МЕН СЕНИ ТОПАМАН...
МЕН СЕНИ ТОПАМАН...
Мени тун қўйнига боғлади алам,
Қувончим эшиги ёпилди.
Бағримга сўровсиз санчилган алам,
Қоғозга қонларим отилди.
Қоврилди қўл келган юрагим,
Титрадим армоннинг домида.
Умрида учмаган тилагим,
Бошимга айланди номига.
Осмоннинг қорайган юзига,
Сочаман кўзларим доғини.
Кўнглимнинг ҳуштаки қизига,
Бераман юрагим ёғини...
Ана у, жинларни қайраган қотил,
Тунлари қонимни ялайди.
Бўғзимда музлаган сўзларим отил,
Ғажирлар танамни талайди.
Кетаман, қувғинди бўрилар,
Умидим узилган тоғларга.
Соғинчим сочилган сўрилар,
Онамни кузатган боғларга.
Девларнинг Девона бобоси,
Чўққидан бургутдек тикилар.
Отамнинг янграган дуоси,
Йўлимга тутдайин тўкилар.
Даралар дод солган ялмоғиз,
Сўқмоқлар оралаб чопаман.
Харсанглар йўлимга чўкар тиз,
Кўҳна боғ, мен сени топаман!
Бу йўлдан ҳеч қачон қайтиш йўқ,
Ўкинч бор, бировга айтиш йўқ...
Ахтамқули