КИШАН КИЙМА…
КИШАН КИЙМА…
Кишан кийма, бўйин эгма,
ки сен ҳам ҳур туғилғонсен!
Абдулҳамид Чўлпон
Кишанлар кияйми,
Бўйин эгайми,
Эркимни берайми сенга қайтариб?
Ўзни унутайми,
Қонлар ютайми,
Турайми қошингда муте, музтариб?!
Чопайми
Чопилган томирларимни,
Суғуриб берайми тилимни?!
Бир «ҳайт!» деб,
Сермасанг қамчининг,
Қул қилиб берайми Элимни?!
Кўзимни юмайми,
Энди очилган
Тарихнинг асотир китобларидан?
Юзимни бурайми,
Ёвдан юзини
Бурмаган аждодим хитобларидан!?
Қиличим ташлайми
Синмасдан бурун…
Қаттол қиличига тегмай жаранги?
Қўқонми, Марғилон
ва ёки Жиззах…
Жанггоҳ этагида тугамай жанги?
Санчайми
Ҳар битта гўдакларимни,
Ваҳший бир аскарнинг милтиқ тийғига?
Кўйлагин илайми
Кўкалдош, Кўкча…
Масжидин тўрида турган туғига?
Ўтайми
Пок муслим, тоза муслима
Бобом ё момомнинг қабрини бузиб?
Ерга урайинми яловларимни
Онам туморини узгандай узиб?
Кетайинми яна
Юз йиллар нари,
Пешонамга лаънат тамғасин босиб?
Ўлдирайми
гул-гул фарзандларимни
Сургунга жўнатиб,
Дорларга осиб?!
Қараб турайинми
Суврати аъён,
Сотқин сиёғига жимгина боқиб?
Лаънатлайми
Чўлпон, Усмонларимни,
Қодирий китобин ўтларга ёқиб?!
Бузайинми
Хива, Бухоро Аркин,
Минг йиллик минора ҳавозаларин?
Бир дағдаға қилсанг,
Очиб берайми
Тошкент ё Самарқанд дарвозаларин?!
Ерга кўмайинми,
Осмонни очган
Настаълиқ, шикаста имлоларимни?
Бузилган қасрингга
Тўлайми хирож –
Ипагу пахтамни, тиллоларимни?
Оми деб кулайми
Даҳоларимдан,
Беришса – кўзининг ёғигача еб?
Ор қилайми халқим,
Она тилимдан,
«Шуям миллатми деб, шуям халқми деб?!»
Бўшатиб берайми
Мадрасаларни,
Ёв бостириб келса – отхоналарга?!
Алмашиб берайми
Масжид, мадраса,
Саждагоҳларимни бутхоналарга?!
Яна нима дейсан,
Нима истайсан,
Ёлғон, фитналардан безмадингми ҳеч?!
…Пушкин Навоийнинг қошига келиб,
Узр сўраб турар!..
Сезмадингми ҳеч?!
Ўйнашма
Миллатнинг ғурури билан,
Миллатнинг Номуси, Оридир – бу Эрк!
Она дегани бу – Она тилидир!
Ва бутун бир халқнинг боридир – бу Эрк!
Жонини жаҳонга
Жон деб улашган
Улуғ бир Онамиз – шу Ватан ҳаққи,
Келсанг,
Одамдай кел! –
Бағримиз очиқ,
Нон ҳаққи, туз ҳаққи, жону тан ҳаққи!..
Истибдод сиртмоғин
Бўйнимга солмоқ –
Бўлса агар қасдинг,
Умидингни уз!
Коинот қалбида
Порлаб турибди
Бугун Ўзбек деган мунаввар бир Сўз!
Қўрқитма!
Қалбимдан қўлларингни торт!
Катта Йўлга чиқиб бўлган Карвонмиз!
Асли сен қўрқасан!
Чунки Ишқ билан,
Бир буюк қалб бўлган Ўзбекистонмиз!
Бир буюк халқ бўлган Ўзбекистонмиз!
Кишанга қайт, дейсан…
Эй, шўрлик олчоқ…
Зебо МИРЗО.
2020 йил 25 май соат 9:35