва шу кунга қадар сўзимни устидан чиқишга ҳаракат қиляпман.
– Гуласал, сиз бухороликсиз, турмуш ўртоғингиз наманганлик. Орадаги масофа оз эмас. Турмушга чиқаётганингизда уйдагиларингиз томонидан қаршиликлар, норозиликлар бўлганми? 
      Гуласал  Раҳмонова: Эсимда, ўшанда таътилга чиққанимизда икковимиз уйимизга бориб, оиламиздагиларга бир-биримиз ҳақимизда айтамиз дея келишиб кетганмиз. У пайтлар ҳали телефонлар ҳозиргидек замонавий бўлмагани учун иккаламиз ҳам уйдагиларга кўрсатиш учун расмларимизни олиб борганмиз. Онамга ўша расмни кўрсатиб, шу йигит менга турмушга чиқиш таклифини билдирди, жуда ақлли, келишган йигит дея роса мақтаб кетганман. Онам эса бироз ўйланиб “Водий билан Бухоронинг ораси жуда узоқ-ку. Бунинг устига водийликлар босиқ, уятчангроқ бўлишади, сен эса шўхсан, ҳар икки гапнинг бирида кулиб турсанг, уларга ёқармикин? Сени эркалигинг уларнинг характерларига, ўзларини тутишларига тўғри келмайди, қийналасан” деганлар. Кейин мени хафа бўлмасин дебми, “тақдир бўлса, вақт кўрсатади” деб қўйгандилар. Таътилдан қайтгач, бу кишини олдига бориб, “айтдингизми, нима дейишди?” деб сўраганман. Буни қарангки, уйдагиларига айтишга ботина олмаган эканлар. Мен эса шўх-шаддодлик билан дарров айтиб келганман. Шунинг учунми, бироз хафаям бўлиб қолганман. Ўша пайтдаям бу кишини оғир-босиқлиги, мени эса шўхлигим намоён бўлган. Орадан вақт ўтиб, бу кишиям онасига айтганларида худди менинг онамга ўхшаб, масофанинг узоқлигини ва мени у ерда кўникиб яшаб кета олишимдан ташвишланишларини айтганлар. Совчилар келганида ҳам катта қаршиликлар бўлмади, фақат йўлнинг олислиги икки томонни ҳам бироз ўйлантирган. Шукрки, ота-оналаримизнинг розиликларини олиб, турмуш қурдик.
– Турмуш қуриб, ижарада яшаганмисизлар? Оиланинг қийинчилигини, рўзғорнинг юкини илк бор қачон ҳис этгансизлар? Ҳар ҳолда, янги оилага моддий ва маънавий кўмак бериб турилмаса, қийналиб қолиши тайин, шундай эмасми?
      Илҳом Атамирзаев: Албатта, кўп ижод аҳли сингари биз ҳам ижодкорлар уйида беш йил яшаганмиз. Турмуш қийинчиликлари бўлган, етишмовчиликларга сабр қилганмиз. Ота-она бўлганимизда эса илк бор оила, турмушнинг юкини ҳис қилганмиз. Ўшанда бу ҳаёт паст-баландликлардан иборат эканлиги ва бу йўлни биргаликда мардонавор босиб ўтамиз деб бир-биримизга ваъда берганмиз. Яхшиямки, ота-оналаримиз бор, “ сизлар ўзларингни ўнглаб олгунингларга қадар биз ўзимиз кўмак берамиз” деб бизга маънавий ва моддий кўмак бериб туришган. Аллоҳ умрларини зиёда қилсин, биз уларни жуда ҳам яхши кўрамиз, миннатдормиз.
     Гуласал Раҳмонова:  Биринчи фарзандимиз туғилгунига қадар шу ижодкорлар уйида яшадик. Мен ушбу масканни ҳаёт йўлимдаги энг катта ва намунали сабоқ бўлган маскан деб биламан. Чунки у ерда  битта қаватда 12 та қўшни яшардик. Ўша қўшнилар билан худди “Келинлар қўзғолони” фильмидаги овсинлар каби бир-биримизга ёрдам бериб, қўллаб, аҳил бўлиб яшадик. Бу уйнинг ҳам ўзига яраша афзал ва қийинчилик жиҳатлари бор: аввало, ҳамма қўшнилар бир-бирига хоҳ овқат пишириш, хоҳ боласига қараб туриш бўлсин ёрдамини аямайди, бир оиладек бажариб кетаверади. Аммо сиз овқат қиламан деганингизда газ печи бўш бўлмаслиги ёки кир ювмоқчи бўлганингизда  ваннахона бандлигидан сизга имкон тегмаслиги мумкин. Шундай пайтлардаям барчамиз ижодкор бўлганимиз учунми, доимо бир-биримизни тўғри тушуниб, қўллаб-қувватлаб яшадик. Буниям ўзига яраша файзи, гашти бор эди. Иккинчи фарзандимиз туғилгач, хоналар торлик қилиб, ижара уйга чиқишга мажбур бўлдик. Ижарада яшаш ҳам бир сабоқ десам хато қилмаган бўламан. Борига шукр қилиб яшашни, қийинчиликларга чидашни шу ижара уйда яшаб билдик, ўтган кунимизга сабр, шукр қилдик. Биласизми, ижара уйга чиқиб, ижодкорлар уйини қадрига етдим. Чунки ёлғизқўллигим боис, бир вақтда чақалоққа қараш ва уй юмушларига улгуришим бироз қийинчилик туғдирди ва ётоқхонадаги қўшниларимнинг қадри билинди. Қаерда яшаган бўлсак-да, шукрки, катта муаммоларга, қийинчиликларга дуч келмадик ва бундан кейин ҳам келмайлик.  
– Ҳар бир ота-онанинг ҳаётида бўлгани каби сизнинг турмушингизда ҳам фарзандларингизни туғилиши энг ҳаяжонли ва эсда қоларли дамлар бўлган-а? Ўшандай пайтда Гуласал "мени туғруқхонадан бундай олиб чиқасиз" деб шартлар қўйганми? Фарзандларингизни парваришлашда ким кўпроқ куюнчаклик қилган?
       Илҳом Атамирзаев: Илк бор ота бўлганимда бу нақадар гўзал туйғу эканини ва шу билан бирга жуда ҳам катта масъулият эканини англаганман. Гуласал, ҳеч қачон менга бундай шартлар қўймаган. Юқорида айтганимдек, бу йўлни биргаликда босиб ўтамиз деб ваъда берганмиз. Лекин иккала фарзандимизни ҳам туғруқхонадан гўзал ҳолатда олиб чиққанмиз. Энг қувонарлиси, онажоним, устозларимиз Ўзбекистон ҳалқ артисти Меҳри Бекжонова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Дилором Сафаева, Малика Қаюмова Марям Ихтиёрова, Мирза Азизов (охиратлари обод бўлсин), Иқбол Ошиқов бизга ҳамроҳлик қилишган. Улардан тоабад миннатдормиз.
     Фарзандларимизга қарашишга келсак, ҳамиша  биргаликда эътибор қилишга ҳаракат қиламиз ва бу жиҳатдан бир-биримизни тўлдириб келяпмиз...
     Гуласал: Ҳақиқатан ҳам иккаламиз бир-биримизни тўлдириб, қўллаб яшаймиз. Фарзандларимиз кичиналигида, баъзан бетоб бўлганида кечалари навбатма навбат қараб, бир-биримизни авайлаганмиз. Биринчи фарзандим туғилганида қайнона ойижоним келиб, боламни чилласи чиққунигача мени худди ўз болаларидек авайлаб, иш қилдирмаганлар. Ўғлим 1,5 ёшга тўлганида театрга ишга чиқдим. Бола ва ижод билан бироз қийналиб қолганимиз боис, ўғлимни қайнона ойижонимга парваришлаш учун бердик. Бир йил мобайнида водийда фарзандимизни  кўз қорачиғидек асраб, парваришлаб, кейин олиб келдилар. Бизни мана шундай қўллаб-қувватлаганлари, ижод қилишимга имконият аратиб берганлари учун қайнона ойижонимдан жуда миннатдорман, умрлари узоқ бўлсин!  
– Кучли севги бор жойда рашк ҳам бўлади, дейишади. Иккингиз ҳам саҳнада, киноларда турли партнёрлар билан роллар ижро этасизлар. Тўғрисини айтинг, турмуш ўртоғингизни партнёридан рашк қилиб, хафалашиб қолган пайтларингиз ҳам бўлганми?
      Илҳом Атамирзаев: Аёлимни, албатта рашк қиламан. Аммо ана шу шундай лаҳзаларда касбимизни ижодкор сифатида баҳолайман ва рашкимни жиловлайман. Шунинг учун ҳам ракш қилиб, хафалашмаганмиз.
      Гуласал Раҳмонова: Турмуш ўртоғимни ҳеч қачон парнёрларидан рашк қилмадим. Чунки бу кишининг менга ва аёлларга бўлган ҳурмати туфайли бундай рашк қилишгача бормадим. Тўғрироғи, турмуш ўртоғим аёлларга жуда катта эҳтиромда бўлганлари боис, менда бу рашкка ҳожат қолмайди. Қайнона ойижонимнинг фарзандларига берган гўзал тарбиялари сабаб турмуш ўртоғим аёлларга чексиз ҳурматда бўладиган, мени ўта қадрлайдиган инсон бўлган деб ўйлайман. Қайнонам қайноналар ичида энг сараси, жаннатий аёл. Қайнонамнинг хизматини жуда бажариб қўйган келин эмасман, аммо у кишининг биз учун жон куйдиришлари, турмуш ўртоғимга берган тарбиялари туфайли олдиларида доимо таъзимдаман. 
– Ҳаёт доим бир текис кечмайди, доим ҳам соғлом бўлмаймиз. Оилангизда тобингиз қочиб қолганида ким кўпроқ сиқилиб, тушкунликка тушиб қолади?
     Илҳом Атамирзаев: Биласизми, балки бу сизга эртакдай туюлар, лекин ҳамиша ҳар қандай вазиятдан биргаликда чиқишга ҳаракат қиламиз. Аёлимни тоби қочса, кўз олдим қоронғилашиб кетади, аммо билдирмасликка унга сездирмасликка ҳаракат қиламан. Илоҳим, бахтимга ҳамиша соғ-саломат бўлсин.
     Гуласал Раҳмонова: Драматик ролларни ижро этганимизда ролимизнинг кечинмалари бизнинг қалбимизга таъсирини ўтказмай ўтмайди. Қон босимининг кўтарилиши, юрак касалликлари айнан мана шу санъатда юзага келади. Бу ёшликда сезилмаслиги мумкин, аммо йиллар ўтиб, ўзини намоён этади. Айниқса, менда драматик ролларни ижро этганимда юрагим санчиб, безовталанади. Шунда турмуш ўртоғим “Шу рольга берилиб, ўзингни унутиб ўйнашни тўхтат. Бошқа драматик роль ижро этма, мени, болаларимизни ўйла” деб куюниб кетади. Ҳатто шундай пайтда кўзларида ёш кўрганман. Ўшанда ҳис қилганман, турмуш ўртоғимнинг менсиз қандай аҳволга тушишларини, ҳаётлари қандай кечишини... Назаримда, бир олмани бир томони турмуш ўртоғим, иккинчи томони мен бўлсам керак. Агар олмани бир тарафи бўлмаса, иккинчи тарафи тез чирийди, тўғрими? Шу олма бутун турса, кўпроқ муддат чиройли сақланади.  Биз ҳам мана шу бутунликда чиройли жуфтликмиз.
– Ёшлигингиздаги ва бугунги муҳаббатингизга таъриф беринг.
     Илҳом Атамирзаев: Хали ҳам жуда ёшмиз (кулади). Аввало, чин  муҳаббат Аллоҳни бизга берган бебаҳо инъоми. Ёшликдаги беғубор муҳаббатимиз ҳеч қандай манфатларсиз, яшариб, мустаҳкамланиб бормоқда ва бизни бу гўзал неъматни асраб авайлаб, умримиз сўнгига қадар ҳимоя қилиб яшашлик бахти асло тарк этмасин!
     Гуласал Раҳмонова: Ёшликдаги муҳаббатни қорнинг остидан уйғониб, бош кўтаришга чоғланган майсадек деб тасаввур қиламан. У муҳаббат ҳамиша ҳам чин, бутун бўлавермайди. Йиллар ўтиб, ақлингиз кирганидан кейингина ҳақиқий муҳаббатнинг нелигини англайсиз. Ёш улғайгандаги муҳаббат инсонни бутун борлиғи билан севиш, биргаликдаги орзуларни тўлалигича ҳис қилиш, уни асраб-авайлаш, қадрлаш ва доимо унинг ёнида бўлишга интилиш билан кечади. Бу ёшликдаги бебош муҳаббатдан бутунлай фарқланади. 
– Албатта, фарзандлар ота-оналарга ўхшашади. Фарзандларингиз турмуш ўртоғингиздаги қайси характер, хислатларни олиб, вояга етишини истардингиз?
   Илҳом Атамирзаев: Ҳар икки фарзандимизда ҳам биздаги гўзал хислатлар мавжуд. Лекин аёлимдаги ҳушчақчақлик ва оғир вазиятлардан гўзал шаклда чиқиб кетиш хислати фарзандларимизда ҳам тўлақонли бўлишини истардим.
     Гуласал Раҳмонова: Тўғри, фарзандларимиз ҳар иккимизгаям ўхшайди. Қиз бола аммасига ўхшайди деб ҳам бежизга айтишмас экан. Қизалоғимизни аммасига ўхшаш жиҳатлари ҳам бор. Шуни айтишим мумкинки, фарзандлар ота ва онадан андоза олади. Агар фарзандларимиз бизга ўхшаган қалб эгалари бўлишса, улардан ҳамиша миннатдор бўламан. Шунингдек, фарзандларим турмуш ўртоғимга ўхшаган юксак маънавиятли, вазмин, меҳрибон инсон бўлишини истайман.  
– Энг яқин дўстинг ҳам, энг кучли душманинг ҳам турмуш ўртоғинг бўлади, дейишади. Бу фикр сизларнинг турмушингизда қанчалик ҳақиқат?
     Илҳом Атамирзаев: Бўлиши мумкин, лекин бизнинг турмушимизда душманликка ўрин йўқ. Дўстлигимиз эса абадий бўлсин!
     Гуласал Раҳмонова:  Менимча, бир-бирига муҳаббат билан интилган, бир мақсад сари йўлга чиққан, бир ёстиққа бош қўйган инсонлар ҳеч қачон бир-бирига душман бўлмайди. Бу киши ҳаётдаям, оиладаям, саҳнадаям мени тўлдириб келадилар ва шу ўринда мен ҳам қанот бўлишга интиламан. Доимо бир-биримизни тушуниб, қўллаб-қувватлаганмиз. Айрим ҳолатларда озгина рашк қилсалар ёки бироз жаҳллари чиқса ҳам тўғри тушунтирсам, дарров тушунадилар.  Ҳатто уй юмушлари билан оввора бўлган пайтимизда ҳам театр, спектаклларимиз, ижодий жараёнларимиз ҳақида гаплашамиз. Ўринсиз дилхираликлар бизга ёт. 
– Илҳом, бир кўрсатувда аёлингизни руҳингиз билан севганингизни айтгандингиз. Қалб севгиси билан руҳан севиш ўртасида фарқ борми?
     Илҳом Атамирзаев: Биласизми, бу жуда ҳам кенг мавзу ва у ҳақида соатлаб гаплашиш мумкин. Мен бу саволингизга қисқароқ жавоб беришга ҳаракат қиламан. Руҳ инсон жисми яратилганда ҳам мавжуд бўлган ва у абадийдир. Руҳларимиз аввалдан бир-бирини таниган ва жисмда улар бир-бирларни учратди ва севди. Ҳар бир инсонга мана шундай гўзал туйғуни ҳис қилиш насиб этсин.
– Доимо мана шундай бахтли бўлиб юринг! Сизларнинг бахтингизни устуни нима?
   Илҳом Атамирзаев: Айтганингиз келсин! Садоқат, ишонч,бир-бирини тўлақонли тушуниш бизнинг муҳаббатимизни, бахтимизни устуни ҳисобланади.
      Гуласал Раҳмонова: Чиройли тилак учун сизга раҳмат! Бу дунёда ҳар бир аёл севиб-севилиб яшасин. Ёш ўтгани сайин жуфтликлар бир-бирини тушуниб, қўллаб-қувватлаши, ҳис қилиши, ҳурмат қилиши бу ҳақиқий муҳаббат деб ўйлайман. Инсон бир-бирини тушунмас экан, ҳар қандай муносабатларга дарз кетади. Бизнинг муҳаббатимиз, бахтимиз мана шу ўзаро тушуниш, ҳис қилишга асосланган деб айта оламан. 
– Самимий суҳбатингиз учун иккингизга ҳам ташаккур. Бахтингизга, муҳаббатларингизга асло кўз тегмасин!
     Гуласал Раҳмонова: Сизга ҳам чексиз миннатдорчилигимни билдираман. Сиз орқали “Бекажон” газетасининг содиқ мухлисларига ҳам саломатлик, илоҳий муҳаббат тилаб қоламан. 

Ҳусния суҳбатлашди.
Манба: «Бекажон» газетаси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот