МАШАҚҚАТЛАР ОША ЮЛДУЗЛАР САРИ


Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ

МАШАҚҚАТЛАР ОША ЮЛДУЗЛАР САРИ
ҳикоя

  Асримиз – мўъ­жиза­лар асри-да...
  Хуллас, замонамизнинг бир гуруҳ ота-оналари Эйнштейн ҳузурига келишди. 
– Жаноб Эйнштейн, – деди уларнинг вакили, – биз фарзандларимиз ақлли бўлишини истаймиз. Шу мақсадимизга қандай эришсак бўлади? Маслаҳат беринг.
  Физика бўйича Нобель мукофоти лауреати хотиржам жавоб қайтарди:
– Кўпроқ китоб ўқишсин. 
  Вакил бўш келмади: 
– Бу-ку, тушунарли. Аммо биз фарзандларимизнинг янада ақллироқ бўлишини истаймиз. 
  Эйнштейн икки карра икки тўрт бўлиши аксиомасини такрорлаётгандай, қўлларини икки ёнга ёйди:
– Унда янада кўпроқ китоб ўқишсин.
  Ота-оналар мамнун бўлиб ортларига қайтишди. 
* * *
  Орадан уч йилга яқин вақт ўтди ва ўша ота-оналар яна йиғилишиб, нисбийлик назарияси муаллифини йўқлашди. 
– Альберт ака, – деди уларнинг сўзамол вакили, – биз сизнинг ҳамма айтганларингизни қилдик, болаларимизга роса китоб ўқитдик, роса ўқитдик. Лекин биз кутган натижа йўқ-ку. 
  Мийиғида илжайиб қўйган даҳо сўради: 
– Сиз қандай натижани кутгандингиз?
– Ҳа, энди... – аниқ жавобдан ўзини олиб қочди вакил, – шу... машҳур бўлса... 
  Чайналиб қолган вакилнинг гапини Эйнштейннинг ўзи давом эттирди:
– Мошина ютса. 
– Шунақа бўлишиям керак-да! – ишонч билан таъкидлади ўзини ўнглаб олган вакил. – Ётиб олиб ўқиганига яраша мукофот-да. 
  Дунёнинг йигирмадан ортиқ нуфузли университетларининг фахрий доктори жиддий тортди: 
– Фикри ожизимча, китоб манфаат илинжида ўқилмайди. 
  Ота-оналар ажабланиб, бир-бирларига аланглашди. Оний сонияда уларнинг кўнглидан “ярқ” этиб ўтган саволни сўзамол вакил овозлаштирди:
– Бўлмаса, нима учун ўқилади? 
  Замонавий физика фанининг пойдевори ҳисобланадиган квант назарияси, борлиқ ва вақт моҳиятига янгича қарашлар муаллифи хижолатомуз кулимсиради: 
– Хонимлар ва жаноблар, сизларга асло ақл ўргатмоқчимасман. Фақат хусусий мулоҳазам шундан иборат эдики, мажбуриятгамас, кўнгил эҳтиёжига айланган мутолаа инсонни анчайин баланд чўққиларга етаклайди, майда-чуйда ташвишларга ўралаштириб қўймайди... 
  Вакил ўзининг ҳам анча-мунча нарсага фаҳми етишини кўрсатиб қўйишга шошди: 
– Айтаётганларингиз нисбий, албатта. 
– Ў, албатта! – дарҳол бу фикрга қўшилди Эйнштейн. – Мутлоқ ҳақиқатни...
Вакил шошиб унинг гапини бўлди: 
– Жаноб Альберт! Марҳамат қилиб, бизга аниқ йўл-йўриқ берсангиз, токи фарзандларимиз танловда ғолиб чиқиб...
– Ахир, улар шу-унча ўқишди, – гапни илиб кетди бир ота. – Оз эмас, юз эллик нафар ёзувчининг туғилган санасини ёддан билиб олишди. Ярим кечаси уйғотиб сўрасангиз ҳам, истаган бирини адашмасдан айтиб беради. 
– Туғилган санаси? – тамомила ҳайрон бўлди физика бўйича уч юздан ортиқ илмий мақола, фан тарихи ва фалсафаси мавзусида юз элликдан ортиқ рисола ҳамда илмий ишлар муаллифи. 
– Ҳатто раҳматли бўлиб кетганларнинг ўлган... эй-й, вафот этган санасиниям, – ғурур билан қўшимча қилди бир она. 
– Лекин буларни билишнинг нима кераги бор? – баттар ажабланиб сўради Энштейн жаноблари. 
– Шунақа шарт бор-да, – бажонидил изоҳ берди вакил. 
– Аммо... истаган маълумотномадан билиб олиш мумкин бўлган рақамларни ёдлашга на ҳожат? 
  Ота-оналардан бири чидолмасдан кулиб юборди, сўнг ҳаммаслакларининг ўзига чимирилиб қарашларига жавобан дарҳол изоҳ берди: 
– Альберт ака. Қайдадир ўқиб қолгандим, сиз бир журналистнинг икки шаҳар орасидаги масофа қанчалиги ҳақидаги саволига жавоб беролмаган экансиз, тўғри экан-да, а?
– Тўппа-тўғри! – бош ирғади Эйнштейн. – Мен ўша журналистга “Бунақанги оддий, истаган маълумотномадан олишим мумкин бўлган рақамлар билан миямни банд қилиб юрмайман. Инсонга онг-шуур бошқа, улуғроқ ишлар учун берилган”, дегандим. 
– Биз реалистмиз, – бўш келмади вакил, – осмондаги ойни орзу қилиб юрмаймиз.
Гравитация тўлқинлари ва квант телепортацияси башоратчиси ҳамсуҳбатига синовчан тикилди. 
– Ўйлашимча, инсоният узоқдаги қуйруқдан воз кечиб, яқиндаги ўпка билангина қаноатланиб юрганида эди, тамаддун ҳеч қачон жойидан силжимаган бўларди ва биз, эҳтимол, ҳамон тош асрида яшаётган бўлардик.
  Вакил пешонасини тириштириб, ўзини бу гапларни ҳазм қилаётгандай тутди ва ҳар эҳтимолга қарши:
– Сиз айтмоқчисизки... – деб қўйди. 
  Ҳар қандай урушларга, айниқса уларда ядро қуроллари қўлланилишига кескин қарши чиққан, инсон ҳақ-ҳуқуқларини оғишмай ҳурмат қилишга чақирган, миллатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни қизғин қўллаб-қувватлаган олим жўшиб гапира бошлади:
– Ҳа, мен айтмоқчиманки, асл мутолаа комилликнинг, Шахс бўлиб етишишнинг биринчи босқичи, таъбир жоиз эса, пойдевори. Китобхўрмас, кўп китоб ичидан айнан ўзига кераклиларини ажратиб олиб қайта-қайта ўқиган, уларни уққан боладан келажакда шундай инсонлар етишиб чиқажак. Ана шунда мутолаа мажбуриятмас, кўнгил эҳтиёжига айланади ва шубҳасиз, ўз самараларини беради. Тарихда, хусусан, Шарқда бунга мисоллар лак-лак, шубҳасиз, улардан воқифсиз. Вақтингизни олиб ўтирмаслик учун, агар нокамтарлик бўлиб туюлмаса, ўзимнинг ҳаётимдан биргина мисол келтирай. Камина Дэвид Юмнинг “Инсон табиати ҳақида” трактатини қайта-қайта ўқидим. Ишонасизми, айни шу фаласафий рисола мени нисбийлик назариясини яратишга ундади... Шу сабабдан мен ақл эгалари бўлган математиклар олдида бош эгаман, қалб соҳиблари бўлган ижодкорлар қаршисида эса тиз чўкаман. Илло, ижодкор ким? Ижодкор бу қайси соҳада бўлмасин янгилик, кашфиёт яратишга интилган шахсдир. Физика, кимё, математика сингари аниқ фанларда-ку, инчунин. Ва айни пайтда ақл, билим эзгуликка йўғрилмоғи лозим, акс ҳолда, ёвузлик туғилади. Эзгуликни эса бизга бадиий адабиёт беради... 
– Сизга бу гапларни айтиш осон-да, – минғирлади оналардан бири. – Чунки сиз туғма ақллисиз.
– Асло! – кескин эътироз билдирди Эйнштейн. – Истеъдод туғма бўлмайди, унга меҳнат билан, тиришиб-тирмашиб, заҳматлар чекиб эришилади. Майли, агар ишонсангиз, сизга бир сирни айтай, хоним: битта масала устида ойлаб, йиллаб ўйлайман. Тўқсон тўққиз маротаба хулосаларим хато чиқади. Юзинчи маротаба эса тахминларим тўғри эканини англайман.
– Гапниям жа-а оларкансиз-да, Альберт ака, – пичинг қилди оталардан бири. – Биз не дардда келдиг-у... 
– Тушундим, тушундим, – қуюқ мўйловини силаб қўйган Эйнштейн жиддий тортди. – Агар фикримни мухтасар ифодалайдиган бўлсак, сиз яна бир бор масса ва энергия орасидаги мутаносиблик қонунини эсланг. Яъни E = mc2. Демак, агар биз массани ўқилаётган китоблар сонига муқояса этсак...
– Жаноб Эйнштейн, – бесабрлик билан олимнинг гапини бўлди вакил, – маърузангиз, албатта, кўп яхши. Бироқ бизга жайдарироқ тилда фарзандларимизнинг танловда ғолиб бўлиши йўл-йўриғини кўрсатиб берсангиз дегандик. 
– Шундай... Ҳа-ҳа... Тўғри... Шунга келганмиз-да ўзи... – деган хитоблар эшитилди ота-оналар орасидан. 
  Замонавий назарий физика асосчиларидан бир бўлган олим аввалига нима дейишини билмай бир муддат довдираб қолди, сўнг имкони борича ётиғи билан тушунтиришга ўтди: 
– Мақсад ҳамишаям воситани оқлайвермайди. Айниқса, мақсаднинг планкаси анчайин пастда бўлса. Танлов? Нима у? Унда берилган баҳолар нисбий бўлса. Эҳтимол энг паст балл олган иштирокчи қалбида, онгида недир пўрталанар, недир фавқулодда кўламдор ижодкорлик салоҳияти куртак отаётгандир. Муҳими, ўша куртакни манфаат илинжида босиб-янчиб ташламаслик... Шошманг, шошманг. Айтмоқчийдимки, фарзандларингизнинг ҳаммаси ўта истеъдодли. Фақат улар иқтидорини ҳозирдан тўғри ўзанга йўналтира билиш лозим. Ана ўшанда сиз ўзларингиз кутган натижадан ҳам юксакроғига, осмон баробарига эришасиз. – Гапининг шу жо­йига келганда жаноб Эйнштейн жилмайиб қўйди: – Дейлик, болаларингизни ижодкорларга менгзасак, ўзларингизнинг улуғ шоирларингизнинг тилида айтганда: “Унинг сену мендек шоирлари кўп, Буюк элга энди даҳолар керак” .
  Оналардан бири ҳайратланиб хитоб қилиб юборди:
– Даҳолар?
– Айнан шундай! – яйраб, жўшиб, кўзлари чақнаб хитоб қилди олим. – Айнан даҳолар! Ундан камини кўзламаслик керак. 
– Осилсанг, баланд дорга осил экан-да, – пичинг қилди оталардан бири. 
– Ў, албатта! Чунки бундай юксакликка етиш учун фарзандларингиз оёқлари остида мустаҳкам пойдевор бор. Буям бўлса, мутолаа ҳосиласи...
Оналардан бири норози бўлиб тўнғиллади: 
– Ўқийверган билан мойи чиқармиди? Уч йилдан бери умид билан борамиз, лекин...
– Лекин мошина йўқ! – завқ билан хитоб қилди Эйнштейн. – Аммо фарзандингиз ўнта мошинадан ҳам, юзта мошинадан ҳам, дунёнинг жами ганжиналаридан ҳам қимматроқ турадиган билимга эга бўлмоқда-ку. Бу эса қисқа муддатда ўз самарасини бермай қолмайди. Ҳақиқий билим – ижодкорлик қасрига олиб кирадиган эшик калити. Ишонаверинг, танлов ташкилотчиларининг бош мақсади аслида шу, уларнинг барча саъй-ҳаракатлари замирида мана шундай улуғ ният, умид ва... илинж турибди! 
Энди вакилнинг ўзи асабийроқ равишда пўнғиллади:
– Ҳолва деган билан оғиз чучиб қолмайди.
  Олим мийиғида илжайиб қўйди: 
– Аслини олганда, дунёнинг ўзи буюк математик қонуниятлар жамланмасидир. Эътибор беринглар, азизлар, олимлар аллақачон Буюк Уйғониш даври жамиятининг математик модулини яратиб қўйишган. Аниқланишича, бундай жамиятда энг камида тўққизта тирик даҳо фаолият кўрсатаркан. Тўққизта, холос. Ким билади, агар бугун сизлар фарзандларингизда мутолаадан манфаат излашнимас, ижодкорлик, изланувчанлик, буюк ишларга рағбатни ўргатсангиз, тонг-саҳар уларни “Сен мошина ютишинг керак”, деб эмас, “Сени буюк ишлар кутмоқда. Ахир, сен ягонасан, бетакрорсан”, деб уйғотсангиз, эрта-индин улар сафидан ўнлаб, йигирмалаб даҳолар чиқса, не тонг. Шу эмасми асл орзуларингиз, муҳтарам хонимлар ва жаноблар? 
  Ота-оналар ўйланиб қолишди. 
  Алоҳа, оний сонияда улар кўнглидан ўтган фикрга вакил минғирлаб сас берди: 
– Тил топишолмадиг-ов... 
  Бунга жавобан Альберт Эйнштейн “ўзларингиз биласизлар” дегандай елка қисиб қўйди, холос.
  Ота-оналар музтар ҳолда ортга қайтишди. 
  Йўлда вакил норози бўлиб тўнғиллади: 
– Мени не дейман-у, қўбизим не дейди. 
  Бундан улги олган бир ота кескинроқ оҳангда кимгадир пўписа қилди:
– Ўзингнинг ишинг битиб, эшагинг сувдан ўтган-да! 
  Оналардан бири сўраб қолди: 
– Яна ким бор маслаҳат берадиган, конкрет йўл-йўриқ кўрсатадиган? Конкрет! 
– Даҳо дегандай бўлдими? – сўраб қолди оталардан бирови. – Мен шунақа одамни биламан. Ўрис. Перельман деган. Дунёнинг тирик буюклари орасида тўққизинчи ўринда тураркан.
  Вакил қўл силтади: 
– Э, бўлмайди. Ўзининг фойдасини билмайдиган нодон у. Бир масалани ечган-у, мукофотга берилган миллион доллардан воз кечган. 
  Ота-оналар бақа бўлиб қолишди. Сўнг ғала-ғовур бўлиб кетди:
– Миллион... “Кўк”идан-а... Вой дурак... Эҳ-ҳ, қанча мошина берарди-я!.. Мендан маслаҳат сўрамайдими... Тўққизинчимиш, гаплашсак, биринчиси билан гаплашиб қўя қолайлик!.. Йўқ, бунақаси кетмайди!..
  Пайт пойлаб турган вакил кейинги қақшатқич зарбани берди: 
– Ўзи бўлса коммунал уйда, онасининг пенсиясига яшайди. 
  Аввал нафаси ичига тушиб кетган ота-оналарга ниҳоят забон битди: 
– Ўзининг фойдасини билмаган тентак!.. Ҳеч бўлмаса, онажонингни ўйламадингми, падарқусур!.. Ўзингга керак бўлмаса, ана, олиб, муҳтожларга тарқат эди... бизга ўхшаган... Олдимга келмайсанми маслаҳат сўраб. Етмиш икки соатда миллионни “гум” қиворардим... Онанинг қарғишига қолган экан, энди икки дунё косаси оқармайди... 
Даврабошлик вазифасини зиммасига олиб улгурган вакил қўл кўтариб, бу қадар адолатсизликдан қаҳр-ғазабга тўлган оломонни тинчитди:
 – Бу бўлмаса, бошқаси-да... Альберт аканинг-ку, голограммаси билан гаплашдик. Энди ҳақиқий, тирик одам билан гаплашиб кўрайлик. Зора...
  “Зора!..” деган умидли хитоблар эшитилди. 
  Кимдир таклиф киритди: 
– Ўзимиздан кимдир чиқиб қолар... Ҳар қалай, тушунтиришимиз осон бўларди.
Бошқа биров қўшимча қилди:
– Тушунишиям... 
  Даврабоши ишбилармонлик оҳангида сўради:
– Масалан, ким? Айтинглар-да.
  Таклиф киритган одам атрофга аланглади, кўзи ўткир экан, ярим чақиримча наридаги мактаб пештоқидаги ёзувни ўқий олди:
– Масалан, Беҳбудий.
  Даврабоши оталардан бирига ишора қилди. Ота дарров ноутбукида сўров бериб, бу зотнинг кимлигини аниқлагач, гумонсираб бош чайқади.
 – Бўлмайди-ёв. Унинг шиори: “Беҳуда сарфларга кетадиган харажатларни илмга сарфламоқ керакдир. Илм бизнинг омилимиз, идеалимиз, муродимиз, тилагимиз ва муддаомиздир. Ҳозир барча кучни илм олишга қаратмасак, забун бўлурмиз”, экан. 
  Таассуф ила бош чайқаб қўйган даврабоши хулоса қилди: 
– Гапингиз тўғри. Илмни идеал деб билган одамдан тузук-қуруқ йўл-йўриқ чиқишига ишониб бўлмайди. Аммо кайфиятни туширманглар, ҳурматли ота-оналар, биз излашда давом этамиз. Излаган эса албатта топади. 
  Шундай дея вакил қатъият билан олдинга ишора қилди:
– Кетдик бўлмаса. 
  Улар йўлга тушишди...
* * *
  Кейин нима бўлган, аниқ билмайман. Аммо айрим гап-сўзларга қараганда, бу гуруҳ ҳалигача фарзандлари, албатта, машина ютиб олиши учун ўзларига жўяли, аниқ маслаҳат бера оладиган ақлли одамни излаб юрганмиш... 

2021 йил.
Манба: "Китоб дунёси" газетаси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот