ЯНГИ ЙИЛ КЕЛАЯПТИ
Умида АБДУАЗИМОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими
ТИКИЛИБ-ТИКИЛИБ ҚАРАЙСАН
Тикилиб-тикилиб қарайсан?
Хумор кўзларинг қадайсан?
Парвомга олмасам, ўтиниб,
Ўкиниб, ўкиниб қарайсан.
Севгингни сездирсанг, ўргилай,
Сархуш боғ кездирсанг, ўргилай!
Хаёлим жиловлаб, қалбимга
Исмингни ёздирсанг, ўргилай!
Сен мени аввал хўп ўйлатдинг,
Сўнг қалбга эзгу ҳис ўрнатдинг.
Сен-ла кун фараҳ, дил фахрли,
Сен менга севишни ўргатдинг!..
АРАЗЛАМАНГ
Намозшомда очилган гуллар,
Юмилсинлар, майли, чошгоҳда.
Жала қуйсин ушлашиб қўллар?
Бизлар қувнаб юрган чорбоғда,
Фақат, жоним, сиз аразламанг.
Қорачўғлар чўғин кўрсатмай,
Эгилмасин узун киприклар.
Мавзуларим поёнга етмай,
Орзум кўмилмасин тириклай,
Фақат, жоним, сиз аразламанг.
Самбитгулдек барно қоматлар,
Чоғланмасин биздан узоққа.
Ўз ёғида қоврилиб қалблар,
Доғланмасин тушиб тузоққа,
Фақат, жоним, сиз аразламанг...
МЕНИ ДЕСАНГ
Мени десанг, сени дейман,
Ҳамиша ғамингни ейман.
Дилингдагин тилинг айтса,
Мен ҳам ёр, чин сўзим дейман.
Алдаганга алдоқчиман,
Ҳаётингга мен соқчиман.
Бу ёлғончи дунёсида
Алданмагин демоқчиман.
Ташрифингдан айланайин,
Ташвишингга шайланайин.
Ширин тилак, дил малагим,
Тақдирингга бойланайин.
ЎША СИЗМИ?
Ўша сизми, деразамдан гоҳ
Гул ирғитиб йўқолган бесас?
Ёмғир бўлиб, чертиб ойнамни,
Хонам узра боққан серҳавас?
Ўша сизми, димоққа еллар
Билан баҳор бўйин таратган?
Сочларимни тортқилаб майин,
Мени ҳар ён ҳайрон қаратган?
Ўша сизми, қор бўлиб оппоқ,
Йўлларимни оққа белаган?
Қошларимдан, сочларимдан шўх
Ҳислар билан шодлик элаган?
Ўша сизми, тунлари менинг
Кўзларимдан уйқумни олган?
Ширин ўйлар, ҳаяжонлар-ла
Юрагимга муҳаббат солган?
Ўша сизми, ўрик гулларин
Севган барно, севдирган барно?
Ўрик гулли кўйлагим кийсам,
Пинҳон боқиб, лол турган барно?
Ўша сизми, умр бўйи мен
Излаганим, излатганим ёр?
Ўша сизми, ҳа, ўша сизсиз,
Талпинмайди, қалб ахир бекор!
СЕНИ КЎРГИМ КЕЛАВЕРАДИ
Қуёш бевақт кулаверади,
Боғлар кўз ёш қилаверади,
Қорлар гўё ўлаверади,
Сени кўргим келаверади.
Эшик қоқиб ёзлар ўтади,
Эътирозлар, розлар ўтади,
Ихтилофлар, нозлар ўтади,
Сени кўргим келаверади.
Гул кўтарган ошиқлар кўпи,
Келиб-кетар маъшуқлар хўпи,
Тахланиб чўғ юракнинг гапи,
Сени кўргим келаверади.
Автолардан қолиб юраман,
Аэролардан қолиб юраман,
Хаёлимда олиб юраман,
Сени кўргим келаверади...
ОТАШ ЭДИ
Оташ эди қалбимда ҳислар,
Чақмоқ эди нигоҳларим ҳам.
Бироқ мени ёндирган кўзлар,
Ўзгаларга боқарди у дам.
Ўксиб-ўксиб йиғлардим пинҳон,
Юрак тушиб унинг қасдига.
Қалбим аро қанча сўз ниҳон,
Кўргач тилга келмай аксига.
Орқасидан қараб қолардим,
Тилаганча яна бахтини.
Дардларимни ўраб қолардим,
Қайтармадим дея шахтини.
Минг азоб-ла оташин ҳислар,
Кўмилганда қалбимга сўниб.
Қайтиб келди у қаро кўзлар,
Қаърига дард, ўкинчлар чўмиб.
Ёнар эдим ёниқ ҳислардан,
Қаро кўзлар фироғида ман.
Энди эса ўша кўзлардан,
Яширина олмай доғдаман.
АЛИШМАЙМАН
Юрагимнинг чўғини
Қуёшга алишмайман.
Чунки куйиб, ёнишда
Қуёшдан қолишмайман.
Кўзларимнинг нурини
Оймомадан олдим-у,
Ундан илгари кетдим,
Шу сабабдан жимдир у...
Қувончу ташвишимдан
Бардошларим бўлди тоғ.
Энди қор кўчкилари
Бостириб қилмас адоғ.
Мен ўзимни тикладим
Олий мавжудот бўлиб.
Дардларимни юкладим
Елларга бот-бот юлиб...
Юлдузларнинг баҳсида
Менинг устунликларим.
Шундай, ҳаёт саҳнида
Ҳамиша бутун бағрим.
БИРИНЧИ БЎЛМОҚ
Бир ҳафтадан бери биз,
Нега нари-беримиз?
Шунчалик бездирдикми,
Ҳаётда бир-биримиз?
Важ топиб бер кўрарга,
Сўзлашишга, куларга.
Бизни айри қўйма, деб
Ёлворарман ғурурга.
Ғурур дейди: «Ўзинг тут,
Дилингдаги сўзинг тут.
Яраш-яраш тоғидан
Ё биринчи ўзинг ўт!»
Биринчи бўлмоқ қийин,
Аҳдлашиб, кулмоқ қийин.
Биринчи бўлиб яшаб,
Биринчи ўлмоқ қийин.
Биринчи сўз қотинг, ёр,
Ва ёки сим қоқинг, ёр,
Ҳеч бўлмаса жилмайиб,
Узоқдан жим боқинг, ёр.
Шунда тарқар уйқумиз,
Юракдаги қутқумиз.
Кўзларни ўт олдирар,
Бир самимий кулгумиз!..
ЯРАТГАН
Мени Тошкент, сени Наманганда яратган,
Билиб билмай бир жону бир танда яратган.
Масофадан норизо ҳайф десак тақдирга,
Ишқимиздан тоғлар пароканда яратган.
Сабр тоғин забт этурмиз ҳафта оралаб,
Булбул чақчақлаган ғайри онда яратган.
Фахрким туш, хушлар аро фарқсизлик мудом,
Ошиқ аҳлин ғулув ғалаёнда яратган.
Отабекдан ортда қолмай мажнуна Зайнаб,
Кумушман деб мозор кезган онда яратган.
Эй Умида, кўнгил энди тақдир ҳукмига,
Бу муқаддас ғамни Аллоҳ жонда яратган.
АССАЛОМ, ЯНГИ ЙИЛ
Ассалом, Янги йил, янги режалар,
Янги ўй-орзули кундуз, кечалар!
Янгилик яратган қўллар, бор бўлинг,
Яхшилик чорлаган йўллар, бор бўлинг.
Бор бўлинг, дўстларим, қаро кўзларим,
Сиз билан дил обод, ёруғ юзларим.
Қалбларни қамраган сеҳрлар ошсин,
Қайғуни ҳайдаган меҳрлар ошсин.
Ассалом, Янги йил, янги кашфиёт,
Мўл бўлсин сенда бахт, саодат зиёд.
Ошиқлар армони ушалсин, дўстлар,
Вафодан поёндоз тўшалсин, дўстлар.
Умида умидин ёққан чироқ бўл,
Шодликка йўлдош бўл, ғамдан йироқ бўл!
Ассалом, Янги йил, янги режалар,
Янги ўй-орзули кундуз, кечалар...
АЙТ, НИМА ҚИЛАЙ?
Тушларингга кирмоқ учун айт, нима қилай?
Хаёлингда юрмоқ учун айт, нима қилай?
Бахти тугал, аҳди тугал ёр бўлмоқ учун,
Менга қўлинг бермоқ учун айт, нима қилай?
Катта йўлнинг катта экан муаммолари,
Бисёр экан муҳаббатнинг мубталолари.
Бу йўлга мен кирдим-у, ҳеч чиқа олмадим,
Бор экан ўз сафолари ҳам жафолари.
Кўнгил вайрон бўлиб кетди, малҳам қайдадир?
Ситамлардан тўлиб кетди, малҳам қайдадир?
Куйни бузиб чалса, эсиз куй, дейдиларми,
Чолғучида эмасми айб, наҳот найдадир?
Тушларингга кирмоқ учун айт, нима қилай?
Хаёлингда юрмоқ учун айт, нима қилай?
Эркин-эркин оқсам дейман, эркин сув бўлиб,
Боғингдаги ирмоқ учун айт, нима қилай?..
ЯНГИ ЙИЛ КЕЛАЯПТИ
Янги йил келаяпти, ёр кўринмайди.
Ул бепарво васлимга зор кўринмайди.
Қорбобо ҳам келмоқда, совға-саломи билан,
Қор қиз ёнимда, аммо қор кўринмайди.
Қор бўлмаса бўлмасин, йўлим оқ айлар ёрим,
«Келар» деган умидим бор, кўринмайди...
Овоза қилай десам армону аламларим,
Пинҳон қўшиқ-куйим бор, тор кўринмайди.
Барча орзу-ўйларим зое кетиб, ўзимни,
Осмоққа шай турибман, дор кўринмайди.
Тор бўлмаса бўлмасин, дор бўлмаса бўлмасин,
Кайфиятим очишга кор кўринмайди.
Ёрсиз ўзим ҳайронман, юрак-бағри вайронман,
Барин ошкора этсам, ор кўринмайди.
Оташ-аланга билан ўтирган Умидага
Янги йил ҳам, бўлмаса ёр, кўринмайди...
ТАНИШЛАРИМСИЗ
Яшолмайман яширин хонишларимсиз,
Ширин хотираларда ёнишларимсиз.
Бўйи бўйимга монанд, ўйи ўйимга,
Дили бир, йўли айри танишларимсиз.
Кунлар ўтар, юракни бир ҳовуч қилиб,
Ўр хаёлин беради бир овунч қилиб.
Хотирадан кеч юрак, ишқ шаробин ич юрак,
Бевафо ёр севгисин чин севинч қилиб.
Дилим доғли, оёғим ҳам қўлим боғли,
Ўрга олиб боражак тўрт йўлим боғли.
Юракка ишим тушди, буйруқ бераман,
Бу кундан ўлим афзал, лек ўлим боғли.
Умрим ўтиб бормоқда, ютиб бормоқда,
Қайси боғда бир дарахт куртак ёрмоқда.
Яшолмайман «сев» деган ёнишларимсиз,
Кулиб боқсанг севгимдан тонишларимсиз...