Васлингдан бенасиб қалбим
Ҳатто оралабди сочларга ҳам оқ, Қанча фасл ўтди орадан, қара.
Хазонлар юракда титраб ётибди,
Васлингдан бенасиб қалбимдир яра.
Умид юлдузларим зулмат қаърида,
Дилимни қақшатар кучли ҳаяжон.
Тўлқинлар дарғаси ҳеч немас ахир,
Жўш урган бу қондан ҳайрондир сайхон.
Умидсиз дунёга ғарқ этдинг нега?
Эргашган югурик хаёлларимни...
Шошма, дилимдагин айтиб қолайин,
Тўкайин, сочайин аламларимни.
Орзу хазон бўлди сариқ япроқдек,
Олис юлдуздан-да олис юлдузим.
Кўзларим тин билмас мисли булоқдек,
Охорин йўқотди гулгун, ол юзим.
Энди ҳеч сўзламам, сўзламам ишқдан,
Алданмам севгининг рўёларига.
Асрлар давоми домига тортган
Қайтмам ўша ёлғон дунёларига...
БИР ЧИМДИМ МЕҲР БЕР.
Дунёнинг синоат синовлари бор,
Вақт ўтар бошингда қировлари бор,
Ҳатто тош иморат нуровлари бор,
Азизим, бир чимдим меҳр бер менга,
Нигоҳим мужгонинг пайконларида,
Маҳзун дил муҳаббат армонларида,
Сўзларинг юрагим дармонларида,
Азизим, бир чимдим меҳр бер менга.
Кўзимдан ёш эмас қонлар оқмоқда,
Дилим ғаш, ҳижронинг олов ёқмоқда,
Айрилиқ қошимда эшик қоқмоқда,
Азизим, бир чимдим меҳр бер менга.
Зимистон қиш қаҳри юрак қаъримда,
Бир бора кўрмоқлик тилакларимда,
Жавобсиз муҳаббат сўроқларимда,
Азизим, бир чимдим меҳр бер менга.
Қушлар ҳам учолмас қаноти синса,
Не қилай сенсизлик, кўзларим тинса,
Бу қалбим ўлгани шул кунга кўнса.
Азизим, бир чимдим меҳр бер менга.
Гумбаз ўт олади гар сен келмасанг,
Замин чўкиб кетар севгим билмасанг,
Ҳаёт тўхтаб қолар ҳолим сўрмасанг,
Азизим, бир чимдим меҳр бер менга.
***
Хар неки кўникиб, келдим аслида,
Сукунатлар асли ёради тошни.
Исёнлар сукутни бўғиш қасдида,
Кўзларим ичади чиқармай ёшни.
Гуноҳни тан олиш савобга йўлдир,
Азобларнинг ҳаққи қолиб кетмайди.
Майиб юрак билан яшаш улимдир,
Ўлсанг-да бу яра битиб кетмайди.
Юракка ўқ отган қотил эмасми?
Чалажон қилганни ким дейиш мумкин.
Синовларни тақдир деймизу асли,
Тақдирни ўйин қилиб ўйнашимиз чин.
Аллақачон йўқ бўлган, топталган кадр,
Куз ёш томчисида қуюлиб кетди.
Севиш гуноҳ бўлса сенинг дунёнгда ,
Менинг гуноҳларим уюлиб кетди.
Энди мумкин бўлса кетгин ёнимдан,
Бардошим етади энди куймайман.
Ўзимни ўзим-ла ташлаб кета қол,
Худо ҳаққи энди қайтиб севмайман.
Комила ҲИЛОЛ.