Кўрсатув қаҳрамони образи ҳақида муаллиф тасаввурининг шаклланиши
Нилуфар УМРЗОҚОВА
Кўрсатув қаҳрамони образи ҳақида муаллиф тасаввурининг шаклланиши
Таъкидлаш лозимки, аудиовизуал ва экран образи – телевизион образга қараганда кенгроқ тушунча; реал воқеликнинг аудиовизуал намойиши телеэкран рамкаси билан чегараланади; яъни тафаккур қилиш имконияти чекланиб, кадр ортидаги воқелик тақдим этилаётган маҳсулотнинг хусусиятлари ва мазмунига таъсир қила олмайди, шунда овозли-визуал экран образи телевизион асарнинг элементига айланади ва унинг бир бўлаги сифатида қабул қилинади. Бинобарин, кўрсатувда телелойиҳа муаллифи муҳим роль ўйнайди; шунга асосланиб экран образини муаллиф томонидан воқеликни индивидуал идрок этиш ва талқин қилиш асосида аудиовизуал шаклда акс эттирилган ёки яратилган телевизион асарнинг ғоявий, эстетик, мантиқий ва сюжет тузилишининг алоҳида элементи ёки ажралмас тизими сифатида тушунишни таклиф қиламиз.
Муайян шахснинг бадиий моделини яратаётган ёзувчи замондошининг воқелик билан алоқаларини, унга бўлган муносабатини очиб беришга ҳаракат қилади. Одатда, кўрсатувда журналист ҳаётдан олинган қаҳрамон образига таянади. Бунинг учун муаллифнинг нуқтаи назари, телевизион асарда ёритиладиган шахс ҳақидаги ғояси талаб қилинади. Дастур муаллифи кўрсатувни қаҳрамони ҳақидаги шу кунгача айтилмаган, лекин тасдиқланган далиллар ва фикрлар билан тўлдириши керак. Бу ерда, айнан кўрсатувдаги журналистнинг муаллифлик нуқтаи назари қаҳрамон образи концепциясини англашга хизмат қилади.
Тадқиқотчилар воқелик-муаллифи ва муаллиф-рассомни бир-биридан айро кўрсатадилар. А. Тертичний очеркда репортаж ва тадқиқот тамойиллари мавжудлиги сабаб, муаллиф – рассом ва муаллиф – мутафаккир тўқнашуви мумкинлигини ёзади{1}. Портрет – репортажда ҳам шундай элементлар мавжуд. Шу боис телелойиҳа яратувчиларнинг икки тури – воқелик – муаллифи ва муаллиф – рассом хусусиятларини кўриб чиқишни мақсадга мувофиқ деб, ҳисоблаймиз.
Воқелик – муаллифи – воқеа ва қаҳрамонлар образини яратишда аниқ маълумотларга асосланган ва фойдаланадиган журналист. У давр ўзгаришига қарамай фантазияларга берилмаслиги, шароит ва қаҳрамонларни ортиқча тўқималар асосида қўшиб ёзиши мумкин эмас.
«Россия 24» телеканалидаги Янгиликлар дастурида Челябинскдаги мактаблардан биридаги 7-синф ўқувчисини, мактабни қандай судга берганлиги ҳақидаги лавҳа эфирга узатилди. 14 ёшли ўсмир ўз қадрини, унга қўйилган: “тажовузкор”, “садистликка мойил”, “мактабдан ҳайдалишга лойиқ” деган ташҳислардан ҳимоя қилиш учун шундай қарорга келади. Ташқаридаги маълумотлар асосида фактларни тақдим этган муаллиф, хулоса чиқаришни томошабиннинг ўзига қолдиради. У фақат мумкин бўлган қуйидаги таассуротлари билан ўртоқлашган: «Мактабда ўсмир ва унинг оиласини анчадан бери муҳокама қилаётган эдилар. Ёпиқ синфда, гувоҳларсиз ва оқловчиларсиз. Бу шундай суд эдики, унинг қоидаларига кўра баҳолашга ва ҳукм чиқаришга ҳеч ким ҳақли эмас»{2}. Бўлаётган вазиятдан келиб чиққан журналист алоҳида фактларга таянишга ҳаракат қилади. Воқеликнинг ҳужжатлилиги муаллиф томонидан қўйидаги иборалар орқали тасдиқланган: «Мен кўрдим», «ўргандим», «гувоҳи бўлдим», «иштирокчи эдим» ва ҳ.к. Шу аснода журналист нотариус каби ўз матнини тасдиқлайди. Муаллиф аудиториянинг тўлақонли вакили сифатида намоён бўлади, бу қайсидир маънода томошабинларни унга яқинлаштиради.
Муаллиф – рассом – ассоциатив алоқалар ва образли тасаввурлар занжири орқали ҳужжатли образ яратувчи журналист. Бу ҳолатда журналист муайян қарама-қаршиликларга дуч келиши мумкин: бир томондан воқеликнинг у ёки бу фактларини аниқроқ тақдим этиши, бошқа томондан қаҳрамоннинг индивидуал хусусиятларидан келиб чиқиб янги образ яратиши керак. Шу сабаб савол туғилади: образ воқеликнинг аниқлигига шубҳа уйғотиши мумкинми?
Е. П. Прохоров фикрига кўра, « «ҳужжатлилик» даври публицистикадаги образлиликни инкор этмайди, лекин ўзига хослигини кескин таъкидлайди»{3}. Бу ўзига хослик нимада? Биринчидан, муаллиф ижодий фантазия ёрдамида конкрет асар учун фактларни танлаб олади, шу билан бирга ҳужжатли образ учун керакли деталларни ҳам сақлаб қолади. Иккинчидан, ўзига хослик, шахсдаги майда деталлар ўрганилмай, умуминсоний жиҳатлар орқали образни ҳис қилишдан иборат.
Барча далилларни тафаккуридан ўтказган журналист, уларни бадиий трансформацияга бўйсундиради. Шу маънода, М. М. Бахтин фикрига кўра, муаллиф «бадиий тасаввурнинг расмий-мазмун марказини ташкил этувчи шахсдир». Шу билан бирга, «бадиий тасаввурдаги олам – маълум бир шахснинг унга қадрли бўлган муҳитидаги тартибли, уюшган ва тўғри ташкиллаштирилган дунё: унинг атрофидаги барча муносабатлар – тасаввуфий, вақтинчалик ва семантик олам, қандай қилиб бадиий аҳамиятга эга бўлишини кўрамиз»{4}. Муаллифнинг қарашлари туфайли томошабин, эҳтимол, кундалик ҳаётда ҳеч қачон эътибор бермайдиган воқеанинг моҳиятига кириб бориши ва у ёки бу ҳодисанинг тафсилотлари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиши мумкин.
Муаллифнинг кўрсатувнинг бош қаҳрамони образи ҳақидаги қарашларининг шаклланиши индивидуал мезонлар ҳамда қарама-каршиликларга асосланиши мумкин. Е.В. Зеленина ва Т.В. Порецкая «Русский репортер» журналининг медиақаҳрамонини контент – таҳлил қилишда образ яратиш учун қуйидаги мезонларни аниқладилар: номи, жанри, жинси ва ёши, касбий фаолияти, ижтимоий ҳолати (оддий фуқаро, ўрта синф вакили, оқсуяк), муаллиф муносабати, қаҳрамоннинг ташқи қиёфаси, феъл-атвори, атроф-муҳити (шартлари), портрети{5}.
Муаллиф тафаккуридаги қаҳрамон образини қуйидаги мезонларга кўра ҳам таснифлаш мумкин: этник, субмаданият, касбий, гендер ёки ижтимоий қатламга мансублиги бўйича. Лекин шу билан бирга, муаллиф ўз қаҳрамони ва томошабин ўртасидаги фарқни таъкидлаб, материални тақдим этишда у билан боғлиқ ҳар қандай стереотипдан воз кечади.
Мазкур мавзу асосида муаллифлик тактикасига мурожаат қиламиз. Юқорида таъкидлаганимиздек, муаллиф – рассом дунёга ўзгача боқади. У ўз қаҳрамонини эпитет, метафора, метаномия, синтактик параллелизм, градация ва бошқа ифодали воситалардан фойдаланган ҳолда образли тақдим этишни билади. Шунинг учун кўрсатувдаги муаллиф – рассом ижоди контекстидаги қаҳрамон образи яратилишини қуйидаги мезонларга асосан кўриб чиқишни мақсадга мувофиқ деб билдик: атроф-муҳит намойиши; қаҳрамонни ўзини ўзи таърифлаши; қаҳрамонни бошқа қаҳрамонлар томонидан тавсифланиши; қаҳрамон образи уйғотадиган ҳис-туйғулар, қаҳрамоннинг журналист билан муносабати.
«O‘zbekiston» телеканалидаги «Ўзгача ҳаёт» кўрсатувини мисол келтирамиз. Кўрсатувлардан бирида пойтахтдаги «Taskin» болалар хосписи шифокори Валижон Алимов ҳақида сўз боради{6}. Матнлар уйғунлигидаги кадрлар дастур бош қаҳрамони фаолиятини моҳиятан очиб беради, бу эса ўз навбатида қаҳрамоннинг ўзи ўз образини яратишига ёрдам беради.
Кўрсатувнинг илк кадрлариданоқ ижодкорлар махсус атмосферани яратиб, бу муҳитга бош қаҳрамонни олиб кирадилар: Валижон Алимов болалар меҳр масканини ўраб турган истироҳат боғи йўлагидан юрмоқда. Бу вақтда боғ файзсиз, шамол эсар, шифокорнинг сочлари ва оқ халати табиат кайфиятига монанд ҳилпирар эди. Кўрсатувда шамол эсиши тасодиф эмас, чунки ижодкорлар кўзи бўлмиш камера объективи кейинги дақиқаларда аудиторияни хосписнинг ўзи билан таништиради.
Бинодаги ноодатий сукунат, коридор ва хоналарнинг озодалиги шинам муҳитни яратиб, қулай уй хоналарини эслатади. « – Эшик ортида кичик мижоз бор, у бор-йўғи тўрт ёшда», – дейди босиқ овоз билан пичирлаб Валижон ва бу шундай оҳанг эдики, гўё, ҳатто ортиқча қадам босишлар ҳам хонага ўрнашиб олган сокинликни чўчитиб юборадигандек. Меҳр масканидаги муҳит ва атмосфера шундай яратилганки – хосписни ўз қонунларига кўра ўзига хос «дунёча» яратганини ҳис қилиш табиий, журналист ва аудитория учун маскан йўлбошловчиси бош қаҳрамондир.
Кўрсатувда камерага ҳамроҳлик қилган томошабин, одатдаги касалхона муҳитини ҳис қилмайди. Бу ерда регистратура деб номланувчи қабулхона йўқ, коридорда гардеробга ҳам кўзингиз тушмайди, асосийси, қўрқинчли тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган даволаниш хоналари йўқ. Журналистнинг ҳолат ва шароит бўйича берган саволига, бу ўйлаб қилинганига, шунинг учун масканда катта зал ва ранг-баранг безатилган ўйин хоналари ҳам бор, – деб жавоб беради кўрсатув қаҳрамони. Хоспис биносининг ички қисми алоҳида эътибор билан камера объективларига муҳрланиб томошабинга тақдим этилади ва бу аудитория томонидан ижодкорлар кутган натижани оқлайди. Бу намойиш этилаётган кичик дунё нақадар нозиклигини томошабин тушунади.
Қаҳрамоннинг нутқи вазмин ва юқори савияда тақдим этиладики, у хосписдаги бу шароитни мукофотларга лойиқ алоҳида фидоийлик деб ҳисобламайди, балки шунчаки «юрак амри» дейди.
Бош қаҳрамон ва журналист мулоқотида ўзгача ёндашувни яққол кузатиш мумкин. Масалан, журналист ва қаҳрамоннинг қарашлари ўртасидаги фарқни намоён этувчи лавҳага эътиборингизни қаратамиз. Валижон ўзини энг бахтли инсон деб атаса, муаллиф ҳайрон бўлиб: «Аммо сиз доим ўлим билан юзма-юзсиз» – деган фикрига, «Сиз адашасиз. Мен ҳаёт учун курашаман» , – деб жавоб берган.
Шунингдек, кўрсатувдан меҳр маскани қарамоғидаги болаларнинг яқинлари ва қариндошларининг баёнотлари ҳам ўрин олган. Умуминсоний талаблар ва этика қоидаларига мувофиқ болажонларнинг ўзларини кўрсатиш мақсадга мувофиқ эмас, деган хулосага келишган. Жажжи беморлар қариндошларининг ҳикоялари ўта содда ва оддий. Аммо нутқдаги қалб меҳри ва самимийлик ҳаммасининг ўрнини тўлдиради. Бу оддий одамлар образи ва уларнинг ҳикоялари кадр ва кадр орти матнининг мантиқий давоми эканлигидан далолатдир.
Дастурдаги телевизион ҳикояга қўшимча маълумотлар киритиш учун муаллиф воқеалар ривожи кетма-кетлигини атайлаб бузади. Томошабин баъзан бош қаҳрамон билан хонасида учрашади, кейинги дақиқада кадр у ва унинг хаёллари билан табиат қўйнига кўчади. Гўёки муаллиф – рассом томошабин кўз ўнгида шошилиб репортаж муҳрланган тасмаларни таҳрирлаётгандек. Тез-тез ўзгариб, воқеадан воқеага кўчувчи кадрлар муҳим маълумотларни шундай тартиб билан тақдим этадики, томошабин ўзини айнан шу муҳитда ичида юргандек ҳис қилади.
Кўрсатувда ҳақиқий бўлмаган, муаллиф томонидан тўқима бўлган образлар бор. Бу шунчаки хронометражни тўлдириш учун эмас, балки атрофдаги «дунёни» янада таъсирлироқ кўрсатиш мақсадида режага киритилган. Муаллифнинг қаҳрамонни меҳрибон жин, ёрдамчиларини эса гўзал парилар қиёфасида тасвирлаши кўрсатувнинг эмоционал қувватини ошириб, воқеликнинг мантиқий давомини тўлдиради.
Телелойиҳада қаҳрамон дунёқарашининг акс эттирилган қисми диққатга сазовордир. Нима учун айнан хосписда фаолият олиб боряпсиз, деган саволга, Валижон шундай жавоб беради: «Тақдир экан». Аллоҳ унга дардларга малҳам бўлишдек иқтидорни берганини, оғриқдан азоб чекаётган мурғак қалбларга раҳми келганидан ёки шифокорлик бурчи эканлигини айтиб бонг урмайди. Кўрсатув қаҳрамонининг нутқи жуда камтарона. «Мен шифокорман ва зарур бўлган жойда бўлишим керак», – дея ҳолатни изоҳлайди. Репортажнинг семантик марказидаги журналист ва Валижон Умаров суҳбатида қаҳрамоннинг дунёқараши максимал даражада очиб берилган. У, меҳр масканидаги болаларни бахтсиз деб ҳисобламайди, балки фикрларда аксинча эканлигини тушунтиришга уринади. Фақат уларнинг ҳаёти ўзгача, дейди. Натижада, муаллиф қаҳрамон образи орқали ўз ғоясини аудиторияга тақдим этади.
Телевидениедаги эфир шакли тушунчасига кўра, журналистик асарда тасвирланган воқеаларнинг мантиқий бутунлигига ички тартиб билан бирга, ташқи ҳаракат ва ҳодисаларнинг кетма-кетлиги орқали эришиш мумкин. Муаллиф ғоясини мақсадга мувофиқ равишда амалга оширишда бир вақтнинг ўзида бугун ва эртани намоён эта оладиган ички, кутилмаган мантиқий образ муҳим роль ўйнайди.
Тасвирга олиш жараёнларига қадар, баъзан эса жараёнда шаклланган муаллиф нуқтаи назари орқали томошабин қаҳрамонни айнан шу ракурсдан қабул қилади. Визуал образлар воқеалар ривожига қараб қаҳрамоннинг алоҳида хусусиятларини акс эттиради, лекин айнан муаллифнинг мулоҳазалари, кадр ва кадр орти нутқи қаҳрамонда нафақат оддий иштирокчи, балки ўзига хос тақдирга эга индивидуал шахсни кўришга имкон беради.
Журналист томонидан тўғри танланган жанр шакли ва унга хос бўлган ифодали воситалар ҳам қаҳрамон образини аудитория онгига самарали таъсир кўрсатишда ҳисса қўшади. Очерк, интервью, ҳикояни ушбу жанрлар қаторига қўшиш мумкин. Айниқса, қаҳрамон номидан узатиладиган ҳикоя шакли таъсир кучига эга. «O‘zbekiston» телеканали орқали эфирга узатиладиган, мамлакатимиздаги турли соҳаларда фаолият олиб борадиган зиёли қатлам билан бирга, ҳунар эгалари ҳақида ҳам ҳикоя қилувчи «Оддий одамлар»{7} туркум лойиҳасининг навбатдаги сонларидан бирига эътиборингизни қаратамиз. Кўрсатув Бухоро вилояти Ғиждувон туманида туғилиб, истиқомат қилувчи, деҳқончилик билан шуғулланувчи Майёр Сафаровнинг ўзи ҳақидаги ҳикояси билан бошланади. Муқаддима, лойиҳа мазмунига монанд Бухорои шариф кадрлари билан бошланади ва матнга мос кадрлар кетма-кетлиги давом этади. Ҳикоя давомида томошабинлар Сафаровлар оиласи қандай қилиб ўрик данакларидан шўрданак яратишларига гувоҳ бўладилар. Мусиқий видеоқатор ҳамроҳлигидаги қаҳрамон ҳикоясини аудитория фильмдек томоша қилишга муваффақ бўлади.
Инфосфера оқими омма онгини шиддат билан забт этаётган вақтда қаҳрамон образининг ижобий ёки салбий жиҳатлари кенгайди. Шу аснода уларни мутлақ ижобий ёки салбий қаҳрамонга ажратиш ўринли эмас деб ҳисоблаймиз, чунки ҳар бир инсон, қайси соҳа вакили бўлишидан қатъий назар ҳаёти давомида, баъзан ўзи билиб-билмай яхшилик ва ёмонлик, тўғрилик ва ўғрилик чегарасида юриши мумкинлиги табиий. Муаллифнинг замонавий тенденцияларни таҳлил қилишига таяниб, кўрсатув қаҳрамонларини уч гуруҳга ажратиш мумкин:
Биринчиси – ҳақиқий қаҳрамонлар (ишчи, ихтирочи, курашчи типидаги қаҳрамонлар) гуруҳи, ҳатти-ҳаракати ва яшаш тарзи бўйича қаҳрамон номига номуносиблар (антиқаҳрамонлар). Яъни: ожиз, бахтсиз, қашшоқ ва баъзан аҳлоқида нуқсони бор одамлар.
Иккинчи гуруҳ – бир томондан анъанавий оила, жамоа, халқ, жамият, бошқа томондан «четдаги» одамлар: ўз ихтиёри ёки тақдир тақозоси туфайли анъанавий жамиятни онгли равишда ёки мажбуран тарк этган ёлғиз, турли ижтимоий гуруҳларга аралашиб қолган шахслар.
Учинчи гуруҳ – арбоблар, «юлдузлар», ижодкорлар, ҳунармандлар, хаёлпарастлар, ихтирочилар.
Телевизион амалиётчилар орасида ўтказилган сўровномалар шуни кўрсатяптики, муаллиф контекстидаги энг оғир жараён қайғуга дучор бўлган ва бу ҳолатни енга олмаётган шахслар билан ишлашдир. Sevimli TV орқали эфирга узатилган «Зирапча»{8} реалити шоусини мисол тариқасида келтириш мумкин. Дастурда оиладаги носоғлом муҳит туфайли ҳаёт йўлларида адашган, турли ожизликларга (алкоголизм, аҳлоқсизлик ва ҳ.к.) берилган, аммо қайтишга йўл топа олмаётган, асосан ўсмир ёшидаги, баъзан 30+ ёшдаги хотин-қизлар ҳаёти ўз ҳикоялари асосида кўрсатилиб, мутахассислар, шифокорлар, психологлар иштирокида, аудитория гувоҳлигида уларни соғлом турмуш тарзига қайтариш масалалари кўриб чиқилади. Реалити шоу 10 нафар, баъзан кўпроқ иштирокчилардан ташкил топган бўлиб, айнан шу қаҳрамонлар учун кўрсатувнинг бир неча қисмдан иборат мавсуми ажратилади. Хотин-қизларнинг ойлар давомидаги тонгдан тунгача бўлган ҳаёти намойиш этилади ва томошабин, айрим ҳолатларда сўзида ва ҳатти-ҳаракатида ўзидаги камчиликларни енга олмаётган аёллар турмушига гувоҳ бўлади.
Муаллифнинг дунёқараши айнан «муаллиф образида» мужассамлашади. Бу ҳодиса барча телемаҳсулотларнинг таркибий, композицион ва услубий воситаларини яхлит тизимга бирлаштиради. Муаллиф – ғоявий-эстетик мақсадларидан келиб чиқиб, ўзи яратаётган ижод маҳсули ўртасида маълум масофани сақлаб, унга яқинлашиши ёки ундан узоқлашиши мумкин. Худди шундай, у телеасарида қаҳрамонни унга яқинлаштирадиган ёки аксинча, узоқлаштирадиган хусусиятларни таъкидлаши мумкин.
Биз бунда парадокс ҳолатни кўрдик: муаллифнинг позицияси мустаҳкамланганда гўё у чекинади, яъни ўз вазифасини қаҳрамонга йўналтиради. Бизнинг қарашларимизча, дастур қаҳрамони қанча серқирра ва ёрқин бўлса, шунчалик муаллифнинг қўллаб-қувватлашига муҳтож бўлмайди. Йиллар давомида телевидение ва радиода турли жанрларда самарали ижод қилиб келаётган журналист Ойбек Алиевнинг «22 дақиқа» муаллифлик кўрсатувининг навбатдаги сонларидан бирида{9} қаҳрамон 22 дақиқа давомида томошабин билан юзланади. Кўрсатув бош қаҳрамони спорт шарҳловчиси Хайрулла Ҳамидов йиллар давомида ўз соҳасида тажрибага эга журналистлардан бири бўлганлиги сабаб, муаллиф кўрсатув муқаддимасидан бошлаб ўз позициясини қаҳрамон мисраларидан бошлайди. Шуни таъкидлаш муҳимки, бу ҳолат ҳамиша ҳам содир бўлмайди. Қачонки, тақдим этилаётган персонаж серқирра, фикрлари ранг-баранг ва маълум қобилият эгаси бўлсагина аудитория бунга гувоҳ бўлади.
Айрим ҳолатларда муаллиф позициясига кўра бош қаҳрамон учинчи шахс тилидан ҳикоя қилинади. Бундай телевизион ёндашув ҳам ўзига хосдир: қаҳрамон ҳақида томошабинларга ҳикоя қилувчи мухбир вақт нуқтаи назаридан эркин ҳаракатланади, яъни гоҳ хотираларга берилади, гоҳ келажакка боқади... Бу ҳолат, тасвирга олиш жараёнига қадар қаҳрамон феъл-атвори ва хусусиятлари муаллиф томонидан изчил ўрганиб чиқилгандагина рўй беради. Бу контекстда муаллиф ролидаги шахслар юқори даражадаги мулоқот қобилиятига ва чуқур билимга эга бўлишлари лозим. «O‘zbekiston» телеканали орқали эфирга узатилган «Навоий олами»{10} номли туркум дастури Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, устоз журналист Эшқобил Шукуров муаллифлигида эфирга узатилган. Алишер Навоийга мурожаат учинчи шахс тилидан ҳикоя қилиниб, буюклигидан далолат берувчи ижоди қошида ўтмиш ҳам, келажак ҳам бош эгиши шарҳланган.
Қаҳрамон образини яратишнинг энг самарали воситаси сўз, воқеани ҳаракатга келтириш воситаси бўлган кадр матн билан ёки сўзсиз қисмларга бўлиш орқали амалга оширилади ва контент трансляция жараёнида шаклини ўзгартириши орқали намоён бўлади, бу кетма-кет навбатма-навбат бериладиган, қатъий ўйланган (визуал ёки аудиал) қатор орқали ифодаланади ва реципиент диққатини бир компонент (сўз)дан бошқаси (тасвир)га ўтишига мажбур қиладиган шароитларни яратади, бу эса эътиборнинг юқори даражадаги концентрациясини ва айни лаҳзадаги эмоция иштирокини таъминлайди. Бу ҳолат экрандаги нутқ ва ҳаракатлар уйғунлигини таъминлашда катта аҳамиятга эга. Uzreport TV телеканалининг «Навбатчилик қисми» номли туркум кўрсатувининг сонларидан бирида{11} Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси билан ҳамкорликда тайёрланаётган лойиҳа тезкор тасвирлар орқали далилларга таянади. Бошловчи нутқидаги матннинг «тозалиги», ҳар бир сўзнинг мазмунга мос равишда дурдек терилгани ва оҳанг кадрлар билан уйғунликда томошабинда беихтиёр контентга нисбатан ижобий ёки салбий ҳис-туйғуларни уйғотади.
Хулосада таъкидламоқчимизки, телевизион асарда инсон образини муаллиф талқини орқали яратиш – телеканал формати, дастур йўналиши, муаллиф шахси ва персонажнинг индивидуал хусусиятларини инобатга олган ҳолда, бир неча усуллар билан амалга оширилади. Бу ҳолатда, кўрсатув қаҳрамонини ўз қадрини биладиган шахс ёки жамиятнинг муҳим бўлаги бўлган ибратли инсон қиёфасида кўриб чиқиш мумкин.
Фойдаланилган манбалар:
1. Тертычный А. Жанры периодической печати [Электронный ресурс] //EVARTIST. URL: http://evartist.narod.ru/text2/06.htm#%D0%B7_01 (дата обращения: 04.01.2023).
2. «Россия 24» телеканали эфири. «Вести». 3.02.2021. 10.10
3. Резанцева Т.А. Документальный образ события как средств) о авторской интерпретации в телевизионной журналистике//МЕДИАИССЛЕДОВАНИЯ. 2016. – №3. – С.31.
4. Трансформация – лот. transformation – қайта ўзгариш, қайта ҳосил бўлиш.
5. Цит. по ст.: Базылова Б.К. Авторская концепция портрета героя и тип художественного конструирования отношений «автор – герой»// Международный журнал экспериментального образования. 2015. – № 5 (часть 1) – С. 98.
6. «O‘zbekiston» телеканали эфири. “Ўзгача ҳаёт”. Муаллиф – Юнусова. Н. 3.10.2022. 17:10.
7. «O‘zbekiston» телеканали эфири. «Оддий одамлар». Муаллиф – Ғуломов Ў. 30.08.2021. 17:00.
8. Sevimli TV эфири. «Зирапча» реалити шоуси. Муаллиф – Рашидова А. 05.03.2019. 21:00.
9. Sevimli TV эфири. «22 дақиқа» кўрсатуви. Муаллиф – Алиев О. 11.05. 2022. 22:00.
10. «O‘zbekiston» телеканали эфири. «Навоий олами» кўрсатуви. Муаллиф – Шукуров Э. 2009-2019-йиллар.
11. Uzreport TV телеканали эфири. «Навбатчилик қисми» кўрсатуви. Муаллиф – Мирзамахмудова Д. 19.05. 2020. 22:00.