ИЧИНГДА КУТУБХОНА БЎЛМАСА


ИЧИНГДА КУТУБХОНА БЎЛМАСА,
бутун дунё китобини йиғма,
бефойда...

   "Медаль... медални аллақачон сотиб бўлганмиз... аллақачон... Ҳм... мақтов қоғози эса ҳанузгача унинг сандиғида турибди, яқинда уни уй эгасига кўрсатаётган эди. Гарчи уй бекаси билан жиққамушт бўлиб туришса ҳам, лекин кимгадир мақтангиси, ўзини кўрсатгиси, ўтган бахтиёр дамларини эслатиб қўймоқчи бўлгиси келганми, дейман. Мен уни айбламайман, айбламайман, чунки унинг хотираларида шундан бошқа ҳеч нарса қолмаган, бошқа ҳаммасининг кули кўкларга соврилиб кетган. Ҳа, ҳа, жуда қизиққон, мағрур ва аҳди қаттиқ аёл...
   ... Менга раҳм қилишнинг кераги йўқ! Менинг оёқ-қўлимдан мих қоқиш керак, ёғочга тортиб мих қоқиш керак, раҳм қилиш керак эмас! Бироқ, эй ҳакам, михла ва михлаб туриб унга раҳминг келсин! Ўшанда мен ўзим сенинг ҳузурингга михлангани етиб бораман, зотан, менга шод-ҳуррамлик эмас, ҳасрат ва кўз ёшлар керак. Ҳей, сотувчи, сен берган бу чоғир менга малҳам бўлди деб ўйлайсанми? Қайғу, қайғу изладим мен унинг тагидан, ҳасрат ва кўз ёшлари изладим, тотиндим ва топиндим; бизни эса барчани раҳмдил назари билан кузатувчи ва барчани ҳамда барча нарсани англагувчи Раҳмон ўз марҳаматидан баҳраманд этажакдир; ёлғиз унинг ўзи ҳакам ва ҳукм қилгувчидир. Ва у иликларини биз сорига чўзажакдир ва биз салим бўлажакмиз... ва кўз ёшларимизни дарё қилажакмиз... ва барини англаб етажакмиз!.. Фёдор Достоевскийнинг "Жиноят ва жазо", "Телба" романларини бир-биримиздан қанчалар қизғониб, кутубхонага қайтиб топширгимиз келмай ўқиганларимиз... Қаҳрамонлар ўрнида ўзимизни қўйиб, ён-атрофга мағрур боққанларимиз, шу китоблар орқали ўзимиз, дунёни англаганларимиз, бир қарашда ёки суҳбатданоқ инсон қалбини уққанларимиз...
   Ҳозир ҳам пештахталарда шу асарларни кўрсам, ёшликда йўқотиб қўйган донишманд дўстимни учратгандек қувониб кетаман. Суратдаги хазиналарни фарзандларим ўқисин, деб икки юз минг атрофида сотиб олдим.(ҳайратланарлиси, китоблар нархи анча тушибди, аввалгидек одамни шошириб қўймайди😊) Икки юз минг сўлаквойга нари борса, икки ярим кило гўшт берар, дугоналар билан емакхонада ўтирсак, кетиб қолади... Бу сафар қорин эмас, кўнгил учун сарфладик, кўнгил учун!
   Тўғри, бу асарларни ўқиганларнинг ҳаммаси ҳам олим бўлмас, бойиб кетмас, аммо сени тушунадиган, икки оғиз суҳбатлашга арзийдиган инсон бўлиши аниқ. Одамлар орасида бегоналик сезмайсан. Қалбингни маҳмадона, олган қатор темир медалларини тўйида ҳам тақиб ўтирадиган, мақтов ёрлиғи билан жаннатга йўл оладиган аҳмоққа эмас, ўқимишли одамга очасан.
   Умри давомида юзга яқин китобни оддий китобхон ҳам ўқиб ташлайди, болаларим келажакда тадбиркор, шифокор ёки милиция ходими бўлса, бировни ранжитолмайман, кўнглига оғир ботадиган сўз айтишга ўқиган китобларим йўл қўймайди", деса ўлиб шунча йиққан китобларим беҳуда кетмас, Инша Аллоҳ!

Адиба УМИРОВА.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот