САБРДАНДИР


Ҳаёт боғин обод этмоқ, чидам, бардош, сабрдандир,
Бу боғнинг бошига етмоқ, бетоқат, бесабрдандир.

Дегайлар, юз балоларга, қилур ошно сабрсизлик,
Аларнинг сув ичар сойи, лойу лойқа — жабрдандир.

Фалакни тўлдирур гулга, сабр — олтин, демиш ҳикмат,
Сабрсизнинг борар жойи, захи сандон — қабрдандир.

Шамолдек шошқалоқларда, ҳаловат йўқ шамол мисли,
Шамолдек топмагай ором, на ўрдандир, на қирдандир.

Бешик — тобут аросинда синовсиз бир нафас йўқдир,
Синовлардин омон ўтмоқ, саҳиҳ сабру кабирдандир.

Сабр гоҳо оёғимга кишан бўлди, демишлар бор,
Аё, ул кишиким, бахтин, сомон янглиғ совургандир.

Ҳабибдир ул, табибдир ул, жаҳолат зарбига қалқон,
Қаноат қилмаганларни, қозонларда қовургандир.

Ҳамиша саждалар қилгин, сабр-бардошга, эй кўнгил,
Ўшанда муҳташам иқбол, санга дўсту қадрдондир.

Абдусаид КЎЧИМОВ шеъри.
Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ ижросида.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот