Олийгоҳда кўрган-кечирганларим
Азиз дўстлар!
Сизларга айтадиган гапим бор. Менга келаётган дўстлик таклифларини қабул қилишдан олдин шахсий саҳифасини очиб кўраман. Агар Камолиддин Беҳзод номли Рассомлик ва Дизайн институтини битирган бўлса, ёш бўлса ҳам ҳамкасаба-да, дарҳол қабул қиламан. Кейин битта яримтаси шахсий хабарда: — Устоз, сиз фалон йили мени ўқитгансиз, — деб ёзиб қолса, устимдан бир челак сув қуйилгандай ҳушёр тортаман.
Гап шундаки мен 2003 ва 2004 йилларда либос дизайни бўлимига қаламтасвир ва рангтасвирдан сабоқ берганман. Ва айрим талабаларнинг шикоят хати ёзиб, ўзлари имзо қўйиб, имзо қўймаган, хатдан хабари бўлмаганларнинг имзосини ўзлари қўйиб (сохта) раҳбариятга топширишган. Менга ўз ихтиёрим билан ариза ёзишни таклиф қилишган. Мен ўқувчилар билим даражасини ярим йилда юз фоиз оширганимни ўзларинг кўриш пайтида эътироф этдинглар. Дарсларимни қолдирмаганман, болалардан пул, совға салом олмаганман, ишга кеч қолиб келмаганман, ариза ёзмайман, дедим. Ариза ёзинг деган одамнинг битта гапи нафасимни ичимга тушириб юборди, ва индамайгина ёзиб бериб, ғинг демай чиқиб кетишимга сабаб бўлди. Қуйидаги хотиралар шулар ҳақида. Ўша пайтлардаги ўзимнинг нақадар чорасиз ва аянчли бир ҳолатимни яширмай ёздим. Бу ерда ўша мен сабоқ берган гуруҳлардаги саводсизлик, тартибсизлик ҳам аёвсиз айтиб ўтилган. Бироқ бу деганим институтдаги аҳвол шунақа хароб дегани эмас. Институтнинг ўзагини ташкил қиладиган маҳобатли рангтасвир, дастгоҳли рангтасвир, китоб графикаси, ҳайкалтарошлик сингари бўлимларда талаб ҳамиша қаттиқ бўлган ва бу бўлимлардан ҳар йили истеъдодли ёшлар мустақил ижод дунёсига қадам қўядилар. Шунингдек мазкур бўлимларда сабоқ бераётган устозларга ҳам бўлган ҳурмат ва эҳтиромим чексиз. Мен мазкур ҳаётий ҳикояда тилга олган бўлим мен бориб ишлагунча қандай бўлган, ва мендан кейинги ўқиш жараёни қандайлиги ҳақида фикр юритиш истагидан йироқман. Ўзим бошимдан кечирган ўша кунлар фақат менинг ҳаётим ва менинг фикрларим. Ҳалиги дўстлик юбориб, ўзлари менинг қўлимда ўқиганлиги ҳақида эслатадиганлар билан эса, самимий ёзишиб, самимий дўст бўлиб кета ололмай қийналаман. Назаримда у ҳам ўша мени изтиробга солган асоссиз хатга имзо чеккандай бўлиб туюлаверади. Марҳамат, қизиққан дўстлар ўқишлари мумкин.
***
2003 — 2004 йилларда Камолиддин Беҳзод номли Миллий Дизайн институтида либос дизайн бўлимидаги учта гуруҳга қаламтасвир ва рангтасвирдан бир йил дарс бердим.
Ишга келдим-у, ҳайратда қолдим. Яъни бир чизиқни тўғри чизишни билмайдиган, ўнинчи синфни битириб кирган, тасвирий санъат асосларидан мутлақо хабари йўқлар шартнома асосида ўқишар, Беньковни битириб кирган, қаламтасвирдан ҳам, рангтасвирдан ҳам тузуккина хабари борлар шартнома асосида ўқишарди. Дарслар саккиз яримда бошланар, шу саккиз яримга етиб келардим. Талабалар эса, тўққиз ярим, ўндан ўн бирларгача битта- битта, судралиб кириб кела бошлашарди. Келиб бўлгач ҳам, ишланиши керак бўлган синф ишига бирдан киришиб кетмасдилар. Айлана бўлиб ўтириб олиб, ишлаймизми, ишламаймизми, деб ўзаро маслаҳат қилишарди. Оз-моз ишлашлари, ёки ишламай тушликкача ўтириб, овқатланишга чиқиб кетишлари ҳам мумкин эди. Мен ўзимни полиздаги қўриқчидан фарқим йўқ эканлигини сезардим. Яна бу гуруҳларнинг бири дейлик, сешанба -пайшанба кунлари чизматасвир ва рангтасвир дарсларига ажратилган хонага киришса, душанба — чоршанба кунлари бошқа, меники бўлмаган гуруҳлар ўқир, чизиш учун қўйилган постановка жойидан қимирламаслиги ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди. Бу эса ўқув жараёнидаги йўл қўйиш мумкин бўлмаган ҳол эди. Аммо шу аҳвол норма бўлиб қолган эди. Мен ҳар уч гуруҳим чизадиган натюрморт буюмларнинг асосий қисмини уйдан кўтариб келардим. (Аслида дарс постановкаси ишлашга ажратилган соатларда бир жойда ўзгармай туриши керак). Ва яна кўтариб олиб кетардим. Кўзача, материал ва ҳоказоларни кўтариб юриш жуда ёқимсиз иш ва ортиқча ташвиш эди. Қизлар пошнаси бир қарич туфлида, бўйнига телефон осиб олганча келишар (телефон энди мода бўла бошлаган пайтлар) ўтириб ишлаш (расм чизиш) айримлардан ташқари буларга мутлақо ёқмас, ва кўпчилиги на қоғоз, на планшет, на қалам олиб келишар эди. Талаб қилишинг бир тийин, етмиш фоиз талаба ўқитувчини (яъни мени) бир тийинга олмас эди. Талабаларнинг асосий қисми расм чизишни мутлақо билмагани учун бир бошдан, ўтириб битта- битта ўша чизишни билмаганларга ишлаб берардим.
Ярим йил ичида учга ўқийдиганларни тўрт баҳога, тўртга ўқийдиганларни беш баҳога олиб чиқдим. Ўзлари ҳаракат қилиб ўсганлар ҳам бўлди. Лекин кўпчилигига ўзим чизиб берардим. Эрга теккан, дарсларга келмаганларнинг бир семестрда учта рангтасвир, учта қаламтасвирини уйда чизиб, болаларимга четларига қоғоздан рамка ёпиштириб, олиб келиб, кўрикда (ўзим ишлаган ишларга биров учун) баҳо қўйиб берардим. Аммо имкон даражасида ҳаракат қилишларини талаб қилардим, яъни, ҳеч бўлмаса, қоғоз қалам олиб келинглар, ўзим чизиб бераман, деб ҳам кўрдим. Шуни ҳам қилган қилди, қилмаган қилмади. Мен уларга " масалан бугун, эрталаб уйқудан турдингиз, нонушта қилдингиз, йўлкира ва тушликка пул олиб, ўқишга кетдим деб уйингиздан чиқдингиз, лекин на қоғоз, на қалам, на бўёқ олиб келмагансиз. Ўтириб гап сотиб, тушликка ҳам етиб олдингиз, овқатланиб, яна дарсга қайтиб кириб, яна ишламай, ўқишдан қайтдим, деб уйингизга кетасиз. Ўтган вақтингизга ачинмайсизми? Ота- онангизга «ўқиб келдим», дейишга уялмайсизми? Ўзингизнинг виждонингиз қийналмайдими, деб ҳам кўрдим. Йўқ, ўша азбаройи чизмайдиганларга таъсир ҳам қилмади. Битта қиз худди шундайларнинг ашаддийси эди, ўшанга қараб: «Мана сиз, ўқишни битирдингиз, рассом, дизайнер деган номингиз бор. Сизга биров мана шу деворга бир чиройли манзара ишлаб беринг, — деди. Ишлай олмай уялиб қолишдан қўрқмайсизми», – дедим.
— «Йўқ, қўрқмайман, — битта яхши чизадиганни олиб бориб ишлатаман-да, дейлик юз минг сўм ҳақ олиб, ўттиз минг сўмини ишлаганга бериб, ўзимга етмиш мингини қолдираман», — деб жавоб берди. Мен ўзимни ўша полиздаги қўриқчидек ҳис қилганча, ишлашда давом этдим. Нега бунақа ишни шартта ташлаб кетмадингиз,-дейишингиз мумкин. Бу саволга ҳам жавоб бераман. Фақат ахирироғида. Беньковни битирганлар озми, кўпми ўзлари ишлашар, оралиқ баҳоларга ҳам, кўрикда қўйиладиган баҳога ҳам у қадар талашишмасди. Аммо тасвирий санъат асосларидан бехабар, жиддий ўтириб бирор нарсани охирига етказмайдиганлари айниқса сурбет эди. Кўрик яқинлашганда «менга беш қўясиз, қўймасангиз бу ерда ишламайсиз», деб пўписа қиладиганлар, олдиндан пулми, бирор қутича шоколадми, бериб қўйишга интиладиганларидан айниқса, ўзларига сездирмасам ҳам нафратланардим. Биттаси бир қутича шоколад кўтариб келиб, шуни олинг-да, менга кўрикда беш қўясиз,-деб талаб қилди. Мен «қулоғим тинч бўлиши учун сизга олти ҳам қўйиб берар эдим, лекин баҳони комиссия қўяди, мен фақат таклиф қиламан. Лекин сизники уч баҳога ҳам тортмайди, беш баҳо сўрашга юзим чидамайди», — дедим. Конфетини олмадим. Керак, эмас, олиб кетинг,-дедим.
Кўрик пайтида аллақайси қариндоши чет элда ўқиган рассом экан, олиб келиб комиссияга қўшиб қўйди. Хуллас, нима бўлди, қандай бўлди, билмадим, шу қизга беш қўйиб юборишди. Баҳо қўйилгач, ўша йигит менинг ёнимга келиб мен фалон давлатда ўқиб келганман, рассомман, сиз қаерни битиргансиз,-деди. Ўша давлатдаги учта тасвирий санъат ўргатиладиган ўқишнинг номини айтиб, қайсисида ўқигансиз, деб сўрадим. Айтди. Айтгани асрлар оша машҳур бўлиб келаётган давлат таълим муассасаси эмас, номи дабдабали, очилганига кўп бўлмаган, ўзимизнинг ўқув марказларига ўхшаш жой эди. У ерда профессионал рассомлар тайёрланмас, реализм асослари чуқур ўргатилмайдиган, асосан сартарош, тикувчи, материалларга безак чизадиган дизайнер ва ҳоказо касбларга ўргатиларди. Шу бўлимларни ҳаммасини санаб сиз қайси дизайнерликни битиргансиз, дедим. Ипак, пахта ва синтетик матоларга гул чизадиган бўлими экан, шунинг орқасидан фалон давлатда ўқиганман, деб обрў олиб юрган, картиналарини олачалпоқ яратадиган, модернчи ҳисобланадиган рассом экан.
— «Сиз менинг ўқишимни қаердан биласиз, ўша давлатда бўлганмисиз», деб сўради.
— Йўқ, лекин санъат билан ишлаб чиқариш саноатини фарқини биламан,-дедим.
Кўрикдан кейин яна кўтариб юравериб, ийиғини чиқариб юборган ўша бир қутича шоколадини кўтариб келди. Сизга бешни мен эмас, комиссия қўйди, ўшаларга беринг, дедим-да яна олмадим. Кўриклар тугаб зинадан тушаётганимда, яна ўша шоколадини кўтариб орқамдан келаётганини кўриб қолдим. Тушдим-у, шу ерда зина остида турган бир плакат ортига ўтиб турдим. Орқамдан тушиб, у ёқ бу ёққа аланглаб турди-да, қайтиб кетди. Шу қизни сурбет, гап уқмас айёр қиёфасини эсласам, ҳалигача асабим бузилади. Хуллас эртаси куни натюрморт буюмларини кўтариб юрадиган сумкамга ўша шоколадни солиб қўйганини кўрмай қолибман. Автобусдан тушиб, кўчада ўтирган тиланчига бериб кетдим. Шу кўрикда отаси шу институтда ишлайдиган, «одам расмини чизмайлик», деб бошимни қотирадиган (одам расмини чизмасанг рассомлик институтида нима еб юрибсан) иккита қиз ўқирди. Ишлари бир мунча яхши, аммо бешга тортмайдиган, аммо аъло стипендия оладиган, беш баҳога даъвогар ҳижобли қизлар эди, ҳалиги дардисарлардан булар тузукроқ эди, шуларга беш қўймоқчи эдим, комиссия тўрт қўйиб кетди. Майли, имтиҳон пайти беш қилиб берарман, бўлмаса барибир шу иккаласи мени тинч қўймайди, деб ўйладим. Аммо иш имтиҳонгача етиб бормади. Бу иккаласи «Ўқитувчимиз талабаларни қалбига йўл топишни билмайди, ҳаммага уч баҳо қўяверади, ваҳоланки, тўртлик стипендия олмаса, очидан сулайиб қоладиганлар бор» қабилида шикоят хати ёзиб, ўз гуруҳидагилардан ҳам, бошқа гуруҳимдагилардан ҳам имзо қўйдириб олибди. Бошқа айтишга арзийдиган масалан, пул олади, совға олади, дарсларга келмайди, сўкади, ҳақорат қилади, деган айбларни қўя олишмас эди, чунки асослари йўқ эди. Аслида талабалар соат ўн, ўн бир қилиб дарсга келишларини айтиб ўтган эдим, мен ҳам ҳеч бўлмаса, саккиз ярим эмас, тўққиз ярим, ўнга келишим ҳам мумкин эди, аммо талабаларимнинг қанчалик инсофдан йироқ эканликларини кўриб турардим, ва ўзлари соат ўн, ўн бир қилиб келишларига қарамай, «устозимиз дарсга вақтида келмайди», деб ёзиб бермасликларига ишончим комил эмасди. Тўғри виждонли, (кечикиб келиш яхши талабаларимга ҳам хос эди) кечикиб келса ҳам ўтириб ишлайдиганлар бор эди, бироқ мана гап уқмаслар фонида улар сезилмай кетар, улар қолганларнинг ярамас одатларига эътибор қилмас эдилар. Энди энди ўйлайман, наҳотки дарсга одамдай келишларини фақат мен талаб қилганман, наҳотки бошқалар булар бу қадар бемалолхўжа эканлигига индашмасди, деган хаёлга бораман.
Очиқ айтаман, тан оламан, улар мени дарсга улардан олдин келиб ўтиришимни, қалам қоғозсиз бўлишса, сотиб олиб келишга чиқариб юборишимни, расмни бошлаб бериб, охиригача ишлаб бермай, ўзлари давом эттиришларини талаб қилишимни ёмон кўришарди, янаям аниқроқ айтсам, мени ёмон кўришарди. Лекин мен ҳам ҳар қандай ҳолатда ҳам, синф хонани бошига кўтариб шовқин қилишса ҳам, ўзаро уят гаплар қўшиб гаплашишса ҳам, уятсиз латифа айтишса ҳам, ўзимдан чиқиб кетиб, бирортасини ҳақорат қилмасдим. (Чунки ҳамиша ҳақоратга ҳақорат билан жавоб беришни пастлик ҳисоблаганман). Ичимда бомба портлаб кетса ҳам, ташқарига чанги чиқмас, улар мендаги мана шунақа тошдек хотиржамлигимни ҳам, ўзимдан чиқиб кетиб, шикоят қилишларига сабаб яратмаслигимни ҳам ёмон кўришларини сезардим. Тўғрисини айтсам уч тўртта севимли талабаларим ҳам бор эди, аммо ҳеч кимга алоҳида муносабатда бўлмаганман, дейлик, кимгадир меҳр кўрсатиб, бошқаларнинг ғашига тегмаганман. Аммо яна такрорлаб айтаман, бир йил давомида умримда бунча кўп расм чизмаганман, яъни ўзи чизмайдиган талабаларнинг ҳамма расмларини ўзим чизиб берар, улгурмаганимга уйда ўғлим билан қизимни ишга солиб чиздириб олардим, болаларимнинг ишларини олиб келиб, талабаларимга бериб кўрикдан ўтқазиб қўярдим. (Аммо, асло ўтириб олиб кўзим постановкадаги пропорция нисбатларини сезмай қолгунча чизсам ҳам, ўша меҳнатларимга ачинмайман, чунки ишлаш жараёнида мазза қилардим. Бунинг кайфини фақат расм чизиб юрган одам билади). «Сизга зарилми, олавермайдими иккисини», дерсиз. Йўқ, бўлмасди. Раҳбарият ўқитишни билмасликда, болаларни ўқитмаганликда айблаган бўларди. Ҳамма нарсага ўқитувчи айбдор бўлиши шартнома асосида ўқиш балосининг оқибати эди. Мен олий таълимда шартнома жорий қилиниши таълим соҳасида йўл қўйилган энг катта хато деб ҳисоблайман. Иккита Беньковдан кейин ўқишга кирган, жуда яхши чизадиган ўқувчи қиз бор эди шулар ҳақида мақола ёзиб, чизган расмлари билан газеталарда чиқардим ҳам. Зора бошқалари ҳавас қилиб қимирласа, деган умидда. Аммо фойдаси тегмади.
Бир куни гуруҳда дарс пайтида бир қиз иккинчисини жуда бепарда қилиб сўкди. Сўккан қизга «наҳотки қиз бола шунчалик беҳаё гапни ўқитувчи, курсдошлари орасида айтса, ёки менга шундай туюлдими», дедим.
— «Йўқ, сизга туюлгани йўқ, мен мана бундай дедим», деб ўша сўкинишни яна уч марта такрорлади. «Нима олдин бунақа сўкинишлар қулоғингизга чалинмаганми», — деди.
Мен мана шу бир йил ичида бугуннинг ёшлари нақадар бошқача эканлигидан шок ҳолатига тушиб яшадим. Мен тўрт йил Беньковда, олти йил институтда тўққизта йигитнинг орасида битта ўзим ўқиганман. Улар шу битта қиз борлиги учун ўзларини тутишар, менинг олдимда сўкинмас ва сигарет чекмас эдилар…
Ўша дарс бериб юрган вақтларим қизим ўн ёшда эди ва натурага қўйилган буюмларни бемалол чиза оларди. Баъзан ўзим билан олиб келар эдим ва бирорта бўш мольберт олдига ўтириб ҳамма қатори сурат чизарди. Бир марта ўзим билан олиб келдим. Ҳали ҳеч ким келгани йўқ, у битта мольберт қаршисида ўтириб чиза бошлади. Соат ўнларда талабалар кириб кела бошлаганда у анча ишлаб ҳам қўйган эди. Тушликка яқин қолганда битта қиз кириб келди. Унга мольберт қолмаган эди. Мен шу қизга бирпас кутиб туринг, сизга ҳозир бошқа хоналардан мольберт топиб келаман, деб чиқиб кетдим. Топиб қайтсам, қизимни турғизиб, мольбертини тортиб олибди. Ўн беш дақиқа ўтмасидан танаффусга чиқилди. Мен унга ишлаб ўтирган одамдан нега мольбертини тортиб олдингиз, дея олмадим. Чунки у шу гуруҳда ўқирди, ва мольбертга у кўпроқ ҳақли эди. Аммо тарбияси ночор одамга бир нарса дейишдан фойда йўқ эди.
Гуруҳларим икки тилли бўлиб, битта гуруҳимда фақат ўзбек қизлар ва бир нечта йигит ўқирди. Йигитлар дарсга деярли келмас эди. Улар аллақаёқларда ишлаб шартномага пул топишар, кўрикларда эса, синф ишларини бировларга чиздириб келиб баҳо олишарди. Улардан ўзи чизиб, ҳаққоний баҳо олишини талаб қилиб бўлмас, кўрикка бировники бўлса ҳам, иш қўйишининг ўзи катта гап эди. Шу йигитлар бир бир дарсда пайдо бўлиб қолишарди. Шу ўзбек талабалардан иборат битта гуруҳим мени айниқса ёмон кўришар, чунки улар мендан дарсга келмаган кунлари «қатнашмади» деган белгини қўймасликни сўраб, пул таклиф қилишганида кўнмаган эдим.
Шулар билан еттинчи март куни дарс ўтдим. Йигитлар қизларни, қизлар бир- бирларини намойишкорона гуллар, айиқчага ўхшаш ўйинчоқлар билан табриклашди. Бироқ менга бирортаси «байрам билан табриклаймиз, устоз», дейишмади. (Аммо, тўғрисини айтсам, бир оғиз устоз байрамингиз муборак бўлсин, дейишларини кутдим). Мен шу байрам кунини ҳам бежиз эсламаяпман. Чунки кейинчалик бу ўқувчиларимни бошқаларга солиштириш имкони ҳам бўлди. Мен улар мендан ўзларича қасос олаётганларини тушундим. Менинг эса, ичимдаги ҳолат юзимга ҳеч қачон қалқиб чиқмаслиги ҳақида айтдим, ниҳоятда хотиржамлик билан дарсимни охиригача ўтдим. Хуллас, мен шу институтда дарс бериш жараёнида ўзимни кимлардир жуда ёмон кўришига кўникма ҳазил қилдим, менда бировларнинг ёқтирмаслигига қарши иммунитет пайдо бўлди-ки, олдинлари кимдир мени хушламаса, ўшанга яхши гапириб, қўлимдан келганча яхшилик қилиб, унинг фикрини ўзгартиргим, ҳаракатларим билан «йўқ, мен ёмон одам эмасман» дегим келарди. Энди ўшандай ҳолатга дуч келсам, русчадан калька таржима билан айтганда «анжир баргигача»!
Хуллас ҳалиги хат муҳокама қилинадиган бўлиб педагогик состав ва хатни ташкил қилганлар мажлис залига йиғилиб, мени ҳам чақиришди. Битта қиз бор эди. У ниҳоят даражада гўзал бўлиб, кўпинча ҳалиги ҳукумат даражасидаги меҳмонлар кутиб олинганда нон-туз билан ё гуллар билан кутиб оладиганларнинг бири эди. Бефаросат эдики, чегараси йўқ. Шу қиз (отаси йўқ) етимлигини тез-тез пеш қилар, сал талаб қилсанг «мен бечора етимни ҳамма хафа қилади», деб йиғлашга тушар унга гапириш бефойда эди. Шунинг йил давомида синф ишларини чизиб берганман. Яъни кўп хизматим сингган. Бир куни унга «ахир ҳеч нарса чизмайсиз, ўқимайсиз, сиз ўзи бу институтга нимага ўқишга киргансиз»,-дедим. «Мени фалончи акам киргизиб қўйганлар», деди бемалол катта бир мансабдорнинг исмини айтиб.
— «Жуда яхши, бир инсон сизни касбли- ҳунарли бўлсин, деб қўллаворибди, унақа исмини ҳамманинг олдида айтишингиз яхши эмас»,-дедим.
— «Нимага яхши эмас, мени ўқишга фалончи акам киргизиб қўйганларини ҳамма билади, ҳаммага айтганман»,-деди. Хуллас шу қизни ўрнидан турғизиб гапиртиришди. У «мен бечора етимчага бу устоз ҳеч нарса ўргатмайди, ойим қийналиб топган пулимиз нонга етмайди-ю, ўзим оч қолиб, репетиторга пул тўлаб ўрганишга мажбурман, бизга тузукроқ ўқитадиган ўқитувчи беринглар», деди. Орқасидан «қанақа қийналиб кетганимни сизлар билмайсизлар, мана бугун тушлик қилсам репетиторга пул йўқ, репетиторга борсам, оч юришим керак», деб қўшиб қўйди ва ўзининг гапларидан ўзи таъсирланиб йиғлаб юборди. Агар ўзимнинг қўлимда ўқимаганда, унинг гапларига чиппа-чин ишонган, ўқитаётган ўқитувчисидан нафратланиб кетган бўлардим. Ишончим комилки, бошқа ўтирган ўқитувчиларда айнан шундай таассурот пайдо бўлди. Шу қиз ҳақида яна ҳам илгарилаб айтадиган бўлсам, бу қиз ўқишни битириб бир бойвачча ишбилармон йигитга турмушга чиқади. Бунинг ўта аҳмоқлиги баробарида, таърифлашга сўз ожиз даражада ташқи гўзаллигини айтган эдим. Хуллас бу қизнинг ўша амалдор киши билан ишқий муносабатлари талабалик пайтидан бор бўлганми, ё турмушга чиққанидан кейин бошланганми, билмайман. Аммо эри хотинининг қадам ташлаши бежо эканлигини тез фаҳмлайди ва орқасидан кузатувчи қўяди. Хотини амалдор билан бир хилват гўшада учрашган пайтида қўлга туширади. Кейин нима бўлганидан хабарим йўқ, ишбилармон йигит шу хотини билан яшаб кетдими ё ажрашдими, билмайман. Хуллас шу талаба асосий кайфиятни яратиб бўлгач, ҳалиги иккита ҳижобли қиз гапирди. Яна биттами, иккитами талаба ҳам нималарнидир деди. Мажлисда битта гуруҳимдан ҳеч ким кирмаган, қолган иккита гуруҳимдаги элликтача талабаларидан ўн нафари ўтирарди. Мажлис раиси ўрнидан туриб хатни ўқиб берди ва остида нечта талаба имзо қўйганини ҳам эълон қилди. Мен талабалар айтган гаплардан мутлақо ўзимни йўқотиб қўйдим. Ўзимни оқлаб ҳеч нарса дея олмадим. Мажлис раиси ўрнидан туриб талабалардан фикр сўради:
— «Хўш, нима дейсизлар, мақсадларинг нима», деди.
— Биз бу ерга билим олиш учун келамиз. «Бизга қалбимизга йўл топиб, тузукроқ дарс берадиган ўқитувчи беринглар»,-деди ҳалиги биринчи бўлиб гапирган қиз.
Мажлис тугади. Мени кафедрага таклиф қилишди. «Сиздан талабалар норози, ариза ёзиб ишдан бўшанг», дейишди. Мен «Мен ишга ҳамиша соат саккиз яримда келганман, дарсларимни қолдирмаганман, талабалардан пул ёки совға салом олмаганман, ҳеч кимни уришиб, сўкиб, ҳақорат қилмаганман, ярим йил ичида билим кўрсаткичини юз фоиз кўтардим, буни кўрикда ўзларинг эътироф этдинглар, уч оладиганлар тўрт баҳога, тўрт оладиганлар беш баҳога кўтарилди», ариза ёзмайман,-дедим. Шунда ўша ариза талаб қилаётган одам (уларнинг исмлари аллақачон эсимдан чиқиб кетган) «ўғлингиз Беньковда ўқийди а» деди. (Ўғлим Беньковда ўқиётганининг биринчи йили эди).
— Ҳа, дедим ўғлимнинг бу ердаги суҳбатга нима алоқаси борлигини тушунмай.
— Қизингиз ҳам вақти келиб Беньковга боради-а,-деди яна.
— Ҳа болаларим жуда яхши расм чизади,-дедим.
— Ҳа, ана кўрдингизми, улар бир куни шу институтга келиб имтиҳон топширади. Агар ариза ёзмасангиз, болаларингиз кириш имтиҳонлардан ўтказилмайди,-деди.
Бу мутлақо мен кутмаган руҳий зарба эди. Бу гап «ҳалол ишлаганман, ариза ёзмасликка ҳаққим бор», деган ўзимга бўлган ишончни битта уришда синдирган зарба бўлди.
Яна ҳалиги ичимда бомба портласа ҳам, чанги сиртимга чиқмайдиган хотиржамлик билан беринг қоғозингизни,-дедим. Ариза ёзиб индамай, ташқарига чиқдим. Синфхона ёнида бир иккита ўзлари ўзбек, лекин русийзабон талабаларим туришган экан. Улар воқеани ўзимдан эшитиш учун мени кутишаётган экан. Мен уларга шикоят хатини айтдим. Улар бу ҳақда биринчи марта эшитишаётганини, ҳеч қанақа хатга имзо қўймаганларини айтишди. Биттаси югуриб кафедрага кириб кетди. Кўп ўтмай қайтиб келиб хатдаги имзоларнинг ярмидан кўпи сохта эканлигини, исм- фамилияси остидаги имзони улар қўймаганлигини, айтиб келди.
Мен ўша аризани ёзиб чиққач, хўрланган, ҳақоратланган ва тамомила синган эдим.
Гуруҳларимдан бирида сурат чизиши ҳам, рангтасвири ҳам жуда кучли, кечикиб келганларида, дарсга қатнашмаган пайтларида мендан гап ҳам эшитиб олган пайтлари бўлган Санобар деган қиз ўқирди. У катта истеъдод эгаси, кучли график, давлатимиз рамзларини ишлаган академик рассом Анвар Мамажоновнинг қизи эди. Шу қиз олдимга келиб, уларнинг қилган ишлари тўғри эмас, биз сиздан фақат миннатдормиз, сиз тўғри дарс берасиз, ўқувчиларни инсофга чақириб, тўғри талаб қиласиз. Биз бошқа ўқитувчида ўқишни хоҳламаймиз, ишдан кетманг,-деди. Мен ариза ёзиб бўлдим, энди кеч, кўнглимни кўтарганингиз учун сизга катта раҳмат,-дедим. У эса, йўқ, сиз ишдан кетманг, устоз, биз сизнинг кетишингизни истамайдиган талабалар ҳам сизга туҳмат уюштирилганини ёзиб, имзо йиғиб вазирликка, керак бўлса, президент девонига ҳам чиқамиз,-деди.
Аммо менинг миямда ҳалиги «кириш имтиҳонларидан ўтказмаймиз"-деган гап жаранглаб турар, болаларим келиб имтиҳондан йиқилишидан ҳам кўра, ариза ёзишим учун ишлатилган усулнинг нопок ва номардлиги шок ҳолатга солган эди. Қизларга раҳмат, мен ўз ихтиёрим билан ариза ёзиб бўлдим, хат ёзиш ҳам, имзо тўплаш ҳам керак эмас,-дедим.
Аммо оғир бир ҳолатда шу қизнинг-Санобар Мамажонованинг сўзлари мени ўз кўз олдимда инсоний қадримни тиклади, ва ундан бир умр миннатдорлик туйғуси қолди. Шу қизга қараб ота-онаси ҳақида ҳам хулоса чиқардим, уни ниҳоятда тоза қалбли, маънавий қиёфаси юксак инсонларнинг фарзанди эканлигига иймон келтирдим. Вақти келиб талабаларимнинг ҳам, ҳамкасбларнинг ҳам, кафедра раҳбарларининг ҳам исм-шарифлари буткул ёдимдан кўтарилиб кетди, фақат шу қизни қайтиб кўрмаган бўлсам ҳам унутмадим.
Энди нима учун ўзимни полиздаги қўриқчидек бенаво ҳис қилсам ҳам шу ишни йўқотишдан қўрққанимни, мени талабаларнинг деярли ярми ҳурмат қилмаса ҳам ишлаганимни ва ишлашда давом этишга тайёр бўлганимни айтаман. Бу ишнинг ойлиги яхши эди. Эллик минг сўм ойлик олардим. Болаларимнинг дадаси билан ҳали расмийлаштирмаган бўлсак ҳам ажрашиб кетган эдик. Кийим-кечак ҳақида гапирмайман, шу институтда ишлай бошлаганимдан кейин қозонга баракали гўшт тушадиган, ҳатто ойига бир икки марта балиқ ҳам сотиб ола бошлаган эдим. (Болалар балиқ гўштини яхши кўришар, ҳар сотиб олганимизда уйда байрам бўлиб кетарди). Мен одамдай еб-ичишга имкон берадиган ишимдан айрилган эдим. Энди нима қиламан, қандай яшаймиз, қаердан пул топамиз, деган қайғу бошимга тушиб қолган эди. Ўғлим учун ҳам қизим учун ҳам мен иродали, билимли, кучли, истеъдодли, жасоратли она эдим, шахс эдим. Улар мени ҳар қандай ҳолатда ақл билан иш тутадиган, ҳар қандай мураккаб ҳолатда тўғри йўл топа оладиган инсон, она сифатида билишар эди. Айни пайтда мен ўзимнинг шу ожиз, ҳимоясиз, ноҳақ тепки еган ҳолатимни уларга кўрсата олмас эдим. Ичимда портлаб, борлиғимни яксон қилиб ётган бомбани улар сезмаслиги керак эди. Мен институт олдидаги хиёбонга бориб кимсасиз жойда ўтириб ўкириб йиғладим. Ва ниҳоят ўзимни босиб олгач, пардозимни тўғрилаб, уйга болаларимнинг олдига одатдагидай жилмайиб, хотиржам кириб бордим. Бироқ ўзимни қўлга олишим учун ҳали вақт керак эди, уйда қолсам, аҳволимни ошкор қилиб қўйишим мумкин эди. Мен болаларга уйда бир кунми, икки кунми бўлмаслигимни айтдим.
— Раҳима холаларингникида бўламан, бир икки кунда битадиган пуллик буюртма олдик, бирга ишлаймиз, — дедим. Ва дугонам Раҳиманикига кетдим. Ҳамма воқеани айтиб бердим. Аммо менга энди қаерда ишлайман, болаларни боқишга қаердан пул топаман, деган хаёл тинимсиз азоб берар эди. Ўша куни дугонам билан бир хонада ётдик. Менинг бутун танамдаги титроқ кечаси билан босилмади. Ўртоғимникида иккинчи кеча ҳам тунадим. Аммо бу кеча ҳам хотиржам ухламадим. Дугонам болаларга телефон қилиб хабардор бўлиб турди. Ариза ёзган кунимнинг учинчи куни бироз ўзимга келдим.
— Мен энди борақолай, – дедим ўртоғимга. У кетаётганимда қўлимга ўн минг сўм тутқазди. Ҳозирча бир амаллаб туринг, кейин яна қўлимдан келганча ёрдам бераман,-деди. Бу ўша пайт учун анча катта пул эди. Бугунги қиймати эҳтимол бир миллион ёки бир ярим миллион сўмларга тўғри келар. Унинг уйидан чиқдим-у, газеталар редакциясига бориб бирор еттита газетада бир ой тўхтовсиз чоп этиладиган қилиб «Рассомлик институтига, рассомлик коллежига ва архитектура институтига сурат, ранг-тасвир ва композициядан ўқишга тайёрлайман. Шунингдек, қизиққанларга ҳам ўргатаман», деб эълон бердим. Менинг ҳалиги энди қандай яшайман, қаердан иш топаман,-деган қўрқувимда асос бор эди. Мен илгари журналларда рассом бўлиб ишлаганим билан, ёзувчи ва журналистлар орасида дўстларим кўп бўлгани билан энди таҳририятларда ишлай олмасдим. Чунки бундай жойларда корел драв, фотошоп деган компьютерда ишлаш йўлларини биладиган рассомларгина ишлай олишарди. Бизнинг расм чизиб безаш ва қўлда саҳифалашимиз аллақачон эски замонда қолиб кетган эди. Мен фақат расм чиза олардим ва фақат шуни ўргата олардим. «Хўп, институтда бор йўғи бир йил дарс берибсиз, олдин қандай яшаган эдингиз, олдин қандай пул топган эдингиз,-деган савол туғилиши мумкин. Олдин болалар ёш бўлганлиги туфайли уйим яқинидаги рақс, мунчоқдан кашта тикиш, пианино чалиш, расм чизишни ўргатиш каби тўгараклардан иборат «Ёшлар ижодиёти» марказида ишлаганман. Ойлиги ниҳоятда кам эди бир нечта яқин атрофдаги хонадонларга қатнаб, репетиторлик ҳам қилардим. Топганим у ой билан бу ойга учма- уч етарди. Узоқроққа бориб ишлай олмасдим, болалар ёш эди, қараб ўтирадиган одамим йўқ эди. Болалар анча улғайиб қолгач, институтга ишга кирган эдим ва бу иш мени бир нечта хонадонга ҳолдан тойиб қатнашдек мушкул ҳолатдан қутқарган ҳам эди.
Эълоним босилиб чиққан куни телефонни қучоқлаб ўтирдим. Бирорта қўнғироқ бўлишини интизор кутдим.
НИҲОЯТ ҚЎНҒИРОҚЛАР БОШЛАНДИ!! Институтда эллик минг ойлик олган бўлсам, биринчи ой етмиш минг сўм ишладим. Иккинчи ой юз минг сўм ишладим. Ўқувчиларим кундан кунга кўпая борди. Булар билан ишлаш институтдаги ҳолат билан солиштирганда, байрам эди. Бу ўқувчилар эшикдан кириб келишлари биланоқ ишлашга тутинишар, ўзларига ажратилган вақт эсларидан чиқиб, бир соат, ярим соат ўтиб кетса ҳам расм чизиб ўтираверар эдилар. Ишлаб ўтирган одамга ҳеч қачон вақти тугаганини эслатмас эдим. Ахир инсон ижод қиляпти!!! Бир вақтнинг ўзида тўртта- бешта ўқувчи билан ишлардим, бир кунда уларнинг сони ўн, ўн бештага ҳам етарди. Бу ўқувчилар байрамларда албатта табриклашар, бирор оддий буюмлар масалан, қаҳва финжоними, бир қутича конфетми олиб келишар, бу совғалардан бошим осмонга етар, ширинликлар ўша заҳотиёқ очилиб, ўртага қўйилиб, биргаликда чойли танаффус қилиб олардик. Бу интилувчан, бирор дақиқани ҳам бекор кетказмайдиган, билмаганини сўраб ўрганадиган йигит ва қизлар билан ишлаш ҳалиги умринг инсофга чақириб ўтадиган ялқовлар билан солиштирганда айни байрамнинг ўзгинаси эди.
Мен қийинчиликлар орқада қолиб, институтдан ишдан кетишим сабабларини болаларимга изтиробсиз ва хотиржам бир ҳолатда айтиб беролдим. Ўғлим «Ойи, ариза ёзмаслигингиз керак эди, чунки сиз ўқувчиларингизни билимли бўлиши учун ҳамма ҳаракатни қилгансиз, — деди. Шунда улар «Ариза ёзмасангиз, болаларингиз кириш имтиҳонидан ўтолмаслиги мумкин», дейишгани айтдим. Сен ахир коллежни тамомлаяпсан, шу ерга бориб ўқийсан-да, мен сизларни ўйладим, сен ҳам, синглинг ҳам барибир рассом бўласизлар-ку, — дедим. Ўғлим эса, ойи сизга шундай номардларча муносабатда бўлган жойнинг остонасини ҳам ҳатламайман, сизни ҳурмат қилмаган одамлар берадиган билим менга керак эмас , — деди.
…Энди арт-студиямнинг обрўйи кундан кунга ошиб борар, газеталарда эълон беришни ҳам тўхтатган эдим, ўқувчилар бир-биридан эшитиб, кела бошлаган эдилар. Бахтимга барча тайёрлаган шогирдларим ўқишларга кирар, ҳар кириш имтиҳонларининг натижасини ўз болаларимникидек ҳаяжон билан кутардим. Албатта кириш имтиҳонларидан ўта олмаган битта иккита ўқувчи ҳам бўлар, булар фарзанди рассом, дизайнер ёки архитектор бўлишини орзу қилиб олиб келган ота-оналарнинг болалари бўларди. Яъни ота- она истагани билан, болалар астойдил ҳаракат қилишмас эди. Энди анча қийналмай яшай бошладик. Ҳатто қизимнинг ҳам, ўғлимнинг ҳам репетиторларига пулимиз ета бошлади. Энди ҳам иштиёқ билан, ҳам меҳр билан ишлардим. Кечга томон азбаройи чарчаганимдан йиқилар даражага борардим. Ўқувчилар ичида бирданига бир ойлик тўлов қиладиганлар ҳам, ҳар дарсда тўлов қиладиганлар ҳам бор эди. Битта яшил, орқасида, олдида ва тиззасининг икки ёнида катта катта чўнтаклари бор ишчи шимим бор эди. Кечқурун барча чўнтакларга солинган пулларни чиқариб, болаларим билан санардик. Ва энди пулимиз кўплигидан 😅 жуда хурсанд бўлардик. Ҳали айтганимдай, болаларим (Худога минг қатла шукур) билимдонгина эдилар. Ўғлим билан қизим сабоқ бериш жараёнида мен билмаган нарсаларни аъло даражада тўлдирар эдилар. Яъни ўғлим рассомлик коллежи ўқувчиси бўлса-да, чизмачиликни аъло даражада тушунар, бизга дарсларидан ташқари қатнашаётган архитектура институти талабаларининг режа чизиш, бино кўринишини тасвирлаш, сояларини чиқариш, бино кесимлари сингари нарсаларни бемалол саводли ўргатар эди. Кейинчалик тасвирий санъат дарсларимизга либос дизайни асослари, қизларнинг фигураларини чизиш, интерьер дизайн асослари ва хонани ҳолатини тўғри тасвирлаш каби йўналишлар ҳам қўшилди ва бу йўналишларни қизим олиб бора бошлади. Яна фанларимизга инглиз тилидан, математикадан, рус тилидан репетиторликлар ҳам қўшилди, ва бу фанларни ўн олти ёшлик ўғлим олиб борар эди. Баъзан кулгили воқеалар ҳам бўлиб турар, ўғлим бўйлари узунгина бўлса ҳам жуда озғин эди, ўн олти ёш йигитдан кўра ўн уч, ўн тўрт ёшли ўғил болага ўхшарди. Бир марта бир рус аёл бўйлари баланд, спорт билан шуғулланса керак, мушаклари бўртиб турган ўғлини инглиз тилидан сабоққа олиб келди. Ўғли ўғлимни кўрди-да, шу болача менинг ўқитувчим бўладими, э, мен бу ерда ўқимайман,-деб қайтиб кетди. Хуллас, ўғлим Беньковда ўқишда давом этар, мен Камолиддин Беҳзодга ўқишга бормайман, деган сўзида туриб олди ва Вестминстер университетига тайёрланишга жиддий киришиб кетди. Энди у математикадан ва инглиз тилидан ўзи ҳам сабоқ берар, ҳам репетиторларга қатнарди. Худога шукурки, унинг бу дарслари биз ўқувчиларимиздан олаётган иш ҳақидан анча қиммат бўлса-да, пулимиз етар эди. Бу орада мен Давид, Аполлон, Венера, Суқрот, Вольтер сингари тасвирий санъат муассасаларида ўқитиш жараёнида чизиладиган юнон ҳайкалларининг гипс нусхаларини, учбурчак, тўртбурчак, шар, цилиндр сингари геометрик фигуралар ва ҳоказоларни Россияга кўчиб кетаётган бир рус рассомидан кўтарасига сотиб олдим. Менда бор ўқиш жараёнида керак бўладиган кўпгина предметлар мен ўқитган бўлим фондида ҳам йўқ эди. Мен ўзим ўқитмаган, институтнинг асосий мағизини ташкил қиладиган маҳобатли рангтасвир, дастгоҳли рангтасвир, китоб графикаси ва ҳайкалтарошлик сингари бўлимларни назарда тутаётганим йўқ. Бу бўлимларда талаб ҳамиша қаттиқ бўлган ва битирувчиларнинг асосий қисми яхши билим билан чиқишади.
Мен шу 2004 - 2005 йилда кўп ўқувчилар билан ишладим. Шу йилларда дарсларимга қатнаган бешта ўқувчим билан алоҳида фахрланаман. Булар Рустам, Камила, Элида (биттасининг исми эсимга келмаяпти)лар эди. Улар бир йил давомида дарсларимга ҳар куни қатнашишди. Бу болалар истеъдодли, интилувчан, берилиб, диққат билан ишлайдиган жуда яхши ўқувчилар эди. Рустам, Камила, Оля ва бир бола Архитектура институтига Элида Политехника институтининг дизайн бўлимига ҳужжат топширишди. Улар кириш имтиҳонларида расмдан қандай постановка қўйилганини ўзлари қайси томондан чизганларини ва қандай ишлаганларини телефон қилиб айтиб туришди. Баҳолар эълон қилинган кун биринчи бўлиб Камила телефон қилди. «Устоз, мен бюджет асосида ўқишга кирдим, рўйхатда менинг фамилиям биринчи бўлиб турибди», деди. Бирор ярим соат ичида Рустам телефон қилди: «Устоз, мен бюджет асосида ўқишга кирдим, рўйхатда менинг фамилиям биринчи бўлиб турибди», деди у ҳам. Шунда мен: «Рустамжон, ҳозиргина Камила ўқишга бюджет асосида кирганлар рўйхатида менинг фамилиям биринчи бўлиб турибди», деди. Қандай қилиб сиз ҳам биринчи бўласиз, деб сўрадим.
— Устоз, Камила рус гуруҳида биринчи, ўзбек гуруҳига бюджет асосида кирганлар гуруҳида энг юқори балл олган менман, ва фамилиям рўйхатнинг бошида,-деб жавоб берди. Дизайн коллежларига, рассомлик коллежига, Архитектура ва қурилиш институтига, Камолиддин Беҳзод номли институтга тайёрлаган бошқа ўқувчиларимиз ҳам албатта имтиҳонлардан яхши ўтиб кетишар эди. Аммо мана шу бешта ўқувчим хотирамда алоҳида бир қувончли воқеа бўлиб эсимда қолган.
Биз ўз арт-студиямизни яхши йўлга қўйиб олдик. Ўғлим билан улгуржи бозор ўрикзордан ёғоч олиб келиб, мольберт ясашни ҳам йўлга қўйдик ва арт студиямизни мольберт билан тўла таъминладик. Ўғлим бизга келиб ўқийдиган ўқувчиларнинг планшет ва рамкаларини ҳам ясар, бизнинг маҳсулотимиз рассомлик ашёлари сотиладиган дўконларникидан анча арзон ҳам эди. Ишларимиз яхши ўзанга тушиб олган, ўғлим коллежни битириб Вестминстер университетининг тайёрлов курсининг «илғор» гуруҳига имтиҳон топшириб, кирди. «Илғор» гуруҳнинг ярим йиллик тўлови 150 доллар, ўрта гуруҳи 300 доллар, тайёргарлиги жуда паст бўлганлар гуруҳники 600 доллар эди. Ўғлим астойдил тайёрланиб АЭЛТС имтиҳонидан 7,5 балл олди. Математикадан ҳам яхши балл тўплаб, Вестминстер институтига грант асосида ўқишга кирди. Ўша йили қизим коллеж бўйича энг юқори балл тўплаб (баллар юқорилиги бўйича тузилган рўйхатда фамилияси биринчи ўринга ёзилган эди) ўқишга кирди.
Энди агар кимдир мени ўшанда ишдан шарақлаб учиб кетишимга ҳисса қўшган бўлса, ким ўша асоссиз хатга имзо қўйган бўлса-ю, ушбу битикларимни ўқиётган бўлса, ўшанга (ўшаларга) чексиз ташаккур! Сизлар бўлмаганларингда мен ҳали ҳам полиздаги чумчуқлар менсимайдиган қўриқчига ўхшаб, ўқитувчининг сўзини сариқ чақага олмайдиганлар билан ишлаб юрган бўлармидим. Ва ўғил қизларимнинг репетиторларига тўлашга пул ишлаб топа олмаган ҳам бўлардим. Болаларимнинг бугунги кунлардаги ютуқларининг асослари ўша ишдан қувилганимдан кейин қўйилди. Болалар улғайиб, мустақил бўлиб кетишди, энди қолган умримни ижодга бағишлаяпман ва ўтаётган ҳар бир кунимдан мамнунман.
Гулнора РАҲМОНОВА — Ўзбекистон Бадиий академияси ижодкорлар уюшмаси аъзоси, ранг-тасвир устаси.
2021 йил.