Чустий таваллуд топган кун (1904 - 1983)


    Чустий мумтоз адабиётимиз анъаналарини давом эттирган шоирлар сирасига киради. Чустий қўшиқчи шоир сифатида, айниқса, машҳур эди. Унинг ўнлаб ғазаллари 30-йиллардаёқ граммпластинкаларда муҳрланиб қолган. Чустий драматург ва таржимон ҳам эди.
   У Ҳабибий, Собир Абдулла, Чархий каби ғазалнавис ва қўшиқчи шоирлар қаторидан муносиб ўрин эгаллайди.
  Чустий - шоирнинг адабий тахаллуси бўлиб, асл исм-шарифи Набихон (Набихўжа) Нуриллахўжа.  У Наманганнинг Чуст шаҳрида 1904 йилда тўқувчи-ҳунарманд оиласида таваллуд топган.  
  1916 йилда ўлкада ҳукм сурган ўзгариш ва бебошликлар туфайли ўн тўрт жонли Набихонлар оиласи Қўқонга кўчиб бориб, тўқувчилик ишлари билан шуғулланади. Бўлажак шоир ҳам ўн икки ёшидан ота касбига меҳр қўяди, оилага ёрдамлашади. Айни пайтда эски мактаб ва мадрасаларда таълим олади.
  Чустий Октябрь тўнтаришидан кейинги қарийб 60-70 йил давомида шўро хўжалик тармоқларида, маданий-маърифий ва илмий муассасаларда фаолият кўрсатади. Жумладан, 1930-1939 йилларда колхозларда, матбуот жамиятларида турли лавозимларда ишлайди.
   1940-1943 йилларда Муқимий номидаги мусиқали драма театрида аввал адабий эмакдош, сўнг директор лавозимида хизмат қилади. 1944-1945 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси Адабиёт жамғармасида директор бўлиб ишлайди. Сўнг нашриётларда таржимон сифатида фаолият кўрсатади.
   1950-1976 йилларда у Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида илмий ходим бўлиб ишлайди. 1976 йилдан бошлаб унга республика аҳамиятига молик нафақа тайинланади. Ундаги шеъриятга, ижодга ҳавас анча эрта уйғонган бўлса ҳам, мустақил ижод йўлига ўн саккиз-йигирма ёшларида қадам кўяди. Бунда Шарқ мумтоз адабиёти намояндалари ижодининг таъсири кучли бўлади.
   Чустийнинг шоир сифатида шаклланишида Туробий тахаллуси билан ғазал, мухаммас ва маснавийлар яратган отаси Нуриллахўжанинг ҳам таъсири йўқ эмас.
   Чустий бутун умри давомида йигирмага яқин шеърий тўплам яратган ва нашр эттирган бўлиб, улар жанр ва услуб жиҳатидан бой ва ранго-рангдир. Унинг «Қўзғол» (1942), «Шамшир», (1943), «Лолазор» (1945), «Ҳаёт завқи» (1951), «Гул мавсуми» (1969), «Ғазаллар» (1978), «Ёд этинг камтарин Чустийни ҳам» (1984) каби қатор шеърий мажмуалари қаторида «Зафарнома» (1939), «Тириклайин жаннатга кирган кампир» (1939), «Кийикнома» (1940), «Гул садоси» (1949), «Уйғуробод» (1948), «Боғи Эрам» (1978) каби достонлари ҳам китобхонлар томонидан илиқ кутиб олинган. Шунингдек, шоирнинг мумтоз адабиётимиз анъаналаридан озиқланган «Ҳаётнома» (1988), «Садоқат гуллари» (1992), «Кўнгил тилаги» (1994) каби девонлари китобхонга Шарқ ахлоқи фалсафасини сингдиришда муносиб роль ўйнайди. Унинг сўнгги «Кўнгил тилаги» девонига кирган бир қатор ғазаллар, мухаммас ва маснавийлари бу жиҳатдан муҳим қимматга эгадир.
   Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Чустий ижодида «Индамаслар олами» (1969) асари алоҳида қимматга эга бўлиб, унда мавжуд ҳаёт неъматларини, миллий қадрият ва урф-одатларни сақлаш, эъзозлаш ғояси етакчилик қилади.
   У бошқа муаллифлар билан ҳамкорликда «Даврон ота», «Қурбон Умаров» ва «Жасур оила» каби саҳна асарларини ёзган. Ҳофиз, Собир Термизий, Мирза Ғолиб, Али Сардор, М. Турсунзода асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
  Чустий 1983 йилда вафот этган.

C. Мирвалиев. Ўзбек  адиблари. Т. 2007 й. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот