Мақтов бу сўйишдир


     Жонли эфир, жонли сўз атамалари жонланаяпти, оммалашаяпти. Бу ўзгариш ва яхшиланишдан далолат. Қачонгача тўтиқушга ўхшаб бир хил гап, тайёр ва такрор гапларни айтиб кун кўрамиз.Кўп йиллар ўрганган одатдан тўла қутулиш ҳам қийин бўлаяпти. Мадҳ, мақтов, қарсакларни 5 йил қўйиб турайлик энди дейилишига қарамай, барибир мақташ ва мақтанишни канда қилолмаяпмиз. Ҳадислардан бирида бор, адашмасам. "Мақтов бу сўйишдир". Нега шундай экан деб ўйлардим. Эндиликда тушуниб етаяпман. "Муносабат" кўрсатувининг эфирга кетган сонини томоша қила туриб баъзи мулоҳазалар туғилди. Сиз билан ўртоқлашмоқчиман. Тинглаш маданиятдан, маърифат сўзлашдан, маънавият англашдан эканини унутмаслик керак. Фикр талашиш, ўзини кўрсатиш, сўзлаш учун сўзлаш, ўзгани тинглай олмаслик масала моҳиятини ҳал қилишга хизмат қилмаслиги аён. Ҳуқуқшунос олима Фируза Муҳиддинова муаммолар ечимини ҳал этишда муҳим қурол бўла оладиган, турли партиялар, фракция аъзоларию лидерлар учун доим зарур бўлган бир соҳани ривожи зарурлигини таъкидладилар. Бу НОТИҚЛИКдир. Нотиқлик маҳорати зарур барчамиз учун десалар ҳам уларнинг фикрларига муносабат билдиришмади ҳам ҳатто. Яна бошқа томонларга ўтиб кетишди. Кимдаким нотиқлик бўлмаса, эшитиб эшитмаганга олиши ҳам табиий. Ўзида бўлмаган нарсани ўзгада бўлишини ҳам истамайди.
     Нотиқлик, бу чиройли гапириш эмас, балки ўринсиз сўзламасликни, тинглаш маданиятини, ўзгалар фикрига ҳурмат билан муносабатда бўлишни талаб этадиган соҳа. Чорак асрдирки, мен шу ҳақда гапириб келаман. Бошқа гапи йўқми бу одамни деб менга таажжуб билан қарайдиганлар ҳам кўп. Пресс клублар, жонли эфирлар бу масалага жиддий қараш заруриятини англатади. Гап талашиш билан муаммо ечилиб қолмайди. Атрофлича ўйлаб кейин мулоҳазаларни билдириш одобини ўрганмасак, ҳаммаси бир пул. Шунинг учун ҳам НОТИҚЛИК нодавлат таълим муассасасини очишга қарор қилгандим. Мақсадимга эришдим. Жонли эфирлардаги мубоҳасага киришаётганлар бир бирига ҳурмат билан қараб ўз фикрини айтса мақбул. Гўёки, бир бирини ғажиб ташлашга тайёр бўриларга монандларга қалб қўридан, давра тўридан жой бериб бўлармикан. Юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигига хизмат қилиш шу ҳақда қайғуриш ҳаммамизнинг бурчимиз эканлигини ҳар дамда, ҳар қадамда ўйлаш муҳим.

 
     Ўзбекистoн Республикaси Фaнлaр aкaдемияси мукoфoтининг лaуреaти вa “Энг яxши вoиз” Республикa кўрик-тaнлoвининг сoвриндoри, филoлoгия фaнлaри нoмзoди, доцент, Antique world — “Aнтик дунё” Xaлқaрo илмий aкaдемиясининг aкaдемиги, нотиқ ва ТИҚХММИ матбуот хизмати раҳбари - Раҳимбой Жуманиёзов.