САОДАТли ҳаётнинг садоқатли соҳибаси


   Ҳаёт довонлар оша илгариланма ҳаракатдан иборатдир. Бу довонлар катта-кичик шаклда инсон балоғатга ета бошлаши билан унинг олдида қад рослайди. Кимдир бундан муваффақиятли оша олади, кимдир эса ўта олмасдан мағлубиятга учрайди. Хўш, бу тақдир тўсиқларидан ошишнинг сир-асрори, тилсими борми? Иқтидорли шоира Мунавварахон шу ҳақда шеърхонни мушоҳадага чорлайди.Ўзи мисолида ўзгаларнинг тақдирига тааллуқли туйғуларни ҳам қалб призмасидан ўтказади. Ҳаёт қурган ғовларни, у яратган тўсиқларни забт этиш учун қатъий ирода, мақсад сари интилиш, эзгулик ва адолат йўлида, асло толмаслик заруратини уқтиргандек бўлади. Ҳаёт, сени нима билан енгдим дея бунга ўзлари жавоб қайтаради. Бу жавоб қатъий ишонч, сабр-у садоқат ва орзули, армонли талпиниш. Мана, ҳаёт довонларидан ошишдаги, бахт калити, ҳаракат мезонлари. Сени заҳмат билан енгдим, тоқат билан енгдим, ибрат билан енгдим, ҳасрат, раҳмат, меҳнат, қисмат билан енгдим, - дея қатъий хулосага келади шоира. Бунга бардош берган, чидам ва тўзим билан жавоб бера оладиган инсонгина ҳаётнинг нурли қояларини, ғояларини эгаллайди, Бу эса ҳаётга муносабат бобидаги инсон тақдири, шонли ва жонли қисматидир. У заҳмат чекмагунча раҳмат эшитилмаслигини яхши билади. У инсон умри ҳасратга тоқат, қисматга ибрат ва меҳнат орқали эришиши мумкинлиги ҳақидаги адолатли ҳукмга келади. Ҳаёт эса адабиётга озиқ, тараққиётга эса ёзиқдир. Шу тобда ушбу назмий қораламамни илова қилиб Мунавварахоннинг мазкур шеърини тинглаш асносида ўз умрингизни сарҳисоб қилиб юрт, ватан олдидаги бурчдорлик туйғусини қалбингиздан ўтказишингизни ўтинардим.

Ҳаёт бу аслида, борлиқ, тириклик,
Ғам ҳамда шодликка бўлган шериклик
Юртдошинг дардига малҳам бўлмасанг,
Айтиларми, бундай ҳаёт кераклик?!

   Бир-биримизга керак бўлиб яшашимизнинг ўзи чинакам бахт! Мунавварахон доимо САОДАТли ҳаётнинг садоқатли соҳибаси бўлишига орзумандмиз.

Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ - филология фанлари номзоди, профессор.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот