ТАВАЛЛО
Нилуфар ЖАББОРОВА
ТАВАЛЛО
Ишонардим ахир, суянган эдим,
Умидим, илинжим узилди ё Раб!
Ногоҳ қай бир лаҳза билолмай қолдим,
Туйғуларим тоғи кетганин қулаб.
Ҳар куним, ҳар туним иқрорим эдинг,
Сукунатдан топган ёлғиз юпанчим.
Не сабаб бўлдики, аҳдингдан қайтдинг?!
Муаллақ турибман, йўқдир таянчим.
Бегумон, бешубҳа борим сўзладим,
Мени алдаб қўйди маъюс кулганинг.
Ойдин ёғдулардан меҳр изладим,
Наҳот билмай қолдим сенинг тўлганинг?!
Янги қиёфада чиқдинг бош эгиб,
Инсоният ночор, неларни кутдинг?!
Яна кимнинг қалбида умидни экиб,
Соддадил кўнгилга бағрингни тутдинг?!
Наҳотки само ҳам тўлди риёга?!
Жимгина, жимгина аламда ёндим.
Узун забонлардан куйган дунёда,
Забонсиз деб наҳот сенга ишондим?!
Вафодан улғайган буюгим ғамни,
Кимларнинг бошига юк қилиб отдинг?!
Кечирмас, унутмас куюк аламни
Айтгин, дардларимни қайларга сочдинг?!
Асрлаб юрагим кўтарган замбил.
Озгина фурсатда келдими малол?!
Бўлсин ўртамизда адолат кафил,
Кўнгил келишуви тугасин ҳалол.
Нигоҳларинг билан сўзла, ишонтир,
Садоқат тирикдир, вафо ўлмаган.
Айт, дилни тарк этсин оғир хавотир,
Ҳали муҳаббатга видо келмаган!..
Ҳасратим гуллади мағрур, тик туриб,
Ишончнинг бўйнидан сиртмоқни ечди.
Аммо, омонатим – андуҳим кулиб,
Ҳеч қандай имконсиз мендан воз кечди.
Не хаёл, не ўйда кўрсатиб гардни,
Хиёнат йўлини тутдинг хойнаҳой,
Муштдек юрагимга жойланган дардни
Самодек бағрингга сиғдирмадинг ОЙ!