Мушукнинг сичқонларга дегани
Ҳой сичқонлар, сичқонлар,
Кайфиятим бузманглар.
Бўғдой қопга кириб олиб,
Сичқон базм тузманглар.
Учта,тўртта дон билан,
Тўярку қоринчангиз.
Ҳамма қопга тиқасиз,
Ювуқсиз буринчангиз.
Қопларда одамларнинг
Ризқу-рўзи жойланган.
Ҳар бир қопга қанчалар,
Меҳнат, меҳр бойланган.
Ҳой сичқонлар, сичқонлар,
Тайёрига айёрлар.
Бировларнинг ҳаққидан,
Қўрқмайдиган беорлар.
Барингиз исқирт,сассиқ,
Оёқ-қўлингиз ифлос.
Ювинмай овқатланиш,
Фақат сичқонларга хос.
Микроб сизга меросму?
Кирданму, зодларингиз?
Чўмилмайин ўтмоқда,
Авлод- авлодларингиз.
Онангиз,опангиз ҳам,
Кир ювишни билмайди.
Бирор марта отангиз,
Совун олиб келмайди.
Касаллик тарқатасиз,
Ифлосламоқ ишингиз.
Туғилгандан бери ҳам,
Ювмагансиз тишингиз.
Омбор томон чопасиз,
Ҳаммом томон келмайсиз.
Сичқон қизларга атир,
Упа совға қилмайсиз.
Эътирозим кўп сизга,
Чарчадим огоҳ этиб.
Тунлар писмиқлигингиз,
Жонимдан кетди ўтиб.
Инсоф деган йўқ сизда,
Токайгача пойлайман.
Бир кечада барингизни,
Оч қорнимга жойлайман.
МУШУГИНИНГ ДУМИДАН ҚЎРҚҚАН БОЛА ҲАҚИДА
Тунда чўчиб уйғонди у,
"Илон" - дея бақирди.
Қордек кўчиб уйғонди у,
Онасини чақирди.
Онаси чироқ ёқиб,
Нима деб, бўзлай кетди.
Отаси ўша маҳлуқ,
Илонни излай кетди.
Она кўрпа-ёстиқни,
Титиб, ахтариб кўрди.
Боланинг кароватчасин,
Секин ағдариб кўрди.
Сурилди дарпардалар,
Гилам қоқиб кўрилди.
Қоронғуроқ бурчаклар,
Фонар ёқиб кўрилди.
Қўрқоқнинг оҳ-фарёди,
Тунни титратди ўқдек.
Аслида илон деган,
Маҳлуқ ҳеч ерда йўқдек.
Туртиб кўрилди секин,
Шкафларнинг бурчлари.
Очиб кўрилди секин,
Сандиқларнинг ичлари.
Ҳеч ким мижжа қоқмади,
Қаттиқ ташвишга тушди.
Топилмагач, энг сўнгги,
Имконлар ишга тушди.
Ота, илон расми бор,
Календарни ташлади.
Болажоним қўрқди деб,
Она йиғлай бошлади.
Дўстим сен ҳам ростми деб,
Қайғуларда кўп ёнма.
Воқеа бундай бўлган,
Хоҳ ишон, хоҳ ишонма.
Келмаган ҳеч бир илон,
Сеҳрганнинг хумидан.
Қўрқоқ қўрқибди тунда.
Мушугининг думидан.
Шляпа кийган эчки
Эчкивой ҳам "мода" - дея,
Соқолини қийворди.
Бошга эса алламбало,
Шляпадан кийворди.
Шляпани икки кунда,
Тешиб чиқди шохлари,
Буни кўриб кўкка етди,
Эчки хола оҳлари:
Қанча пулга олган эдик,
Ҳамма қилар масхара.
Шляпадан шохларингиз,
Чиқиб турар тасқара.
Жон дадаси соқол қани?
Сизга соқол ярашарди.
Салобатли, кўркам, дея,
Ҳавас билан қарашарди.
Энди эса сизни кўрган,
Кулавериб қотиб қолди.
Қўчқорвой-ку, кулавериб,
Қорнин ушлаб ётиб қолди.
Улоқчалар ҳижолатда,
Эгиб юрар бошини,
Сизу бизга билдирмайин,
Артар кўзда ёшини.
Эчки деди: Улоқларим,
Наҳот қўйдим иззага,
Менга деса, соқол ўсиб,
Тушмайдими тиззага.
Ахир, ахир улоқлар –деб,
Юрибманку, дунёда.
Бу дунёда ҳеч нарса йўқ,
Болалардан зиёда.
Улоқчалар кулиб юрсин,
Сакраб қиру - қиёда.
Шундай дия, шляпани,
Улоқтирди дарёга.
Тулки шоир бўлмоқчи
Шоир Қуён дўстига,
Ҳавас қилиб Тулкивой.
Шеърлар ёза бошлабди,
Қофиялар пойма-пой.
Ёзай деса ёдига,
Фақат товуқ келаркан.
Мавзуни алмаштирса,
Сўзлар совуқ келаркан.
Хаёлида товуқлар,
Карнай-сурнай чалармиш.
Бирдан товуқ фермага,
Раис бўлиб қолармиш.
Тушида маржон тақиб,
Хиром қилар товуқлар.
Қақарлашиб уйқусин,
Ҳаром қилар товуқлар.
Ёзган сайин сўлак оқиб,
Дафтар ивиб кетибди.
Шундай қилиб, шоирликдан,
Кўнгли совуб кетибди.
Зулфия МЎМИНОВА - "Меҳнат шуҳрати" ва "Дўстлик" орденлари соҳибаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира.