ОДДИЙЛИК


ОДДИЙЛИК 

Жуда оддий ўтди қисқа ҳаётим,
Шоҳона сароймас, кулбада бекин.
Майсадек шивирлаб севдим дунёни,
Томчидек шитирлаб яшадим сокин...
Таржима ҳолим ҳам ёзилгай қисқа:
Адиба — Байт қизи,
Онаси — Офтоб!
Ватани  — дашт,
Тили — қипчоқ, 
Миллати — ўзбек...
Оҳ, шу сўздан ортиқ умримда
Жарангли ҳеч нарса топмадим ҳисоб!
Бир суюк бандаси каби дунёдан  
Шунчалар руҳим тинч, қалбим  хотиржам.
Дўстим, қўй,
Худонинг буюргани шу,
Буюрмаслик мумкин эди шуни ҳам!

МУСОФИР ҚУШЛАР        
                   
Кекса чинор каби қолди мунғайиб,
Шўрлик ҳовлимизнинг бир чети бўм-бўш.
Гўзал хотиралар деразаларнинг
Маҳзун кўзларидан боқар фаромуш.
Бир ширин ифордек келар ҳаводан
Оппоқ турналарнинг овози тиниқ.
Бир кампир йиғлайди ўғлини қучиб:
“Cен қайтгунча болам, мен борманми, йўқ!”
Бемажол силкитар шамоллар ғир-ғир   
Лойсувоқ томдаги қизғалоқларни.
Ё Раббий, 
Бедалар гулга кирганда,
Қандай ташлаб кетиш мумкин қишлоқни?!
Бобом экиб кетган боғимиздаги
Пишган Балхи тутдек эзилар қалбим.
Уч паҳлавон акам мусофирликда 
Энди қайдан паноҳ топади, Раббим!

АРАВА

Лабларда бир ширин тамиз қолдириб,
Ҳаёт югуради абадий тамом.
Айланиб ўтади ғилдираклари
Қалбим қайроғига чархланиб  мудом.
Солланиб, олланиб, товланиб ҳар кун
Асло тутқич бермай олтин тожида.
Бир кампир, бир жувон, яна бир гўдак
Ортидан чопади не бир илинжда.
Йиқилган турмайди,
Кучли ютади,
Йўл эса тугамас... Қонли, вайрона,
Ҳаёт югуради атиргулларнинг
Муаттар бўйидан масту мастона...

               ЧАМБИЛ

Қўнғиротлар тушунадиган тилда
Дунё гўзал тушлар кўраётганда.
Помир тоғларининг хушбўй гуллари 
Кўнглини Худога ёраётганда...
Башир тасбеҳининг доналаридек
Ғайб боғларини кезганда хаёл.
Онанг хатларининг ҳар ҳарфидан
Ялпиз ҳиди келиб тургандек беҳол.
Ялангоёқ чопган кўчаларингни
Ёмғири шариллаб ёғаётгандек.
Қишлоқдаги эски устахонадан
Худди отанг чиқаб келаётгандек...
Эслайсан, 
Ҳайитлик улашган уйлар,
Холвайтар пишириб чиқар тонггача.
Тушингга киради Чантримо-ре,
Сени излаб топар Чамбил бу кеча!

  ЎТКИНЧИ 

Сен ҳам ўткинчиман, мен ҳам ўткинчи,
Буни эслатганинг учун ташаккур!
Кўксингга эгилган бошим кўтариб,
Қуёшдек жилмайиб кетарман мағрур.

Энди сени эслаб солмасман уввос,
Ўтган ўтди, қолган қолгандек гўё. 
Шу ёшга етганда, билдим, кечиргин, 
Ўзини севганни севар бу дунё! 

Минг раҳмат... Худди сен ўргатган каби
Ким севса айтаман кулганча беҳуд:
Тўхта, юрагимга кирма чуқурроқ,
Мени енгилроқ сев, 
Ўйла ва унут...

               ҚОДИРИЙГА 

Силкиниб-силкиниб от аравада
Кўз ёш тўкиб келар бир келинчак жим. 
Паранжи остидан кўтармай бошин 
Секин шивирлайди: “Қайдасиз, Бегим!”

Бошини болишга қўйганча ёлғиз
Пичирлар тақдирга берганича тан:
“Қанчалар севмасин, қанча кутмасин,
Қанча соғинмасин...
Оҳ!  — Иккинчисан!”

Ортига яланғоч қайтар чубин от,
Ҳамон оғу тутган Зайнаблар тирик.
Ҳимоя қилгани ўз севгисини
Ҳали туғилмаган бирор Отабек!  

1.“Чантираморе” — Э. Аъзамнинг “Анойининг жайдари олмаси” ҳикоясидан илинган.
2. Чамбил — “Гўрўғли” достонидаги афсонавий шаҳар!

Адиба УМИРОВА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот