Театрга чипта йўқ


Қўчқор НОРҚОБИЛ
        
  Театрга чипта йўқ
   Ҳикоя

  Янги йилни Москванинг биқинидаги Переделкинода қарши олдик. Эрталаб Кремлни томоша қилиш, шаҳарни айланиб, бир-икки кун қўноқ бўлишни ният қилдик. Бирорта меҳмонхонага бориб жойлашсак бас. 
   Ажабки, шаҳардаги деярли барча бинолару одамлар байрам “олҳо-ол”идан сўнг донг қотиб ухлаётган бир пайтда улуғ Толстой шарафига гард юқтирмасликни ўз зиммасига олган, "Граф"  деб номланган меҳмонхона аҳли уйғоқ ва сергак эди. 
— Бизда чекиш қатъиян ман этилади, — дейди меҳмонхона маъмураси бидиллаб. — Иложи бўлса, ичилмаса янаям яхши!
— Жуда яхши-да! Ажойиб! — Хотинимга жон кирди.
      Бошига оқ кепкани бостириволиб қўш қўшилган икки оқ от ортидан келаётган Толстой бобо  акс этган улкан полотно илинган ресторанга зумда кўз югуртираман; хил-хил ичимликлар қатору-қутор, лекин спиртли ўлгури йўқ. Ёнимдаги кенг-мўл хона эса қироатхона экан. Деворга илиғлиқ расмда донишманд адиб паришонхотир ҳолда хотини София Андреевна билан бирга  чой ичаяпти. Рассом аёл деган хилқатнинг эговлиги, зулми-ю рашкини бу оддий "нонушта" қаърига устамонлик билан сингдириб юборган эдики,  расмдан алланечук ғашлик ва безовталик сезилиб турарди. Билмадим, менга шундай туюлди. Балки, Сиз қарасангиз бошқача маъно топарсиз.
  Қироатхона  ёқиб қолди. Янги йил безаклари осилган кенг-мўл дераза ортида, ташқарида гупиллаб қор ёғишини кузатиш ҳам жуда мароқли. Қаҳва ёки чой ичиб, ўзингга ёққан бирор китобни мутолаа қилиш нақадар ҳузурбахш. Ҳа, Москвада Толстой яшаган уйнинг бир қисмида, тўрт юлдузли меҳмонхонада. Айни қишда. Янги йилнинг илк кунида!
   Қизиқ одатим бор; талабалик пайтимдан юққан. Ҳозиргача қаерга борсам, хизмат сафарими ё сайру саёҳатми, китоб олволаман. Тўғри, бу китобларни олдинлари ўқиган бўлсам-да, вақт ўтиб яна ўқигим келаверади. Чунки, китобларнинг таъсири руҳиятимиз, ёшимизга қараб ўзгариб боравераркан. Албатта, бу ўринда яхши, яшовчан китобларни назарда тутяпман. Дейлик, ёшлигингда ўқиганинг қалб томирларингни титратиб, ёниқ туйғуларингни уйғотган  ҳикоя ёшинг ўтгач бошқача таъсир қилади, томирингда ўзгача ҳиссиётлар оловини ёқади. Ўлмайдиган асар шундай бўлади. Ўзбек насрининг устаси, бадиий ифода ва характерлар мусаввири  Хайриддин Султоннинг ҳам ҳикояларини неча маротаба ўқиганман. Яна дил истаб қолганлиги учун унинг ҳикоялар тўпламини тўрва-халтамга жойлаб олгандим. Айнан шу жойда — дунё адабиётининг ўчмас юлдузи яшаган уйнинг меҳмонхонага айланган бўлагида, донишманд адиб ва тангфеъл хотини портрети осиқлиқ девор тагидаги юмшоқ ўриндиқда “Уч юз олтмиш тўрт кун” деган ҳикоялар тўпламида “Умр эса ўтмоқда” ҳикояси қаҳрамони Озоднинг ўз қишлоғига, укасининг уйига келган чоғда опаси билан кўришиш саҳнасини ўқиётган онимда шундоғам таъсирланиб, илвираб турган юрагимда портлаш рўй берди. Унинг зарби бўғзимга тиқилиб, кўзларимдан дувиллаб қайноқ ёшлар сиза бошлади: “... рўпарасидан нақ онаси юриб келаётгандек туюлди. Опаси онасининг тус ўзи бўлиб қолибди — ранги рафторию бегидир ёзғириб юришларигача шундоқ ўхшайди...” Шу жойга келганда китобни ёпиб деразага қарайман.
— Таъсирли китоб ўқияпсиз,  шекилли?
   Қаршимда менга нигоҳини қадаб турган кампирга қарайман; у бу ерда қачон пайдо бўлди? Сезмабман ҳам.
— Ҳа, таъсирли, — дейман ўриндиққа чўккан қақшоқ ва муштдек, бир тутамгина кампирнинг қулоқли идиш тутган саноқчўпдай озғин қўлидан кўз узмай.
— Нима ҳақда экан?,  — кампир энди юзимга синчковлик билан қарайди.
— Ҳикоялар. “Уч юз олтмиш тўрт кун” деган китоб.
— Қизиқ...
— Ҳа. Уч юз олтмиш тўрт кун яхшилик қилган одам бир кунгина, яъни, уч юз олтмиш бешинчи кун дўстига яхшилик қилолмай қолади, ёрдам беролмайди, иложини тополмайди, шундай бўлиши ҳам мумкин-ку. Кейин дўсти ундан юз ўгиради, – гапни қисқа қилиш ниятида кампирга қозоқ қардошларимизнинг беш тангасидай лўнда этиб тушунтирмоқ бўламан.
— Бу инсоният ҳақида экан. Бани-башарга теккан касаллик бу, — дейди кампир жилмайиб.
  Кампирнинг юзидаги ажинлардан нур таралгандай бўлади.
  Бунча маъсумалик недан денг, табассуми бунчалар ёқимли. 
— Ҳа, шундай. Одамзот бугун шундай. Қадимдан ҳам гўр бўлмаган. Нафинг тегмаса нархинг чақа дейишади-ку, бувижон.
— Шунга йиғладингми, ўғлим?, — дейди кампиршо мулойимлик билан сокин оҳангда. 
   Кампирнинг меҳру муҳаббатга тўлиқ нигоҳлари милтиллаб, ёниб тургандай туюлади.  Негадир кўнглимдагини тўкиб солгим келади.
--- Бувигинам, китобда ўзим, ҳа, айнан ўзим ҳақимдаги ҳикояни ўқиб қолдим. “Умр эса ўтмоқда” деган ҳикоя мен ҳақимда экан. Ёзувчи айни мени тасвирлабди. Ўтган гал ўз қишлоғим, ўзим туғилиб ўсган ота ҳовлига бориб худди ҳикоя қаҳрамони аҳволига тушдим. Нима учун яшаётганимни ҳам билиб-билмай яна изимга қайтдим. Ҳатто ўзим  ўзимга бегоналигимни ҳис қилдим.Бу даҳшат, бувижон.  Бу ҳикояни олдин, талабалик давримда ҳам ўқиган эдим, бироқ, бунчалик таъсир қилмаганди.
— Болам, ўзинг нима иш қиласан?
— Мен ҳам — шу... у-бу нарса ёзаман.
  Шу тобда қаршимизда пўрим кийинган, оппоқ сийрак сочларини ортга тараган, бўйдору бардам-тетик, озода, кўзойнакли қария пайдо бўлади. Худди XIX аср рус романларидаги дворянларнинг типик вакили дейсиз.
— Игнатушка, қарагин-а, мен ким билан гаплашаяпман? — Қаршимдаги оқсуякни шунчаки “Игнатушка”га айлантириб (аёл барибир аёл эканда) қўйган кампирнинг юзида шодиёна ифода қалқийди.
— Ким билан, хўш? — чол сиполикка ярашиқ улуғворлик ила томоқ қиради.
— Ёзувчи! Ёзувчи экан бу. Юраги бор ёзувчи.
    Чолнинг чеҳрасига табассум ёйилади. Менга қўл чўзади. Танишамиз.
— Бизга рухсат этинг, шаҳар айланмоқчимиз. Қаддини қиличдай тутиб, бош силкиб қўяди. (У уккағарнинг ўғли, классик романларда бир мизғиб олай деб ухлагану бизнинг замонимизда уйғониб қолгандай таассурот уйғотди менда).
— Кечқурун бирга чой ичамиз. Бизникига киринглар, қўшни эканмиз, — мулозаматдан тўн бичаман — Ўзбекистоннинг ноз-неъматларидан татиб кўрасизлар.
   Чолу кампир бир-бирига маъноли қараб, жилмайишади.
— Раҳмат Сизга. Биз Ўзбекистонда кўп бўлганмиз. Ота-онамиз ўша ёқда яшашган. Уруш пайти. Уларни Тошкентга эвакуация қилишган. Чолим эса ўша ёқда туғилган. Ҳар иккимизнинг ҳам томиримизда ўзбекларнинг меҳри оқади, — дейди кампир.
Бундай самимий муносабатдан ич-ичимдан ёрулгудай бўлиб севинаман.
— Ундай бўлса, жуда зўр! Юртдош эканмиз! Демак, кечқурун..., — гапим оғзимда чала қолади, чол мағрур табассум билан сўз қотади:
— Сизга раҳмат! Таклиф учун ташаккур! Кечқурун вақтимиз йўқ. Театрга борамиз.
     Чолу кампир қўл ушлашиб эшик томон йўл олишаркан уларга боқиб ният қиламан: “Оллоҳим, ҳар бандангга ана шундай қўша қариш бахтини ато қил! Қанотни тоқ этмагин!”.
   Кекса жуфтликнинг режаси каминани ҳам илҳомлантирди; биз ҳам театрга борамиз. 
     Бу таклифимдан хотиним хурсанд бўлди. Ҳаётимдаги эзгу ишларимдан бири хоним билан бу ерларга саёҳат этганимиз бўлса, яна бири агар амалга ошса — шу, яъни, театр томошаси бўлишини таъкидлаб, мени алқаб-мақтади.
   Эру хотин иккимиз пешинга қадар интернет орқали шаҳардаги барча театрлар учун чипта ахтардик. Кошки топилса. Чехов, Горький, Пушкин, Булгаков, Гоголь номи билан аталувчи санъат кошоналари дейсизми, Катта ё Кичик, Мейерхольд маркази-ю Маяковский театрини гапирасизми, Москва Ёшлар театридан тортиб Таганкадаги драма ва комедия театрини ахтарасизми, опера театрларига кўз ташлайсизми, бирорта чипта топа олмайсиз. Турли хил санъат саройларининг ҳам манзилига кўз югуртириш бефойда. Айни шу бугунга, иккинчи январга чипта топиб бўпсиз.
— Булар энди бекорчиликдан театрга боришади-да, бошқа нима ҳам қилишсин, шўрликлар — дейман ўзимни юпатиб. 
 — Булар театрни яхши кўришгани учун боришади. Булар саҳнани севишади, — дейди хотиним гапимни чўрт кесиб.
— Бугун бўлмаса эртанги томошаларга ола қолайлик, — дейман худди оғир муаммонинг ечимини топгандай шодланиб.
— Бўпти, эртага борамиз. Чипта топсангиз қойил қолардим...
   Интернет яна ишга тушди; “Большой, “Мальй”, “МХАТ”, “Ленком”, “Опера”... Уфф, қаёқда дейсиз. Йўқ, эртанги кун учун ҳам чипта йўқ. Ўнлаб хожатбарор фирмалару ўртакашларга ҳам қўнғироқ қилдим. Жавоб битта — бугунга чипта йўқ! Охири чидай олмай ўзим кўчага чиқдим. “Маданият хиёбони”даги кассаларга бош суқдим. Иккита театр биносига бориб кассир қизларнинг ҳайруту ҳайронлигини оширдим, таажжубли нигоҳлар қаъридаги кулгулар кўнглимга оғриқ солди: “Нима бало, Москвадаги ўн саккиз миллиондан ортиқ аҳолининг ҳаммаси театрга ёпирилганмикин!  Шаҳардаги икки юздан ортиқ театрнинг бирортасига ҳам чипта топилмаса-я? Булар театрда туғилиб, театрда ўладиган халқмикин?”, дея ёзғирардим. Ёзғирганим сайин эса аҳли Москвани ич-ичимдан яхши кўриб бораётганимни, театрсевар бу халққа янада меҳрим товланиб бораётганини ҳис қилардим.
  Ўзимни ношуду нотавон сезган ҳолда меҳмонхонага шалвираб қайтдим. Хона эшигига қўл чўзишга юрагим безиллаб, тимирскиланиб турувдим, фойе томондан салобат ва виқор ила юриб келаётган ҳалиги “жентельмен” чолга кўзим тушди.
— Сизлар қандай қилиб театрга чипта топдинглар?, — юрагимдаги зардобми ё зардами, билмадим, нимадир тилимга кўчди.
     Чол таққа тўхтади. Жилмайди:
— Ўғлим, биз бу чипталарга бир ой бурун уйда, Минскда туриб буюртма берганмиз.
      Мен изза бўламан.
      Хонага киришим ҳамоно хотиним жилмаяди:
— Тополмадингизми?
— Йўқ, дейман унинг хотиржамлигидан ҳайратга тушиб.
— Мен топганга ўхшаяпман. Чехов номидаги театрга иккита чипта топганга ўхшаяпман. Мана, қаранг, олдинги қатордан экан ўзиям. Иккитагина жой бор экан.
    Хотинимнинг қўл телефонига кўз югуртираман; театр томоша зали схемаси. Барча ўриндиқлар нуқталар билан белгиланган. Қоп-қора нуқталар. (Булар жой бандлигини билдиради). Э-е-ей, чинданам олд қатордаги иккита нуқта сариқ нур таратиб турибди. Ё, қудратингдан!  Чиндан ҳам иккитагина бўш жой бор экан. Кўзим тиниб кетди. Шоша-пиша иккала нуқтани ҳам босиб белгиладим. Тамом, жой меники энди, буюртма берсам бўлади.
     Телефон экранидан кўз узмай, нафас ютиб турибман. Худди қармоғига олтин балиқ илинишига ишониб сувга тош қотиб термулган балиқчи ҳолидаман. Мана, чиқиб келди. Чиптанинг нархи чиқиб келди. Ҳар бир жой ўн саккиз минг рублдан экан. Иккита чиптанинг қиймати ўттиз олти минг рубль. Хотинимга анграйиб қарайман.
— Ҳа, нима бўлди?
— Индин Санк-Петербургга бормоқчи эдик-ку. Ўша ёқдан самолётга чипта ҳам харид қилишимиз керак. Шунинг учун... шунинг учун... театрга бормасак-чи-а?, – дейман ланж тортиб.
— Буларнинг театрга нима даҳли бор?
— Даҳли бор-да. Чиптанинг нархи саҳал қимматроқ экан, — дейман ўзимни кулгуданми, ҳасратданми, зўрға тутиб.
— Нархи қанча экан?
— Иккала чипта ўттиз олти минг рубль. Бизнинг пулга беш миллиондан ошиб кетади. Беш юз доллар бўлади.
— А-а-а?! Бутун зални сотиб олаяпсизми?
—Мана, қара, ишонмасанг!
   Икковимиз ҳам бироз жим турамиз. Сўнг бараварига кулиб юборамиз. Лекин бу кулги йиғига ўхшаб кетарди. Аламли, оғриқли кулгу эди. Айни дам мен чипталари қиммат бўлса ҳам театрлари ўриндиқлари ҳеч қачон бўш қолмайдиган, икки юз элликлаб театрига чипта топиб бўлмайдиган, театрларининг томошахоналари томошабинган лиқ тўла, театр чиптасига ойлаб навбатга турадиган Халқлар, одамлар борлиги учун, “Театр биз учун ибратхона!”, — деб зор-қақшаб ўтган улуғ бобом ва куни кечагина ўз юртим юраги Тошкентдай шаҳри азимдаги нуфузли театрларнинг бирида бўлиб ўтган “Ромео ва Жулиетта” спектаклининг премьерасида, текин томошада менинг халқим театр залию, ҳовлиси, кўчаларида тезоқар дарёдай тўлқин уриб, тўлиб-тошиб, гавжум бўлмагани, буюк режиссёр Олимжон Салимовнинг шугина томоша зали тўлгани боис  ҳаяжонланганини ҳам эслаб ич-ичимдан йиғлар, ўзимни камситилгандай ҳис қилардим. Ҳа, юзим куларди-ю, ич-ичимдан йиғлардим...
   Эр-хотин мулзам тортиб, шаҳарни шунчаки айланиб келишга қарор қилдик. Мен ҳалиги қироатхонага чиқдим. То аёлим кийниб чиққунга қадар “Уч юз олтмиш тўрт кун”ни ўқий бошладим. Қаршимда яна олифта-дарроз Игнат бобо пайдо бўлди. (Негадир чолга бу гал хушламайроқ юзландим).
— Раҳмат, азизим. Хотинингизга ҳам ташаккуримизни етказинг. Тошкентнинг патир нони, ёнғоқ ва майизи жуда ширин ва лаззатли экан. Рафиқангиз уларни бизга ҳам илингани учун жуда хурсанд бўлдик. Ажойиб оила экансизлар. Хуллас, кампирим иккаламиз театр чипталарини сизларга туҳфа этишга  қарор қилдик. Сизлар, ўзбеклар жудаям меҳрибон ва бағрикенг халқсиз! Мана, марҳамат, чипталарни олинг.
   Мен ўримдан туриб кетдим. Кўзларим тингандай бўлди. Чол жиддий қиёфада, такаллуф ила иккита чиптани менга узатмоқда эди.
— Йўғ-е-е, ахир, ўзларингиз-чи?
— Мен ўзим актёрман. Кечқурун, албатта, ўша театрдаги улфатларим билан кўришамиз. Бизда, Минскда ҳам бу спектакль жуда кўп қўйилган, бир пайтлар ҳатто мен бош ролни ҳам ижро этганман. Олинг, йўқса мен ҳам, кампирим ҳам хафа бўламиз.
      Мен чўнтагимга қўл солдим:
— Тўхтанг, мана, пулини олинг.
     Чол, ортга тисланади:
— Асло! Йўқ, пул керакмас. Йўқса, чипталарни бермайман. Аслида, бу ҳаётнинг ўзи театр. Олаверинг!
   Чол чипталарни қўлимга тутқазиб, дворянларга хос қадди-қомат ила ғоз юриш қилиб, йўлак узра ўз хонаси томон йўл олди. Мен унинг ортидан ҳангу-манг бўлиб қараб қолдим.
— Нега, ҳаяжонланаяпсиз? Рангингиз оқариб кетибди, — хавотир билан термулади театр томошасидан умидини узиб, кайфиятини тунги сайрга мослаб чиққан хотиним.
— Т ... т. Театрга борамиз, — дейман томоғимга нимадир тиқилиб!
— Майли, насиб қилмаган экан. Шунга диққат бўлманг энди.
    Мен кафтимни куйдириб турган икки дона чиптани хотинимга узатаман. У менга эсанкираб қарайди.
3 январь, 2022 йил
Москва. “Граф” меҳмонхонаси










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот