БАСЁ, МЕН ВА ҚИЗИМ


"БАСЁ, МЕН ВА ҚИЗИМ"
(Эссе)

- Агар ҳаёт адабиёт бўлиб, инсонлар адабий жанрларга қиёсланса, мен аниқ мумтоз япон шеърий санъати дурдонаси, энг севимли адабий жанрларимнинг олд қаторидан жой олган ўхшаши йўқ, жозибали ҳилқат - хокку бўлар эдим.
- Нега айнан хокку?!
- Сабаби, хокку ва мен, қийғос гуллаган олча дарахтининг майин шаббода эпкинида парвоз қилаётган гулбарглари каби ўхшашмиз. Хокку ҳам бир қарашда ниҳоятда оддий ва содда бўлиб, эътиборсизлигинг туфайли уни йўққа чиқарасан. Яқиндан билганинг сари эса унинг қудратидан ҳайратга тушиб бораверасан. Мураккаб ва сирли табиати туфайли, хоккуни тўғри келган одам тушунавермайди ёки ҳар қандай ижодкор ҳам ёзишни уддасидан чиқолмайди. Кўпинча, у ҳақда шундай дейишади: "Бир қарасанг ўларча соддадек, бошқа пайтда мураккаблиги туфайли ҳеч нарсани англамай қоласан. Мавҳумот ҳаёлларингни айқаш-уйқаш қилиб юбораверади. У билан ошно бўлишинг учун камида телба бўлишинг керак! Бу фикрлар дўстларимнинг мен ҳақимдаги хулосалари билан бир хил...
- Мен сира ҳам бундай фикрда эмасман. Ҳечам тушунарсиз эмассиз. Тўғри, озроқ қаттиққўл, талабчан ва озгина инжиқ бўлишингиз мумкин, аммо, очиқкўнгил ва меҳрибонсиз!
- Сен энг яқиним, фарзандимсан, шу сабабли, мени тушунишга ҳаракат қиласан. Тўғрироғи, боримча қабул қиласан.
- Хафа бўлмасангиз сизга ростимни айтай, мен ҳам севимли хоккуларингизни баъзида тушунмай қоламан. Қизиқ, сиз хоккуларни бунчалар яхши кўрасиз? Ҳурматли ва севимли, тилингиздан тушмайдиган Басёни қандай топгансиз?
- Басёни гўзал ва шаффоф кўл бўйида учратганман. Майин шабада унинг оппоқ ридоси этагини оҳиста силкитар, кўл бўйидаги қийғос гуллаган олча гулбарглари ҳар ёнга муаттар ва жозибадор тароватини сочиб турар эди. Басё эса кўл юзида қалқиб турган оқиш- нимпушти гулбаргларга боққанича хокку айтар эди:
Чор атрофдан
Олуча барглари учар
Нио - кўлига.¹
- Тасаввур этдим! Ҳудди шу руҳдаги хоккуларни эшитсам, кўз олдимда табиат манзараси сурати жонланади. Ҳуддики, ўша хокку оламига тушиб қолгандек бўламан. Шу билан бирга айрим хоккуларни англаб етишим қийинроқ кечади. Сиз эса ҳуддики хоккулар дунёсида яшаётгандек туюласиз баъзида.
- Демак, сен ҳам мени баъзида тушунмай қолар экансанда?
- Баъзида...
   Юқоридаги қисқача келтирилган суҳбатлар каби, аммо, узундан-узоқ, баҳс-мунозаралар билан кечадиган адабий суҳбатлар қизим ва мен учун одатий ҳолга айланган. Чунки, қизим ҳам болалигидан адабиётга ошно бўлиб, китобларга бўлган улкан меҳру-муҳаббат билан улғайди.(Бувимиз адабиётшунос, доим уйимиз китоблар билан тўла бўлган)Китобларни ҳам бирга, баъзида, ким ўзарга ўқиймиз.(қизиқроқ бўлади. Китобни тезда ўқиб тугатамиз) Ижодимни ҳам қизим биринчилардан бўлиб ўқийди. Ёзаётган асарларим, қаҳрамонларим ҳақида суҳбатлашамиз. Юқоридаги каби лирик чекинишлар, адабий ўй-ҳаёлларим, дард ва оғриқларимни ҳам ҳаммадан кўра қизим теранроқ тушунади. Далда, таскин, гоҳида илҳом бўлишга астойдил интилади. Назаримда, руҳиятларимизнинг ўхшашлиги бир-биримизни англаш, тушуна олишимизга кенг йўл очиб беради. Баъзида, кайфиятимизга боғлиқ бўлган тезкор ва тарқоқ ҳаёллар, тескари тушунчалар туфайли келишмай қолган пайтларимиз ҳам кўп учраб туради. Аммо, бу ҳолат кўпга чўзлимайди, яна тезда аразлар унутилиб суҳбатлашиб кетаверамиз. Сизга нима учун қизим ва ўзимнинг руҳий яқинлигимиз ҳақида гапиряпман? Бу саволнинг жавобини эссеимиз давомида англаб оласиз деб ўйлайман.
     Хуллас, ҳудди ҳаётдаги каби адабиёт оламида ҳам ҳар бир ижодкор руҳияти, табиатига мос келадиган, адабий йўналиш - жанр бўлади. Ижодкор ҳудди ўша жанрда эркин, туганмас ва шиддатли илҳом, мароқ, шавқ-завқ билан ижод қилади. Ҳиссиётлари, туғён ҳамда дардларини ёрқин акс эттира олади. Ёза туриб, гуёки адабий жанр ва ижодкор руҳиятлари бирлашади, енгиллашади. Менга ҳам ҳудди шундай, ҳаттоки, энг севимли эсселаримдан ҳам кўпроқ, лаззат бахш этувчи адабий, назмий, қолаверса, мен учун насрий йўналишга бемалол жавоб берадиган жанр - япон мумтоз шеърияти дурдоналаридан бири - хоккулардир. Ҳозир шу тобда ёза туриб, ўйга берилдим. Мен хоккуларни қачондан бошлаб танидим? Нега хоккулар бир бора ўқиганимдаёқ қалбимни забт этди? Нега айнан Мацуо Басё ижодига меҳр қўйдим? Хоккуларни ўқир эканман ёки ёзарканман, руҳиятимни ўзгача бир ҳис чўлғаб олади. Аввалига, кўз ўнгимда хоккуда баён этилган манзара жонланади. Кейин, ҳудди шу сирли ва сеҳирли оламга ташриф буюраманда, руҳиятим ва фусункор тасвир бирлашади. Биз бир бутун оламга айланамиз. Бир-биримизни англаймиз ва ҳудди шу лаҳзаларда, менинг онгимда мусиқа ҳам янграй бошлайди. Бу мусиқа тасвир руҳиятига мос равишда ё фортопиано, ёки виолончель жўрлигида жаранг соча бошлайди.(мендаги бу қўшимча ҳис мусиқани ниҳоятда севишим туфайли юзага чиқса керак, назаримда)
   Ҳа, хотираларимни тафтиш қила туриб, барчаси ёдимга тушди. Хоккуларни илк бор устозим Шерзод Ортиқовнинг ижтимоий саҳифасида учратган эдим. Адашмасам, ўзларининг таржималаридаги хоккулар эди. Хоккулар қайси япон ижодкорига тегишли эканлигини эслай олмайман, аммо, аниқ эслайманки куз хоккулари эди. Чунки, куз фаслини болалигимдан жуда ёқтираман. Ҳудди ўша илк бора дуч келган хоккуларни ўқий туриб, кузнинг мени мафтун этган бор тароватини; қушларнинг маъюс чиғири, ҳазонрезги япроқлар шитири, салқин кечаларидаги намчил, этни жунжиктирувчи кайфияти, кузги дардчил ёмғир куйини ҳис этган ва хоккуларнинг фусункор ҳиссиёти руҳиятимда ўз аксини топган эди.
Куз. Ойдин кеча.
Бўлмаган тоғлар туташ
Фудзи*га аввал.²
***
Ниҳоялар куз...
Судрар новдаларини
Иккита қайин.³
***
Баланд кўринар
Мацуяма саройи 
Кузги осмондан.⁴
***
Камина кетар,
Сен қолиб... Икки хил куз
Иккимиз учун.⁵
***
Куз шамолида
Қадамингда учрайди
Ҳоккубоп нарса.⁶
     Ҳудди шу каби фасллар, ҳолат ва вазиятлар, инсоний ҳиссиётлар, табиат манзараларини тасвирловчи хоккуларни ёзаверсам тугатолмайман. Уларни ўқиганим сари қалбим ҳиссиётларга тўлиб-тоша бошлайди ва бу одатда хокку ёзишим билан якунланади. Шу илк бор танишган хоккуларим сабаб бўлдию, Япон мумтоз шеърияти ва хокку жанрининг асл усталари ҳақида маълумотларни қидира бошладим. Керакли маълумотларни кўпроғини "Хуршид Даврон кутубхонаси" адабий-ижтимоий сайтидан топдим. Шу ўринда қуйидаги жумлаларни сиз ўқувчига келтириб ўтмасам бўлмас:
     "Хокку тасвирий санъатга яқиндир. Рассомлар хоккуда тасвирланган ифодани расмда акс эттириши ёки шоир рассом чизган суратга қараб хокку ёзиши мумкин. Шамол, булбул навоси, какку овози, умуман, ҳар бир товушнинг ўз маъноси бор ва бу ҳар хил кайфият ва ҳиссиёт уйғотади. Эътиборсиз ўқилган учлик ўзининг асл маъносидан маҳрумдир." (Рауф Парфининг сўзбошисидан).
     Ўзбек шеъриятининг ҳассос шоир ва таржимонларидан бири Рауф Парфи биринчилардан бўлиб, япон хоккуларини адабиётимизга олиб кирди. Шоир хоккуларни рус тилидан (Вера Маркова таржималари) таржима қилган. Ўзи ҳам кўплаб учликлар яратган. Устоз шоир ушбу илк, бошлаб берган қадами билан кўплаб шоирларимизни япон мумтоз адабиётига ошно қилган. Жумладан; Хуршид Даврон, Жаббор Эшонқул, Холдор Вулқон, Абду Наби, Турсун Али ва бошқа кўплаб ўзбек ижодкорлари япон хоккуларини таржима қилишган ва адабиёт ихлосмандларини ҳаёт, олам ва борлиқни ўзида акс эттирувчи ҳиссий туғёнлар намунаси бўлмиш фалсафий ҳамда фусункор учлик билан юзлаштирган. 
     Агар хокку тарихи, келиб чиқиши ва унинг намоёндалари ҳақида батафсил тўхталадиган бўлсам, биргина эссе торлик қилиб қолади. Келинг яхшиси хокку ҳақида қисқача маълумот ва энг севимли хоккунависим, хокку жанрига ўзига хос жон, мукаммаллик ато этган, йўналиш берган асл япон мумтоз шеърият устаси Мацуо Басё (ҳақиқий исми Масё Менуфеса, 1614-1694) ҳақида суҳбат қурамиз.
   Хокку, асли танка (шеърий бешлик)дан келиб чиққан бўлиб, учлик 5-7-5 бўғин кўринишида, умумий 17 бўғинли бўлади. Аммо, бу чеклов қатъий эмас. Бу борада жуда кўплаб манбаларда ўқиб чиқдим. Нафақат ўзбек таржимон ва шоирларимиз, балки, япон хокку усталари ҳам классик хокку (5-7-5) қоидасидан четга чиқишган. Устозим билан ҳудди шу мавзуда кўп баҳслашдик. (Чунки, мен илк ёзган хоккуларимда қоидага амал қилмаган эдим)
- Хоккуларнинг ҳажм меъёрлари қатъий эмас эканку!-дейман мен.
- Қатъий, асл мумтоз хокку фақат 5-7-5 қоидасига амал қилади. Бошқаси хато!
- Таржимонларимиз ҳам чегарадан чиқишган экан...
- 5-7-5. Тамом!
     Шу билан бирор ёзган хоккуйим қатъий тартибдан ташқарига чиқмади.(Сабаби, ҳар доим ишларимни қонун-қоидаси билан бажариб келганман) Хокку билганингиздек, кўп мазмун-моҳиятни оз сўзлар билан ифода, этиш санъатидир. Маълумот олишимча, япон иероглифлари таржима қилинганида ҳар хил тилда, турли хил ҳажмда намоён бўлади, рус тилида нисбатан узунроқ бўлиб кетса, инглиз тилида қисқароқ баён этилади. Хўш, ўзбек тилига ўгирилгандачи? Бу саволга жавобни фақатгина япон тилидан тўғридан-тўғри, маҳорат билан таржима қилинган ўзбекча хокку вариантини ўқибгина фикр билдириш мумкин. (Бундай таржимонларимиз ҳозирча йўқ, ёки мен улар ҳақида маълумотга эга эмасман. Шу ўринда бир фикр келди, балки ўзим тил ўрганиб аслиятдан таржималар қиларман?)
    Ниҳоят, Мацуо Басёнинг табиат манзаралари билан чамбарчас боғланган, инсоний ҳис-туғулар, гўзал фазилатлар, кечинмалар оҳанграбоси билан йўғрилган сеҳрли ва мафтункор оламига ҳам етиб келдик. Аслида, Басёгача ҳам хоккулар ёзилган, аммо, у хоккуга ўзига хос мукаммаллик ато этиб, япон мумтоз шеъриятида мактаб ярата олган улкан ижодкордир. Исса, Кикаку, Бусон каби япон шоирлари ҳам Басёнинг шогирдлари ҳисобланишади. Маълумот ўрнида, Басё Япониянинг Хонсю оролида самурай оиласида дунёга келган. Токи, ўзидаги истеъдодни англаб етгунига қадар (22 ёшгача) самурай мақомида бўлган. Сўнгра, бутун умри давомида, зодагон оиласига мансуб бўлишига қарамасдан, фақир ҳаёт кечирди. У шогирдларидан бири совға қилган кичик кулбада яшаб ижод қилган. Шу ўринда, Басё таҳаллуси бананли чайла деган маънони билдиради. Бу таҳаллус келиб чиқиши ҳақида кўплаб маълумотлар учратдим. Маълумот беришларича, Басё шогирди совға қилган кулбаси олдига кўплаб банан дарахтлари экиб, уларни парвариши билан шуғулланган. Иккинчи фараз; Басёнинг банан япроқларидан ясалган кулбаси бўлган ва қачонки ёлғизлик истаса, чайласига ташриф буюрган. Бу маълумотларнинг қай бири ҳақиқатга яқин билолмадиму, лекин, мен учун иккинчи вариант маъқулроқ. Чунки, у Басё табиати ва руҳиятига, сирли хоккулар оламига ҳудди қатъий, 17 бўғинлик хокку қоидаси каби мос тушади. Мен Басёни тўлин ой, юлдузлар ва қорамтир булутларга термулиб, табиатнинг жонли, бетакрор овозларидан сархуш бўлиб, ижод қилаётганини, фақатгина ҳудди ўша бананли чайлада тасаввур эта оламан.
Ошиқ эдинг сен унга
Энди ойнинг ўроғи,
Қабринг бошидан кетмас.
(Ранран қабри зиёратида, Басё. Жаббор Эшонқул таржимаси)
   Басё билан бир қаторда, Такараи Кикаку, Камидзима Онисура, Нодзава Бонтё, Кагами Сико, Эса Сиёхаку, Мукаи Кёрай, Косуги Иссё, Хаттори Рансесу, Фукуда Тиё, Осима Рёта, Ёса Бусон, Кобаяси Исса каби шоирлар ҳам япон мумтоз шеърияти ривожига ўз ҳиссаларини қўшган. Улар ҳам кўплаб беназир хоккулар яратишган. Аммо, улар ижодидан фарқли ўлароқ, Басё хоккулари мени кўпроқ мафтун этган. Нега? Чунки, унинг хоккулари шундай руҳда ёзилганки, ўқиганим сайин ўз руҳиятим, оламимни ҳис қилавераман. Бу олам бошдан-оёқ куз фасли билан буркангандек гўё:
Шабнам томчиларини,
Тўкмай, чайқалиб турар,
Кузги хаги бутоғи. (Басё, Жаббор Эшонқул таржимаси)
***
Тўшакда ётганимда
"Куз етиб келди"!- дея
Қулоғимга шивирлади ел. (Басё, Хуршид Даврон таржимаси)
***
Уфқларга ботмоқда қуёш
Кузги дарё сувларида
Ялтиллайди майда балиқлар. (Басё, Холдор Вулқон таржимаси)
***
Унсиз, мунгли
Баргдан-баргга томчилар
Куз ёмғирлари! (Басё, Абду Наби таржимаси)
***
“Хазон фасли келди!”
Қулоғимга шипшиди шамол
Шундоққина бағримда ётиб. (Басё, Турсун Али таржимаси)
   Басёнинг хоккулари кўнглим кенгликларидан отилиб чиқаётган туғёнлар, дардлар, қувончу-шодликлардан олиб ёзилгандек, гуёки, қачонлардир, биз учрашганмизу яқин дўст, кўнгиллари туташ, бир-бирларини англашлари учун биргина нигоҳи ҳам кифоя этган, ошуфта руҳиятли инсонлар бўлгандек тасаввур уйғотади. Унинг табиатга бўлган оқилона муносабати, эл дарди, ўз қийинчиликлари, дард ва оғриқларини ўзгача услубда юзага чиқариши ҳам руҳиятимга ўхшаш ва мос тарзда янграйди.
Кифтимга олайин, Онажонгинам,
Қайноқ ёшим ила эритай
Сочингда оқ қировни.
***
Она қишлоқ ёдимга тишди
Унга киндик бўлиб ўсгандим
Мен йиғлайман йиллар ғамида.
***
Бу жажжи буғу
Будда туғилган куни
Дунёга келди. (Басё, Рауф Парфи таржималари.)
***
     Басё хоккуларини ўзига хос сўз ўйини, мукаммалликка йўғрилган оддий ва сирли мантиқ асосида дунёга келтиради. Мутолаа қилар эканман, илк 5 беш бўғинлик сатрда гўзал ва бетакрор табиат манзараси бунёд бўла бошлайди. Ҳуддики, жаннат боғига қадам қўйгандек, тасвирлар ичра қанот қоқа бошлайман. Иккинчи, 7 бўғинлик сатрда эса фусункор жумбоқ қаршимдан чиқади. Ҳудди, шу маконда хокку замиридаги яширин руҳ ва менинг руҳиятим бирлаша бошлайди. Ҳиссий эврилишлар оламидаги инсоний фазилатлар, кўнгил эйфорияларига чўмган, асл қиёфам томон эврила бошлайман. Охирги, 5 бўгинлик, хоккуни тугаллаб маъромига етказувчи сатр менга ечимни, мумтоз санъатнинг бир бўлак ғояси чўққисини, шоир руҳияти, ҳиссий олами қиёфасини очиб беради. Шу лаҳзалардан бошлаб, мен гоҳ ранго-ранг она табиат, гоҳ, хушовоз булбул навоси, гоҳида марварид денгиз тўлқинлари, гоҳида эса муаллиф адибнинг ҳассос руҳияти билан узвий боғланаман. Руҳим тиниқлашиб, руҳиятимда қўним топган оғир туғёнлар, кўнглимда чўкиб ётган қиррали тошлар ва занг босиб вужудимни чирмаб турган занжирлар эриб битади. Тамом, мен қайта дунёга келаман! Покиза қалб, сарафроз руҳият бўй кўрсатади. Бу жараён менга ўзлигимни, атрофимдаги туманли дунёнинг ички-гўзал оламини англаш ва албатта, энг асосий таскиним - илҳом сурурини туйиш имкониятини бахшида этади.
Aвгуст ёмғири
Aччиқ ёвшан ифори
Эслатар кузни...⁷
***
Тўлин ой акси
Балқийди сув сатҳида
Инжа ҳаёллар.⁸
***
Шитирлар ёмғир
Заъфарон барглар юзи
Руҳимдек тоза.⁹
     Кўпинча, ёзолмай қолган вақтларимда яхшигина сиқилиб, ижодий тушкунликка берилиб қоламан. Ҳудди шу онларда қадрдоним Басё қаршимда зоҳир бўлади ва жилмайганича “Шимолга олиб борувчи қисқа йўл”, ("Оку-но-ҳосомичи”1702 йил) умрининг охирги 10 йилида уюштирилган саёҳатларида олган илҳомлари асосида ёзилган кундаликларини тутқазади. Сўнгра, ўша машҳур "бошаон" чайласи** (Басё) томон имлайди. Мен эса илҳомсиз кунлардан эсдалик илк хоккуни ёзаман ва маҳзун овозда ўқийман.
Кўнгил не истар?
Сукутла чорлар мени
Басё чайласи...¹⁰
     Қизим ёнимга келиб, елкаларим оша қучади. Ағдар-тўнтар ҳаёлларим шу заҳоти ҳавога сингиб кетади.
- Хавотир олманг, Ойи, бу ҳар доимгидек ўткинчи ҳолат, албатта ёзасиз!
     Аввал, ўз олами томон отланиб, қуюқ туман ичра йўл олаётган Басёга қараб хокку ўқийман. 
Ҳузуримга кел дўстим,
Дийдор ҳам бир ғанимат.
Учиб тушди илк япроқ. (Мацуо Басё. Жаббор Эшонқул таржимаси)
     Сўнгра, ноутбугимга тикилганича, мен очиб қўйган саҳифа - Басё хоккуларини берилиб ўқий бошлаган қизимга мамнун табассум қиламан. Умидларим истакларга, истакларим эса рўёблар томон эврила бошлайди. Сиз ҳам келинг азизларим, биргаликда хоккулар ўқиймиз, янгиланамиз, инсоний фазилатларга йўғриламиз ва қайта дунёга келамиз...

Тамом. 22/08/2023.
Мастура Абдураим қизи.

ИЗОҲЛАР:
1- хокку муаллифи Мацуо Басё. (Рауф Парфи таржимаси)
2-хокку муаллифи - Такараи Кикаку япон мумтоз шоири 1661-1707 йилларда яшаб ўтган. (Ш, Ортиқов таржимаси)
3,4,5-хоккулар муаллифи - Масаока Шики япон мумтоз шоири 1867-1902 йиллар оралиғида яшаган.(Ш, Ортиқов таржимаси)
6-хокку муаллифи Кёши Такахама япон мумтоз шоири. 1874-1959 йиллар оралиғида яшаган. (Ш. Ортиқов таржимаси)
7-8-9-10-хоккулар муаллифи Мастура Абдураим қизи.
Фудзи* - жой номи.
Бошоан чайласи (Басё)** - Басё чайласи* - башоан чайласи, яъни Басё ўзнини ёлғиз ҳис қилганда ўсимликдан ясалган башо чайласига борган. Басё таҳаллуси ҳам шу билан боғлиқ.
Эсседа "Хуршид Даврон кутубхонаси" ва Ziyouz.uz адабий сайтлари маълумотларидан фойдаланилди.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот