СЎҒДИЁНАЛИК САПАТАМАН ва МАКЕДОНИЯЛИК АЛЕКСАНДР
Озод МЎЪМИН ХЎЖА
СЎҒДИЁНАЛИК САПАТАМАН ва
МАКЕДОНИЯЛИК АЛЕКСАНДР
(тарихий ҳикоя)
“Сен мени неча марта бош кўтарган, шу вақтгача
забт этилмаган ва забт этиб ҳам бўлмайдиган
Сўғд мамлакатига ҳоким қилиб тайинлаяпсан! Нега?”
Македониялик Александрга унинг
лашкарбошиси Кратернинг хитоби.
Квинт Курций Руф. “Александр тарихи”.
Ўзбекларнинг қадимий аждодлари сўғдлар, хоразмийлар, бақтрияликлар, фарғоналиклар, шаклар ва массагетлар ҳам бўлишган.
“Ўзбеклар” мақоласи.
“Катта энциклопедия”, Москва, 1977.
Сўғдлар ўз юртларини “Иккинчи бўлиб яратилган мамлакат”, деган фикрда эдилар. Кимдир, “Хўш, биринчи навбатда қайси ўлка яратилган?”, деб сўраса, жавоблари тайёр эди: “Эс-хушинг жойидами, шуни ҳам билмайсанми? Биринчи бўлиб худолар мамлакати яратилган-да!” Бошқа бир одам, бу таъкидга тушунмай, “Нима бўлибди, шу билан? Иккинчими, бешинчими, нима фарқи бор?”, деб сўраса, улар баттароқ таажжубга тушардилар: “Яхши одам, бир нарсани англаб ол! Худолар ўз мамлакатларидан кейинги юртни ўзлариникига ўхшатиб, энг зўр қилиб яратишган-да! Навбатдагиларини ҳаминқадар қилиб вужудга келтирганлар. Кўзларингни катта очиб қара, бундай баҳаво, гуллаб-яшнаётган дарахтларга, тиниқ, шарқироқ сувга тўла дарёларга, сойларга, қўй-қўзилар, мол-ҳоллар тўйиб озиқланадиган яйловларга, овларга, ширин-шакар мева-чевалару, қовун-тарвузларга ва бошқа такрорланмас ноз-неъматларга лиммо лим бўлган қайси диёрни биласан?..” Савол берган киши бу жавобдан кейин ҳеч нарса дея олмасди. Дарҳақиқат, бундай ўлканинг такрори йўқ эди.
Ҳар бир гўзалнинг, ҳар бир қимматбаҳо жавоҳирнинг, ҳар бир нодир ва ноёб буюмнинг ишқибозлари кўп бўлгани каби, Сўғд мамлакати бойликларига жануб томондаги форсларнинг шоҳлари сулоласи – аҳамонийлар ҳамиша кўз олайтирганлари олайтирган эдилар. Уларнинг бирор шоҳи сал кучга кирса бўлди, албатта гуллаб-яшнаган ўлкага ҳужум қилиб, бойликларни талаш талвасасига тушар эди. Аммо, сўғд ҳалқи Ватанларини ҳамиша улардан ҳимоя қила олар эди. Бунинг учун, уларда моҳир саркардалар, яхши тайёргарлик кўрган жангчилар бор эди. Улар авлоддан авлодга ҳарбий санъат сирларини ўргатиб, ўз юртлари ҳимоясига тайёрлар эдилар. Шунинг учун, Сўғд эли хотиржам турмуш кечирар эди.
Аммо, бир куни узоқ давом этган тинч ҳаётга путур етди. Мелоддан аввалги 329 йилда, узоқ Македония ва Юнондан буюк саркардалик қобилияти бўлган, Александр исмли шоҳ бутун оламни ўзига бўйсундиришга жаҳд қилиб, “Иккинчи бўлиб яратилган мамлакат”га бостириб кирди. У бу заминга келгунча, жуда давлаталарни, жумладан Кичик Осиёни, Оссурияни, Мисрни ва аҳамонийлар бошчилигидаги Форсни ҳам осонлик билан янчиб ташлади. Кейин, улар юнончасига айтганда – Сўғдиёнага бостириб кирдилар. Ва Мароқанда (ҳозирги Самарқанд) ни эгалладилар.
Мароқанда атрофи мустаҳкам деворлар билан ўралган эди. Унча-мунча душманлар, шу хусусда форслар бу шаҳарни ишғол этолмагандилар. Лекин, Александр даҳо саркарда эканлигини бу шароитда ҳам намойиш этди. У қалъанинг атрофини айланиб ичкарига девор остидан кирадиган анҳорни кўриб қолди. Ва дарҳол ўз лашкарбошиларига топшириқ берди.
– Чапдаст, моҳир жангчи йигитларингизнинг бир қисмини ана шу ердан, сувга шўнғитиб, ичкарига киритинг. Улар барча қаршиликни енгиб, шаҳар дарбозасини очсинлар ва биз дарҳол ёпирилиб кириб, Мароқандани эгаллаймиз! Қолган лашкар дарбоза яқинида шай турсин.
Ушбу вазифа аъло даражада уддаланди. Кутилмаганда, шаҳар ичида пайдо бўлиб қолган юнон-македон жангчиларига минг қаршилик кўрсатсаларда, жон олиб, жон берсаларда, Мароқанда ишғол этилди. Босқинчи аскарлар бир неча йиллардан бери жанг қилавериб, жуда маҳоратли бўлиб кетгандилар. Шу сабаб, мардонавор, аммо тажрибасиз ҳимоячиларни қийналмай енгдилар.
Александр тансоқчилари ва ёрдамчилари қуршовида Сўғдиёнанинг забт этилган пойтахтига кириб келди. Аскарлар, ўз шоҳларини муносиб кутиб олиш учун, қўлга киритган ўлжаларини тақсимлаб улгурмаган бўлсалар-да, зудлик билан икки четга сафландилар. Македония ҳукмдори, олди саҳни катта майдон бўлган саройга яқинлашар экан, атрофдан: “Яшасин Буюк Александр!”, “Александрга шон-шарафлар!” деган хитоблар янгради. Бу сўзларга жавобан жилмайган шоҳнинг дилида қувонч ўйнади: “Мана, Сўғдиёнанинг асосий шаҳрини забт этди. Энди, унинг ерларига ер, бойликларига бойлик қўшилди. Эвазига бу заминдаги ёввойиларга юнон маданиятини, санъатини олиб келади. Улар янгича яшай бошлайдилар. Ва Александрни босқинчи деб ўйлаётган ҳалқ, вақт келганда юнонлардан ва македонлардан кўп миннатдор бўлади. Чунки, у Сўғдиёнага замонавий тараққиёт олиб келмоқда!”
У ўзи билан ёнма-ён кетаётган, ҳам ёшлигидаги дўсти, ҳам қўмондонларининг бири Гефестионга сўз қотди.
– Ҳурсандмисан!
– Ҳа, Александр! – жавоб берди Гефестион ва маҳкам ушлаб келаётган қиличи сопини қўйиб юборди-да, отнинг тизгини ушлади. – Бу сўғдлар жуда ўжар халқ экан. Форсийлардек мулойим ва эгулувчан эмаслар. Лекин, барибир енгилдилар. Сенинг бошчилигингдаги зарбаларимизга ҳеч бир мамлакат чидаш бера олмайди!
Бу гапни улар билан ёнма-ён кетаётган бошқа қўмондон Кратер ҳам эшитди. Шунинг учун, Гефестиондан ортда қолмаслик учун хитоб қилди.
– Сенинг истеъдодингнинг, саркардалик лаёқатингнинг поёни йўқ, Александр! Қаҳрамонликларинг олдида Геракл ҳам хира юлдуздек бўлиб қолди! Олам сендек фотиҳни кўрмаган!
Кратер муваффақиятли Форс юришидан сўнг, Александрнинг мақтовталаб бўлиб қолганини, ўз шахсининг улуғланишини истаётганини пайқаганди. Хаттоки, бир марта кимдир: “Наъра тортаётган сенмисан, о, Зевснинг ўғли!” деганда, бу гап шоҳга хуш ёққанини сезганди. Ахир, бош маъбуд Зевснинг фарзанди ҳисобланиш, кимга ҳам маъқул келмайди? Бундан ташқари, Гефестионнинг фотиҳ билан қалин дўст эканлиги унинг ғашини келтирар эди. Бир куни, у билан шоҳнинг кимни – Гефестионними ёки Кратерними, кўпроқ эъзозлаши хусусида жанжаллашиб ҳам қолганди. Шунда Александрнинг ўзи уларни яраштириб қўйганди. “Мен Гефестионни севаман, Кратерни эса ҳурмат қиламан! Иккаласи ҳам мен учун бир хилда қимматли!”, дея хитоб қилганди у.
Муҳташам саройга кирилгач, тож эгаси ўзи учун ҳозирланган тахтга ўтирди. Саройнинг деворларига, шипига ва устунларга гулли чиройли нақшлар чизилган эди. Девор бўйлаб қатор турли ҳайкалчалар турардилар. Марказда бир қўлига мева, бир қўлига шохча ушлаган шоҳона кийимли аёл ҳайкали ўрнатилганди. У ҳосилдорлик ва тўкинлик келтирувчи маъбуд тимсоли эди.
Александрдан сўнг саройга кирган аъёнлар ҳам антиқа ҳайкалчаларни томоша қилишди ва сафланиб, ўз ҳукмдорларини ғалаба билан қутладилар.
– Улуғ шоҳ! Мароқанданинг бутун бойликлари ихтиёрингда! – мурожаат қилди ҳазиначиси олдироққа чиқиб ва форслар монанд таъзим қилди.
Одатда, македонлар ва юнонлар шоҳларга бундай қуллуқ қилмасдилар. Улар бу амални форсийлардан тезгина ўрганиб олгандилар. Айниқса, бундай муносабат ҳукмдорларига хуш келишини сезганларидан кейин.
Александр ўрнидан турди ва топшириқ берди.
– Жангчиларимга ўн олтин тангадан улашинг! Лашкарбошиларни ўзим тақдирлайман. Қани олиб келинг, ҳазинани!
Инъом топшириш маросими дабдабали ўтди. Ўзга ҳалқ бойликлари сахийлик билан улашилди. Барча қўмондан ва аъёнларнинг кўнгли тўлди. Шундан сўнг, шоҳ ҳузурига ўттиз нафар бандини олиб кирдилар. Александр бу амалга тушунмади, шунинг учун ажабланиб, ёнига яқинлашган Гефестионга савол назари билан қаради.
– О, буюк Александр! Булар ҳалқни курашга ундаган, шаҳар ҳимоясига бошчилик қилган, хатто асир тушишга монеълик қилиб, йиқилиб қолгунча курашган ва омон қолиб, асирга олинган аслзодалардир. Уларга қандай жазо беришни ўзингга ҳавола қиламиз. Ўз ҳолимизча иш тутсак, сенга ёқмаслиги мумкин. Бир неча марта бу ҳақда айтгандинг.
Александр сўз қотди.
– Таржимонни чақир, улар билан гаплашмоқчиман!
Тилмоч дарҳол етказиб келинди.
– Улардан сўра-чи, нима учун енгилишлари маълум бўлса ҳам, шунча вақт менга қаршилик кўрсатдилар? Ахир менинг қудратимга етадиган куч ҳозирги даврда борми? – деди Александр.
Унинг сўзлари бандиларга тушунтирилгач, улар орасида жонланиш рўй берди. Бир-бирлари билан суҳбатлашиб кетдилар. Ниҳоят, бандилар орасидан бир барваста, серсоқол, кўзларидан ўт чақнаётган, баҳодирлиги кўриниб турган бир одам ажралиб олдинга чиқди ва Александрга мурожаат қилди.
– Сен ўзингни буюк қудратга эгаман, деяпсан. Аммо, ҳақиқий қудрат сенда эмас, маъбудлардадир. Сен фақатгина ўзингдан ҳарбий жиҳатдан тажрибасизроқ ва бўшроқ ҳалқларни енгиб, бойликларингни кўпайтираяпсан. Сен жисмонан ғалаба қозондинг, аммо руҳимизни бўйсингани йўқ. Ҳали курашимиз тугамади. Олдингда ҳали катта жанглар турибди. Уларда енгасанми-енгиласанми, номаълум. Ҳар бир сўғд ўз юрти учун, ўз қадри учун жанг қилаверади. Бу жараён тўхтамайди. Чунки, биздаги ҳар бир киши ўзига хон, ўзига бекдир! Четдан келган кимсаларга бўйсуниш бизга хос эмас.
Сўғд баҳодири бироз тин олди. Бу пайтда таржимон гаплар мазмунини Александрга етказди. У қошларини чимирди. Сўнг, сўғд баҳодирининг қолган сўзларни тинглади.
– Бизда бир нақл бор: Мароқанда барпо этилганда, шаҳарга биринчи бўлиб, қирлар ортидан қоплон кириб келибди. У шаҳарни ичини кўриб чиққач, ташқи деворлари бўйлаб етти марта айланиб, сўнг ортига қайтибди. Шунинг учун, ҳалқимиз қоплонсифат бўлиб қолган. Унинг ғазабини қоплон қаҳрига ўхшатадилар. Эҳтиёт бўл! Ёш экансан. Қайтиб кетганинг яхши. Акс ҳолда, ўттизга кирмай бу дунёни тарк этасан!
Бу гаплардан Александрнинг жаҳли чиқди.
– Бўлмагур гапларни гапирма! Мен Сўғдиёнани юнонлаштираман. Келажакда бу ерда барча бизнинг тилимизда сўзлашади. Юртингизда янги шаҳарлар қураман. Тараққий этган одамлардек яшай бошлайсизлар!
Баҳодир бош чайқади.
– Йўқ. Чучварани хом санабсан! Асло бундай бўлмайди.
Александрнинг жони ҳиқилдоғига келди. Юнонлар уни улуғлашса, Македонияга жон деб қўшилишган бўлса, мисрликлар раҳм-шавқат сўрашса, оссурияликлар бош эгиб, амрингизга мунтазирмиз, дейишса, форслар худо ўрнида кўришса, нега бу сўғд мағрурлик қилади? Нега ўлимдан қўрқмайди?.. Бундайларга раҳм-шавқат қилиш керак эмас. Бошқаларга ўрнак бўлсин.
Дарҳол қисқа буйруқ берди.
– Уларнинг ҳаммаси ўлдирилсин!
Соқчилар бандиларнинг орқаларига найза тираб, ташқарига ундай бошладилар. Баҳодир сўғд таржимонга саволомуз қаради.
– Сизлар қатл қилинасиз! – деди у.
Бу гапни эшитган бандилар, тушкунликка тушиш ўрнига мағрурона қўшиқ айта бошладилар. Айримлари хаттоки, ўйинга тушиб кетдилар. Саройдаги барча юнону македонлар бу ҳолатдан ҳайратга тушишди ва бу ишнинг маъносини англашди. Уларга қул бўлиб, кимларнингдир фойдасига ишлашдан кўра, ҳалок бўлиш минг марта афзал ва қувонарли ҳол эди.
Александр шу пайтгача қатлга олиб кетилаётган одамларнинг бу даражада хурсанд бўлганларини кўрмаган эди. У қўрқоқларни хуш кўрмас, жасурларга тан берарди. Шунинг учун, уларга қойил қолди.
“Ҳақиқатдан буларнинг қонида ўзгаларга бўйсуниш деган нарса йўқ экан, – ўйлади у. – Ўлимдан олиб қолсаммикан, жуда мард кишилар экан... Барчаси шунақа бўлса, сўғд ҳалқи йўқолиб кетмаса эди... Ҳақиқатдан, ўзига бек одамлар экан. Лекин, ўз буйруғини қайтариб олиш шоҳларга хос эмас. Ҳозир бошқаларнинг кўзи олдида уларни ўлдиртирмасам, кейин бошқаларни синдира олмайман...”
Александрнинг ёдига устози Аристотелнинг ўгити келди: “Юксак ҳарбий истеъдод ва қудрат эгасига ҳеч қандай тўсиқ ва қонун йўқ, чунки унинг ўзи тўсиқ ва қонундир... “
Бандилар олиб чиқиб кетилгач, Гефестион шоҳга сўз қотди.
– Александр, нима қиламиз, симпозиум (ғалаба зиёфати) уюштирамизми?
– Мароқанданинг ичимлик-майлари яхши эканми? Ўзинг татиб кўр, ёқмаса, дастурхонга ўзимизнинг македон ёки юнон мусалласларини тортишсин!
– Хўп бўлади, шоҳим! – деди Гефестион.
Сўғд аслзода ҳарбийларидан бўлмиш Сапатаман Сўғў дарёси (ҳозирги Зарафшон) бўйида лашкар тўпларди. У тонгда барвақт уйғонди. Шарқираб оқаётган сувнинг ёнига келиб, яхшилаб ювинди. Анча тетиклашди. Сочиқ билан артингач, озроқ қирғоқда ўтиришни истади. Биринчидан, онги тиниққан пайтда бир неча кунлик режа тузиб олиш лозим. Иккинчидан, массагетлардан кўплаб қўй-қўзилар сотиб олишни ҳам уюштириш керак. Лашкарнинг қорни тўқ бўлиши керак. Оч қорин билан жанг қилиш муваффақиятсизликка етаклаши мумкин.
У Сўғў дарёсига боқар экан, ўз ҳалқининг номи шу дарё атрофида яшагани учун сўғўдлар – сўғдлар деб аталгани тўғрисида ўйлади. “Қизиқ, – фикр қилди у. – нега сўғд?.. Нега македонияликлар ўзларига қулай қилиб, мамлакатини Сўғдиёна дейишади?.. Ушбу дарёни эса Политимет – кўп ҳурматли, деб аташибди. Балки, далаларга ва боғларга ажиб ҳаёт бахш этаётганини кўрганлари учундир...”
Сапатаман шароитни таҳлил қила бошлади.
Афсуски, у юнонлар Мароқандани ишғол қилинган пайтда, у узоқда бўлиб қолди. Натижада, тажрибали душман шаҳарни эгаллади. Кўп дўстлари ҳалок бўлишди. Уларнинг ўчини олиши лозим. Барча сўғд кучларини тўплаб, юнон-македонларни ватандан қувиб чиқариш орқали. Ватан, эртами кечми, озод бўлиши шарт. Бу осон иш эмас, лекин сабот ва ақл билан интилиш ажойиб нарса, у орзу ҳам қилиб бўлмайдиган ниятларни амалга оширишга сабаб бўлади. Сўғдлар форсларга ҳамиша бас келганлар. Навбат, энди юнонларга!
Македониялик Александр ҳарб соҳасида жуда кучли. Унда илоҳий саркардалик қобилияти бор. У тактика ва стратегияни ҳам аъло даражада билади. Акс ҳолда шундай улкан ҳудудларни босиб кела олмас эди. У ўз аъёнлари ва жангчиларини ортидан осонгина эргаштира олади.
Лекин, қарши томон ҳам, яъни ўзи – Сапатаман ҳам бу хислатларга эга. Александр билан бемалол куч синашиши мумкин. Фақат, унинг жангчилари анча кўп. Шунинг учун, Алекандр билан очиқма очиқ жангда эмас, аста-чекин унинг кутилмаган тўқнашувларда унинг кучларини қирқиб-қирқиб камайтириши ва оқибатда душманни ҳолдан тойдириб, кетишга мажбур этиши лозим.
Сапатаман фикр-мулоҳаза қилиб бўлгач, ўтовига қайтди. Нонушта тайёр экан, овқатланди. Сўнг ташқарига чиқиб, барча мингбошиларни йиғди. Кеча Мароқандага жўнатилган хуфянинг қайтган-қайтмаганлигини сўради.
– У бизга Мароқандадаги вазият тўғрисида маълумот олиб келиши керак эди. Вазият қулай бўлса, дарҳол шаҳарга ҳужум уюштирамиз! – деди у ва сўради. – Аскарлар жангга шаймилар?
– Ҳа, барча келгиндиларни яксон қиламиз, деган кайфиятдалар. Буйруқ берсанг бўлди! – хитоб қилди мингбошиларнинг бири.
– Озиқ-овқатлар масаласи қанақа?
– Аёлларимиз тинмай нон ёпишаяпти. Гуруч, мош,пиёз, сабзи, шолғомлар етарли. Гўшт сал камроқ, – жавоб берди, бошқа бир мингбоши.
– У ҳолда мен сенга пул бераман, ҳозир ёнингга ўнтача йигитни олиб, массагетлар яйловига бор ва улардан бир қўй подаси сотиб ол. Аскарлар гўшт емасалар, яхши кураша олмайдилар! – деди Сапатаман ва бир чеккада турган сандиқни очиб, олтин тангалар тўлдирилган халтачани олиб унга узатди.
– Хўп бўлади, деди мингбоши, пулни олгач, ўтовдан чиқиб кетди.
Ёпилган ўтов эшиги, қайта очилди ва Мароқандага юборилган хуфя кўринди.
– Киравер! – хитоб қилди Сапатаман, – Хўш, бизга қандай маълумотлар олиб келдинг? Хуфя ҳали ўзининг жулдур кийимларини ечмаганди. У ўтовдаги одамларга бир-бир қараб чиқди-да, саркардага ҳамманинг олдида гапираверайми, дегандек маънода кўз уриштирди. Сапатаман тасдиқ ишорасини қилди. У барча мингбошиларига ишонарди.
– Душман жангчиларининг асосий қисми Мароқандадан олтмиш чақирим жануброққа жўнатилган. У ерда янги Александрия шаҳрини қуришни бошлаб юборишибди. Македония шоҳи ўз яқинлари ва кичикроқ қўшин билан шаҳарда қолган. Айш-ишрат қилишмоқда, назаримда. Саройга яқин боролмадим. Аммо, айтган шу маълумотларим ҳақ!
Сапатаман ҳужум қилишга айни пайт келганини тушунди. Жилмайди. Миннатдорчилик барқ ураётган кўзларини хуфяга қаратди.
– Раҳмат, сенга! – хитоб қилди у. – Зўр маълумот олиб келибсан. Бор, энди овқатланиб дамингни ол. Ошпазга менинг номимдан айт, таом беради.
Хуфя чиқиб кетди. Сапатаман ўз қўмондонларига сўз қотди.
– Бўлди. Ташқарига чиқинг, барчани нонушта қилдиринг ва жангга ҳозирланг. Икки соатдан сўнг қўзғаламиз! Ватанимиз учун жанг қиламиз! Бу гапларимни қўлингиздаги юзбошиларга етказинг.
Дўстлари қуршовида майхўрлик қилиб ўтирган Александрнинг ҳузурига аъёнларининг бири кирди.
– Шоҳим, рухсат этинг, шошилинч хабар бор! – хитоб қилди у.
Александр бу гапга қошини чимирди. Улфатчилик қилиб, дам олиб ўтирганда, нега уни безовта қилишади? Ноилож сўради?
– Нима гап? Гапиравер!
– Мароқанда сўғд қўшинлари томонидан ўраб олинди.
Александрнинг хуши бир зумда тетиклашди, ақли теранлашди. У дарҳол ўрнидан турди.
– Бу сўғдлар қанақа ҳалқ ўзи?! Нега тақдирга тан беришмаяпти? – деди у аччиғи чиқиб ва улфатларига бақирди. – Қани, туринглар! Ўзингизни кўрсатинг, бу ерда мени мақтаб, май ичиб ўтиргунча! Кетдик ташқарига! Уларни тўлиқ янчмасак, бўлмайдиганга ўхшайди!
Александр шаҳар девори устига чиқиб, атрофда турган сўғд қўшинини кўриб, мийиғида жилмайди.
– Булар бир ҳовучгина-ку! Мароқандада қолган жангчиларим билан уларни ўйнаб-ўйнаб бир ёқлик қилишим мумкин. Қани тайёрланинг! Ўзим бош бўламан, дарбозадан чиқиб, уларни нариги дунёга жўнатамиз!
Сапатамен худди шундай бўлишини кутганди. Тахмини тўғри чиқди. Македонияликлар қўшини шаҳар дарбозасидан чиқди ва сафланиб ҳужумга ўтди.
Сўғдлар саркардаси ҳам аскарларини сафлади. Ва уларга ҳайқирди.
– Ватан учун жанг қиламиз! Босқинчиларга ўлим!
Аскарлар ҳам бир овозда, баланд овозда жавоб бердилар:
– Босқинчиларга ўлим!..
Уларнинг бу хитобларидан атроф ларзага келди. Олдинги сафда турган Сапатаман қиличини қинидан чиқарди. Тиғини душман томон қаратди ва буйруқ берди.
– Олға!
Аскарлар ҳам бу сўзни яна баланд овозда такрорладилар.
– Олға!
Сўнг, бир қўлларида қиличлари, иккинчи қўлларида қалқонни маҳкам ушлаб, саркардалари ортидан душман қўшини томон от чоптириб кета бошладилар.
Уларни кузатиб турган Александр ёнидаги Гефестиондан сўради.
– Бу ким экан, ортидан оз бўлса-да, лашкари тап тортмай, жуда тартибли ҳужумга ўтмоқда?
– Номи Спитамен экан. Сўғд аслзодалардан эмиш. Яхши ҳарбий тайёргарлиги бор, дейишди.
– Унинг маҳорати билиниб турибди. Аммо, биз уни ҳозир ер тишлатамиз!
Александр ўз қўшинига хитоб қилди.
– Дўстларим, энди жангга! Сўғдларнинг додини беринг! Мен ёнингиздаман. Олға!
Македония қўшини ҳам жунбушга келди. Улар ҳам ҳайқириклар билан, қуролларини ялонғочлаб, сўғд аскарлари томон от чоптириб кетишди. Александр ва Гефестион улар ортидан елишди.
Қарама қарши келаётган икки кучли тўлқин ниҳоят, бир-бирига урилди. Қирғинбарот сўқишиш бошланди. Кимлардир отдан думалади, кимлардир душманига найза санчди, кимлардир ўзини қалқони билан ҳимоя қилиб, қаршисидаги душман танасига қилич урди. Сапатаман ҳимояланишда ҳам, тўсатдан зарба беришда ҳам ўта моҳир эди. У бир қанча душман аскарига жароҳат етказди. Атрофидаги икки томоннинг жангги давом этарди. Шунда, у қочишга вақт келганини ҳис этди ва дарҳол ўз аскарларига хитоб қилди.
– Қочдик, ёв биздан кучли экан!
Олдиндан келишилгандек, сўғд жангчилари ортига ўгирилган ўз саркардаларига эргашиб, от чоптириб кетишди. Македонияликлар эса, енгил ғалабани туюб, қочқоқларни қувишга тушдилар. Бу жараёнга Александр ва Гефестион бошчилик қила бошлашди.
– Қириб ташланг, ҳаммасини! – қичқирди Гефестион, отини елдирар экан.
Александр ўзининг машҳур оти – “Буцефал”ни минган эди. Бу жонивор жуда учқур, ўша даврда унга етадиган от йўқ эди. Шоҳ жуда ҳам олдинга ўтиб кетмаслик учун, хатто унинг тизгинини тортиб турар эди.
Македония ва юнон жангчилари эндигина қочқинларга етай деганларида, кутилмаган ҳолатга учрадилар. Тўсатдан, олдиларида чопаётган қочқинлар икки тарафга ажралдилар ва қувувчилар рўпарасида кўп сонли яхши қуролланган сўғд лашкари пайдо бўлди.
– Пистирма! – баробар қичқирдилар Александр ва Гефестион.
Энди қочиш навбати уларга келган эди. Шай турган сўғд лашкари камончилари улар устига қуюндай ўқ ёғдирдилар. Шунинг ўзидаёқ, юнон ва македония лашакарининг ярмиси тутдек тўкилди. Қолганлари шундоқ олдиларига келиб қолган сўғдлар билан жанг қилмай иложлари йўқ эди.
Гефестион ва Александрнинг тансоқчилари ўз шоҳларини ҳалокатдан асраш учун, уни ўраб олиб қочишга тушдилар. Уларнинг бари жуда чопоғон отлар устида эдилар. Ортда қолган юнон-македонияликлар бари ҳалок бўлди.
Сапатаман ёнига бир қанча абжир жангчиларни чақирди-да, Александр ортидан қува бошлади. Уларга етай деганда, Гефестионнинг топшириғи билан тансоқчилар тўхтаб, қувувчиларга рўпара бўлиб, жангга киришдилар. Сапатаман уларни абжир жангчиларига қолдирди-да, ўзи Александр ва унинг содиқ дўсти ортидан елди. Лекин, айтганимиздек, Буцефалдек от бу дунёда йўқ эди. Тизгини бўшатилгандан сўнг, у елдек учди. Гефестионнинг жонивори ҳам зотли экан. Сапатаман уларни таъқиб қилишдан фойда йўқлигини ҳис қилиб, тўхтади. Сўнг, ортига ўгирилди. Александрнинг тансоқчиларининг бари ер тишлабди. Шундан сўнг, у ўз қўшини олдига бориб, Мароқандага кириб, у ерга ўрнашишни буюрди.
Мароқанда ўз эгаларига – сўғдларга қайтди.
Александр ва Гефестион тез югуриб, ўзларининг асосий қўшинлари қароргоҳига етиб олдилар. Шоҳнинг биринчи гапи Гефестионга топширган буйруғи бўлди.
– Солномачиларга, айниқса Квинт Курций Руфга таҳдид қилиб қўй, бизнинг бу мағлубиятимизни папирусга (ўша даврдаги ўсимликдан ясалувчи қоғоз) туширмасинлар! Йўқса, каллаларини оламан!
Иккинчи гапи қуйидагича бўлди.
– Гефестион, сен айтган Спитамен бизга душман. Аммо, мен унга тан бердим. У жуда моҳир стратег ва тактик экан! Қойил унга! Қанийди менинг қўшинимда шундек шунқор бўлса! Бизни ёш бола қилиб алдади-я!
Дўст индамай бош лиқиллатди. Душманни мақтамаган афзал.
Учинчи гапи эса қуйидагича бўлди.
– Биз зудлик билан Мароқандани қайтариб олишимиз керак. Ҳузуримга, бизнинг хизматимизга кирган анави оссуриялик қўмондонни чақир! У жуда тажрибали, дипломатияни ҳам яхши билади. Яхши қўшин билан вазифани эплайди, деган фикрдаман. Сен ҳам, мен ҳам чарчадик. Биз дам оламиз ва янги қураётган шаҳримиз атрофини девор билан ўратамиз, акс ҳолда бу сўғдлардан тинчлик бўлмайди.
Кўп вақт ўтмай оссуриялик қўмондан кирди. Александр унга топшириқ берди.
– Сенинг қўлингга 60 та гетайр (зирҳли кийимлар кийган, танланган отлиқ аскарлар), 800 та оддий отлиқ қўшин, ва 1500 та ёлланма пиёда лашкар бераман. Бориб, Мароқандани қайтариб ол! Бу сенинг қўлингдан келади, тажрибали ҳарбийсан. Иккиланаётган бўлсанг, ҳозир айт! Ўрнингга бошқа қўмондон белгилайман.
– Иккиланмаяпман, Александр! Вазифангизни бажараман!
– Унда яхши, тайёргарлик кўр. Эрталабдан Мароқанда сари юрасан!
– Хўп бўлади, шоҳим!
Эртаси куни Мароқандага яхши қуролланган македония қўшини келаётганидан хабар топган Сапатаман ўз аскарларини олиб, шаҳарни ташлаб чиқди. Шаҳар шароитида уларни енгишига кўзи етмасди. Душман яқинлашиши билан, уларнинг кўзига кўриниб, Сўгў (Политимет, Зарафшон) дарёсининг қуйи оқимига қадар қочди. Табиийки, македония қўшини уларни таъқиб қила бошлади. Бу ерда уларни, кеча кечки пайт келишиб қўйилганидек, массагетларнинг отлиқ аскарлари кутиб туришарди. Сапатаман ўлдирилган душман аскарларидан ечиб олинадиган барча ўлжаларни уларга беришни ваъда қилганди. Сўғд ва массагетлар қўшини бирлашиб, чарчаб ҳолдан тойган юнон-македонияликларга ҳужум қилдилар. Босқинчиларда камончилар йўқ эди. Отлар толиққанди. Улар қарши томоннинг камончиларининг қуюндек ўқ ёмғирига дуч келдилар ва душман сафини камайтирдилар. Талвасага тушган, минг тажрибали бўлса-да, уқуви кам қўмондон раҳбарлигидаги юнон-македония аскарлари Сўгў дарёси томон сиқиб қўйилдилар. Энди улар учун қочишга жой йўқ эди. Ноилож, курашдилар. Бу жангда босқинчиларнинг кўпчилиги ер тишлади. Фақат уч юз пиёда ва қирқтача отлиқ қочиб қутила олди. Уларнинг қурол-аслаҳалари, совуту дубулғалари ва хатто кийимлари ҳам, келишилгандек, массагетлар томонидан ўлжа сифатида олинди.
Сапатаман яна ғалаба қозонди. Александрнинг “енгилмас” деган сифати ўзининг ёрқин рангини йўқота бошлади.
Сўғдларнинг яна устун келганликларини, юборган қўшини тор-мор қилинганини, Мароқанда яна қўлдан кетганлигини эшитган Александр, сўғдлар саркардаси Спитамен билан анча жиддий бўлиш кераклигини тушуниб етди. Уни енгиш учун фақат ўзи қўмондан бўлиши ва фақат энг зўр қўшинни жангга киритиш шарт! Шунинг учун, у шаҳар қуришни тўхтатди ва эртаси куни энг тажрибали, энг моҳир лашкарни танлаб, уларга бошчилик қилиб, Мароқанда сари юришни бошлади. Улар орасида, камончилар ҳам, найзабозлар ҳам, танланган гетайрлар ҳам, кўп жанг кўрган пиёдалар ҳам, отлиқ аскарлар ҳам бор эдилар. Энди, бу қўшинни ер юзидаги бирор куч енга олиши даргумон эди. Буни Сапатаманнинг ўзи ҳам яхши англар эди.
Шунинг учун, бундай улкан куч Мароқандага яқинлашаётганини эшитиши билан қўшинни келгуси жанглар учун асраб қолиш лозим деб ҳисоблаб, Сўгў дарёси ортига ўтиб, кўздан ғойиб бўлди. Александр уни қувиб етолмади ва тополмади. У энди бир нарсани орзу қилди: Қанийди, шу Спитамен деб аталаётган саркарда ҳамиша унинг ёнида бўлса! Бирга жанггу жадаллар қилса! Шунда, бутун ер юзи, шубҳасиз ўз измида бўлар эди!..
Александр, Спитаменнинг даштга чиқиб кетганидан фойдаланиб, майда-чуйда қишлоқ ва шаҳарчаларни бўйсиндирди. Бироз тинчиб, шароитни ўз учун сал яхшилаб олгач, қадрдони Кратерга юзланди.
– Кратер! Сен шунча йил менинг ёнимдасан. Шунча йил бирга нон-туз едик. Мен Бақтрияга қайтаман. Ўша ерда қишлайман. Сўғдиёнани бошқаришни сенга топширмоқчиман. Қабул қиласанми?
Бу гапдан Кратернинг фиғони ошди.
– Сен мени неча марта бош кўтарган, шу вақтгача забт этилмаган ва забт этиб ҳам бўлмайдиган Сўғдиёнага ҳоким қилиб тайинлаяпсан! Нега?
– Чунки, бу ерда менинг ишончли қўлим бўлиши керак. Сенга ишонаман!
– Йўқ! Александр, менга ишонма! Спитамен келиб, мени мушук бола қилиб, парчалаб, ер тишлатиб кетиши ҳеч эмас. Мен оддий ва содда одамман. Ҳарбий айёрликларни билмайман. Бу ерда мендан анча ақлли ва устамон одам ҳоким бўлиши керак! Яхшиси, юнон Певколайни қолдир, бу ерда. У ер тагида илон қимирласа, сезадиган қўмондон. Фақат у эплайди Сўғдиёнани.
Александр бироз ўйлади-да, ҳукм чиқарди.
– Гапларинг жўяли, Кратер! Майли, Сўғдиёнага ҳоким бўлмай қўя қол. Қани Певколай?! Шу ердамисан? Қани, айт-чи, эплайсанми, бу вазифани?
– Менга етарли қўшин қолдирсанггина, Александр!
– Яхши. Истаганингча қўшин бераман! Баҳоргача чидаб тур.
Шундай қилиб, Буюк Александр қишлаш учун Бақтрияга кетди. Бу ўлка Сўғдиёнага қараганда анча тинч эди.
Сўғдиёнага расман Певколай ҳоким бўлгани билан асло халқни тўлиқ бўйсундира олмади. Сўғдлар фақат куч ишлатилсагина, сўзга кирар эдилар. Норасман бўлса-да, ҳақиқий ҳоким бирор жойда муқим ўтирмайдиган Сапатаман эди. Барча унга қуллуқ қилар, унинг айтгани айтган, гапи гап эди.
Мелоддан аввалги 328 йилнинг баҳори келиши билан Александр марказий шаҳри Марв бўлган Маргиёнада, Бақтрияда ва Сўғдиёнада ўз ҳукмдорлигини мустаҳкамловчи ишлар билан машғул бўлишга киришиб кетди. У турли стратегик жойларда ҳарбий гарнизонлар учун тураргоҳлар ва истеҳкомлар қура бошлади. Ўзи асосий кучларни олиб, яна Мароқанда сари юрди. Нияти бу ердаги ўжар ҳалқни бўйсундириш эди. Бу иш осон эмасди, лекин унда улкан ҳарбий куч мавжуд эди. Шунинг учун, Сапатаман яна массагетлар яшовчи ерлар томон кетди. У энди, фақат Александрнинг айрим истеҳкомларига ҳужум қилиб, партизанлик уруши олиб бориши мумкин эди.
Сапатаман массагетларни яна ўлжа билан қизиқтириб, уларнинг аскарлари билан ўз қўшинини бирлаштириб, Бақтрияга ҳужум уюштирди. Уни бу мамлакатда ҳеч ким кутмаётган эди. У йўлида учраган биринчи қалъадаги душманларни осонлик билан ташқарига чиқарди ва уларни ҳалок этди. Жангдан сўнг, массагетлар катта ўлжа олиш учун қалъа томон югурдилар. Улар шунча кўп мол-матоҳ олдиларки, улар билан тез юришга қийналдилар. Бундан хабар топган қўшни қалъадаги юнон-македонлар уларга тез етиб олиб, жанг қила бошладилар. Массагетлар тўғри Сапатаман ўз аскарлари билан турган жой томон қочдилар. Уларнинг ортидан келган юнон-македонларнинг ёрдамчи кучлари сўғдларга дуч келиб, янчилдилар. Массагетлар яна ўлжаларини олиб, ортга қайтишга тушдилар. Улар жуда очкўз эдилар. Сапатаманнинг тезроқ бу ерлардан кетиш кераклиги тўғрисидаги маслаҳатига қулоқ солмадилар. Натижада, ортда қолган кўчманчиларга Марғиёнага ҳоким бўлган Кратернинг лашкари етиб келиб, массагетларни пароканда қилиб ташладилар. Кўчманчилар ўз чўлларини яхши билганликлари учун, ўлжаларни ташлаб бепоён кенгликларга кириб кетдиларки, юнон-македонлар уларни топа олмадилар.
Александрда туғма истилочилик қобилияти бор эди. Унинг бу хислати ёнига улкан ҳарбий кучни қўшса ва ёшлик ғайратини уйғун қилса, бу буюк инсон бажарилиши жуда мушкул ишларни ҳам ўйнаб адо эта оларди. У шундай тадбирлар, чоралар топдики, Сапатаман фақат массагетлар еридан қўним топа олди. Аммо, у Александрнинг ҳали у ерига, ҳали бу ерига бетиним муваффақиятли ҳужумлар уюштириб тураверди. Бундан Александрнинг фиғони чиқарди. Шунинг учун, у қўлга тушган бир нечта массагетга бир гапни айтди: “Кимки, менга Спитаменни ушлаб, банди қилиб, олиб келиб берса, улкан мукофот бераман! Ва массагетлар ерларига дахл қилмайман. Сизлар билан дўстона муносабатда бўламан. Бу гапни барча ўз сардорларингизга етказинг!” Александрнинг асл нияти Сапатаман билан гаплашиб, уни ўзи томонга оғдириш ва уни барпо этилаётган ва тобора кенгаяётган улкан империясига хизмат қилдириш эди.
Ушбу таклиф барча кўчманчи сардорлар қулоғига етди. Уларнинг бири ёнига ёрдамчиларини олиб, тунда Сапатаман ухлаб ётган чодирга яқинлашиб, икки соқчини ўлдиртирди ва сўғд саркардасини уйқудалигидаёқ қўл оёғини боғлатди.
– Нега? – сўради ундан Сапатаман. – Мен сенга нима ёмонлик қилдим? Қўй-молларингга пул бераяпман. Ўлжаларни олаяпсан! Яна нима керак?
– Александр сенинг бошинг учун улкан мукофот ва ерларимизга дахлсизлик ваъда қилибди. Бизга унинг томонидан бериладиган бойлик, сен орқали топаётган ўлжаларимиздан анча кўп экан! Хафа бўлма. Сендан ёмонлик кўрмадик. Бу ишимиз фақат давлатимиз тинчлиги ва қоп-қоп тиллалар учун.
– Сен келиб-келиб, келгинди душманнинг сўзларига ишондингми?! Қанчалар аҳмоқсан! – ҳайқирди Сапатаман.
– Э-э, ўчир товушингни! – деди массагетлар сардори ва бандига яқинлашиб, қоқ кўксига ҳанжарини тиқди. – Бизга сенинг беҳуда сўзларинг эмас, бошинг керак!
Александрнинг қароргоҳи олдига тўрт нафар массагет келиб, буюк шоҳнинг олдига киришга изн сўрадилар. Уларнинг бири қўлида кичик қопчиқ бор эди.
– Менда нима ишлари бор экан, у саҳройи кўчманчиларнинг? – беписанд сўз қотди шоҳ.
– Буюк Александр, улар Спитамен тўғрисида гап бор дейишаяпти! – маълумот берди аъён.
– У ҳолда дарҳол кирит! – буйруқ берди шоҳ.
Қоровуллар массагетларни қуролсизлантириб, ичкарига киритишди.
– Хўш, Спитамен тўғрисида қандай хабар олиб келдингиз? – сўради Александр, улар билан саломлашмасдан ҳам.
Сардор сўз қотди.
– Улуғ шоҳ! Сиз Спитамен учун мукофот ваъда қилган экансиз, шундайми?
– Ҳа, шундай! Уни олиб келинг ва мукофотингизни олинг!
Қопчиқ кўтарган массагет уни ичини очиб, Сапатаманнинг бошини чиқарди ва ясама табассум билан шоҳга пешкаш қилди.
– Улуғ шоҳ! Мана, мархамат! Унинг калласи!
Ўзининг буюк душмани бўлмиш одамнинг бошини кўриб, Александрнинг ғазаби қўзиди.
– Мен, сен галварсларнинг вакилларингга Спитаменнинг бошини эмас, ўзини олиб келсаларинг, мукофот бераман, деганман! Нега уни, шундай буюк инсонни ўлдирдиларинг?!
Ҳозиргина ишшайиб, шоҳга сўғд саркардасининг бошини кўз-кўз қилаётган массагетлар сардори ғудраниб қолди.
– Биз... нотўғри тушунибмиз, шекилли... Бизни авф этинг, улуғ шоҳ!..
Македониялик Александр ғазабланди.
– Қандай қўл билан шундай антиқа одамнинг – буюк Спитаменнинг бошини кесиш мумкин? Ахир, мен уни ўзимга дўст қилмоқчи эдим! Агар, у ёнимда бўлса, иккимиз бутун дунёни охирги бурчигача эгаллар эдик!
Массагетлар сўз тополмай, миқ этмай туравердилар. Александр Сапатаманнинг бошига ачиниш нигоҳи билан қарар экан, афсусланишда давом этди.
– Э воҳ! Шундай даҳо инсонни ҳам ўлдирадиларми?
Бироз сукут сақлагач, бир қарорга келди. У ёнидаги соқчиларга буюрди.
– Шу ўз ватандошларини бошини кесган манави массагетларни Мароқанданинг бозори майдонида дорга осинг! Ўн кунгача ечманг! Ҳар ким билиб қўйсин, сотқинлик ўз фойдамга бўлса ҳам, мендек саркарда томонидан асло қадрланмайди! Мен оддий душман эмасман, бу ёввойиларга зиё ва нур тарқатишга шайланган, маданият, китоб ёзиш, ҳайкал ўйиш каби санъатни олиб келаётган душманман! Бу ҳалққа яхшилик тилайдиган душманман!..
Ушбу ҳодисадан сўнг, Сўғд эли тўлиқ забт этилди. Сапатамандек саркарда бошқа топилмади. Александр бу юртнинг зодагонлари билан мулоқот қилиб, уларнинг бирининг қизи, гўзал Роксанани севиб қолди ва унга уйланди. Унинг бу аёлга бўлган муҳаббати шунчалик улкан эдики, у Роксана орқали бутун сўғд ҳалқига муҳаббат қўйди. Моҳир сўғд жангчиларини ўз лашкари сафига киритди. Бу заминга юнон бинокорлари, санъаткорлари ва ҳайкалтарошларини олиб келди. Ўз аъёнлари ва аскарларига ҳам бу ўлка қизларига уйланишни маслаҳат берди: “Бу замин аёллари бизникилар каби унча эркин тарбияланмаганлар, улар ўз эрларини беҳад ҳурмат қиладилар, ўзларини, уй-жойларини тоза тутадилар ва жозибали чиройлари билан ажралиб турадилар. Уларнинг ҳар бири гўзаллик маъбудаси Венера кабидирлар...” Натижада, кўп ёш македонияликлар, юнонлар “Иккинчи бўлиб яратилган мамлакат”да оила қуриб, бир умрга қолиб кетдилар. Бу минтақадаги ҳаёт энди бошқа йўналиш бўйича ривожлана бошлади.
Мелоддан аввалги 326 йилда, Сўғд ва Бақтриядаги фаолиятидан кўнгли тўлган Буюк Александр, энди шимол эмас, жануб томонга юриш керак, деган фикрга келди. Ва Ҳиндистонни забт этиш учун, Македония ва Юнондан аскарлар ёллаб чақирди. У тўхтамай, янги мақсади сари интила берарди. Натижада, Македониянинг ёш шоҳи Ҳиндистонни ҳам эгаллади. Шу билан унинг юришлари поёнига етди. Сабаби, лашкар ва аъёнлари йўл юравериб, жуда чарчашганини баён этишди, барча уйига кетишни истарди. Ноилож, жангчиларининг талаби билан у уйига қайтар экан, сўғд баҳодири башорат қилганидек, ўттизга ҳам кирмай йўлда вафот этди. Бироқ, бу бошқа воқеа.
Македониялик Буюк Александрнинг солномачилари ва тарихчилари сўғдлар саркардаси Спитамен ҳақида ёзиб қолдирдилар. Натижада, унинг номи тарихда ўчмас бўлиб қолди. Биз узоқ тарихимизда бобокалонимиз бўлган улуғ, моҳир, доно, мағрур, озодлик учун умрини фидо қилган ушбу зотдан фахрланишимиз керак. Зеро, сўғдларнинг қони бизнинг қонимизда мавжуддир.
“Дўрмон” ижод уйи. 17.02.2020 – 21.02.2020.