Вале бари чин ҳам дегулик эмас(ми?)


  Ёшликда ҳамма шеър ёзади, шоир бўлгиси келади. Бу ушалмаган орзуга айланиб қолиши яъни,  шоир бўлолмаслик ҳеч нарса эмас. Ҳамма сени зўр шоирликка ишонтириб,  элликни қоралаганда ҳеч ким эмаслигингни билиш  (билмай дунёдан ўтиб кетиш ҳам)  -- мана, бу катта фожеа!.. Чин маънода, аламзадалик, бахтсизлик ва аросат дегани шу!..
  Шахсан,  ўзим учун ижод бу  -- кўнгил иши. Қандайдир юклама ёки режалар билан ҳеч қачон қўлимга қалам олмаганман, шеърларим бировга ёқадими, йўқми  -- буям иккинчи масала, муҳими, тўкилиш... Қолгани ўқувчига ҳавола, хоҳласа оловга, истаса дарёга отсин... Ўқимаса ҳам хафа бўлмайман, демак, Яратган берган ақл даражасида инсонга Сўз айтиш ва қабул қилиш имконини беради. Аммо ҳазрат Навоий ёки Гётени тушунадиган "хос" лар қаторида ўзимни кўриш... Бу ҳам менга Худо ҳадя этган  илоҳий неъмат!.. 
  Агар ёзувчилик кўп китоб ўқиган билан белгиланса,  Озод Шарафиддинов домламиз Толстой бўлиб кетардилар. 
  Агар шоирлик хорижда ўқиш билан баҳоланса, кўпчилик камида Ахматова бўларди... Менга Ахматова бўлишнинг ҳам қизиғи йўқ. Қишлоққа тўйга борсам, шоира қизимиз келди, дея ҳамма сўзим тугагунча тик оёқда туради, мен ҳали ҳеч нарсани қойиллатмадим, десам кайвонилар дам ўтир, халқ сени шоир деяптими, демак, шоирсан, вассалом, дейди. О, бунинг завқини Париж кўчаларида солланиб юрганда ҳам тополмайсиз😊
  Ўзимча ўйлайман:(янаям Худо билгич!!!) қалам деҳқонларига қарата айтилган бир фоиз истеъдод,  тўқсон тўққиз фоиз меҳнат, деган тушунча ҳам нисбий... Ижодкор бўлиш учун айримлар меҳнатини агар қарға қилганда, булбулга айланарди.  Қурмағур, истеъдод атаги бир фоиз бўлса ҳам олмос-да!.. Ботқоқда ҳам  "ярқ" этиб кўзга ташланади. Кўпинча танловларда жон-жаҳдим билан шуларни қўллаб юборсам, имлоси ёки бирор ғализ сатри билан оғзимга урмоқчи бўлишади. Ҳозирча ўз истеъдоди ва билимига суяниб ёзган, биз ўқиган китобларни варақласа саводи гуллаб кетади, дейман. Чинакам шоир Худо сўз берганда, тарошламай қоғозга туширади, ҳатто ўша сўз маъносини билмаса ҳам... Кейин луғатлардан излайди, луғат титиб шеър тўқийдиганлар бошқа тоифа... Ҳассос,  чиндан сўзни чиғаноқ ичидаги дурдек топади, ўқисангиз ҳаммаси жойидадек, аммо бирор сатри ёдингизда қолмайди... 
  Ҳаётимда кўп шоирларни учратдим,  айримларида шоирлик қисматини кўрмадим, узоқлашдим... 
  Мансаб, мартаба, машҳурлик... Манфаатпарастлик, шахсиятпарастлик, диктатура, икки юзламачилик, мунофиқлик,  сохта ниқоблар... Бунинг устига шоирлар ўз ноширларига қарамлиги, ундан ҳам китобини ўтказиш учун бир ҳовуч маънавий қашшоқ китобхонларга қарамлиги... Хуллас, мунофиқона ниқобланган яхлит қарамлик... Айшу ишрат кўнглига теккан хонимлардек адабиётни ҳаётимиздан сиқиб чиқарди. Ҳурматли шоир,  сиз истеъдодлисиз,  таъмагир ва сотқин муҳит қўлида қўғирчоқ бўлманг, адабиёт иши ўта хусусий иш, буни уюшган,  планли,  гуруҳвозлик билан уддалаб бўлмайди ёки эркин танқид билан  шеъриятга  муносабат билдиринг... 
  Қаранг,  бугун шугинани оддий ФБда айтсанг ҳам қанча вой-дод кўтарувчилар, тажанг интеллигентлар истаганча топилади. Бу хил дод-войлар,  интеллигент шахсиятпарастлиги полиция зулми, цензурадан нима фарқи бор?.. 
  Маънавий тарғиботчи сифатида иш бошладим. Кўп мактабларга ижодий учрашувларга бордим. Адабиётга қизиқадиганлар борми, десак ҳадеганда чиқавермайди. Икки мингга яқин ўқувчиси бор мактабда бирорта шоир, ёзувчи,  журналистикага ҳавасмандлар бўлмаслиги  -- китобхон йўқ дегани бу!  Бунга ким айбдор?.. Мактабми, таълимми,  ўқитувчиларми?.. Сизга бирор қаламкашни топиб берсак,  Зулфия мукофотини олиб бера оласизми?.. Бу нима дегани?.. Зулфия мукофоти бозорда сотиладиган гулми, унга бир дастасини ҳадя қилсам?.. Адабиётга бундай қараш қачон шаклланди?..
  Ижодий танловларни кузатаман: Бири девон ёздим, дейди. Қайси девонни ўқигансан, десак жиммм...  Яна бири роман ёздим, дейди. Гап, девон, романда эмас, буларга атоқлиларнинг атоқлиси ёзган тақризлари одамни шошириб қўяди... 
  Бир танловда ёшгина қизча опажон, шеърларимни фалончилар мақтаган, жаҳоннинг фалон-фалон алманхларида чиққан, ўтказмасангиз ўзимни олтинчи қаватдан ташлайман, деди. Ота-онасининг қўлига зўрға топширгандик, ҳозир шуни эслаб ўзи ҳам кулади. Она, бека, севикли ёр... Тўғрида, Худо юқтирмаса, шоирликни нима кераги бор унга?.. Шоирлик ҳавасмас  -- Пушкин,  Лермонтов,  Есенин, Ахматова бўлиш қийин... Чўлпон, Қодирийлар ҳам ўз қисмати билан туғилган. Китобхон сифатида бирор шеърингизга дадилроқ муносабат билдирсам,  ичиқораликдан эмас,  жаҳон адабиётидан хабарингиз борлиги,  бир пайтлар Гёте, Дантелар Шарққа қараб юрган... Бугун-чи?.. Айнан, дунё кўрган қаламкаш сифатида ижодингизни тарғиб қилсак,  китобхонларга қанчалик қизиғи бор?.. Бўлганми ўзи?.. Европа адабиётига тақлид билан ёзилган асарлар  "кўтар-кўтар" и классикамизга соя солмайдими?.. Бу саволлар ҳар қандай ижодкорни ўйлантиради. Баъзан ўртага ташлаганда ёлғиз одамнинг ёқасига тўда-тўда бўлиб ёпишманглар... Адабиётга тоза ният билан кириб келаётган ёшларни тенгдошларингизга қарши қайраманг. Улар ҳам бизнинг ёшимизга етади, ҳақиқат нималигини билади, билмаса ҳам ўзи билади... 
  Бир пайтлар менинг ҳам қораламаларимни бир шоир "Шарқ юлдузи" да қаттиқ танқид қилганди:(мазмуни)  шаккок шоир,  қулоқсиз шоир,  бебош шоир,  қофияни бузган шоир,  бир сўз билан айтганда,  бошга битган бало шоир... Танишлар журнални кўрсатавериб (қора😊) жигаримни эзиб юборди,  бир ойча жаҳлим чиқди... Яхшиям кайфиятим аъло чоғда ўша шоирни бир тадбирда учратиб қолдим, кўрдим,  ўзингиз менга мақтаган шеърларни танқид қилибсиз, раҳмат, десам нега матбуотда кўринмайсиз, бошлиқлар Сизни назоратга олган, дейишди. Ўша бошлиқларнинг назари тушадиган журналга шеър олиб борсам,  танқид берсангиз чиқарамиз, дейишди. Уни-буни ёздим қайтаришди, Сизни танқид қилгандим дарров ҳайрихоҳлар кўпайди, обрўингиз зўракан, мақтаган жойларим ҳам бор-ку, дея кулди. Шу билан ўзимнинг ҳам чиройим очилиб кетди. Битта ҳовлиқма шоир мени Худо огородига ўтлаб кетибди, олдини қайтаринглар, деган билан ичимдаги Муҳаммад ёки Исо ўлиб қолгани йўқ-ку!.. Ўша исён ўша, ўша... 
  Шукур Холмирзаев билан Иброҳим Ғаффуров бир-бирларига  ёзган хатлари бор.  -- Иброҳимжон,  -- дейдилар атоқли адиб.  -- Бир қарасанг,  Сиздан билимдон одам йўқдек,  бутун жаҳон адабиётини таржима қилиб қўйгансиз,  Аммо,  мана,  бу саёз мақола, ибора ёки  сўзни   Сиздек сўз наққоши ёзганига ишонгим келмайди...
  Ўша мактубларни Иброҳим муаллим китобларига ҳам киритган. Адабиёт бор жойда баҳс-мунозара ҳам бўлиши табиий... Ҳеч бўлмаса, биздан шунақа мулоҳазалар қолсин.  Бирор эркин фикр билдирганни ёппасига таламанглар-е... 

Адиба УМИРОВА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот