ОЙ СОҲИЛИ


    29 октябрь – Муҳайё Рустам қизини таваллуд топган куни билан табриклаймиз. 
    Муҳайёга мустаҳкам соғлик, узоқ умр, ишларига улкан ривож тилаймиз!
   
    Маълумот: Муҳайё Рустам қизи Пирнафасова (Қиличева) 1973 йилнинг 29 октябрида Самарқанд вилояти, Пахтачи туманида зиёли оилада туғилган.
     1991 йилда ўрта мактабни тугаллаб, 1992 – 97 йилларда Навоий Давлат педагогика институтининг филология факультети ўзбек тили ва адабиёти бўлимида таҳсил олган.
    Навоий телерадиокомпаниясида, Навоий вилояти “Дўстлик байроғи” газетаси таҳририятида мухбир вазифасида  ишлаган.
    1999 йилдан бошлаб, “Ёш куч”, "Ғунча" журналларида, “Маҳалла газетасида, Республика Ёш ижодкорлар Кенгаши ва Тадбиркорлар ва Ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси Навоий вилояти Кенгаши, "Саодат" журналида фаолият олиб борган. 
     "Шуҳрат" медали билан тақдирланган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Ҳозирда "Жадид" газетасида ишламоқда.
     “Ой соҳили” номли шеърий тўплами нашр этилган.

ОЙ  СОҲИЛИ

1. Маъюс ёлғизликка 
                            Куй чалар кеча,
Сукут тўлқинида
                            нур оқизар ой,
Кўк қаърига тортди диққатим.

2. О-о,
       нақадар тубсиз зулмат бу...
Кўзларимни қаритди жимлик,
юрагимни ялади ваҳшат.

3. Мен Осмонга
   бир томиб кўрдим.
Осмон чуқур... Жудаям чуқур.

4.Сенсиз қандай яшайин энди?..
Сенсиз қандай яшайин энди?..
Бирам сокин Ойнинг шуъласи...

ЧЎЛИ ИРОҚ

Гўшангада йиғлар ёр,
Ғужғон айланар ари.
( гулга томади азоб...)

Оҳ,бунчаям тун узоқ...
Узилади бармоқлар.
(Қурт босар гулғунчани...)

Ерга сиғмас баҳодир,
Қиличдан ўткизади
бир-бир гулнинг ҳидини.

Узункокил, хуррам қиз,
Талашар чумолилар
Ари тишлаган гулни.

Қулади сойга ҳилол,
Қон туфлади баҳодир.
(Эски чориқ кийди тонг...)

***
Бармоқларим сочилиб кетди
рутубатли фасл қаърига.
Мен баҳор деб ўйлабман қишни.

Ниҳо-оятда узоқ янглишдим,
ёриб кириб муз қатламини
маҳобатли улкан кемадай...

Ортга йўл йўқ, осмон ҳам бекик.
Ахир сочим гуллади қийғос,
Қояларга санчилиб умрим.

Фақат қушлар...
                   Қушлар бор кўкда,
орзиқтирар мудом хаёллар.
(Дил тубида овозсиз фарёд.)

Юрагимдан уфурар афсус,
Муҳаббатинг-абадий музлик.
Нега мени танладинг?.. Нега?..

***
Мен ой каби юввошми?
Ё шамолдай бебошми?

Ё саратон сархуш-мен,
Ё ялдойи беҳуш-мен.

Ё куз менга ошиқдир,
Ё кўклам- ҳур қўшиқдир.

Ё мовий кўк –анбарим,
Ё чаман –гулчамбарим.

Ё шом соҳир маҳрамму?
Ё тонг маним чеҳрамму?

Ё гул ҳиди созимдир,
Ё ёмғир овозимдир.

Ё кундуз сувайдоман,
Ё тун нури пайдоман.

Ё армон ўсган боғман,
Ё ғамдан бунёд тоғман.

Ё шафақ – ол меҳробим,
Ё қоришиқ туробим.

Ё муродга марг бўлдим,
Ё нусратга барг бўлдим.

Ё мен дунда бадарман,
Ё кофурий кадарман.

Ё шўр қисмат кўй  менга,
Ё охирим тўй менга.

Ё саботим манзурму,
Ё, гуноҳим мағфурму,

Ё, дегил, не озорим?
Ё шойиста мозорим.

СИРОТ 

... Тағин адаштирди кемани тўфон,
Денгиз балосига йўлиқди сайёҳ.
Қутирган шамол-ла курашар нолон...

Қутирган шамол-ла курашар нолон,
Курашар бедаво тўлқинлар ила.
Жон қасдида ҳамла қилади уммон...

Жон қасдида ҳамла қилади уммон,
Судрар, силтаб отар шўрлик йўлчини.
Девдай босиб келар қоп-қора осмон...

Девдай босиб келар қоп-қора осмон,
Зулфиқор томчилар савалар тинмай.
О, денгиз, балои азим беомон...

О, денгиз, балои азим беомон
Не садаф танларни юбормиш ютиб,
Не мустафо жонлар қаърида қурбон...

Не мустафо жонлар қаърида қурбон,
Қаттол уммон ҳусни мафтун этар бот.
Эй, сен, бардам бўлгин, оғма, эй мардон...

Эй,сен,бардам бўлгин, оғма, эй мардон,
Даҳшатли сувкўприк—сирот ваҳшати.
Омон ўт,бу йўлдан, ҳазрати инсон...

Омон ўт, бу йўлдан, ҳазрати инсон,
Ҳаёт денгиз мисол солмоқда сурон.
Бот-бот адаштирар кемани тўфон...

ЗАНГОРИ МАСОФА

Бугун субҳда
кеча ёвшанзорда тунаган
тонг қушлари қилдилар хониш.

Янграб турди сойдан
бақаларнинг
масрур қийқириқлари.

Анов учаётган
дарахт япроғи
мен бўлсам керак.
Ранги ўхшаяпти рангимга.

Шарқдан ғарбга томон
жадал йўрғалар
луччак шафтолидай
қирмизи қуёш.
Сувга оқиб кетди овозим.

Бугун саҳарда
жимгина кузатдик
бир-биримизни...
Кейин қаёққадир жўнади Вақт ҳам.

МУСОФИР ЎЛАН
1

Самарқандда... 
Узоқ йиллар тўшак тортиб 
соч-соқоли қордай оқарган
оқсоқол отам бор эди...

Самарқандда...
Оқ булутдай оқсоқол отамнинг
момиқ кўрпаларин қавиган
дуолари қуёшдай қайноқ,
илтижоси нур каби заррин,
меҳри алангага ўхшаган
кундайин нурафшон энам бор эди...

Самарқандда...
ўша оқсоқол отам ва нурафшон энамнинг
оқ олмали, олтин ўрикли
ҳардамбаҳор салтанати бор эди...

 Самарқандда...
Ҳилпираган байроқчалар-жон жигарларим,
нажиб алифболар-юлдузчаларим,
офатижон синглим, шўх укаларим-
жажжи мамлакатим бор эди Менинг...

2

Жаранглайди хотира,
потирлайди хаёлим.
Кўкда зангори ҳилол.

Кўзим учди-жуфт турна,
Кипригим қоқди шамол.
Чайқалар кекса денгиз...

3

Айро, айро, жон, айро,
Мусофир бошим, айро.
Айро, айро, жон, айро,
Қисмат-қуёшим, айро.

Айро, айро, жон, айро,
Сабрим-сирдошим, айро.
Айро, айро, жон, айро,
Бахтим-бардошим, айро.

Айро, айро, жон, айро,
Палаҳмон тошим айро.
Айро, айро, жон айро,
Кўзимда ёшим айро.

4.

Дарча очилади инграниб
Яна ёпилади ўзи ғийқиллаб.
Дарчадан бошини чиқарар кампир.

Пахса девор энгаши-иб қарайди,
Кўчиб тушар лой сувоқлари.
Қабоғимда нурайди фурсат...

Имлаяпти томда қизғалдоқ , 
Рўмолча силкитар дарахтлар:
“Кел энди, ярашамиз, кел...”

5.

Додейй...
Ойдин тунлар тушларимда оқ булутлар кезадир,
Жоним оппоқ булутларда бир омонат сезадир,
Юрагимни дийдор ҳисси майин-майин эзадир,
Мен тупроқда, ул ҳарирлар самоларда сузадир.

Додейй...
Кундузимга куя тушди, тунларимга бит тушди,
Кўксим куйиб роҳатимга, оромимга ўт тушди,
Икки дунё орасида сарсон қолдим , отажон,
Сизни тусаб, сизни қумсаб менинг жоним увушди.

Додейй...
Оо, ғўрлигим, ҳавасимни шаҳарлар не деб олди?
Жон-танимда, эс-ҳушимда тинчим қандай йўқолди?
Қатнамоқдан алал охир оёқ надир, йўл толди
Мени истаб, мен истаган айтинг, энди  ким қолди?

Додейй..

6.

Ғир-ғир шамол, эс, шамол,
Қалдирғочнинг ўлани-
Тоза ҳавода юрак.

Ғир-ғир шамол. эс, шамол,
Арғимчоқлар эгасиз...
Титрар муаллақ қўллар....

Ғир-ғир шамол, эс, шамол,
Ҳур гуллайди дарахтлар...
Бўйим етмас бўйига...

7.

Самарқандга сафар...
Хаёлга зиёрат,
Булутларга ҳижрат,
Ранглар ичра  саёҳат--
Қиёмат қадарли мозий бир  соғинч.

Ҳилпираган байроқчалар чорлайди мени...










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот