Миллат болаларига нима керак?
Куз фаслини яхши кўраман. Гарчанд устоз шоиримиз машҳур шеърларининг бирида «...Бир пари фасл» дея чиройли таърифлаган бўлсалар-да, мен негадир кузни ўзимизга ўхшатаман. Ишчан, тинсиз, тўкин.... ва бирозгина маъюс... Кимга қандай кўринишидан қатъи назар, олма дарахтлари меваларини пахса деворлардан ошириб, йўлларга тўкиб бераётган, анҳор сувлари тиниқ тортган, оловранг хазонлари ерда, қуёши кўкда ярқираган, Ўзбекистон икки қуёш орасида яшаётгандай бир таассурот уйғотадиган бу фасл менга ёқади. Куз аввалида кўнглимга ёруғлик туширадиган яна бир манзара бор: бу қадрдон мактабларига йўл олаётган ўғил-қизлар...
Уч ойлик танаффусдан сўнг яна улар билан суҳбатларимиз, учрашувларимиз давом этади. Болалар даврасида бўлишга ҳамиша ошиқиб тураман. Чунки улар билан мулоқотларда кўпинча янгиланаётган оламни ҳис этаман, дилда «Эртага зўр бўлиб кетамиз», деган бир ишонч мустаҳкам тортади.
Бундай туйғуни, айниқса, махсус мактаблар – Президент мактаблари, ижод мактаблари, бошқа баъзи фанларга ихтисослашган мактаб ўқувчилари билан учрашганда кўпроқ қалбдан кечиради одам. Сўз одами бўлганимиз учун ижод мактабларининг тадбирларига тез-тез борамиз. Марғилондаги Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби ўқувчилари билан учрашувдан сўнг анчагача бу масканда кўрганларим таассуротлари билан қувониб юрдим, эшитса-эшитмаса учраганга:
– Биз уларнинг ёшида озодлик нима, қуллик нима, бу тушунчалар инсонларнинг, халқнинг тақдирида қандай аҳамиятга эга, мутлақо билмасдик. Булар мустақиллик болалари-да, Абдулла Қодирий ҳазратлари асарларидан парчани саҳналаштириб, ҳар айтган гапини бор эни-бўйи билан англаб, жонлантириб беришяпти. Чўлпон ҳазратларининг «Гўзал Туркистон, санга на бўлди?» шеърини ашула қилиб, жўр бўлиб куйлаганларида ботиний дунём ағдар- тўнтар бўлиб кетди, – тарзидаги гапларни гапириб юрдим.
Жиззахдаги Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним, Андижондаги Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаблари ўқувчилари билан учрашувларда ҳам ўғил-қизларимиз тафаккурига биз орзу қилган дунёлар кириб келаётганига гувоҳ бўлиб, қувондик. Фарзандларимиз эришаётган муваффақиятлар фақат улар таълим олаётган маскан ёки ўз қишлоқлари, шаҳарларидагина эмас, бутун мамлакатимизда, ҳатто, юртимиз сарҳадларидан чиқиб, хорижий давлатларда ҳам бўй кўрсатмоқда. Ўғил-қизларимиз турли фан олимпиадаларида ғолиб бўлишмоқда. Битирувчилар бир вақтнинг ўзида бир неча олий ўқув юртларида ўқиш имкониятларини қўлга киритмоқдалар. Бир таълим масканининг ўзидан бир йилдаги битирувчиларнинг ярмидан кўпроғи талаба бўлиш бахтига муяссар бўлишмоқдаки, буларнинг ҳаммаси таълимдаги ислоҳотлар ўқувчиларнинг билим олиш даражасини яхши тарафга ўзгартираётганидан дарак беради.
Мавзумиз оддий мактаблар нуқтасига етиб келганида, албатта, мамлакатимиз таълим тизимида юз бераётган ўзгаришлар бу масканларни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Кейинги пайтларда қишлоқ мактабларининг жуда кўпчилигида янгиланишлар амалга оширилмоқда. Қай биридир давлат дастурига тушган, яна бири ҳашар ёрдамида янгиланган, бошқаси ҳомийлик мадади билан бекаму кўст таъмирланган.
Одам ўзи яшаётган ҳаётнинг бир қисмига айланади. Покиза хоналар, ярқираб турган поллар, чиройли ишланган парталар…
Булар болаларни мактабга боғлайди. Болалар бу чиройли буюмлар воситасида мактабига меҳр қўяди. Бу катта аҳамиятга эга ҳодиса. Боланинг қалби бу янгиликларни ўзига бўлган ҳурматдай, қадрдай қабул қилади ва шунга яраша одатдагидан яхшироқ бўлишга ҳаракат қилади.
Ўқитувчи ва ўқувчиларнинг (Кўп такрорланган бўлса-да, яна айтгим келяпти) мажбурий меҳнатдан озод қилинганини асримизнинг инқилоби сифатида баҳолаган бўлардим. Чунки бу меҳнат, исталмаган, зўрлик билан мактаб ҳаётига киритилган меҳнат муаллиму сабоқдошларнинг юрагини зада қилиб қўяётган эди. Бездираётган эди мактаб деган муқаддас маскандан.
Албатта, ўзларининг тиришқоқлиги, ота-оналари, устозларининг саъй-ҳаракатлари билан оддий мактабларнинг ҳам шарафини баланд кўтариб юрган ўқувчилар бор. Лекин таълим жараёни, бу жараёнда ўқитувчи ва ўқувчининг ўрни, ҳаракати борасида, бундай бошдан дўппини олиб ўйлаб кўрса бўладиган масалалар ҳам йўқ эмас.
Ўрни келганда, бундан тўрт-беш ой олдин нуфузли газеталаримиздан бирида эълон қилинган мақоладаги баъзи фактларга эътиборингизни қаратмоқчиман. «...Ўтган 2023 йил давомида республика бўйича ўқувчи болалар томонидан 1502 та жиноят содир этилган бўлиб, бу 2022 йилдагига нисбатан 288 та кўп». «...2023 йилнинг ўзида салкам уч минг нафар ўсмир қонунни бузган...». «...Вояга етмаганлар ўртасида оғир тан жароҳати етказиш жинояти 160 тага ошган...».
Э, бу ўтган, аввалги йиллар гапи экан-ку, эски гапларни ковлаб нима қиласиз, деган эътирозга шошилманг. Яна ўша мақоладан бир-икки рақам келтираман-да, эътирозингизга жавоб бераман.
«...Ўтган йили ўқувчилар орасида 45 та номусга тегиш жинояти содир этилган», «...ўқувчилар орасида гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар 15 тага кўпайган, яъни 10 тадан 25 тага ошган».
Буларни эски фактлар десак, «Замон», «Бир кун» каби ахборот улашувчи дастурлардан ўқувчи жинояти мавзуси бутунлай йўқолиб кетмаяпти-ку. Ҳафтада бир марта бўлса ҳам ўсмирлар, мактаблар билан боғлиқ безориликлар, нохушликлар ҳақида гап бўлади. Эҳтимол, миллий гвардия мактабга жалб этилгач, бу рақамларнинг сони анча камайгандир. Лекин болаларни синфларга қамаб ўтириш, яъни мактаб тилида айтсак, яхши давоматга эришиш бу муаммони ҳал қилдик, дегани эмас. Ўзгариш тафаккурдан бошланиши керак. Ўқувчи дарсга ўзи интилиб, ўқиш ўзи учун зарурият эканини англаб келиши ва шундай руҳда таълим-тарбия олиши керак. Болалар мактабга устозга меҳр туйғуси билан, дарсликларга ишонч, ҳурмат ҳиссиётлари билан, умуман, мактабга муҳаббат ришталари билан боғланиши лозим.
Мен бир зиёли сифатида бугун мактабларимизда, ўқиш, ўқитиш жараёнида амалга оширилаётган ўзгаришлар яхши ниятда қилинаётганига ишонаман. Таълимдаги Финляндия усули деймизми, Япония усули деймизми ё бошқа янгиликларга бош-қош бўлаётганларнинг, такрор айтаман, нияти яхши. Улар тезроқ, имкон қадар тезроқ болаларимиз ақлий, жисмоний ривожланишга эришсин, имкон қадар тезроқ интеллектуал салоҳияти юзага чиқсин, отаоналар билан мактаб чамбарчас боғлиқ бўлсин каби орзулар орқасидан қувиб юришибди, орзулари ўлмасин, албатта.
Фақат мактаб ўқитувчилари, ўқувчилар билан гаплашганимда бу жараёнда баъзи эътибор бериш керак бўлган жиҳатлар борлигига амин бўлдим.
Дейлик, дарсликлар масаласида. Мен ўзим суҳбатлашган она тили ва адабиёт фани муаллимларининг гапларини айнан келтираман (Бошқа фан ўқитувчилари мени унча яхши танимагани учунми саволларимга жавоб беришдан ўзларини олиб қочишди):
– Дарсликлар жуда тез янгиланяпти. Аксарият дарсликларни фан билимдонлари эмас, тузувчилар тақдим этишяпти. Шу боис бизни қаноатлантирмайдиган жиҳатлари ҳам бор.
Чунончи:
– Адабиёт дарсликларига жуда кўп хорижий муаллифларнинг асарлари киритилган. Жаҳон адабиётини ўрганганимиз яхши, лекин аввал ўзимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган адабиётимизни ўрганишимиз керак эмасми?.. Болалар ўз руҳиятига яқин воқеаларни яхши қабул қилишади.
(Шу ўринда саволимга жавоб бераётган устознинг фикрини тасдиқлайдиган бир далил келтирсам... Турли танловларда ҳакам сифатида иштирок этамиз. Тадбирда ўқувчилар инглиз тилида шеър ўқишади. Ҳатто, ўз шеърларини ўзлари таржима қилишади. Лекин ўз адабиётимизнинг машҳур заҳматкашлари нималар ёзгани, ёзаётганини билишмайди. Ҳатто, улар орасида шоир билан ёзувчини фарқлай олмайдиганлари ҳам бор).
– Баъзи синфларда, масалан, 10-синфда дарслар янги режа бўйича ўқитилиши керак. Лекин дарсликларнинг ўзи тайёр эмас, ҳали тайёрланиш жараёнида. Дарсликсиз дарс ўтиш сув олиб келишга кўзасиз боришдай гап.
– Баъзи дарсликлар (Масалан, 6-синф она тили дарслигида) изчиллик йўқ. Ўқувчи фонетикани ўрганиб бўлгачгина морфологияга ўтиши лозим. Аммо биз дарслик бўйича бугун фонетикага оид машғулот ўтсак, эртага морфологияга ўтиб кетяпмиз…
Бунинг устига, таҳлил учун берилаётган машқлар матни анча мураккаб. Ҳатто, ҳали олтинчи синф боласи ўқимаган, энди ўқийдиган фанлар юзасидан ҳам машқ матнлари берилган. Бу ҳолат дарсни чуқур ўзлаштирмасликка, номига дарс ўтишга олиб келади.
– Юқори синф дарсликлари меъёридан катта, болалар иложи борича, китоб кўтармасликка ҳаракат қилишади. Бу ҳолат дарсда ноқулайлик туғдиради.
Энди дарс ўтиш услублари, баҳолаш системаси ҳақида устозлар билдирган фикрларга эътибор қаратамиз:
– Кундалик.ком тизими (электрон усул)нинг қулай жиҳатлари ҳам бор. Лекин ноқулайликлари кўпроқ. Ўқувчининг ота-онаси ҳар куни сайтга кириши керак. Лекин аксарият ота-оналар бир-икки ҳафтадаям кирмайди.
Баъзиларида бундай сайтни юклаб олиш имконини берадиган телефоннинг ўзи йўқ. Баъзи жойларда чироқ кўп ўчади, интернет мунтазам ишламайди. Айрим ота-оналарнинг эса (кун бўйи далада ишлайди, тўртта боласи бор, кечқурун ош-овқат, кир-чир дегандай) умуман, имкони бўлмайди. Натижада муаллим қизил чизиқдан яшил чизиққа (ўқитувчининг меҳнати ана шу рангда намоён бўлади) ўтиб олиш учун ўзи ота-она бўлиб сайтга киради, кўриб турганингиздай сохтагарчилик юз беради.
– Ўқувчининг баҳоси кундаликка қўйилгани яхши эди, кўзи билан кўриб турганига нима етсин!..
Электрон вазифа бериш, электрон текшириш... эҳтимол, бу янгиликлар катта-катта шаҳарларда яхши самара бераётгандир, аммо қишлоқ мактабларида ўқувчиларнинг аксарияти бу тизимни ўзидан ташқаридаги ҳодиса сифатида қабул қилишмоқда. Мослашиши жуда қийин кечмоқда.
Баҳолаш балл системасида олиб борилади, лекин битирувчиларнинг аттестатига баҳо қўйганимизда яна «аъло», «яхши» тарзида ёзяпмиз.
Болалар:
– Модомики, охирида аввалгидек баҳоланар эканмиз, нима учун билимимиз йил давомида балл системасида баҳоланади? – деб савол беришади.
– Синфларда ўқувчилар сони жуда кўп. 35-40 нафар ўқувчига ҳозирги тақдим этилаётган дарс услубида, мураккаб дастурлар, материалларни сингдириш қийин. Бир синфда 20 та ўқувчи бўлсагина бу ишни уддаласа бўлар, эҳтимол…
– Ҳали ҳам ўқитувчиларни дарсдан ташқари ишларга жалб қилиш бор, масалан, турли йиғинларда зални тўлдириб ўтиришга.
– Келган комиссия ҳануз қоғоз текширади. Ҳолбуки, ўқитувчининг биттагина дарсини текширса, кераклича маълумотга эга бўлиши мумкин…
Мен ўқитувчилар билан суҳбатлашганимдаги барча фикрларни бермадим. Кимлардир ёзганларимга кўзи тушса:
– Ахир, биз технология асрида яшаяпмиз. Нима учун орқага қайтишимиз керак? – дейиши мумкин. Эсингиздами, хорижликларнинг лицей, коллежларини ҳам шундайича олган эдик, муҳташам бинолар қурдик, қанча маблағ кетди…
Алалоқибат нима бўлди? Ўзимизнинг техникумларга қайтдик. Чунки коллежлар биз кутган самарани бермади. Бугунги таълим жараёнида ҳам йиллар давомида синовдан ўтган баъзи жараёнларга, баъзи усулларга қайтиш керакка ўхшайди. Ахир, аввал кўприкни қуриб бўлганимиздан сўнг:
– Нариги қирғоққа ўт, – демаймизми? Ҳали битмаган кўприкдан ўт, деб мажбурласак, ўтувчиларни қийнаб қўймаймизми…
Дарвоқе, ўқувчилар ҳақида... Мен улар билан суҳбатда:
– Бугун пора, таниш-билиш, деган гап йўқ. Яхши ўқиганлар, албатта, олий ўқув юртига киради, астойдил ҳаракат қилсаларинг, барча янгиликларни ўзлаштириб оласизлар. Мана, фалончилар беш-олтита олий ўқув юртига кирди, – дея ўқишга иштиёқини оширишга ҳаракат қилдим.
Улар:
– Э , опа, улар саккизинчи синфдан бошлаб мактабга чала келишган. Асосан ота-онасининг пули билан репетиторга қатнаган, – деб ўнлаб мисолларни қалаштириб ташлашди. – Кирганлар фалончи, писмадончининг қизи, ўғли…
Мен уларга:
– Таълим кредити бор, яхши ўқисаларинг, кейин давлат грантига эга бўласизлар, – дея ўзим роса ишонган ҳақиқатларга ишонтиргим келди.
– Мен бир йил ҳам контрактда ўқий олмайман, шароитим кўтармайди... Яхшиси, Россияга кетиб ишлайман…
Албатта, беш-олти суҳбатдошимнинг гапи билан олий таълимдаги яхшиликлар устига чизиқ тортмоқчи эмасман. Лекин айтилганларнинг ҳаммасини сафсата, демоқдан ҳам йироқман. Устозларнинг ҳам, шогирдларнинг ҳам фикрларида ўйлаб кўрса бўладиган жиҳатлар бордек туюлди менга.
Қоғозга тушираётган мана шу мавзу бўйича ёзганларимни ниҳоялай бошлаганимда суҳбатлашган муаллимлардан бири қўнғироқ қилиб қолди:
– Опа, дарсликлар борасидаги фикримга битта қўшимча қилмоқчиман…
– Айтинг, – дедим.
– 5-синф адабиёт дарслигининг муаллифи (ёки муаллифларидан бири) катта адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошев экан. Аъзам Ўктам каби забардаст шоирларнинг асарлари киритилибди. Ҳали қўлимизга тегмади-ю, агар шундай бўлса, кейинги дарсликлар ҳам шу кишига ўхшаган миллат жонкуярлари тарафидан ёзилса, бу борада муаммо бўлмайди…
Мен бу муаллимга тўла қўшиламан. Миллат болаларига нима керак? Керагини қай йўсинда амалга оширамиз? Бу саволларга Қозоқбой домлага ўхшаган миллат жонкуярлари энг тўғри жавобни беради. Таълимда янгиланишлар бўлиши керак, лекин бу соҳа мутлақо тажриба майдонига айланмаслиги зарур.
Жамиятни салоҳиятли шахслар бошқаради, бошқалар эргашади. Лекин эргашувчиларнинг ҳам фикрлаш даражаси «Ҳа, шундай», «Хўп бўлади» деб бош силкишдан баланд бўлиши шарт. Шу маънода шахсан мени оддий мактабларларда ўқиётган битта синфдаги беш-олти боланинг «яхши», «аъло»га ўқигани, қолганининг «қаноатланарли» билан қаноатланиб яшаётгани қаноатлантирмайди. Қолгани ўртамиёна бўлса, жамиятнинг даражаси ҳам ўртамиёна бўлади.
Жиноятлар ҳам, йўлдан адашиш, алданишлар ҳам, Россия ёки чет элга бориб ишлаш орзуси ҳам ўша ўртамиёна фикрлаш даражасида қолиб кетаётганлар кўплиги учун. Модомики, Учинчи Ренессанс орзуси билан яшаётган эканмиз, шу орзу учун маблағ тикаётган эканмиз, бу баланд орзу ўртамиёналик билан амалга ошмайди. Бунинг учун тузувчи бўладиган китобимизга мўмайгина пул олиш ёки кўзга кўриниб, мукофотга сазовор бўлиш каби истаклардан юқорироқ истак билан яшашимиз керак бўлади. Бу истакнинг ботини ҳам, зоҳири ҳам миллат болаларини жондай севиш, уларнинг камоли учун тирноғингдан сочинггача фидойи бўлишдир. Сиёсатимиз, қонунларимиз имкон яратиб бериб турган замонда бу амалга ошмайдиган иш эмас.
Мен шундай ўйлаяпман, сизнинг ҳам бу борадаги фикрларингизни билгим келяпти…
Қутлибека РАҲИМБОЕВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.
Манба: "Ишонч" газетаси.