Дурдона ўқишдан келибоқ ивитиб кетган кирларини ювишга уннаб кетди. Шу пайт дарвоза очилиб дугонаси Нодира кириб келди.
– Киравер Ноди, уйда ҳеч ким йўқ, – кир ювишда давом этаркан Дурдона.
– Дурдон, сендан бир илтимосим бор эди, фақат йўқ демагин, жон дугонажон, –Нодиранинг кўзлари қувончдан порларди. – Бир йигит билан телефон орқали танишиб қолгандим. Аксига олиб телефонимни ойим олиб қўйди. Майлими сеникидан фойдалансам?
Дурдонага Нодиранинг илтимоси малол келди.
– Меникидан? Қанақасига? Бегона йигит бўлса... рақамимни кўриб оладими?
– Хавотир олма, у ўзини босиб олган, жуда яхши йигит. Телефон дугонамники, безовта қилмагин деб тайинлаб қўяман. Дурдон, йўқ демагин, илтимос...
Нодиранинг унга ишониб атайин келганидан, ялинишидан Дурдона йўқ дейишга ҳижолат бўлди. Чўнтагидан қўл телефонини олиб берди. Нодира ярим соатлар чамаси суҳбатлашди.
– Раҳмат Дурдона, ҳозир йўл-йўлакай “пайнет”га кириб, ҳисобингга пул ўтказиб қўяман, – деди дарвозадан чиқаркан.
– Керакмас, пул тўлаб ўтирма!
Нодира эртасига ҳам келди, Дурдонанинг қўл телефонидан фойдаланди. Кечки пайт Дурдона энди ухламоқчи бўлиб турганида телефон жиринглаб қолди. Рақам нотаниш эди.
– Ало, эшитаман?
– Яхшимисиз Дурдона?
– Раҳмат, кимсиз?
– Дугонангиз Нодиранинг танишиман.
Дурдона бироз жим бўлиб қолдида:
– Ҳа, сизмисиз? Нодира бу ерда йўқ, –деди гапни қисқа қилишга уриниб.
– Йўқ, мен сиз билан танишмоқчийдим. Яқин дўстимнинг яқин дугонаси билан танишиш айб саналмаса керак, тўғрими...
Дурдона йигитнинг мулойим, шунингдек дона-дона талаффузидан бироз ҳаяжонланди.
– Кечирасиз, мен ухламоқчийдим, кеч бўлиб қолди. Эрталаб олтида уйғонишим керак.
– Биламан, сиз ҳар доим соат олтита уйқудан уйғонасиз. Янги келинчаклардек ҳовлиларга сув сепиб, супуриб-сидирасиз. Сўнг ўқишингизга кетасиз.
“Оббо, Нодира мен ҳақимда гапириб нима қиларди”. Дурдонанинг хафсаласи пир бўлди.
– Бўпти, мен ухлашим керак. Хайр, – деди-да телефонини буткул ўчириб қўйди. Негадир ҳечам уйқуси келавермади. “Қаттиқ гапириб қўйдим, хафа бўлмаганмикин? Мени дўстимнинг яқин дугонаси деб ҳурмат қилиб қўнғироқ қилса-ю, мен бўлсам... Гўёки у ҳақда нотўғри хаёлга боргандай бўлиб қолдим”. Дурдона дарҳол Нодирага қўнғироқ қилди.
– Нодира, анови йигитинг бор-ку, Козиммиди исми? Яқинда телефон қилди. Уйқум келиб тургани учун гаплашгим келмай ўчириб қўйдим.
– Ҳо, мен қолиб сиз билан гаплашгилари келиб қолибди-да, – Нодира ҳазил аралаш гапирсада рашки келганини сездириб қўйди.
– Қўрқма, менга унинг сира ёқмади. Жудаям кўп гапирарканми-ей, менга мижғов йигитлар умуман ёқмайди.
– Бўпти хафа бўлма, бошқа сени безовта қилмайди.
Эртасига Нодира Дурдонани ўқишига излаб келди.
– Вой-бўй, намунча очилиб кетибсан? Янги кўйлагинг муборак бўлсин, – Дурдона Нодиранинг ясаниб олганини кўриб ҳаваси келди. – Бирон ёққа бормоқчимисан?
– Бугун Козим акам билан кўришмоқчимиз, – Нодиранинг кўзлари қувончдан порлади. –Ўзиям икки ой тинмай телефонда гаплашдик. Ахийри кўришишга аҳд қилдик. Агар ташқи кўринишимиз ҳам бир-биримизга ёқса, онасини совчиликка юбораркан.
– Ростанми... Ишқилиб кўриниши яхши бўлсину, у ҳам сени ёқтириб қолсин. Бўлмаса икки ой гаплашиб юрганинг кўнглингда доғ бўлиб қолади.
– Менимча бир-биримизга ёқсак керак. Қалай, кўринишим чаккимасми?
– Жуда чиройлисан, фақат пардозинг бироз кўпайиб кетибди. Қовоғингдаги кўкни артиб ташламасанг бўлмайди. Биласанми, йигитлар қовоқдаги кўк бўёқни нима деб аташларини?
– Айтмасанг ҳам биламан, эри урган аёлларнинг кўзи кўкариб туради-ку. Лекин нима қилай, кўйлагимнинг рангига мослаб бўягандим. Ёқтирса ана, ёқтирмаса катта кўча. Менга келажакда хотинини кийинтириб, бўянтириб қўядигани керак.
– Майли, учрашувни соат неччига белгилагансизлар, тағин кечга қолма.
– Вой эсим қурсин, ёнингга келганимни сабаби, Козим акам дугонангизни ҳам албатта олиб келинг, деб тайинлаганди.
– Йўғ-е, биринчи учрашувинглар бўлса, менга нима бор.
– Йўқ демагин, ваъда бериб қўйганман ахир.
– Бориб нима дейман?
– Ҳеч нарса демайсан, борганинг менга ҳам фойда. Яхши қиз экан, бир ўзи келишга уялибди, деб ўйласин.
Дурдона қанча қаршилик қилмасин, Нодира кўндиришга эришди.
– Майли, сен учун бораман, лекин айтиб қўяй, кўришаману, тезда уйга кетаман.
Дурдона ўқишга қандай кийимда, содда кўринишда келган бўлса шундайлигича Нодира билан хиёбонга кириб боришди. Хиёбон ўртасида қад ростлаган азим чинор дарахти тагида савлат тўкиб турган баланд бўйли, кўриниши ўктам, кийимлари сўнгги модадаги йигитни кўриб Нодира юришдан тўхтаб қолди.
– Вой Дурдон, ана Козим акам турибди.
– Ўшалигини қаердан билдинг? – Дурдона ҳам йигитга хавас билан термулди.
– Кўринишингиз қанақа деб сўраганимда, худди шундай таърифлаганди.
Ўктам қўлини силкитдида, қизлар томон виқор билан юриб кела бошлади.
– Ассалом-алайкум! – Нодира хурсанд бўлганидан шошиб қолди.
– Волайкум ассалом! Хўш қизлар, қайси бирингиз Нодираю, қай бирингиз Дурдонасиз?
– Ўзингиз топинг-чи?
Козим Нодиранинг шўх-шаддодлигидан дарров таниди. Дурдонани телефонда суҳбатлашганида-ёқ сипо, ғурурли қиз эканини билиб, унга қизиқиб қолганди.
– Нодира, овозингизни эшитиб ўнта қизни ичидан танийман сизни. Сиз эса Дурдонасиз? – деди эътибор билан қараб.
– Яхшимисиз, – Дурдона уялиб нигоҳини ерга қадади.
– Қани қизлар, кафега кирамизми? Стол буюртириб қўйгандим.
Нодира ҳамон табассумини йиғиштиролмай “қалай, зўрми” дегандай елкаси билан Дурдонани туртди. Дурдона эса ўзини бу ерда ортиқча ҳис қилар, уларни холи қолдириш учун тезроқ уйга кетгиси келарди.
– Кечирасизлар, мен шошаётгандим, ўзинглар бемалол ўтираверинглар.
– Вой унақа қилма дугонажон, биз билан музқаймоқ емасанг хафа бўламан, – Нодира Козим билан узоқ вақтдан бери танишдай ўзини бемалол тута бошлади.
Дурдона ноилож улар билан кафега кирди. Музқаймоқ ейишаркан Козим турли ҳангомаларни гапириб қизларни кулдиришга ҳаракат қилар, негадир кўпроқ Дурдонага тикилиб-тикилиб қарарди. Нодира ҳазил-мутойибаларга берилиб кетганидан йигитнинг кўпроқ Дурдонага қараётганига аҳамият бермас, шу тобда ўзини жуда бахтли ҳис қилар, Дурдона эса аксинча, Козимнинг қарашларидан ўзини дугонаси олдида айбдордек сезарди. Кафедан чиқишаркан Козим “мен ҳозир” деганча фотосуратчи томон югуриб кетди. Унга нималарнидир тушунтириб қизлар олдига бошлаб келди.
– Дурдона, Нодира, келинглар, эсдалик учун суратга тушамиз. Қани, мен ягона йигит киши бўлганим учун ўрталарингда тураман.
Козим қизларнинг розилини олиб ўтирмай тезда ўртага туриб олди. Суратчи бола ҳам мижозлар қўлдан чиқиб кетадигандек чаққон ҳаракатлар билан кетма-кет суратга ола бошлади.
– Сизлар билан музқаймоқ едим, суратга тушдим. Энди менга рухсат беринглар, уйдагиларга айтмаганман, хавотир олишади, – деди Дурдона.
– Сиз билан танишганимдан хурсандман, – ва ниҳоят Козим хайрлашиш учун қўлини узатди. Дурдона буни истамаса-да, маданият юзасидан қўл берди. – Яхши боринг, – Козим унинг қўлини қаттиқ сиқиб қўйди.
Дурдона автобусда кетаркан кўчага термулганча ўйга толиб борарди. “Тавба, кўринишидан туппа-тузук йигитга ўхшайди-ю, фақат намунча нигоҳлари совуқ бўлмаса-я... қайси йигит ёқтирган қизининг дугонасига хадеб тикилаверади? Ишқилиб, қизларга суяги йўқ йигитларданмасмикин? Нодирага фикримни айтсаммикин? Айтганимдан нима фойда, уни кўриб ўзини йўқотиб қўйди. Кўрмай туриб Козимни севиб қолгани аниқ-ку. Тағин мени ҳасади келяпти ёки айнитмоқчи деб ўйлаши мумкин. Менга нима, олдин Козим совчисини юборсин, Нодиранинг уйдагилари ҳам аҳмоқ эмас-ку, сўраб-суриштиришар...”.
Дурдона кечгача хаёлидан Козимни ўчиролмади. Унинг ўтли нигоҳлари кўз олдига келаверди, хамон кафтида Козимнинг қўллари тафти қолгандек қайта-қайта қўлига тикилаверди. Кечқурун чарчаб, кўзларига уйқу келганида Козимни унутгандек бўлди. “У ҳам битта оддий йигит-да” деб қўйди ўзига тасалли бериб. Энди кўзи илинган экан, телефон жиринглай бошлади. “Уф, ҳойнаҳой Нодира бўлса керак” деганча гўшакни кўтарди.
– Дурдон, ухламаганмидинг? Безовта қилмадимми?
– Ухлаётгандим, Ноди! Безовта қилиб бўлдинг!
– Вой жаҳлинг чиқмасин, дугонажон. Ичимдаги сирларимни сенга айтмасам, кимга айтардим. Боя бекор шошиб кетиб қолдинг-да, Козим акам мени ўйингоҳларда учирди, – Нодира ёш боладай мақтана кетди. – Кейин яна кафега кирдик, қовурилган жўжа едик.
– Вой жудаям яхши бўпти-да! Шуни айтиш учун ширин уйқумдан уйғотишинг шартмиди, Ноди! – Дурдона яна Козимни эслатганига жаҳли чиқиб кетди. – Шу, Козим акангдан бошқа ташвишинг йўқми?
– Уйғотиб юборганим учун кечир, дугонажон. Айтгандай, Козим акам сенга ёқдими? Зўр йигит экан-а, гап-сўзларини қара, ақлли-ақлли гапларни гапиради ўзиям. Дурдон, нега жимсан, сенга ёқдими?
– Уф, менга ёққан-ёқмаганини нима аҳамияти бор, муҳими ўзингга ёқса бўлди-да. Хўш, онасини қачон юбораркан?
– Билмадим, бу ҳақда хали гаплашмадик.
– Майли, аниқ бир жавобини айтса менга етказарсан. Бўлди энди ухлайлик, эртага ўқишга боришим керак.
Нодиранинг ичига сиғмай ётган гаплари кўп эди-ю, Дурдонанинг жаҳли чиққанини сезиб, хайрлашиб қўяқолди.
Эртасига кечқурун Дурдона дарс тайёрлаб ўтирганди, телефон жиринглади, таниш рақамни кўриб ҳайрон бўлди. Телефон тинмай жиринглайвергач, аста кўтарди.
– Эшитаман.
–Дурдонахон, яхшимисиз?
– Раҳмат, яхшимисиз?
– Ўшанда тезда кетиб қолдиз. Сиз кетдингизу, хиёбон ҳам ҳувиллаб қолгандек бўлди, назаримда.
“Ие, бу йигитча хали қип-қизил шилқим экан-ку”, деган хаёл ўтди Дурдонанинг кўнглидан, – Бир-икки аччиқ гап билан таъзирини бериб қўйсаммикан...”
– Менга қаранг, сиз учрашувга Нодира учун чиқганмидиз ёки мени қимматли вақтимни олиш учунми? Учрашувга борган бўлсам Нодира қўймаганди. Сиз мени умуман, зиғирча ҳам қизиқтирмагандингиз.
– Нега жаҳлиз чиқади, яхши қиз. Мен сизга хиёбонда тушган суратимизни кўрсатмоқчийдим, холос.
– Нодира орқали бериб қўяқолмайсизми? Иккаламизга битта сурат етади.
– Ҳозир телефон орқали суратни юбораман, жуда чиройли чиққан.
Телефон ўчиб-ёнди, бироздан кейин йигит билан қиз тасвири туширилган сурат пайдо бўлди. Дурдона не кўз билан кўрсинки, суратда Козим иккиси турар, Нодира эса гўё суратга тушмагандай ғойиб бўлганди. Дурдона жаҳли чиққанча дарҳол Козимга қўнғироқ қилди.
– Нега суратда иккимиз турибмиз. Нодирани қайчида кесиб ташлаганмисиз?
– Нега кесаман, Нодира умуман суратга тушмаганди.
– Қанақасига?
– Мен Нодирани эмас, сизни танлагандим. Шунинг учун суратчи болага фақат иккаламизни суратга олишини тайинлагандим. Дугонангиз эмас, сиз менга ёқдингиз, Дурдона.
Дурдона кутилмаган изҳордан нима қиларини, нима деярини билмай лол бўлиб қолди.
– Бундай бўлиши мумкинмас! Нодирага суратни қандай кўрсатасиз энди?
– Нодирага сурат куйиб кетибди деб айтаман, билиб ўтирибдими?
– Сиз... сиз номард экансиз. Сиз хоин экансиз... Нодирани ишонтириб, қалбини забт этиб, энди менга гап отяпсизми?!
– Мен Нодирага ишонтирадиган ҳеч қандай гап айтмаганман. Қолаверса, дугонангиз жуда енгилтабиат қиз экан. Мен ғурурсиз қизларни ёмон кўраман.
– Ўзингиз-чи, ғурурлимисиз? Бир қизни бошини айлантириб, яна яқин дугонасига севги изҳор этишга уялмайсизми?!
Дурдона овози қалтираб гапираркан, йиғлаб юбормаслик учун телефонини ўчириб қўйди.
Эрталаб ёққанида эса Нодиранинг кетма-кет қўнғироқ қилганини билиб унга раҳми келди. “Бечора Нодира, ҳақиқатни билса қай аҳволга тушаркин? Нима, Козимни деб мен ҳам ўз дугонамнинг юзига оёқ қўйган ҳисобланаманми? Йўқ, бунга йўл қўймайман. Яхшиси рақамимни ўзгартираман, токи Козим мени топа олмасин”.
Дурдона рақамини ўзгартиришга улгурмади. Айни дарс тугаган вақтда Козим қўнғироқ қила бошлади. “Нега ундан қўрқишим керак. Боплаб таъзирини бераман” деган хаёлда Дурдона гўшакни кўтарди.
– Дурдона, илтимос, гўшакни қўйиб қўйманг. Сизга икки оғиз гапим бор. Агар қўйиб қўйсангиз, дугонангизга ҳам дардимни, яъни сизга бўлган муносабатимни рўйи рост айтаман.
– Хали мен сизнинг дардингиз бўлиб қолдимми? Яқин дугоналарни бир-биридан айиришга йигитлик ғурурингиз қандай йўл қўяркин?
– Мени ҳақоратлаб хафа қиляпсиз, Дурдонахон. Нима, севиб қолиш шунчалар гуноҳми? Юрагимга Дурдонани севма, фақат Нодирани сев деб буйруқ беролмайман-ку, ахир.
– Хўш, қандай гапингиз бор эди, тез-тез гапиринг, – Дурдонанинг тоқати тоқ бўлди.
– Ҳозир ўша хиёбонга келасиз. Мен сизга суратни бераман. Агар келмасангиз суратни Нодирага юбораман, нафақат Нодирага, балки интернет орқали тарқатиб юбораман.
“Ё худо... хотинбоз десам, ғирт шантажчи экан-ку. Бировни очиқчасига лақиллатиб алдаган инсондан ҳамма нарсани кутиш мумкин”, деган ўй ўтди Дурдонанинг хаёлидан.
– Илтимос, ундай қила кўрманг, – деди йиғламсираб, – Сизга нима ёмонлик қилгандим? Ота-онам, акаларим кўриб қолишса нима деган одам бўламан...
– Бўлмаса хиёбонга келинг, бор-йўғи беш дақиқагина вақтингизни оламан. Ёки сурат ёки...
Дурдона иккиланиб қолдида:
– Ваъда берасиз-а, борсам суратни берасизу, мени унутасиз.
– Ваъда бераман.
Дурдона йўловчи машина тўхтатиб хиёбонга борди. Ўша чинор дарахти тагида Козим уни кутиб турганди. Дурдонани кўриши билан югуриб келди.
– Яхшимисиз Дурдонахон, келганингиз қандай яхши бўлди. Икки кундан бери сизни ўйлаб ухлолмайман.
Дурдона телефон орқали гаплашганида анча ўзини дадил тутаётганди. Рўпарасида турган савлатли йигит олдида ўзини йўқотиб қўйди.
– Илтимос, суратни беринг, – деди қўрқа-писа.
– Нима, шундай осонликча ажралишиб кетаверамизми? Наҳотки сизни бошқа кўролмасам?
Козимнинг астойдил ўзини ошиқлардек тутишидан Дурдона ноқулай аҳволга туша бошлади.
– Ваъда бергандингиз, энди ваъдангизда туринг-да.
– Аввал музқаймоқ еймиз. Сўнг суратни сизга топшираман, кейин хайрлашамиз.
Дурдона ундан осонликча қутулиб кетолмаслигини билди. Тезроқ музқаймоқ еб, суратни олиб, тезроқ кетгиси келди.
– Майли, розиман, фақат ҳечам гапирмайсиз, тезроқ музқаймоқни ейсизу, суратни олиб кетаман.
Козим иштаҳа билан музқаймоқ еркан, ўткир нигоҳлари билан Дурдонани таъқиб этишини қўймасди. Шундоқ ҳам иштаҳасизлик билан музқаймоқни кавлаб ўтирган Дурдона кўзларини олиб қочиш учун ўйингоҳда учаётган болаларни кузата бошлади. Аста Козимнинг идишига қаради.
– Музқаймоғингиз тугабди, энди суратни беринг.
Козим индамай ўрнидан турдида, сув дўконидан иккита стаканда кока-кола сотиб олди. Буфетчи нимагадир чалғиган вақтда чўнтагида турган дорини олиб стаканнинг бирига ағдарди. Ҳеч нарса бўлмагандай қаддини тик тутиб Дурдонанинг олдига келиб ўтирди.
– Илтимос Дурдонахон, манави ичимликни ҳам ичиб олайлик.
Куннинг иссиғи, музқаймоқнинг шираси Дурдонанинг томоғини бўғиб турганди. Муздеккина ичимликни кўтариб ича бошлади. Унинг ранги оқариб, кўзлари сузилиб бораётганини кўрган Козим чўнтагидан суратни олиб Дурдонага узатди. Дурдона суратни олдию сумкасига солиб ўрнидан турди.
– Майли хайр, бошқа... –у ёғини гапиролмади. Бошини чангаллаганча стулга шилқ этиб ўтириб қолди.
Козим ҳушини йўқотган Дурдонанинг юзига шапатилаб уриб кўрди. Беҳушлигига ишонч ҳосил қилгач белидан қучиб турғазишга уринди. Бу ҳолни кўрган официант йигит ёнига яқинлашди.
– Ака, кеннойимни мазаси бўлмай қолдими? “Тез ёрдам” чақирайми?
– Ҳожати йўқ, кеннойингиз ҳомиладор эди, иссиқни кўтара олмаяпти. Ҳозир ўзига келиб қолади.
Официант нари кетди. Козим Дурдонани кўтариб олганча хиёбондан олиб чиқди. Дарвоза тагига қолдириб келган машинасининг орқа ўриндиғига жойлаб, тезда рулга ўтирди-да, машинасини юргизиб кетди. Шу алфозда икки соатлар чамаси шаҳар четидаги ҳовлигача машинани елдек учирди.
Дурдона ярим кечада ҳушига келди. Диванда ётганича атрофни кузатаркан, уйдаги жиҳозлар, қандилу, пардаларнинг ҳаммаси кўзига нотаниш кўринди. Ўзини бегона ўринда ётганини билиб ёнига қаради, не кўз билан кўрсинки Козим донг қотиб ухлаб ётарди. Дурдона бир зумда бўлиб ўтган воқеаларни кўз олдига келтирди. Шоша-пиша уст-бошини пайпаслади. Ич кийимдалигини билиб, йиғлаб юборди. Ўрнидан базўр тураркан, лўқиллаб оғриётган бошига баттар оғриқ турди. Оғриққа эътибор бермай, дивандан тушди, стулда турган кийимларини апил-тапил кия бошлади. Козим уйғониб кетишидан чўчиб эшикка ёпишди. Эшикнинг қулфланганини билиб, деразадан ташқарига мўралади. Кўча зимистон қоронғу, баҳор шамолида барглари тебранаётган дарахтлардан бошқа нарсани илғаб бўлмасди. Дурдона газеталардаги ҳикояларда, китобларда ўқигани, алданган, номуси топталган қизларни ёдга олди. Ўзи ҳам уларнинг кўйига тушганидан, улар сингари алданганидан хўрлиги келиб ўксиб-ўксиб йиғлади. Шу алфозда эрталабгача йиғлаб ўтирди. Саҳарга яқин Козим уйқудан уйғониб Дурдонага қараб масхаромуз жилмайди.
– Айтувдима сенга, мен истаган нарсамга эришмасдан қўймаслигимни. Барибир меники бўлдинг.
– Мени сенсирама, номард! Нима ҳаққинг бор эди ўғирлашга? Номусимни топташга? Энди мен ким деган одам бўлдим?!
– Сен ҳам мени сенсирама. Хар холда бугундан бошлаб сенинг эрингман, ахир.
–Уятсиз! Энди Нодиранинг кўзига қандай қарайсан? Нодиранинг бахти бор экан, сендай виждонсиздан қутулиб қолди. Унинг бахти учун эса мен ўзимни қурбон қилдимми хали. Қайси гуноҳим учун, э Худойим!..
Козимнинг қизга раҳми келдими ёки бошқа мақсадни кўзладими, ўрнидан туриб оёқлари тагига тиз чўкди.
– Кечиринг мени, Дурдонахон. Нима қилай, сизни шунчалар севиб қолганим учун ўғирлаб кетишга мажбур бўлдим. Агар қўйиб юборганимда, бир умр муҳаббатига етишолмаган Мажнун каби тарки дунё қилиб ўтардим бу ҳаётдан. Менга ишонинг, сизни албатта бахтли қиламан. Дунёда энг меҳрибон эр бўлишга сўз бераман. Сиз ҳам албатта мени севиб қоласиз хали.
Дурдона йигитнинг чиройли гапларига ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билолмай, бошини қуйи эгганича, тақдирга тан бериб ўтираверди. Ўйлай-ўйлай Козимга ишонмасдан бошқа иложи ҳам йўқлигини англаб етди.
– Энди буёғига нима қиламиз? Қандай йўл тутамиз? Ҳамма гаплариз чинлигига мени ишонтира оласизми?
– Гапларим чинлигини исботлайман, жоним. Фақат мени кечирсангиз, тушунсангиз бўлди. Ҳозир нонушта қилиб оламиз. Кейин мен сизни домланинг олдига олиб бораман. Ҳақиқий эр-хотинлар каби никоҳ ўқиттирамиз.
Никоҳ сўзини эшитган Дурдона йиғлаб юборди.
– Никоҳ? Никоҳга қадар қиз боланинг уйига совчилар келади, улар орқали учрашувга чиқади, сўнг оппоқ либосда келин бўлмайдими? Қайси айбим учун ўз орзу-ҳавасларимдан маҳрум бўлишим керак? Наҳотки келинлик либосига муносиб бўлолмасам...
– Э... нега ваҳима қиласиз, жоним. Ҳамма расм-русумлар рисоладагидек ўтади. Фақат расмий никоҳдан аввал шаръий никоҳ ўқиттирамиз, холос. Токи мен совчиларимни юборгунимча ўз уйингизда яшаб юраверасиз. Истасангиз ўқишга қатнайверинг. Сўнг тўй кунини белгилаймиз. Қарабсизки, энг омадли, энг бахтли келинлардек дабдаба билан ўз уйимга олиб кетаман.
Дурдона ёш боладай жавдираб Козимга тикилганча унинг ваъдаларига лаққа тушиб ўтираркан, ҳамон қалбидаги хавотир кетмаганди.
– Ишқилиб мени ташлаб кетмайсиз-а, Козим ака. Гапингизни устида турасиз-а?
– Айтим-ку, жоним, ҳаммаси рисоладагидек бўлади деб. Фақат йиғламасангиз, менга ишонсангиз бўлгани.
Козим қизни бағрига босди. Бу сафар Дурдона нафақат тақдирга тан берди, балки Козимга қаттиқ ишонди. Йиғлайвериб толиққан кўзларини юмганча Козимга итоат этди.
Дурдонанинг Козим томонидан ўғирланиб, номуси поймол этилган кунга ҳам бир ойлар бўлди. Ўша мудҳиш куннинг эртасига кечқурун Дурдона уйига кириб борганида ота-онаси хавотирдан юракларини ҳовучлаб ўтиришган, милиция идорасига боришни маслаҳатлашишаётганди. Қизларининг соғ-омон кириб келганини кўриб қувониб кетишди. Улар ўқишга берилган, дам олиш кунларида уйдан кўчага чиқмайдиган қизларига ишонишарди. Шундай бўлса-да нима учун Дурдона бир ярим кун изсиз йўқолгани сабабини суриштира бошлашди. Дурдона Козим ўргатганидек ёлғон ҳикоясини ота-онасига сўзлаб берди.
– Ўқишдан чиқиб бегона автобусга ўтирибману, чарчаб ухлаб қолибман. Кўзимни очсам қоронғу тушиб қолган, мендан бошқа автобусда ҳеч ким қолмабди. Ҳайдовчининг кўриниши қўрқинчи экан, автобусдан тушиб бошим оққан томонга кетаверибман. Қаерга бориб қолганимни билмайман, бир пайт бир уй кўринди. Қари кампир бир ўзи яшар экан, менга раҳми келиб уйига киргизди. Эртасига кетай десам ёнимда пулим йўқ, токи кампир кимлардандир пул топиб келгунича уйида ўтириб турдим. Сўнг автобусма-автобус амаллаб етиб келдим.
– Бир оғиз телефон қилиб хабар беришинг мумкин эди-ку, – соддадил дадаси тергагандек бўлди.
– Дада, қўл телефонимнинг пули тугаб қолибди. Чекка қишлоқ бўлгани учун телефон топа олмадим. Ҳадеб хавотир олаверманглар, соғ-омон келдим-ку. Бўлди чарчадим, дарс қилишим керак, эрталаб ўқишга кетаман.
Дурдона ота-онасининг сўроққа тутишларига фурсат бермади. Ётоғига кириб ётиб олди. Эрталаб апил-тапил нонушта қилди-да шошаётганини баҳона қилиб, ўқишига кетди. Ота-онаси қизларининг гапига ишониб, хавотирланишни ёддан чиқаришди.
Дурдона институт дарвозасига етиб келганида Нодира уни пойлаб турганди.
– Дурдон бормисан? Кечадан бери қўнғироқ қиламан, жавоб бермайсан. Агар ўқишга келмасанг уйингга бормоқчи бўлиб турувдим.
– Яхшимисан Нодира, – Дурдонанинг уятдан, хиёнат азобидан оёқ-қўли билинар-билинмас қалтирар, овози ҳам титраб зўрға гапира бошлади.
– Биласанми Нодира, кеча ўқишга келолмагандим. Кел, бугун меникига боргин, бемалол гаплашиб ўтирамиз, майлими?
Нодира Дурдонанинг пешонасини ушлади.
– Мазанг бўлмаяптими? Кўринишинг ғалати?
– Ҳа, кечадан бери тобим йўқ. Майли, дарсга кечга қолмай, кечқурун келарсан.
Дурдона Нодира билан хайрлашдида шошганча кириб кетди.
Кечки пайт Нодира келди. Дурдона уни ётоқхонасига олиб кирди-да, эшикни қулфлаб олди.
– Нодира, сенга айтадиган жуда кўп гапларим бор. Нимадан бошласам экан, –ҳаяжонланганидан бармоқларини сиқа бошлади Дурдона.
– Мен шошаётганим йўқ, бемалол гапиравер, – Нодира юмшоққина диванга ясатаниб олди.
– Ўзинг эрталаб нега олдимга боргандинг?
– Ҳа, Козим акамни сўрамоқчи бўлгандим. Мабодо сенга қўнғироқ қилмадими? Негадир ўша учрашувдан бери дом-дараксиз бўлиб кетди. Ишқилиб тинч бўлсин-да, яқин инсонинг бўлиб қолганидан кейин хавотир оларкансан...
– Ростини айтсам Козим менга қўнғироқ қилганди, учрашувнинг эртасига кечқурун.
Нодира сакраб ўрнидан туриб ўтирди.
– Нега энди, сенга қўнғироқ қилган вақтини менга ажратолмабдими? Балки мендан бирон хатолик ўтганмиди? Нималарни гаплашдинглар? – Нодира жаҳли чиққанидан кетма-кет саволларни ёғдириб ташлади.
– Нодира, мен сенга ҳозир бошимдан ўтган воқеаларни гапириб бераман. Фақат илтимос, гапимни бўлмай диққат билан эшитишга сўз бер.
Дурдона бўлиб ўтган воқеаларни қандай бўлса шундайлигича сўзлаб берди. Нодира ҳайкалдек қотиб ўтираркан. ҳайрат билан тикилиб қолган кўзларида ёш ғилтиллади. Дурдона ҳикоясини тугатиб бўлиб йиғлаб юборди.
– Келгин деса боравердингми? Ўзинг шуни истагансан-да, – ҳайкалдек ўтирган Нодира Дурдонани айблай бошлади.
– Мени Козим умуман қизиқтирмаганди, ишон менга дугонажон. Биласанку, умримда бирон йигит билан яқиндан гаплашиб юрган қиз эмасман. Келиб-келиб сенинг йигитингга кўз олайтирармидим? Қиз боланинг энг катта бойлиги бу унинг номуси эканини жуда яхши биламан. Билиб туриб ўзимга чоғ қазирмидим? Нима қилай, пешонамда шу кўргулик битилган экан. Дори таъсирида нима бўлганини билмай қолдим.
– Энди Козимга турмушга чиқасанми?
Нодиранинг кўз қарашлари, овози бирон яқинини тупроққа қўйиб, унга аза очган одамникига ўхшаб кетди. У Дурдонанинг айбсизлигини, иложсизлигини тушуниб турган бўлса-да хамон қалбини рашк, “Нега Козим мени эмас, Дурдонани танлади” деган худбинлик қамраб олганди.
– Агар қўлимдан келганида, уни мана шу қўлларим билан бўғиб ўлдирган бўлардим. Лекин иложсизман, ортимда ота-онам, жигарларим бор. Улар учун ҳам яшашим керак. Нима қилай, бошқа йўли бўлса айт менга Нодира! Нима қилишим керак? Маслаҳат бер!
– Бўлар иш бўлибди, маслаҳатимдан нима фойда? У билан ёлғиз учрашишдан олдин ўйлаш керак эди маслаҳатни. Майли, бахтли бўл, дугонажон.
Нодира яна Дурдонани айблагандек ўрнидан туриб кетишга чоғланди.
– Нодира, менинг айбсизлигимга ишонмаяпсан-а?
– Бахтли бўл деяпман-ку, яна нима қил дейсан!
Нодира чиқиб кетаркан зарб билан эшикни ёпди.. Дурдона ёстиққа юзини қўйганча ўксиб-ўксиб йиғлай бошлади.
Козим номард бўлса-да, сўзининг устидан чиқди. Бир ойларга қолмай Дурдонанинг уйига ёшгина, чиройликкина, кийимлари ўзига ярашиб тушган жувон кириб келди. У ўзини Зарнигор деб таништирди.
– Мен акамнинг номидан совчи бўлиб келдим остонангизга, – деди жилмайганча.
– Келинг айланай, кираверинг, – Дурдона онасига Козим ҳақида шипшитиб қўйганди. Козим деганларининг совчиси қачон келаркин деб дарвозага термулиб ўтирган Дилрабо опа хурсанд бўлиб кетди.
– Шу десангиз, ота-онамиз ёшлигимизда вафот этиб кетишган. Холаларим, аммаларим узоқда яшашади. Акамнинг бахти учун ёш бўлсам-да ўзим келавердим, айбга буюрмайсиз.
– Вой, нега айб бўларкан айланай. Совчи бўлиб келган бўлсангиз жигарингизнинг бахтини кўзлаб келгансиз-да.
– Тушунганингиз учун раҳмат. Акам билан қизингиз Дурдонахон бир-бирларига кўнгил қўйишган экан.
– Менга қолса қиз болани вақтида эгасига топширган маъқул. Совчилар келишяпти, лекин қизим хали ўқишим бор-ку, битириб олай деб кўнмаётганди. Тўғрисини айтсам, куни кеча акангиз ҳақида гапиргандай бўлганди. Майли, келишсин-чи, кейин дадангга маслаҳат қилармиз деб қўяқолдим мен ҳам.
Зарнигор узоқ вақт ўтирди. Очилиб-сочилиб, ҳар томондан гаплашиб ўтиришди. Дилрабо опа келтириб қўйган иссиққина тандир сомсалардан иштаҳа билан еб олди.
Совчи аёл кетгач, Дурдона ўқишдан қайтиб келди.
– Қизим, сен айтган Козимнинг синглиси совчиликка кеб-кетди, –деди онаси юзида қувонч билан.
Дурдона неча кундирки кўнгли алағда бўлиб юрганди. “Козим совчиларини юбормаса-чи? Мени алдаб ташлаб кетса-чи?” деган тизгинсиз саволлар юрак-бағрини эзиб юборганди. Онасидан эшитган янгиликдан у ҳам қувонди. “Совчи келган бўлса яхши бўлибди. Козим яхшими-ёмонми, тезроқ унга турмушга чиқишим, юзимни ёруғ қилишим шарт” деганча хонасига кириб кетди. Кечқурун телефони жиринглади. Козимнинг қўнғироғини сабрсизлик билан кутаётган Дурдона гўшакни кўтарди.
– Дурдона, яхшимисиз?
Бу сафар Дурдона унинг қўнғироғидан қувонди.
– Ассалом алайкум, Козим ака.
– Синглимни совчиликка юборгандим, уйдагилар айтишдими?
– Ҳа, ойимларга синглингиз ёқди шекилли, хурсандлар.
– Нима дейишяпти?
– Билмасам, дадам билан маслаҳатлашиб, кейин жавобини айтадилар.
– Дадангиз йўқ демасмикинлар?
– Қўйинг, худо сақласин, ундай деманг, –Дурдона йиғламсиради. –Дадам кўнадими-кўнмайдими, бошқа иложимиз йўқ. Кўнмаса, кўндираман.
– Дурдона, дадангиз кўнмаса ўзим бориб гаплашаман. Сиз билан маслаҳатлашадиган гапим бор эди. Биласиз, ота-онам вафот этиб кетишган. Тўйга озмунча ҳаражат кетмайди. Майли десангиз тўйни ихчамгина, худойи тарзида ўтказсак...
– Нега унақа дейсиз? Мен... – Дурдона тутилиб қолди.
– Мен ҳам қиз боламан, менинг ҳам орзу-умидларим бор демоқчисиз тўғрими?
Козим бу гапни Дурдонага ачиниб айтдими ёки масхара қилмоқчими, Дурдона тушунолмади.
– Бошида ваъдаларингиз бошқача эди-ку, – деди йиғламсираб.– Тўғри мен энди жувонман. Қиз болалик номига доғ тушган, иффатини йўқотган бир жувонман. Лекин буни ота-онамга, маҳалла-кўйга қандай тушунтириб бераман?
– Одамларга оддий йигитга турмушга чиқяпман. Катта тўй қилишга қурби етмайди дейсиз.
– Сиз дадамнинг жаҳлини билмайсиз-да. Шунчалик пули йўқ экан, бермайман деб туриб оладилар.
– Майли, тўй қиламиз, фақат бунинг учун мен ҳорижга бориб ишлаб келишим керак, унгача олти ойлар кутишга сабрингиз чидар?
Кечагина “Дугонангизни эмас, сизни севиб қолдим. Сизсиз ҳаловатим йўқолди” деб ялиниб юрган, ҳаттоки ўзиники қилиб олиш учун ўғирлашгача бориб етган йигитнинг ўзини бундай тутиши Дурдонанинг хўрлигини келтирди.
– Севаман деган гапларингиз ёлғон экан-да. Нега бўлмасам Нодирага уйланмадиз. Ҳарҳолда, унинг дадаси бадавлат одам эди, тўйдан кейин қўллаб-қувватларди.
Дурдонанинг яна аввалгидек қайсар, ғурурли қизга айланганидан Козим хавотирга тушиб қолди. “Шарманда бўлганига қарамай мендан айниб қолса-чи” деган ҳадик хаёлини банд этди.
– Дурдона, жоним, сизга зўрға етишдим деганимда... Майли олти ой эмас, уч ойлардан кейин тўйимиз бўлади. Сизга ваъда бераман, энг ҳашаматли ресторанда данғиллатиб тўй қиламиз.
Козим яна ваъдасининг устидан чиқди. Орадан уч ойлар ўтиб, никоҳлари бўлиб ўтди. Лекин у айтганидек катта ресторанда эмас, балки Козимнинг ўз ҳовлисида бўлиб ўтди. Совчиликка борган Зарнигорнинг елиб-югуриб хизмат қилиш ўрнига бурчакда қовоқ-тумшуқ қилиб ўтириши, келган меҳмонларга илтифот кўрсатиш ўрнига тилидан заҳар томиб гапиришини сезган Дилрабо опа тўй давомида кайфияти тушиб кетди. “Намунча қайнисинглиси баджаҳл бўлмаса-я.. Ахир совчиликка борганида мулойим, бир гапириб ўн кулиб ўтирган эди-ку... Одам ҳам бунчалик тез ўзгариши мумкинми?”, деган ўй она шўрликни юрагига ғулғула солиб қўйди.
Никоҳ оқшоми тугагач, меҳмонлар тарқала бошлашди. Бир-иккита маст бўлиб, бош оғриғини давом эттириш истагида бўлган эркакларни ҳисобга олмаганда ҳовлида ҳеч ким қолмади. Келинга ажратилган уйларнинг бирида ўн чоғли аёллар билан ўтирган Дилрабо опа одоб юзасидан меҳмонларини ноз-неъматларни еб-ичиб ўтиришларига ундасада, хаёли қизида эди. Бир вақт Зарнигор кириб келди. У қошларини чимирганча, виқор билан диванга бориб ўтириб олди.
– Айланай, меҳмон кутиб чарчамадингизми? –аста гап бошлади Дилрабо опа.
– Чарчадим қудахола, жуда чарчадим. Ўзим бошида акамга ихчамгина худойи қилиб қўяқолайлик деганимда кўнмаганди. Озмунча ҳаражат кетдими...
Ўтирган аёллар ҳайрон бўлганча бир-бирларига қараб қўйишди. Келиннинг онаси улар олдида уятдан ерга кириб кетай деди.
– Майли, тўй умрда бир бўладиган маросим-да. Ёшлар хурсанд бўлгани қолади.
– Энди қудапошшалар сизларга жавоб. Ҳозирги замонда келинсалом, анови келин-куёвнинг ўрнига кампирлар думалаб беришади-ку, кейин халиги нимайди, “алла болам”ми-ей, бир бало одатлар бор-ку, ўшалар кўпчилик ерларда бўлмаётган экан. Шунинг учун хафа бўлмайсизлар, ҳаммангизга жавоб, кетаверинглар.
Дилрабо опа бундай қўпол муносабатни кутмаганди. Шундай бўлса-да, ўзини оғирликка олди.
– Йўғ-е, нега хафа бўларканмиз, айланай. Ҳозир кўпчилик тўйхонадан тарқаладиган бўлган. Майли, янгаларининг ўзлари қолаверишади.
– Йўқ-йўқ, янгалар ҳам кетаверишсин. Акам замонавий йигитлардан, янга-пангани хоҳламайди.
Дурдона гўшангада бир ўзи хаёлга толиб ўтираркан, онаси кириб келди. Қизини бағрига босганича узоқ вақт кўз ёши тўкди. Томоғига тиқилган алам гапиришига изн бермасди.
– Ойи, йиғламанг, мен ахир кўнглимга ёққан инсонимга турмушга чиқяпман-ку, –деди Дурдона онасини тинчлантириб.
– Ишқилиб бахтли бўлгин, қизим. Сени Аллоҳга омонат топширдим. Фақат, бир нарса ёдингда бўлсин. Кимдир сенга ёмонлик қилса, мендан яширмагин хўпми. Менга сенинг тинчлигинг, соғлиғинг керак болам.
Дурдона мунисгина онасининг меҳрибончилигидан янада эриб кетди.
– Хавотир олманг ойи, ҳаммаси яхши бўлади. Мен албатта бахтли бўламан, кўрасиз.
Келин тарафдан келган аёлларнинг ҳаммаси кетишди. Куёвнинг дўстлари ҳовлида маст-аласт бўлиб ўтирганларни бирма-бир ташқарига чиқариб ташлашди. Зарнигор ҳеч ким қолмаганига ишонч ҳосил қилгач дарвозани танбалади.
– Ойи, акамни қаранг, тўйда йиққан пулларимни олиб қўйди! –тўрт ёшлардаги қизча зинадан туриб Зарнигорга ҳасрат қилди.
– Ие, халиям ухламадингларми?! Қани тез уйга кириб ухланглар. Эрталаб боғчаларингга олиб бориб ташлайман!
Зарнигорнинг жаҳлланиб бақирган овози Дурдонага ҳам эшитилди. У бир ўзи ўтиравериб зерикди, нима қиларини билмай хонани кўздан кечира бошлади. “Бечора ойим, мен учун шунча сеп йиққан эканлар. Ишқилиб Козим акам билан охиригача яхши ҳаёт кечирайлик-да. Тўй ўзим орзу қилган даражада бўлмаса-да, ишқилиб оқ либос кийдим, одамлар олдида юзим ёруғ бўлди. Энди бу ёғини пешонамдан кўрдим. Синглиси жуда заҳарга ўхшайди. Қизиқ, у ҳам шу ҳовлида яшармикин ёки эриникидами? Майли, нима бўлса чидайман, сув келса симираман, тош келса кемираман. Бошида Козимдан нафратлангандим, бора-бора нафратим меҳрга айланяпти-ку. Балки севги деганлари шудир...”.
Дурдона ётоқхона эшигини очиб меҳмонхонага мўралади. У ерда ҳам ҳеч кимни учратмади. “Тавба, янгаларим қани? Тўйдан кейин келиннинг янгалари ёнида қолишлари керак эди-ку... Ҳа, боя ойим айтгандай бўлувди, келинойинглар ҳам кетишяпти, куёвим шуни истабди”, дегандек бўлувдилар. “Ҳа-я, менга янгаларнинг нима кераги бор, шундоғам....”. Ўз хаёлидан Дурдонанинг кўнгли ғаш тортди. “Козим акам нега шу вақтгача кирмаяпти? Балки ташқарида бирон юмуш билан бандмикин?”.
Дурдона ётоққа қайтиб кириб келинлик либосларини ечди. Сарполари орасидан зангори рангдаги атлас кўйлаги билан рўмолни олиб кийди. Тошойна олдига бориб қадди-бастига назар ташлади. “Бугундан бошлаб мана шу уйнинг бекаси бўлдим. Эссиз, Нодира тўйимга келмади-да... Мендан аразлаб кетганди, демак кечиролмабди. Наҳотки ҳамон Козим акамдан кўнгил узолмаганг бўлса? Ҳа, шундай бўлиши керак. Йўқса тўйимга келган бўларди...”
Дурдона кўнглини ғаш қилаётган ўй-хаёллардан қутулиш учун ташқарига чиқди. Ҳовлини кўздан кечирди. Столдаги дастурхонлар хамон йиғиштирилмаган, ерда шишалар сочилиб ётибди. “Нима қилсам экан, дастурхонларни йиғиштирсаммикин? Ахир келинман-ку, энди бу ҳовлидаги юмушларнинг ҳаммаси менинг зиммамда”, деганча, чарчаганига қарамай, хизматга тушиб кетди. Ишни бурдаланган нонларни йиғишдан бошлади. Нон бўлакларига тўлган қутини ҳовли четидаги ихчамгина боғга олиб бориш учун ўша томонга йўналди. Боғга яқинлашаркан, дарахтнинг ортида турган эркак билан аёлга кўзи тушди. Қоронғуда уларнинг юзини аниқ кўролмади. Кўрмаганга олиб индамай ўтиб кетаётганида эркакнинг таниш овозини эшитиб таққа тўхтаб қолди.
– Зарнигор, сен ҳам мени тушунишинг керак. Бошида бу томошани ўзинг бошладинг. Энди нега ҳамма айбни менга тўнкаяпсан? – деди Козим ялинган овозда.
– Нима қилай, – аёл йиғламсираб гапирди, – эр бермоқ - жон бермоқ деганлари рост эканини мана энди бошимга тушганида ҳис қиляпман. Сал хунукроғини топсангиз бўларди-ку.
– Дурдона ҳақиқатдан ҳам чиройли қиз, лекин сенчалик эмас, ишон. Мен сени барибир севишимни ўзинг яхши биласан. Агар севмаганимда фарзандларимиз бўлишига қарамай сени ҳайдаб юборган бўлмасмидим? Менга айнан Дурдонага ўхшаган ғурурли, иффатли, ҳаёли қиз керак эди, тушуняпсанми?
– Нега тушунмас эканман, – пичинг қилди аёл. –Барибир ўтмишимни юзимга соляпсизми? Бу билан сенда ғурур йўқ, номусингни сақлай олмагансан демоқчимисиз?
Дурдона эшитаётганлари тушми-ҳақиқатми тушунолмай ҳайкалдек қотиб қолди. “Козим бу аёл билан нималарни баҳслашишаяпти ўзи? Фарзандларимиз дедими? Қанақа фарзандлар? Бу аёл ким? Нега мени деб баҳслашишаяпти ўзи?”...
Дурдона қўлидаги қутини ерга қўйдию қоқила-суқила улар ёнига яқин борди.
– Козим ака?
Дурдона Козим билакларидан ушлаб турган аёлга ҳам синчиклаб тикилди.
– Зарнигор опа, сизмисиз?
У ҳеч нарсани тушунолмай бир Козимга, бир Зарнигорга қараганча довдираб қолди.
– Сен бу ерда нима қиляпсан? – сўради Козим шошганча Зарнигордан ўзини олиб қочарган, – Нега ташқарига чиқдинг? Тез уйга кир.
–Мен... мен... анови, – Дурдона ҳамон ўзига келолмасди. – Нега сизлар бу ерда иккингиз, қанақа фарзандлар ҳақида гапиришаётгандинглар?
Зарнигор икки қўлини қапиштирган кўйи мағрур қиёфада осмонга тикилди.
– Йўқ, бунингиз бизлар ўйлаганчалик ибо-ҳаёли қиз эмас, яхшигина муғомбирга ўхшаяпти. Кўряпсизми, халитдан ҳаммасини суриштиряпти.
– Бўлди, сен ҳам ўчир овозингни! Бор, болларга қара, эртага гаплашамиз.
Зарнигор Дурдонага шундай қарадики, қоронғуда кўзларидан учқун чақнаб кетгандек бўлди гўё. Сўнг югурганча чопиб кетди.
– Уйга кирайлик, ҳаммасини тушунтириб бераман. – деди Козим ерга жаҳл билан туфларкан.
Дурдона оёғини базўр судраганча, Козимнинг ортидан эргашди.
– Ўтир, – Козим Дурдонани диванга ўтқазиб, ўзи стул олиб келиб, рўпарасига ўтирди. Чўнтагидан сигарет олиб тутатаркан, Дурдонага айёрона тикилганча гап бошлади.
– Дурдона, сен жудаям ақлли, мулоҳазали қизсан. Ҳозир сенга ҳаммасини сўзлаб бераман, фақат индамай, охиригача эшитасан.
Дурдонанинг кўз олдига ўша илк бор алданган, номуси ер билан яксон этилган кун келди. “Ит барибир итлигини қилмай қолмайди, Козимнинг менга аталган яна қандай ёлғонлари бор экан?” деган ўй бутун вужудида нафрат уйғотди.
– Аввал менга тўғрисини айтинг, Зарнигор синглингиз эмас, ўйнашингиз, тўғрими?
– Зарнигор менинг хотиним бўлади. Қонуний хотиним! Ўртамизда икки нафар фарзандимиз бор. Бири олти ёшда, иккинчиси тўрт ёшда.
– Нима?! – Дурдона сапчиб ўрнидан турди-ю, бошига оғриқ туриб ҳолсизланганча яна ўтириб қолди.
– Буниси энди умуман, ваҳшийлик. Тушуняпсизми, менга нисбатан ноҳақлик-ку! Нега хотиниз, болалариз бўла туриб менга уйландингиз? Қандай қилиб ўз хотиниз менга совчи бўлиб бориши мумкин? Шу гапларизни ўйлаб гапиряпсизми Козим ака?!
– Ўйласам-ўйламасам ҳақиқат бу. Бундан олти йиллар аввал талаба эдим, кундузи ўқиб, кечқурун бировларнинг хонадонида устачилик қилиб пул топардим. Ота-онам қариб қолишган, касалванд эди иккиси. Ёлғиз ўғилман, уларни парваришлаш, рўзғор қилиш ҳаммаси менинг бўйнимда. Бунинг устига талабаман. Менга жуда кўп пул керак эди. Бир куни онам тезроқ уйлан, отанг билан оғир бетобмиз. Бизнинг қазоимиз етгунича тўйингни қил, кўриб қолайлик дейишди. Гарчи қўлимда бир сўм пул бўлмаса-да ота-онамнинг армонини ушатиш учун қиз излай бошладим. Камбағал бўлганимиз учунми, қариндошларнинг деярлик барчаси биздан юз ўгиришганди. Йигит бошим билан ўзим келин изладим. Кўнглимга ёққан қизларникига қўшни аёлларни совчиликка юборсам, ота-онаси шароити оғир экан, деб қизини бергиси келмас, қизини жон деб берадиганларининг эса қизи менга ёқмасди. Ахир мен ҳам йигит кишиман, кўнглимга ёққан қизга уйлангим келарди-да. Тирикчилик учун бир хонадонга бордим. Ўша хонадондаги шароит, муҳит худди менинг оиламдаги шароитга жуда ўхшаркан. Уларнинг ҳам қизи ёлғиз фарзанд экан. Қисқаси, Зарнигор билан ўшанда танишдим. Мен устачилик ишлари билан банд бўлдим. Зарнигор кун бўйи менга овқат пишириб беради. Бора-бора биз дўстлашиб олдик, бир-биримизга дардимизни гапирдик. Зарнигорнинг ота-онаси ҳам мени ҳурмат қилишарди. Ишим тугаганидан кейин ҳечам ҳовлидан кетгим келмади. Биз бир-биримизга боғланиб қолгандик. Уйга бориб ота-онамга Зарнигорникига совчиликка боришларини тайинладим. Хуллас ота-онам билан унинг ота-онаси тезда чиқишиб кетишди. Сўзсиз қизларини менга беришга рози бўлишди. Уларнинг топгани ёлғиз қизга аталган эмасми, тўйни ўртада қилдик. Ўшанда мендан бахтиёр одам йўқ эди дунёда. Зарнигорга кўнгил қўйиб уйланишим бир бахт бўлса, унинг ёлғиз фарзандлиги, ота-онасидан кейин бутун уй-жойи бизларга қолиши мен учун катта омад эди. Лекин қувончим узоққа чўзилмади. Чимилдиққа кирганимизда Зарнигор менга ўқишидан пахта теримига борган маҳалидаги бўлиб ўтган мудҳиш воқеани сўзлаб берди. Хуллас, кечки пайт дугоналари билан кинога боришган. Кино Зарнигорга ёқмагач, яхшиси дам оламан деб бир ўзи тутзор бўйлаб ётоқхонага қайтаётган экан, олдидан нотаниш эркак киши чиқиб қолибди. У Зарнигорни судраб, тутзор орасига олиб кириб кетган. Шунча бақириб, одамларни ёрдамга чақирса-да ҳеч ким эшитмаган. Хуллас, Зарнигор худди сен каби номусидан айрилган қиз бўлиб чиқди. Аввалига алданганимга чидолмай дўппосладим. Сўнг ҳайдаб юборишга кўзим қиймади. Раҳмим келди.
Козим жим бўлиб қолди. Чўнтагидан яна сигарет олиб тутатди. Аллазамон тарки дунё қилган одамдай хотиржам бўлиб қолган Дурдона бор аламини тўкиб солди.
– Сиздек худбин одамнинг раҳми келишига ишонмайман. Сиз Зарнигорга тегишли бўлган мол-дунёдан, ҳовли-жойдан айрилиб қолишдан қўрққансиз!
– Мен бир умр сендек ғурурли, иффатли қизга уйланишни орзу қилиб яшагандим, –давом этди Козим. – Бошида Зарнигорни шундай қиз деб ўйлагандим. Ахир у зўравонлик қурбони бўлган-ку, заифа бир қизнинг бақувват эркакка қандай кучи етиши мумкин деб, уни тушунишга ҳаракат қилдим. Уни кечирдим. Бирин-кетин фарзандларимиз туғилгач эса, барибир эркаклик нафсониятим тинчлик бермай қолди. Ичкиликка берилдим. Ичиб келган кунларим Зарнигорга ўтмишини эслатиб аямай урадиган бўлдим. Неча бор ажрашмоқчи бўлдигу, фарзандларимизни кўзим қиймади, ундан кейин Зарнигорни бошқалардан қаттиқ қизғанишимни билдим. У кўчага бир қадам чиқса, ўзимни қўйишга жой тополмайдиган, бегона эркак билан кўча-кўйда саломлашса, рашкдан жаҳл отига минадиган бўлиб қолдим. Шунда Зарнигор менга шундай нияти борлигини билдирди. Бошқа бир, онаси ўпмаган қизга уйланинг. Шундай қилмасангиз бир умр мен ҳам, сиз ҳам қийналиб яшаймиз. Мен кундошликка чидайман, фақат ҳаётим тинч ўтса бўлгани деб, ўзи мени уйланишга мажбурлай бошлади. Қалбимдаги доғни ювиш учун албатта сен каби иффатли қизни топишим лозим эди. Бироқ, ким орқали кўнглимдаги қизни топиб, кимни совчиликка юборишим мумкин эди? Уйланиш режаси қариндошлардан сир тутилиб, фақат Зарнигор иккимизнинг ўртамизда амалга ошириладиган бўлди. Бир куни ишхонадаги ҳамкасбим билан суҳбатлашиб ўтирарканмиз, гапдан гап чиқиб бир жияни уйланмоқчи эканини, бир неча қизларнинг манзили, телефон рақамини ёнида олиб юрганини, ўзи уларни телефон орқали синамоқчилигини айтиб қолди. “Сиз йигит кишисиз, илтимос, агар малол келмаса, шу қизлар билан суҳбатлашиб кўринг, одоблими ёки йигитлар билан бемалол гаплашаверадими, синаб кўрмоқчийдим деб қолди. Унинг илтимоси мен учун айни муддао бўлди.
- Нега малол келаркан, қизларни ажратиш борасида тажрибам бор, ҳархолда, - дедим. Кечқурун уйда ўтириб олиб беш-олтита қизга боғландим. Бирининг овози ёқмади, бошқасининг феъл-атвори. Нодирага қўнғироқ қилганимда, у бироз гаплашарди-да, отаси ёки онаси келиб қолганини айтиб, қўйиб қўярди. Ота-онасидан ҳайиқадиган қиз экан деб, шунисига қизиқиб қолдим. Бир неча кун гаплашиб юрганимиздан кейин сенинг телефонингдан боғланди. Қани, дугонаси қанақа экан деб сенга қўнғироқ қилдим. Ўшанда қўнғироғимдан сенинг жаҳлинг чиқди. Харқанча ширин сўзлар айтмай, гаплашгинг келмади. Сенинг эҳтиёткорлигинг кўнглимда илиқлик уйғотди. Негадир сени кўргим келди. Учрашувга Нодира билан келганингларда Нодира бўлар-бўлмасга жилмаявериб, хурсандлигидан ўзини қўйгани жой топа олмаётганини сездириб қўйгани сайин, ундан совий бошладим. Сен мендан ўзингни олиб қочишга уринганинг сари эса сенга томон юрагим талпинаверди. Ҳақиқатдан ҳам сени ёқтириб қолгандим.
– Аввалига Зарнигорни яхши кўришингизни, ундан кўнгил узолмаганингиз туфайли ўтмишини кечиришга уринаётганингизни айтдингиз. Энди эса мени ёқтириб қолганингизни қандай тушуниш мумкин. Қай гапингиз тўғри ўзи?
– Зарнигорни хамон яхши кўраман, ундан воз кечолмайман. Сендан ҳам. Сени учратмасимдан аввал кўнглим кемтик эркак эдим. Энди эса Зарнигорнинг камчилигини, хатосини сен туфайли унутишга ҳаракат қиляпман.
– Бундан чиқди, Зарнигор билан ўртангиздаги яқинликни асраб қолиш учун мени қурбонлик қилибсизлар-да, шундайми?!
– Тўйдан аввал шундай фикрда эдим, ҳозир эса, борган сари сенга боғланиб қоляпман. Балки келажакда Зарнигордан сени устун қўярман, буни вақт кўрсатади.
Дурдонанинг бўлиб ўтаётган воқеалардан, гап-сўзлардан боши каловланиб кетди.
– Илтимос, мени ёлғиз қолдиринг, бошим қаттиқ оғрияпти, дам оламан, – деди Дурдона.
– Зарнигорга айтайми, бош оғриғи дорисидан берсинми?
– Керакмас, менга тинчликдан бошқа ҳеч нарса керакмас.
Козимнинг ярим хаёли Зарнигорда бўлгани учун Дурдонага ялиниб ўтирмади. Ўзи ҳам чарчаганини билдириб хонадан чиқиб кетди.
“Э худо, нималар бўляпти ўзи? Козим зўрлик билан мени никоҳига олса-да, турмуш қуряпти деб зўравонлигини кечиргандим. Мени шунчалар яхши кўриб қолгани учун олиб қочибди деб хаёл қилгандим. У эса… Нима, бир умр кундош билан яшайманми энди? Зарнигорнинг ўзи буни хоҳлабди, болаларичи, улар мени қабул қилишармикин? Менинг фарзандим дунёга келганида-чи? Зарнигорнинг эрини ўз розилиги билан менга топширгани неча кунлик экан? Кейинчалик рашк ўтида ёниб, менга ёки туғилажак фарзандимга ёмонлик қилса-чи? Қандай қилиб бир ҳовлида кундош билан яшаш мумкин? Ота-онам бир кун билиб қолишса аҳволимга куюнишмайдими? Йўқ, бундай қурбонлик менга қимматга тушади. Фарзандли бўлмасимдан туриб бу ердан кетишим керак. Бу ердан қочишим керак. Фақат ҳозир эмас. Кеча тўйим бўлиб, эртага уйимга қайтиб борсам одамлар мен ҳақимда ёмон фикрга боришлари аниқ. Яхшиси тўрт-беш ой чидайман, сўнг бирон баҳонани сабаб қилиб ажрашиб кетаман. Козимнинг ҳийлалари ҳақида онамга айтиб беришим лозим. Лекин бу ҳақда отам асло билмаслиги керак, йўқса, нафақат куёвнинг ёлғони, балки менинг тўйим бўлмай туриб жувон бўлишга улгурганим бетоб отамни йиқитиши аниқ.
Орадан беш ой вақт ўтди. Бу вақт ичида Дурдона Козимни ёнига йўлатмади, Козим бир неча бор Дурдонага қўл кўтарди, жанжаллар вақтида Зарнигор Дурдонанинг тарафи бўлиб, уни химоя қилиб турди. Эри Дурдонага уйланганидан хавотирга тушиб қолган Зарнигорга Дурдонанинг тутаётган йўли жуда ёқиб тушди.
– Дурдона, биламан, сиз бу ховлида мажбуран яшаяпсиз. Сиздек қиз Козимга увол бўлди. Яхшиси кетинг бу ердан. Хали ёшсиз, ҳаётингиз олдинда, ўзингизни бировларнинг бахтини тиклайман деб қурбон қилманг.
Зарнигорнинг Дурдонага меҳрибончилик билан айтган маслаҳати куюнганиданми ёки эрини қизғанганиданми, Дурдона англай олмади. Билишни ҳам истамади. Унинг мақсади фақат битта, Козим билан ажрашиш эди.
Зарнигор Козим билан орани очиқ қилиб, ота уйига қайтиб келди. Ота-онасига ҳамон бўйимда бўлмаяпти, эримда кўнглим йўқ, ўзимни мажбурлаб яшолмайман, деган баҳона билан у билан ажрашмоқчи эканини билдирди. Куёвининг фотиҳа маросими куни қалин пули бермай кетиб қолгани, тўйни оддий тарзда ўтказгани Дурдонанинг отасига қаттиқ алам қилиб юрганди. Шунинг учун қизининг қайтиб келганидан унчалик куюнмади ҳам. Балки тагли-тугли, топармон-тутармон куёв учраб қолишини орзулай бошлади.
Дурдонанинг қайтиб келгани бутун қишлоққа гап-сўз бўлди. Бир куни Нодира кириб келди. Дурдона остонада турган дугонасига тикилиб турди-да, унинг кўзларидаги соғинчни кўриб ўзини Нодиранинг бағрига отди. Дугоналар анча вақт қучоқлашганча хол-аҳвол сўрашишди. Дурдона унга бўлиб ўтган воқеаларнинг барчасини сўзлаб берди.
– Ана шунақа гаплар, дугонажон. Яхшиямки бахтингга мен бор эканман, йўқса, Козим билан хотини ўртасидаги қурбонлик сен бўлардинг.
– Дурдона, кечир мени майлими. Ўшанда Козим мени ёқтирмай, сенга кўз олайтиргани учун сендан қаттиқ хафа бўлгандим. Агар чиндан Козим билан бахтли яшаб кетганингларда хамон сени кечирмаган бўлармидим. Лекин шу тобда сенга жуда раҳмим келяпти. Сенинг бошингга тушган кўргуликлар менга дарс бўлди, дугонажон. Энди асло йигитлар билан учрашувга чиқмаганим бўлсин. Ҳеч бирига ишонмайман.
– Ўзинг-чи, қачон турмушга чиқмоқчисан?
– Бир йигитдан совчилар келиб турибди. Мен Козимга ўхшаган баланд бўйли, келишган йигитни орзу қилардим. У эса унчалик кўримли эмас, лекин гап-сўзлари вазмин, иш жойи ҳам тайинли, олий маълумотли экан.
– Ўҳў… зўр-ку. Козимнинг кўриниши чиройли бўлгани билан бетайин, бир умр ўзиниям, хотинини ҳам қийнаб яшайдиган эркаклардан. Юрагим сезяпти, сен айтаётган йигит албатта сени бахтли қилади. Кўзингни шарт юмгин-да, розилик бер. Тўйдан кейин кўнгил қўйиб кетаверасан. Муҳими, ҳаётинг тинч, осойишта ўтади. Менга ўхшаб… – Дурдона кўзига ёш олди.
– Қўй сиқилма, сенда сира айб йўқ-ку, ҳаммасини худо кўриб турибди. Хали кўрасан, яхши инсон бир умрлик йўлдошинг бўлади. Козим билан Зарнигор эса жазосини олади.
– Мен уларни қарғамайман, чунки икки нафар ёш болалари бор. Бошимга тушган мусибатни эса худонинг синови деб қабул қилишдан бошқа иложим йўқ.
Дурдона Нодира билан ярашиб олгач, гўёки ёшлик дамларига қайтгандек ҳис қилди ўзини. Ўқишини тиклаб олди. Энди бутун диққат-эътиборини ўқишга қаратишга жазм этди. Шу тарзда йиллар ўта бошлади, ниҳоят олий маълумотлилик ҳақидаги дипломни қўлга киритди. Бунгача қанча-қанча ажрашган эркаклардан совчилар келди. Дурдона ҳеч бирига розилик бермади. Бир сафар эса…
Дурдона белгиланган учрашув жойига етиб борганида, ўзидан нари борса беш-олти ёшгина катта бўлган эркак ўриндиқда оғир хаёлга берилиб ўтирганди. Дурдона унинг ёнига бориб, бир муддат туриб қолди. Эркакнинг хаёлини нималар банд этгандики, тепасида турган Дурдонани илғамасди.
– Ассалом алайкум, кечирасиз, сиз Икром акамисиз?
Эркак нигоҳини ердан узиб, Дурдонага қаради. Унинг кўзларидаги маъюсликни кўриб, Дурдона ноқулай аҳволда қолди.
– Ҳа... ҳа... яхшимисиз, – шошганча ўрнидан тураркан, жилмайди Икром. – Қани марҳамат, ўтиринг.
Дурдона аста ўриндиққа ўтирди.
– Демак сиз Дурдонахонсиз?
– Ҳа.
– Танишганимдан хурсандман.
Орага жимлик чўкди.
– Холамнинг айтишича, турмушингиз омадсиз бўлган экан. Собиқ эрингиз билан бор-йўғи бир неча ой яшаган экансиз, – гап бошлади Икром вазмин овозда.
– Ҳа, пешонамга ёзилган тақдир экан, тақдирдан қочиб бўлмади.
Дурдона “тақдирдан қочиб бўлмади” деганда Козимдек номард инсонга мажбуран турмушга чиқганини назарда тутса-да, бу афсусини Икром илғамади.
– Тўғри Дурдонахон, тақдир, тақдир деймизу, лекин бахтли ёки бахтсиз бўлишимизга ўзимиз ҳам сабабчимиз. Масалан, мени олайлик, аёлим билан бир-биримизни ёқтириб, сўнг ота-оналаримиз розилиги билан турмуш қургандик. Тўрт йил яшаган бўлсак, бирон марта тортишмадик, бир-биримизни кўнглимизни қолдирадиган иш қилмадик. Хотиним жуда яхши аёл эди. Лекин ўртамизда фарзанд бўлмади. Фарзандсиз барибир оила мустаҳкам бўлиши қийин экан. Бунинг устига онам анча кексайиб қолганлар, уларнинг истак-хоҳишларига қарши чиқолмадим. Хотиним билан яхшиликча, дўстларча хайрлашдик.
Дурдона йигитнинг дардини тингларкан, унинг собиқ хотинида ҳамон кўнгли борлигини, яқинларининг зўрлиги билан ажрашганлигини англаб етди.
– Назаримда хотинизни халиям яхши кўрадигандексиз. Бошқасига уйлансангиз да уни унутолмасангиз-чи?
– Унутаман, албатта унутаман. Чунки, дунёда муҳаббат ягона эмас-ку. Ота-онага, жигарларга нисбатан муҳаббат туйғулари ҳам бор. Қандай қилиб ота-онамнинг орзуларини рўёбга чиқармай бахтли яшай оламан... Бундан ташқари, оталик муҳаббати қайси эркакда бўлмайди дейсиз. Бир кун ёшлик ҳам ўтиб кетар, севгининг доғи қалбда эскирар, шунда балки бу дунёдан бефарзанд ўтганимга қаттиқ пушаймон чекарман.
Дурдона бундайин фирк-мулоҳазали йигитни умрида учратмаганди. Унинг ҳаёт ҳақидаги фалсафаси толиққан асабларини тинчлантиргандек бўлди. “Азалдан шундай умр йўлдошим бўлишини орзу қилмаганмидим... Кўриниши ўктам, Козимдан ортиқ бўлса ортиқки, асло кам эмас. Бунинг устига олий маълумотли экан. Фарзандлик муҳаббати, оталик муҳаббати деяптими, демак жуда масъулиятли оила бошлиғи чиқади бундай эркакдан. Аёлини севган бўлса нима бўпти, эртага мен унга фарзанд туғиб берсам, уни унутиб юборади. Бу қадар оилапарвар, масъулиятли умр йўлдош бошқа учрамайди ҳам. Хотини ўлиб, икки-уч фарзанди билан қолган ёки бўлмасам уриш-жанжаллар туфайли ажрашиб кетган эркак қайда-ю, ота бўлиш истагида ёниб яшайдиган эркак қайда... Бўлди, кўзимни чирт юмаману, унга турмушга чиқаман”.
Дурдона Икром билан анча вақт ёзилиб суҳбатлашиб ўтирди. Кайфияти чоғ холда уйига қайтиб борди. Кечки пайт Икромнинг онаси қўнғироқ қилгач, ўзи ҳам Икромга ёқганлигини англаб етди. Яна қайғу оралаган хонадонда хурсандчилик бошланди. Дилрабо опа ақлли-ҳушли, муҳими бефарзанд куёв учраганидан хурсанд, Дурдонанинг отаси эса ўқимишли, яхши касбда ишлайдиган йигитнинг қайнотаси бўлаётганидан кўнгли фахрга тўлганди. Дурдона билан Икромнинг тўйлари ихчамгина бўлиб ўтди. Бу сафар Дурдона оппоқ келинлик либосини киймаса-да, ҳар холда ўзи орзу қилганидек келин бўлди. Қайнона бўлмишнинг иззат-икроми, эътибори туфайли Дурдона жувон сифатида эмас, ёш келинчаклардек ҳовлига кириб келди. Ҳаттоки икки нафар янгаси ҳам у билан бирга қолишди.
– Дурдона, сизни албатта бахтли қиламан. Онамни қайнона эмас, она ўрнида кўринг, отамни қайнота эмас, ота ўрнида кўринг, мен ҳам сизни кафтимда кўтараман. Илоҳим, вақти келиб ҳовлим чақалоқ йиғисига тўлсин, – дея ният қилди Икром ёлғиз қолишганида.
Дурдонанинг келин бўлиб келганига олти ойлар бўлиб қолди. У жуда бахтиёр эди. Кун бўйи ҳовлининг у бошидан бу бошига югуриб хизмат қилсада, чарчадим дегиси келмас, чин дилдан келинлик вазифаларини бажарарди. Сабаби, қайнонаси жуда меҳрибон, бир пиёла чой узатса ҳам тинмай миннатдорчилик билдирадиган қайноналардан эди. “Мен жуда-жуда бахтли аёлман, – деди бир куни Дурдона Икромнинг ишдан қайтишини пойлаб ўтираркан. – Эрим ақлли-хушли, оилапарвар инсон, қайнона-қайнотам ўз ота-онамдек меҳрибон. Ишқилиб, бахтимга кўз тегмасин, фақат тезроқ ҳомиладор бўлсам эди, Икром акамнинг орзуларини рўёбга чиқарсам эди. Ана шундагина бахтим тўкис бўлган бўлурди.
Афсуски Дурдонанинг ярим бахти тўкис бўлгунича тақдири чаппасига айланиб кетди. Охирги вақтларда негадир Икром хаёлпаришон бўлиб қолган, ишдан толиқиб, қорни очиб кетган бўлса-да Дурдона келтириб қўйган иссиқ овқатини совутиб қўядиган, бир-икки қошиқ егач, қорним тўйди, деб четга суриб қўядиган одат чиқарди. Унинг ғалати бўлиб қолганидан Дурдона хавотир олса-да, балки ишхонасида иши юришмаётган бўлса керак, яхшиси асабига тегмай қўяқолай деб эрини ўз холига қўйиб қўйди.
Шундай кунларнинг бирида Дурдона ҳовлида ёлғиз қолди. Қайнона-қайнотаси узоқ қариндошларникига тўйга кетишган, Икром ишдан кеч қайтаман деганди. Супада ёзув-чизув ишларини бажариб ўтирган Дурдона дарвозанинг оҳиста тақиллашини эшитиб, ўрнидан туриб борди. Остонада турган кўҳликкина жувонни кўриб танимади. Баланд пошнали туфли, кўчалик кўйлак кийган, билагига сумка осиб олганини кўриб маҳалланинг қўшниларидан эмаслигини илғади. “Балки эримнинг мен танимаган, кўрмаган қариндошларидан биримикин” деган ўйда аёлни ичкарига таклиф қилди. Шуни кутиб турган аёл ҳовлига кириб келиши билан атрофни синчиклаб кузата бошлади.
– Вой, атиргуллар сўлиб қолдими? – деди қуёшда сўлиб бораётган атиргулларга ачиниш билан тармуларкан.
– Нимасини айтасиз, ҳар куни эрталабдан суғорсам ҳам негадир сўлиб қоляпти, –деди Дурдона.
– Эссиз, уларни ўзим қанчалар меҳр билан эккандим...
Аёлнинг шу гапларни айтиб хўрсиниб қўйишидан Дурдона ҳайрон бўлди.
– Сиз экканмисиз? Қачон?
– Аввал ўзимни таништирай, узр, боя келган захотим айтишим керак эди кимлигимни.
– Ҳеч қиси йўқ. Қани, ичкаридаги меҳмонхонага кирайлик, – таклиф қилди Дурдона.
– Йўқ, ичкари иссиқ, яхшиси супада ўтирайлик, у ернинг ҳавосини яхши кўраман.
Дурдона янада ҳайрон бўлганча меҳмонни супага бошлади. Бироз ҳол-аҳвол сўрашилгач аёл мақсадга кўчди.
– Дабдурустдан кириб келган бу аёл ким экан деб ҳайрон бўлаётгандирсиз, синглим. Кўринишингиздан жуда меҳрибон, яхши аёлга ўхшаяпсиз. Икром акамнинг дидига ишонардим.
“Икром акам” дедими? Ким ўзи бу аёл. Бу ҳовлида нима борлигию, қандай шароит эканини у қаёқдан билади ўзи?”, деган ўй бир зумда хаёлидан ўтди.
– Кечирасиз, ўзингиз Икром акамнинг бирон яқин қариндошлари бўласизми?
– Йўқ, мен уларнинг собиқ хотини Муҳаббат бўламан.
– Сиз... – Дурдона танг аҳволда қолди. Унинг на жаҳли чиқар, на Икромни рашк қилар, рўпарасидаги аёл кундоши эканлигини билса-да, қаттиқ гапиришга истак-хоҳиш туғилмади қалбида. Аксинча, кундошининг мулойим чеҳраси, тоза боқиб турувчи нигоҳларидан тинчлангандек бўлди.
– Мени кўриб қаттиқ ранжидингиз-а? – сўради Муҳаббат.
– Йўғ-е, нимага хафа бўларканман... Бу ховлига келганимга бир неча ойлар бўляпти, бирон марта сиз тарафдан на бир ёмонлик, на бир ёмон гап етиб келмади.
– Икки ойдан бери ана келаман дейман, мана келаман дейману, қайнона-қайнотамга рўпара келишдан қўрқаётгандим. Бугун улар тўйга кетишганини эшитиб, ахийри сиз билан гаплашиб олишга келдим.
– Келганиз жуда яхши бўлибди-да. Сиз ўтириб туринг, мен ҳозир чой дамлаб келаман.
– Йўқ-йўқ, овора бўлманг. Чой ичгим келмаяпти, сиз билан гаплашадиган муҳим гапим бор эди.
Дурдона Муҳаббатнинг рўпарасига ўтирганча ҳижолатлик билан дастурхон устини кафти билан силаб қўйди.
– Биз Икром акам билан бир-биримизни жуда яхши кўрардик. Тўрт йил яшаб бирон марта уришмаганмиз. Оиламиз тинч, ҳамма ҳавас қилса арзигулик эди. Биргина камчилигимиз бефарзандлигимиз бўлди.
– Биламан, – унинг ғамгин гапираётганига раҳми келиб, Дурдона кўнглини кўтаргиси келди. – Икром акам ҳозир ҳам сизни яхши кўради. Бу ҳақда гапирмаса-да, гоҳ-гоҳида ўйга толиб қолишидан сезаман.
– Наҳотки эрингизни мендан рашк қилмасангиз?
– Рашк қилганимдан нима фойда. Буни ҳаёт дейдилар. Инсоннинг юрагига, қалбига буйруқ бериб бўлармиди... Бир кун вақти ўтиб, балки менга ҳам боғланиб қоларлар деган умиддаман. Нега ўзингиз қайта турмушга чиқишга ҳаракат қилмаяпсиз. Балки бошқа инсондан фарзандлик бўларсиз...
Аёлнинг юзига кулгу югурди.
– Энди менинг турмушга чиқишимга сира ҳожат қолмади. Чунки мен ҳомиладорман.
– А? Қанақасига?
– Бу ҳам тақдирнинг ишлари экан. Ажрашмасимиздан олдин Икром акам билан роса тортишганмиз. Улар мендан сира айрилгилари келмас, мен эса бефарзандлигимизда фақат ўзимни айбдор деб ҳисоблаганим учун бошқа хотинга уйланишига ундардим. Ажралишимиз осон бўлмаган. Икром акам иш юзасидан сафарга кетганидан фойдаланиб тезда нарсаларимни йиғиштирдим-да, буткул кетиб қолганман. Ортимдан борганида ота-онам остонадан киргизишмаган, қизимизни тинч қўйинг, балки бир-бирингизга тўғри келмаётгандирсизлар, қизим ҳам бошқа оила қурсин, фарзандли бўлсин деб қаттиқ туриб олишган. Токи ҳар иккимизнинг ота-оналаримиз орамизни очиқ қилгунларича бир-биримиз билан кўришмадик. Кейин Икром акамнинг тўйи бўлганини эшитдим. Тўйи куни роса йиғлаганман. Менга алам қилмаган деб ўйлайсизми? Икром акамдек инсонни йўқотаману алам қилмайдими? Наҳотки Икром акам уйланяпти, у мени шунчалар севарди-ку, мендан бошқасини демасди-ку, бир неча бор фарзанд ҳақида оғиз очганимда, сени биринчи ўринга қўяман, фарзанд сендан кейин деб мени ишонтирганди-ку, дея ич-этимни еб, неча кунгача тунлари ухлолмай йиғлаб чиқдим. Бора-бора соғлиғим кета бошлади. Тинмай қусаман, бошим айланади. Онам эрингга ичикиб касал бўлиб қолдинг, дўхтирга бориб кўрин деб мажбурлагач, шифокор ҳузурига бордим. Аввалига ошқозонимдан айб топишди. Текширув таҳлилларининг ҳаммаси яхши чиққач, ультратовуш текширувига боришимни маслаҳат беришди. У ердаги шифокор ҳомиладор бўлиб қолганим ҳақидаги янгиликни айтганида, қувонганимдан йиғлаганимни кўрсангиз эди. Она бўлишимни билганимда дунёда мендан бахтли аёл йўқ эди гўё. Тушуняпсизми, тўрт йил давомида Икром акам билан яшаб, у билан ажрашганимиз арафасидагина ҳомила ушлаган эканман. Бу ҳам Аллоҳнинг менга кўрсатган инояти, туҳфаси эмасми? Буни қарангки, Икром акам сизга уйланганидан кейингина неча йиллаб интиқиб кутган бахтимга эришганимни англадим.
Дурдона шунча вақтдан бери аёлнинг қорнига эътибор бермаган экан, синчиклаб тикилди. Унинг дўппайиб чиқиб турган қорнини кўриб ҳақиқатдан ҳам ҳомиладор эканини кўрди.
– Табриклайман, чин дилдан табриклайман, – деркан, томоғига нимадир тиқилиб, кўзига ёш қуюлиб кела бошлади. Йиғлаб юборишдан чўчиб, шартта ўрнидан турди да: “Мен чой олиб келаманг”, - деганча ошхона томонга югуриб кетди. Унинг бу ҳолатини аёл сезди. Дурдона анча вақт ошхонада қолиб кетди. Сўнг чойнак билан пиёлаларни кўтариб қайтиб келди. Чой қуйиб кундошига узатаркан:
– Бу янгиликни Икром акам биладими? – деб сўради маъюслик билан.
– Ҳа, ўшанда, гинеколог ҳузуридан чиқдиму, Икром акамнинг ишхонасига ошиқдим. Икром акам мени кўриб ҳайрон бўлди, нега келдинг деб сўрашига фурсат ҳам бермадим. Дарҳол ҳомиладор эканимни айтдим. Шунда унинг қанчалар суюнганини, қувонганидан мени қучоқлаб олганини билсангиз эди...
Муҳаббат бир нуқтага тикилганча ўз қувончи, бахти ҳақида сўзлаб бераркан, Дурдонанинг унга ҳам ҳаваси келар, ҳам вужудини ғалати ҳис эгаллаб олганди. Кўз олдига Икромнинг кундошини чексиз меҳр-муҳаббат, соғинч билан қучоқлаб турган қиёфаси келди. Эрининг собиқ хотинини чиндан яхши кўришига яна бир карра ишонч ҳосил қилди.
– Нега жимсиз, Дурдонахон? – аёл ерга энгашганча жим бўлиб қолган Дурдонага сўз қотди. –Ҳойнахой мени бу аёл ёмон экан, энди ҳомиладорман деб эримни тортиб олмоқчи деб ўйлаётгандирсиз, тўғрими?
– Йўғ-е, нега унақа дейсиз. Аксинча, гарчи сизларнинг ажралишингизга тақдир сабабчи бўлган бўлса-да ўзимни ноқулай сезяпман. Агар мен бўлмаганимда яна бирга бўлардинглар. Аввалгидек севиб-севилиб яшаётган бўлардинглар.
– Менга ишонинг синглим, олдингизга сизни куйдиргани, жанжал чиқаргани келмадим. Асло ёмон ниятим йўқ. Икром акам ҳомиладор бўлганимни эшитганидан бери халовати йўқолди. Эртага фарзанди отасиз тирик етим бўлиб қолишини ёки мен турмушга чиқсам бегоналар оталик қилишини сира истамаяпти. Биз фарзанд баҳона ярашмоқчимиз. Мен Икром акамга хотинизга ҳақиқатни ётиғи билан тушунтиринг десам, улар сиздан ҳижолат тортяптилар. Менимча, сизни ҳам яхши кўради, сизга анча ўрганиб қолган кўринади.
– Битта юракка икки муҳаббат сиғармиди, бу гапларни мени кўнглимни кўтариш учун айтяпсиз, – деди Дурдона ўзини қўлга олиб. Мен ҳаммасини тушуниб турибман. Бу ёш бошим билан не кунларни кўрмадим. Ҳаётимни сўзлаб берсам, бутун бошли китоб бўлади. Менга шу дамда эрим сизни кўпроқ севадими ёки меними, сира аҳамияти йўқ. Чунки ўртада эртага туғилажак фарзанд турибди. Мен ҳам эримнинг кўчада фарзанди қолиб, мен билан мажбуран яшашини сира истамайман. Юрагида сизни, фарзандини деса-ю, бу ерда менинг кўнглимга қараса... Менда ҳам виждон бор, раҳм-шафқат туйғулари бор.
Муҳаббат меҳр билан Дурдонанинг кафтларини қўлига олди.
– Дурдонахон, синглим, келинг иккимиз кундош эмас, опа-сингилдек бўлайлик, дўст бўлайлик. Мана шу ҳовли, уй-жойлар ҳаммаси сизники, мен бу ерга қайтиб келиш ниятим йўқ. Фақат Икром акам билан ярашишимизга рухсат беринг. Боламизнинг бахти, келажаги тўкис бўлишини истайман.
– Бу билан Икром акам мен билан ҳам, сиз билан ҳам яшайверади демоқчимисиз?
– Бу ҳақиқат. Икром акам баъзи эркакларга ўхшаб яқинларидан сир тутган холда, яширинча мен билан яшаши мумкин эди. Лекин у сизни алдашни хоҳламаяпти. Ҳаммаси ошкора бўлишини, фарзанди бу ҳовлига, буваси билан бувисининг олдига эмин-эркин келиб-кетишини истаяпти.
Дурдона унинг кўзларига қаттиқ тикилди.
– Биласизми, эримнинг бефарзандлик учун суйган хотинидан ажралиши бу унинг қисмати эди, лекин неча йиллаб кутган фарзандига етишай деганда иложсиз қолгани қисмат эмас, бу тўғриланиши мумкин бўлган муаммо, холос. Ва бу муаммони мен ўзим тўғрилайман. Сизга сўз бераман, фарзандингиз мана шу ҳовлида, ўз отасининг бағрида, меҳр-муҳаббати остида дунёга келади.
– Сиз-чи, сиз ҳам биз билан яшайсизми? – Муҳаббат Дурдонадан худди шу гапларни кутганди. Ниятига етганидан қувониб кетди.
– Йўқ, мен сизларнинг, туғилажак фарзандингларнинг бахти учун ўзимни қурбон қилмоқчиман.
Муҳаббат дарвозадан чиқаётганида, Дурдонадан миннатдор бўлиб кетди. Дурдона тўғри ётоғига кирди-да қоғоз билан ручка олиб, эрига айтмоқчи бўлган гапларини мактуб қилиб битди.
“Икром ака, бу мактубни ўқиётганингизда мен ота-онам бағрида ўтирган бўламан. Сиздан илтимос, ортимдан борманг, фойдаси йўқ. Мени сиқилади, хўрлангандек бўлади деб хавотирга тушманг. Тўғри, навбатдаги бундайин қисматимдан сиқилишим мумкин, лекин бунда сизни айблолмайман. Вақт ўтгани сари сизни унутаман, ҳаётимни янгитдан бошлашга ҳаракат қиламан. Бунинг учун ортимдан бормасангиз, ярамни янгиламасангиз бўлгани. Сизга бахт тилайман. Айтганча, собиқ хотинингиз дилбаргина жувон экан, биз келишиб олдик. Фарзандингизни худо умри билан берган бўлсин. Хайр”.
Дурдона ота-онасига ҳаммасини гапириб берди. Улар Икромни айблашмаса-да, унинг ота-онасини шошма-шошарликда айблашди.
– Шунчалик ўғли билан келини аҳил экан, нима қиларди онаси ажратиб. Тўрт йил нима деган гап. Одамлар ўн-ўн беш йиллаб фарзанд кутишади. Ҳамма айб ота-онасида, икки ўртада сени бебахт қилишди, – деганча кўз ёш тўкди Дилрабо опа.
– Нима қил дейсиз ойи, одамлар гап-сўз қилади деб бир ҳовлида кундош билан яшашим керакмиди? Эртага мен ҳам бола кўрсам, сеники-меники деган гапдан жанжал чиқади, фарзанд кўрмасам яна азоб...
– Нега фарзанд кўрмас экансан? Яна бироз эринг билан яшаганингда, балки бўйингда бўлармиди? – Дилрабо опа гапира туриб, нимадир ёдига тушгандек сапчиб тушди. – Менга қара қизим, яна сен ҳам аввалги хотинига ўхшаб ажрашиб кетсанг-да, ҳомиладор бўлганингни пайқамай қолган бўлсанг-а?!
Онасининг гаплари Дурдонани ўйлантириб қўйди.
– Қанийди ойи, қанийди. Агар ҳомиладор бўлсам, кўрган-кечирган кунларимнинг ҳаммасига рози бўлардим. Бола ҳақида ҳеч кимга билдирмай, бир ўзим катта қилардим.
– Фарзандли бўлмасанг-чи қизим, бир умр ёлғиз ўтасанми?
– Ойи, учинчи бор эрга тегмайман-ку, ҳарҳолда. Худога шукур, қўлимда дипломим бор. Қанчадан қанча олима, зиёли аёлларни танийман. Ўқишни деб, ишни деб ёлғиз ўтиб кетишган. Мен ҳам шулар сафига қўшиламан. Ўқишни битираётганимда яхши иш таклиф этишганди, лекин тоғли худудда бўлгани учун кўнмагандим. Эртагаёқ бориб, ўша ишни суриштириб келаман. Қанча узоқларга кетсам ўтмишимни унутишим шунчалик осон бўлади.
Дурдона ҳужжатларини тўплаб идорага йўл олди. Уни кўриб идора раҳбари хурсанд бўлиб, очиқ чеҳралик билан кутиб олди.
– Дурдона қизим, мен сизга ишонаман, институтда олган билимингиз, амалиёт вақтида ўзлаштирган тажрибангизни борган жойингизда қўллайсиз. Бизга сиз каби шижоатли, дадил, энг асосийси меҳнатдан қочмайдиган кадрлар сув билан ҳаводек зарур. Кўпчилик аёллар оиласини, эрини, фарзандини деб бошлаган ишини ниҳоясига етказолмай ташлаб кетишяпти. Ўйлайманки, сиз топширилган вазифани охиригача уддалайсиз. Маош масаласидан хавотир олманг, рағбатлантирувчи мукофотларни ҳам вақтида тайинлаймиз.
– Йўғ-е, хали ишни бошламасимдан менга шунчалик ишонч билдиряпсиз. Маош ҳақида талашсам уят бўлмайдими... Агар вазифамни уддалаб кетсам, тажрибамни оширолсам, менга бундан ошиқ мукофотнинг кераги йўқ.
Дурдона идорадан хушкайфиятда қайтиб чиқди. У шунчалар бахтиёр эдики, кечагина ўзини ҳеч кимга кераксиз, алданган, хўрланган аёлдек нотавон ҳис этиб юрганди. Бугун эса... У ўзини одамларга керакли эканини ҳис эта бошлади. “Оилада бахт топа олмадимми, лекин жамиятда албатта ўз ўрнимга эга бўламан”, деган шижоат унга ирода бахш этар, ҳаётнинг гўзаллигини, яшашнинг завқини яна ҳис эта бошлади. Аввал бозорга бориб сафар учун керакли нарсаларни сотиб олишни режалаштирди.
Дурдона бозор айланиб юраркан, кимдир ортидан келиб қаттиқ қучоқлаб олди.
– Дурдон!
– Вой, – Дурдона рўпарасида соғинч тўла кўзларини қадаб турган Нодирани кўриб қувониб кетди.
Дугоналар бир-бирлари билан қучоқлашиб, ҳол-аҳвол сўраша кетишди.
–Ўзинг нима қилиб юрибсан? –сўради Дурдона.
– Болаларга кийим-кечак олаётгандик, – Нодира қўли билан кўчанинг нариги бетида турган басавлат эркак билан унинг ёнидаги уч-тўрт ёшлардаги болаларни кўрсатди. – Ҳув ана, кўряпсанми, эрим билан болаларим туришибди.
– Вой, ростанми! – Дурдона ҳавас билан уларга тикилиб қолди. –Шундай эринг бор экан-ку Нодира, Камрондан ўлса минг марта ўлиги ортиқ. Болаларинг ҳам кап-катта бўлиб қолишибди.
– Ҳа, каттаси ўғил, кичиги қиз, – мағрурланиб гапирди Нодира. – Ўзинг-чи, кейинги турмушинг яхшими ишқилиб, ҳали фарзандли бўлмадингми?
– Йўқ, худо менга ҳамон фарзанд бермади, – ўксиниб деди Дурдона, – иккинчи турмушим ҳам бўлмади.
– Йўғ-е, нега? Эринг яхши чиқмадими?
– Эрим яхши одам эди, лекин, э, қўявер, бунинг тарихи узун. Яхшиси уйимга бор, иккимиз чақчақлашиб ўтирамиз. Фақат бугун-эрта боргин хўпми, келаси ҳафта сафарга кетяпман.
– Майли, ҳозир шошиб турибман, борганимда ҳаммасини гапириб берарсан.
– Майли борақол, эринг, болаларинг кутиб қолишди.
Нодира болалари томон чопиб кетди. Эрига бир нималар деб Дурдонани кўрсатди, эри ўша ердан туриб, қўлини кўксига қўйганича Дурдона билан сўрашди. Жажжи қизчаси билан ўғилчаси ҳам қўлларини кўтаришиб, гўё Дурдонани танишадигандек қайта-қайта силкитишди. Бу ҳолни кўриб Дурдона йиғлаб юборди.
“Мен туфайли Нодира мана шундай бахтга эришди. Мен эмасми уни Козимнинг чангалидан қутқариб қолган. Ўшанда номарднинг қопқонига тушмаганимда, ҳозир менинг ҳам шундай эътиборли турмуш ўртоғим, шириндан шакар фарзандларим бўлармиди...”, деган ўкинч юрагини ларзага солди.
Орадан ярим йил ўтди. Тоғ ёнбағрида жойлашган мўъжазгина қишлоқнинг геологлар учун ажратилган идорасида иш бошлаган Дурдона бу ернинг шароитига, об-ҳавосига анча ўрганиб қолди. Содда қишлоқ одамлари билан тезда тил топишиб кетди. Айниқса идора ҳайдовчиси Собир Дурдонага жуда меҳрибон.
– Дурдонахон, сиз шаҳарлик аёлсиз, қишлоқ шароитида барибир қийналиб қоласиз. Шунинг учун нима зарур бўлса бемалол айтаверинг, йўл-йўлакай олиб келаман, –деди Собир илк кунданоқ.
Дурдона эртаю кеч идорада иш билан банд бўлар, дам олиш куни сув иситиб кир ювиш, уйларни тозалаш билан вақти қандай ўтиб кетганини сезмай қоларди. Шунинг учун Собирнинг таклифига жон деб рози бўлди. Айниқса, эрталаб тошлоқ йўлдан юриб келаётганида баланд пошнали туфлида сирпаниб бораётганида Собирнинг машинаси йўлидан чиқиб қолгудек бўлса, ёш боладай қувониб кетарди. Идорагача иккиси ҳамсуҳбат бўлиб келишарди.
– Дурдонахон, сизга жуда ҳавасим келади. Йўқ, сиз тағин ёмон хаёлларга борманг, сизни ўз синглимдек кўриб гапиряпман, – деди Собир машинада кетишаркан. –Ўқиган, олима аёлсиз. Бунинг устида дилбарсиз. Сиз каби аёллар бирон бойваччанинг умр йўлдоши бўлиб мазза қилиб зиёфатларга бориши, меҳмондорчиликларда вақтини ўтказиши мумкин эди. Сиз эса доим иш билан бандсиз.
– Қўйсангиз-чи, жуда ошириб юбордингиз Собир ака, –деди Дурдона мақтовдан ҳижолат чекиб. – Мен ташқи кўринишимдан жуда омадли аёлга ўхшасам-да, лекин дардим ичимда. Ҳаётда шу қадар кўп синовларни кўрдимки, майли, бу ҳақда эслашни сира истамайман. Айни вақтда мени фақат бажараётган ишим қизиқтиради. Шунинг учун Собир ака, сиздан илтимос, машинангизга чиққанимда хаёлимни чалғитиб, ўтмишимни эслатманг, майлими...
– Дурдонахон, эртага дам олиш куни, мен билан шаҳарга тушмайсизми, аёлимга, фарзандларимга совға олмоқчи эдим. Сизнинг дидингиз яхши, совғаларни танлашиб берардингиз.
Бу таклиф Дурдонага маъқул тушди Анчадан бери шаҳарни кўрмагани учунми, ишга кўмилавериб зериккани билиндими, рози бўлди.
Эртасига Собир машинасида Дурдонани шаҳарга олиб борди. Аввал кафега кириб музқаймоқ ейишди, сўнг хиёбонни айланишди. Пешиндан сўнг эса бозорга бориб керакли совға-саломларни харид қилишди.
– Мана бу кўйлак жуда чиройли экан Собир ака, – Дурдона пештахтада осилиб турган мовий рангдаги бежирим тикилган кўйлакни кўриб ҳавас билан тикилди. –Хотинизга шуни совға қилмайсизми?
– Ростдан сизга ёқдими Дурдонахон, бўлмаса олганим бўлсин.
Дурдона чўнтагидан бир даста пулларни олиб ҳафсала билан санаётган Собирга тикилиб тураркан: “Собир аканинг хотини қандай бахтли аёл экан, шундай эътиборли, ғамхўр эри бор. Фарзандларига меҳрибонлигини айтмайсизми, бир дунё совға олди ўзиям. Бундай оилапарвар эрни бошидан сув ўгириб ичса арзийди. Бунинг устига келишган, кўркам эркак...”, деди ўзига ўзи ҳам хавас, ҳам ўкинч билан.
Улар қишлоққа қайтиб келишганида ғира-шира қоронғи тушиб қолганди.
Шу кеч Дурдона тиниқиб ухлади. Юравериб оёқлари толиққанига хамда Собирнинг ҳожатини чиқарганига ўзини қушдек енгил ҳис этарди.
Дурдона столга мук тушганча ёзиб ўтираркан Собирнинг овозидан бошини кўтариб қаради.
– Келинг Собир ака, ассалом алайкум.
– Яхши дам олдингизми Дурдонахон, узр, кеча сизни чарчатиб қўйдимми?
– Йўқ, аксинча, мазза қилиб ухладим. Анчадан бери шаҳарга тушиб айланмагандим. Қалай, совғалар оилангиздагиларга ёқдими?
– Ҳа, ҳаммаларига ёқди. Айниқса қизчамнинг хурсандлигини айтмайсизми? Эрталабгача қўғирчоғини қучоқлаб, еру-кўкка ишонмай бағрига босиб ухлади.
– Кўйлакчи? Хотинизга тўғри келдими?
Собир маъюс холда Дурдонанинг рўпарасидаги стулга келиб ўтирди.
– Дурдона, тўғрисини айтсам, кўйлакни сиз учун олгандим.
– Нима? Нега энди мен учун оларкансиз?
– Кўйлакни кўриб кўзлариз қувончдан чақнаб кетганини кўриб... Аслида бу кўйлак сизга аталганди. – Собир қоғозга ўралган кўйлакни Дурдонанинг ёнига қўйди.
– Йўғ-е, буни хотинизга беринг. Агар менга кўйлак керак бўлса ўзим сотиб олавераман, – Дурдона жаҳли чиққанидан овози титраб чиқди.
– Дурдона, ростини айтсам, хотиним бу кўйлакка арзимайди, размери ҳам унга тўғри келмайди. Сизга эса жуда ярашади. Сиз жуда чиройли аёлсиз. Қалбингиз ҳам ўзингиздек гўзал.
“Тавба, Собир аканинг гапларини қандай тушуниш керак? Бу нима, хушомадми ёки...Сира ақлим етмаяпти”.
– Собир ака, охирги марта айтяпман сизга, кўйлагизни олиб қўйингда, хотинизга олиб бориб беринг! Бу нима қилганингиз?
– Дурдонахон, мен... ахир... сизни....
Дурдонанинг кўнгли ниманидир сезгандек бўлди. Уятдан, ғазабдан бўғзига алам тиқилди.
– Сиздан буни кутмагандим Собир ака. Хали сиз мени эри йўқ бева аёл, боши очиқ, истаганимни қиламан деб ўйлаганмидиз! Чиқиб кетинг! Илтимос қиламан, тезда кетинг бу ердан!
Собир бўшашганча ўрнидан турди. Гўё Дурдонани сўнгги бор кўраётгандек ўткир нигоҳларини қадади.
– Тўхтанг! –Дурдона чиқиб кетаётган Собирни тўхтатди, –Манави зормандани кўзимдан йўқотинг!
Дурдона кечгача қўли ишга бормай ўтирди. Тезроқ иш вақти тугасаю, уйига кетса, ҳеч кимнинг кўзига кўринмаса. У ишхонадан чиқиб йўлда бораркан, ортидан келаётган машиналар овозини эшитиб юраги шувиллар, аста ўгирилиб қарар, Собирнинг машинаси эмаслигини билиб, хотиржам тортарди. Шу алфозда уйига етиб келди. Дарвозани қулфлаб, уйдаги пардаларни туширди. Овқат ҳам егиси келмай, ўзини диванга отди. Бутун ўтган кунлари, ўтмиши ёдига тушди.
“Э худойим, шунча бошимга солган ситамларинг, синовларинг каммиди... Бу ерга ҳаммасини унутиш учун келмаганмидим? Наҳотки бир марта адашган аёлнинг йўллари бутун умри давомида мана шундай ўнқир-чўнқирларга дуч келаверса. Наҳотки бутун умр шундай қоқилиб яшайверсам... Қайси айбим, гуноҳим учун худойим... Бировларнинг эрига кўз тикканмидимки, мендан умидвор бўлишяпти. Эртага Собирнинг мақсадини одамлар сезиб қолишса нима деган аёл бўламан, ахир. Икки марта эрга тегиб ажрашганди, учинчи бор эрга тегиш нияти бор экан-да, деб гап қилишмайдими? Эртага гап-сўзлар Собирнинг оиласига етиб борса-чи? Болаларининг, хотинининг кўзига қандай қарайман энди”.
Дурдона Собирнинг хотинини сира кўрмаганди. Шу воқеадан бир неча кун ўтиб Собирнинг ўрнига бошқа ҳайдовчи кириб келди.
– Сиз янги ҳайдовчимисиз? – Дурдона Собирнинг номини тилга олишга чўчиди.
– Ҳа, Собир акани неча йиллардан бери юқорига ишга чақиришарди-ю, бормасди. Куни кеча тўсатдан ўтадиган бўлиб қолди. Энди мен ўрнига ишлайман.
Дурдонанинг кўнгли анча жойига тушди. “Ҳайрият, тинч, соғ-омон экан. Иш жойи ҳам кўтарилибди-ку”, деб қўйди ўзига ўзи. Дурдона яна ишига берилди, аммо бир куни кутилмаганда хонасига уч нафар ёш болани етаклаган аёл кириб келди-ю, Дурдонанинг халовати бузилди.
– Сиз Дурдонахон бўласизми?
– Ҳа, марҳамат, кираверинг.
Аёл стулга келиб ўтираркан, ғингшиётган боласига кўкрагини тутди. У токи боласи билан овора бўлгунича Дурдона унинг тўладан келган гавдасига, бироз оқ оралаб, ёғ босган сочларига, эрта ажин тушиб, қуёшда қорайган юзларига тикилди.
– Кечирасиз опа, нима иш билан келгандиз? – сўради Дурдона ҳайрон бўлиб.
– Мен Собир аканинг аёли бўламан, – аёл нафрат тўла кўзлари билан Дурдонага тикилди.
Дурдонанинг оёқ-қўли бўшашиб кетдию, ўзини қўлга олиб гап бошлади.
– Кечирасиз, қайси Собир акани айтяпсиз? Умуман эрингизнинг менга нима алоқаси бор?
Аёл Дурдонага бошдан оёқ қараб чиқди. Шу пайт ўғилчаси йиғлаб қолди.
– Ойи, чанқадим, сув ичаман...
Дурдона дарҳол пиёлага иссиқ чойдан қуйиб болага узатди.
– Ма ўғлим, иссиқ чой ичсанг чанқоғинг босилади. Сен ҳам ичасанми? – деганча яна бир пиёлага ёнидаги қизчага чой узатди. – Опа, сиз ҳам чанқагандирсиз, иссиқда болалар билан қийналиб келибсиз-да.
Дурдонанинг меҳрибончилиги сабаб бўлдими аёл анча ховуридан тушди. Оғир уфлаганча ухлаб қолган гўдагининг оғзидан кўкрагини тортиб, бўйнини беркитди.
– Майли, менга ҳам чойингиздан қуйинг, синглим. Зора юрагимнинг тафти босилса.
У Дурдона узатган чойни симириб ичиб олди. Сўнг болаларига ўгирилди.
– Сизлар бориб кўчада ўйнаб туринглар, мен ҳозир, тезда чиқаман, сўнг уйга кетамиз.
Болалар бир-бирини қувлаганча кўчага чопиб кетишди.
–Дурдонахон, сизни ишдан қўйиб кириб келаверганим учун узр сўрайман. Очиғи, неча кундирки сиз билан юзма юз учрашиб, ичимдаги бор аламимни тўкаман деб юрардим. Мана ҳозир шу тобда сизни кўрдиму, меҳрибон, яхши аёл эканингизни англадим. Рост, агар мени баъзи шаҳарлик аёллар сингари кибр, менсимаслик билан кутиб олганингизда, балки бор ғазабимни тўкишим, керак бўлса сочларингизни юлиб ҳам олишим мумкин эди. Чунки, чунки, – аёл йиғлаб юборди. –Сиз келганингиздан бери эрим ўзгариб қолган. Авваллари менга жуда эътиборли эди. Шунча йил бирга яшаган бўлсак, бир кунга ҳам ота уйимга кетишимга ижозат бермасди. Энди эса бутунлай бошқа инсонга айланган. Тўғри, бировларнинг эрига ўхшаб урмайди, сўкмайди, топганини рўзғорга олиб келади. Фақат, менга бўлган эътибори аввалгидек эмас. Эрталаб чой устида ҳам хаёл суради, кечқурун овқат устида ҳам хаёл сургани сурган. Бир сафар кўнглим сезиб, аста гапга солиб кўргандим, сиз ҳақингизда шунақанги тўлқинланиб гапирди. Унинг овозидан, кўзларидаги меҳр-муҳаббатдан шу нарсани англадимки, эрим сизни яхши кўриб қолган.
– Нималар деяпсиз? Бас қилинг бундай бўлмағур гапларни.
– Тўхтанг, гапимни бўлманг, илтимос. Эрим сиз билан бирга бозорга борганини ҳам яшириб ўтирмади. Унинг машинасини юваётиб ичидан кўйлак топиб олдим. Аввалига нега машинамни титкилайсан деб жаҳли чиқди, кейин сизга аталганини тан олди. Шундан ҳам билдимки, у сизга меҳрибончилик қиляпти. Кейин ўша кўйлакни ётоқхонамиздан топиб олдим. Сўрасам, индамай бошини эгди-да, худди яқин одамидан айрилган инсондай ғам босганча кўчага чиқиб кетди. Шу билан уни ярим кечаси ҳовлимиз орқасидаги боғдан топдим. Эрим шунча вақтдан бери бирон марта оғзига ароқ олмаганди. Маст холда бағрини ерга бериб ухлаб ётганини кўриб чидаб туролмадим.
– Нима, эрингиз сизга бошқа бир аёлни яхши кўраман деб айтдими?
– Йўқ.
– Эрингиз менинг номимни тилга олдими?
– Йўқ.
– Нега бўлмаса менга даъво қилиб келдингиз, опа? Мен ёлғиз, эри йўқ аёлман, лекин худога шукур, ўзимга тўғриман. Менда ҳам ғурур, иффат, қадр-қиммат деган туйғулар бор, опа. Идорамизда қанчадан қанча аёллар ишлашади, нега айнан мендан гумонсираб келдингиз ёки бирон ким мен ҳақимда сизга ёлғон туҳматларни, бўҳтонларни гапирганмиди, опа!
Дурдона шу гапларни шоша-пиша гапираркан кўксида тиқилиб турган аламни ортиқ тутиб туролмади. Столга мук тушганича ўксиб йиғлаб юборди.
– Мени кечиринг, синглим, – Дурдона аёлнинг дағал қўллари бошини силаётганини сезди. – Сиз виждонли, пок аёл эканингизни биламан. Лекин ўтиниб сўрайман, фарзандларим ҳаққи-ҳурмати, ёлвораман, бу ерлардан кетинг. Биламан, эрим кўнглига қулоқ солиб оиласидан воз кечмайди, лекин ичкиликдан аламини олиши мумкин. Шунинг учун кетинг.
Дурдона қанча вақт юзини столга қўйиб ётганини билмайди. Бошини кўтарганида Собирнинг хотини кетиб қолган, деразадан қоронғи хонага ойнинг нури тушиб турарди.
Дурдона идора раҳбарининг номига бўшаш ҳақида ариза топширди. Шунча йил қийналиб ўқиганлари, олима даражасига етишиш учун изланганлари, обрў-эътибори, ҳамма-ҳаммаси пучга чиқди. Ҳамкасблари орасида “Дурдона ўз ишини охиригача олиб кетолмабди”, “Дурдона чидамсиз экан, барибир аёллигига бориб, фаннинг қийинчиликларига дош беролмабди”, деган гап-сўзлар пайдо бўлди. Дурдона ўз шаънини сақлаб қолиш, Собирнинг оиласини асраб қолиш учун шунча йиллик меҳнатларини бой берди, бу сафар ҳам ўзини қурбон қилди.
Дурдона хаёли тўла изтироблар билан ота ҳовлисига кириб келганида, ҳаммаёқ сув қуйгандек жим-жит эди. Бу жимликдан юраги безовталаниб, аввал ошхонага кирди. Бу ерда онасини учратмади. Сўнг отасининг ётоғига мўралади. Кўнгли бехуда безовта бўлмаган экан. Отаси ранглари синиққан алфозда тўшакда ётар, онаси эса тепасида йиғламсираб ўтирарди.
– Ойи, дадамларга нима қилди?
Дурдона югуриб келиб отасининг тепасига ўтирди.
– Хайрият қизим, келдингми? Ҳозир сенга қўнғироқ қиламан деб тургандим, –Дилрабо опа қизини кўриб янада йиғлай бошлади.
– Дадамнинг мазаси бўлмаяптими? Нега вақтлироқ хабар бермадиз?
– Анчадан бери мазам бўлмаяпти дердилару, бироқ, бемалол кўча-кўйга чиқиб-кириб юргандилар. Тўшакка михланиб қолганларига уч кун бўляпти. Дўхтирлар текшириб, анча йилдан бери пайдо бўлган грижанинг каттариб кетганини, жарроҳлик қилмаса бўлмаслигини айтишди.
Дурдона йиғлаб юборди. Отасининг кучдан қолган қўлларини кафтига олди.
– Дада, сизни ҳозироқ касалхонага олиб бораман. Энг яхши дўхтирларга текширтираман, сизни албатта даволашади, оёққа турғазишади, – деди Дурдона йиғлаганча.
У дарҳол “Тез ёрдам” чақириб отасини касалхонага олиб борди. Дурдонанинг розилиги билан отасини операция қилишди. Афсуски, грижа ичак йўлларига ўтиб кетган, йиринг бутун аъзоларга тарқалиб улгурганди. Дурдонанинг отаси операциядан сўнг бир ҳафтагина яшади.
Маъракалар ўтиб бўлгач, Дурдона онаси билан супада суҳбатлашиб ўтиришаркан, келди-кетдилар, отинойларнинг дуолари таъсирида анча ўзларини қўлга олишганди.
– Ойи, негадир маъракаларга Нодира келмади. Бутун маҳалла эшитган отамнинг ўлимини, наҳотки Нодира эшитмаган бўлса? – деди Дурдона хафа бўлиб.
– Эҳ қизима-а, қизима... Дадангнинг дарди билан бўлиб сенга айтиш хаёлимга келмабди. Дугонанг Нодирани тупроққа қўйишганига кўп бўлмади. Тупроғи совумай туриб дадангни бериб қўйдик.
– Нима? Нималар деяпсиз, ойи? Нима, хали Нодира ўлдими?! – Дурдона таажжубланиб қолди. – Нега ўлади, нима бўлганди унга?
– Нодира раҳматли эри билан қаердандир ярим кечаси келишаётганида автоҳалокатга учрашибди. Нодира ўша ернинг ўзида жон берган, эри бўлса тирик, лекин ярим жон бўлиб қолган. Бечораларнинг икки нафар ёш болалари онамлаб бўзлаб қолишди.
Дурдона бундайин совуқ хабарни эшитаман деб ўйламаганди. Ҳамон дугонасининг ўлганига ишонгиси келмас, гўё онаси ҳазиллашиб ёлғон гапираётгандек, ҳозир Нодира дарвозадан кириб келадигандек дамба-дам эшикка термула бошлади.
– Нодира ҳақидаги хабарни сенга етказишни даданг истамаганди. Ўлган ўлиб кетди, қизимизни ишидан чалғитма, келганида ётиғи билан ўзим тушунтираман деганди. Афсус, бундай оғир дардни айтиш ўзимга қолиб кетди, – Дилрабо опа йиғлай бошлади.
Отасининг маъракалари ўтганига ҳам бир йилдан ўтяпти. Дурдона аввалги ишига қайтиб борди. Унинг дардга кўмилганини кўрган идора раҳбари дарҳол ишга қабул қилди. Бир куни ишдан қайтаётган Дурдона серқатнов машиналар орасида тиланчилик қилиб югуриб юрган икки нафар ёш болаларга кўзи тушди. “Эй худойим, шу болаларни менга берсанг бўлмасмиди. Кимлардир фарзандга зор, фарзандлари борлар эса, уларнинг қадрига етмай, мана шунақа хор-зор қилиб қўйсая...”. Дурдона шундай деркан иккита минг сўмликни деразадан чиқариб болаларни чақирди.
Пулни олиш учун рўпарасига югуриб келган болани Дурдона дарҳол таниди. Кичкина қизча ҳам югуриб олдига келди.
– Холажон, менга ҳам пул беринг. Илойим ризқиз бунданам зиёда бўлсин, уйингиз баракага тўлсин, – қизча тинмай дуо қилар, Дурдона Нодиранинг фарзандларига тикилган кўйи ҳайкалдек қотиб қолганди.
– Хола, пулни берасизми? – бола тоқати тоқ бўлиб Дурдонанинг қўлидаги пулларни оларкан, бирини синглисига берди.
Болалар раҳмат дейишганча чопиб кетишаётганида Дурдона ўзига келди.
– Ҳой! Тўхтанглар! Буёққа келинглар!
Дурдона Нодиранинг болаларини уйига олиб келди. Уларни кўриб Дилрабо опанинг кўнгли бўшашиб йиғлаб юборди.
– Вой худойим-ей... Отасиз етим гул етим, онасиз етим шум етим деб шунга айтсалар керак-да. Эссиз, эссиз, Нодиранинг руҳи тинч ётолмаётгандир ҳойнаҳой, –деди Дилрабо опа йиғлаганча.
– Жиминг, эшитиб қолишмасин, – Дурдона юз-қўлини юваётган болалар томон қаради. – Аввал қорниларини тўйдиришсин, кейин сўраб-биламиз.
Нодиранинг қизи Нигора бўшаган косасининг устига укасининг бўш косасини тахлади-да, аста ўрнидан туриб, ошхона томон юрмоқчи бўлди.
– Қўявер қизим, ўзим юваман, – Дилрабо опа косаларни олиб кетди.
– Нигора, даданг тузукми? – саволга тутди Дурдона.
– Дадам халиям касал, ўзи юролмаяпти.
– Дадам аравани бемалол ўзи ҳайдай олади, – деди Нодиранинг ўғилчаси Илёсжон болаларча мақтаниб.
– Уйинглардаги янги ойинглар-чи, ҳар куни ишга кетадими?
– Ҳа, эрталаблари ишга кетиб, пешингача қайтиб келади. У келгунича мен ҳовлиларни супуриб қўяман.
– Янги ойим-чи, – Илёсжон яна гапга қўшилди, – Нигора опамни сочидан тортиб уради. Сен нега тоза супирмаяпсан, деб бақиради.
– Демак янги ойинглар жуда ёмон хотин экан-да! – Дурдонанинг жаҳли чиқиб кетди. –Нигора, нега урганини ҳеч кимга айтиб бермайсизлар? Ойинг ураётганида қўшниларни дарҳол ёрдамга чақирмайсанми?
– Қўрқаман, ойим аразлаб кетиб қолса дадамга ким қарайди? Янги ойим ёмон бўлса ҳам овқатимизни пишириб беради, кийимларимизни ювади.
– Машина йўлларида одамлардан пул сўраб юрганинглардан ойинг билан дадангни хабари борми?
– Ойимнинг ўзи шундай қилинглар деб мажбурлаяпти-ку, – Нигора айб иш қилиб қўйгандек бошини эгди.
– Ойим бизга доим сенлар еб-ичишдан бошқасига ярамайсанлар, пешонамга битган балосанлар деб бақиради. Топганимни дадангларни дорисига етказайми ёки сенларни қорнингни тўйдирайми дейди, – деди Илёсжон аразлаган оҳангда.
– Тўғри-да хола, биз хали ёш болалар бўлсак, қаерга бориб ишлаймиз, қандай қилиб пул топамиз?
– Анчадан бери тиланчилик қиласизларми?
– Ҳа.
Дурдона болаларни етаклаб Нодиранинг ҳовлисига кириб борди. Уларни кўрган Нодиранинг эри Илҳом аравасини шоша-пиша ғилдиратганича олдиларига келди.
– Нигора, Илёсжон, қаерларда юрибсизлар? Хавотирдан ўлай дедим-ку, ахир.
– Дада, Дурдона холамни танидизми? – Нигора дадасининг бўйнидан қучди.
– Ие, кечирасиз, болалардан шунчалар хавотир олганимдан сизга эътибор бермабман, яхшимисиз.
– Ассалом алайкум, тузукмисиз.
– Қани, келинг, супага ўтиринг.
Дурдона Илҳом билан гаплашиш учун келганди, шунинг учун ялинтириб ўтирмай дарҳол супага бориб ўтирди.
– Мен ҳозир, чой олиб келаман.
– Керакмас, безовта бўлманг. Биз болалар билан овқатланиб келганмиз.
– Болалар сизникидамиди? – ҳайрон бўлди Илҳом.
– Ҳа, уларни катта машина йўлида учратиб қолдим. Илҳом ака, ким айтади сизни ўқиган, тушунган одам деб. Бечора Нодиранинг руҳи безовта бўлишидан қўрқмадингизми? Нега ўз фарзандларингизни шу кўйга солиб қўйдингиз?
Илҳомнинг кўзларига ёш қуюлиб келди.
– Нигора, қорнинглар тўқ бўлса укангни бориб ухлатақол, кеч бўлиб қолди.
Нигора Дурдона билан хайрлашди, укасини етаклаганча ичкари уйга кириб кетишди.
– Нима қилай, ҳаммасига манави тош қотган оёқларим айбдор! – Илҳом жаҳл билан тиззасига мушт туширди. – Агар оёқларим шол бўлиб қолмаганида болаларимни тиланчилик қилишларига йўл қўйиб қўйган бўлармидим! Эртаю кеч меҳнат қилиб, уларга ҳам она, ҳам ота бўлиб яшамасмидим. Нодиранинг вафотидан кейин қариндошлар мени мажбурлар Барнога уйлантиришди. Аввалига кўнмадим, қарасам болалар ёш, уларга парвариш керак. Менинг аҳволим эса бундай. Уйланмайман деганим билан қайси бир меҳрибон қариндошим келиб хизматимни қиларди, деган ўйдан ўйланиб қолдим. Эртага болалар каттароқ бўлишганида ўгай онани қабул қилишлари қийин бўлади, шунинг учун қанча тез уйлансам, кўникишлари шунча тез бўлади деб ўйлабман. Барно билан учрашганимда ўзини ҳокисор, бефарзандликдан эзилган аёл қилиб кўрсатди. Турмуш қурганимиздан кейингина унинг нима мақсадда менга турмушга чиқганлигини англадим.
Барно аввалги эридан ажрашиб, ота уйига қайтганидан бошлаб акалари, янгалари ҳовлига сиғдирмай ҳайдай бошлашган. Борадиган жойи бўлмагани учунгина менга тегишга рози бўлган экан. Мен бўлсам, болаларимга шунчалик оналик қилгиси келяпти, акс холда мендек ногиронлик аравасига михланиб қолган эркакка рози бўлармиди, деган хаёлларга борибман. Аввалига болаларимга ростмана оналик қила бошлади. Вақтида кирларини ювди, овқатларини пиширди. Мени ижирғанмай парваришлади. Хуллас, оналик, хотинлик вазифасини ўрнига қўйишга ҳаракат қилди. Болаларим аста-секин уни она ўрнида қабул қила бошлашди. Барно оиламга яна ҳаёт олиб кирди деб кўнглим хотиржам бўлганича ҳамма нарсани унга ишониб топшириб қўйдим. Бир куни уй тўловларини тўлаяпман деб қандайдир ҳужжатларга қўл қўйдирди. Кейин билсам, ҳовлини ўзининг номига расмийлаштириб олибди. Мана энди Барно ҳовлининг эгаси, истаса иш қилади, истамаса эртаю кеч кўчадан бери келмайди. Охирги вақтларда сигаретага жуда боғланиб қолдим. Чекмасам ўзимни қўйишга жой топа олмаяпман. Шундай кунлар бўлдики, болаларим оч қолиб, бир бурда нонга зор бўлишди. Тиланчиликдан топиб келган пулларига нон, менга сигарет кўтариб кела бошлашди. Бошида виждоним қийналди, кейин аста-секин кўникишдан бошқа чорам қолмади.
Дурдона бу гапларни тингларкан, вужудини нафрат, алам ўти қоплаб олганди.
– Мен хотинингизни судга бераман. Дугонамнинг уй-жойига ҳийла йўли билан эга бўлиб олишга, ундан қолган зурриёдларни кўчага улоқтириб ташлашга нима ҳаққи бор эди! Нега бу ҳақда маҳалла қўмитасига чиқиб гапирмадингиз? Қўни-қўшниларингиз, қариндош-уруғингиз қаерга қарашяпти ахир!
– Барнога уйланганимдан кейин Нодиранинг қариндошлари мендан юз ўгириб кетишди. Ўзимнинг қариндошларим ўз ташвишидан ортмайди. Маҳалла фаоллари бир неча марта келиб жанжалларга аралашишди, лекин фойдаси бўлмади. Ҳовли Барнонинг номида бўлгани учун қўлларидан ҳеч нарса келмади. Барно мени ногиронлар уйига топшириб юбормасин, болаларим кўчада қолмасин деб ҳам тишимни тишимга қўйиб чидашга мажбурман. Вақти келиб болалар улғайишса Нигорани турмушга узатарман, Илёсжон ҳам ўз йўлини топиб кетар...
– Лекин бу ёшида тиланчилик қилишни ўрганган болалар эртага улғайганларида, улардан қандай инсонлар етишиб чиқади? Уларни яхши мактабларда ўқитиш, яхши шароитда улғайтириш керак, ахир.
Ўртага оғир жимлик чўкди. Дурдона ҳовлида у ёқдан бу ёққа юра бошлади.
– Мен буни бундай қўймайман. Дугонамнинг руҳи ҳаққи-ҳурмати қасам ичаман, Барно қилмишлари учун жавоб бериши керак. Бу уй болаларнинг ҳаққи, агар Барно сиз билан ажрашмайман деб туриб олса, уни оналик ҳуқуқидан маҳрум қилдириш учун қўлимдан келган ишни қиламан.
Дурдона Нодиранинг фарзандларига, ногирон эрига шунчалар куйиб кетганидан Барно ҳақидаги маълумотларни тўплаб қоғозга туширди. Қўни-қўшниларга қўл қўйдириб керакли идорага топширди. Болаларнинг кўча-кўйда тиланчилик билан шуғулланиб юришларининг ўзи Барнонинг оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинишига асос бўла олди.
Барча ишлар жой-жойига тушгач Дурдона совға-саломлар кўтариб Нодиранинг ҳовлисига кириб борди. Илҳом аравада ўтирган кўйи тоғорада кир юваркан, араванинг ғилдираги қайрилиб кетар, бундан Илҳом мувозанатини йўқотиб аравадан йиқилиб кетай дерди. Дурдона қўлидагиларни супага қўйдида Илҳомнинг қўлидан кирларни олди.
– Менга берақолинг, ювиб бераман.
– Қўяверинг Дурдонахон, барибир бир кунмас бир кун бу ишлар ўзимга қолиб кетади. Сиз ҳам токайгача биздан хабар оласиз?
– Ҳеч қиси йўқ, ҳадемай Нигора катта қиз бўлиб қолади. Ҳовлининг барча юмушларини қўлига олади. Ҳа, ўзи қани? Илёсжон ҳам кўринмаяпти?
– Болалар ошхонада. Нигора овқат пиширмоқчи.
– Нима? Қани бир кўрай-чи...
Дурдона ошхонага кириб борганида Нигора курсичага чиқиб олган, барибир ўчоққа бўйи етмаганидан оёқлари учида турганча катта капгирни айлантирар, бунинг устига онасининг рўмолини бошига танғиб олганди.
– Нигора!
Нигора Дурдонани кўриб курсидан тушаркан, оловни пасайтириб қўйди. Бу холни кўриб Дурдона йиғлашини ҳам, кулишини ҳам билмай қолди.
– Вой она хотин-ей, рўмолинг бирам ўзингга ярашибдики, келинчакларга ўхшаб қолибсан.
Нигора ўзини Дурдонанинг бағрига отди.
– Хола, мен овқат пиширишни ўрганяпман.
– Уканг қани?
– Укам челакда сув олиб келишга кетди. Мен, – Нигора жажжи бармоқлари билан санай кетди, – гўшт, пиёз, картошкани қовургунимча у сув олиб келади. Сўнг қовурилган масаллиқларга сув қуяман.
– Ие, памилдоричи? Памилдори эсингдан чиқибди-ку, – кулиб юборди Дурдона.
– Вой эсим қурсин, дадам овқатга помидор ҳам соласан деганди-ку!
Нигора музлатгичдан икки дона памилдори олиб, тўғрамоқчи бўлди.
– Қани менга берақол, қизим, қўлингни кесиб оласан.
Дурдона памилдори тўғраркан, Нигоранинг унга тикилиб қолганини сезди.
– Ҳа, Нигора, қизим, нега менга тикилиб қолдинг?
– Хола, – Нигоранинг кўзларида ёш ғилтиллади. – Мени қизим деяётганизда сизни ойимга ўхшатиб юбордим. Овозиз ҳам, меҳрибон товушда гапирганиз ҳам худди раҳматли ойимникига ўхшаб кетди.
Нигоранинг бу гапларини эшитиб Дурдонанинг кўнгли бўшашиб кетди. Кўз олдига дугонаси Нодирани келтирди. Нигорани бағридан бўшатолмай, узоқ вақт қучоқлаб турди. Бу пайтда қозондаги пиёз жизғанак бўлиб куйиб кетди.
– Вой, энди дадамдан уяламан, битта овқатни эплаб пиширолмади деб хафа бўладилар, – лабини тишлади Нигора.
– Қўрқма, ҳамма айб менда. Сени гапга солмаганимда ҳозир овқатинг пишиб, аллазамон косаларга сузилган бўларди. Майли, кел, айбимни ювиш учун овқатни ўзим пишириб бераман, майлими.
Дурдона тезда пиёз қозондаги куйиндини човлида сузиб олди-да, бошқатдан пиёз тўғраб қовурди. Токи шўрва пишгунига қадар Нигора билан дилдан суҳбатлашиб ўтиришди.
Дурдона уйига қайтиб борганидан кейин ҳам Нодиранинг фарзандлари ҳақида ўйлайверди. Ярим кечаси ўрнига ётиб ҳарқанча ухлашга ҳаракат қилмасин, кўзига уйқу келавермас, Нигоранинг жиққа ёшга тўлган нигоҳлари, Илёсжоннинг пақирда халлослаб сув кўтариб келгандаги қиёфаси кўз олдидан ўтаверди. Айниқса, супада овқатланиб ўтиришганида Нодиранинг эри Илҳом дам-бадам Дурдонага миннатдор боқиб қўйгани қайта-қайта кўз олдида жонланаверди.
“Барно қилмишига яраша жазосини олди. Илҳом ака маҳалладан ёрдам пули оляпти, болаларга ҳам пул ажратилди. Бу пуллар уларнинг рўзғорига етиб туради. Лекин барибир уларга аёл меҳри керак. Айниқса, Нигоранинг курсига чиқиб олиб овқат пиширишини кўриб, кўнглим бузилиб кетяпти. Илёсжон-чи, ёш боланинг челаклаб сув ташиб келиши тўғрими? Эртага бирон касалликка чалиниб қолса нима бўлади. Наҳотки энди Илҳом ака уйлана олмаса, болалар она меҳрини кўрмай улғайишса... Ким ногиронлик аравасига михланиб қолган инсонга турмушга чиқарди? Ўзини ўзи эплолмайдиган эркак билан яшаш осонми? Лекин Илҳом ака жуда кўркам, гап-сўзлари маъноли, ўтли қарашлари ҳар қандай аёлнинг кўнглига йўл топа оладиган инсон. Биттагина айби оёқларининг шоллиги. Уни тушунадиган, фарзандларига меҳр бера оладиган аёл бу дунёда бормикин?”.
Шу хаёллар билан ётган Дурдона миясига чақиндек урилган яна бир фикрдан сапчиб ўрнидан туриб кетди...
Бугун дам олиш куни. Дурдона эрталабдан бозорга бориш учун тараддудланди.
– Ҳа қизим, эрталабдан кайфиятинг яхши, тинчликми?
– Ойи, бозорга кетяпман. Нодиранинг фарзандларига янги кийимлар олмоқчи эдим.
– Майли қизим, савоб бўлади. Шўрликларнинг онаси бўлмаганига яраша, отаси соғлом бўлиб югуриб юрса ҳам майли эди.
– Тақдирнинг ишлари-да, ойи. Ногирон бўлса ҳам оталари тирик қолганига шукр. Майли, мен борай, хали уларни ёнига ҳам кириб ўтишим керак.
Дурдона совғалар солинган халтани кўтариб, Нодиранинг ҳовлисига кириб келганида, ҳовлида ҳеч ким кўринмади. Пешин маҳали бўлгани учун болалар ухлаб қолишганди. Дурдона уларнинг ётоқхонасига мўралади. Ҳар иккиси дунё ташвишларидан бехабардай мириқиб ухлаб ётишар, Дурдона Илҳомнинг уйи томон борди. Аста деразадан мўралади. Илҳом Нодиранинг суратига тикилганича ўйга толиб ўтирганини кўриб, унга раҳми келди. Халал бермай деб ўзини панага олди. Бироздан кейин яна мўралади. Илҳом хамон қўлидаги суратга тикилиб ўтирарди. Дурдона эшикни очиб аста кириб борди.
– Ассалом алайкум, Илҳом ака. Узр, безовта қилмадимми?
Илҳом ўзига келиб, Дурдонага қаради. Кўзларидаги ёшни ҳижолатлик билан артиб олди.
– Узр, Дурдонахон, келганизни билмай қолибман. Қани марҳамат, ўтиринг.
– Болаларга совға олиб келгандим, – Дурдона совғаларни стол устига қўйиб халтадан ола бошлади. – Манави кўйлак Нигорага, қаранг жудаям чиройли-я, унга жуда ярашади. Мана буниси Илёсжонга, размерини аниқ билолмасам ҳам олавердим. Каттароқ бўлса бошқасини олиб келарман, бунисини кейинчалик кияверади.
Илҳомнинг нигоҳлари совғаларда эмас, олисларда эканини кўриб Дурдонанинг ҳам кайфияти тушиб кетди.
– Илҳом ака, Нодирани нафақат сиз, мен ҳам соғинганман. Лекин иложимиз қанча, худонинг ишлари экан-да.
– Дурдонахон, мен эркак бошим билан бева қолганимдан куймаяпман, балки Нодирага ачиняпман. Болаларимизни қийналиб дунёга келтирди, катта қилди. Уларнинг энг ширин дамларини кўрмай ўлиб кетди бечора.
– Илҳом ака, сиз тезроқ уйланишингиз керак. Болаларга она керак, бунинг устига тезроқ уйланмасангиз, Нодирани эслайвериб, касал бўлиб қолишингиз мумкин. Сизга бир нима бўлса, болаларнинг холи нима кечади? Ҳеч бўлмаса болаларни ўйланг.
– Дурдонахон, мен ҳам эркак кишиман, нима, мени ёлғизликдан қийналмаяпти, тунлари юмшоқ ёстиқ ҳам бошига тошдек ботаётганини ҳис этмаяпти деб ўйлайсизми? Мен ҳам бир умрлик йўлдошим, сирдошим, яхши-ёмон кунимда дардкашим бўлишини истайман. Лекин икки болам билан, бунинг устига шол оёқларим билан ким ҳам менга тегишга рози бўларди. Фақат Барно сингари шум ниятдаги аёлгина менга тегиши мумкин.
– Нега энди, дунёда тирноққа зор, қани энди менинг ҳам ўз оилам, ўгай бўлсада ойи деб чақирадиган фарзандларим бўлсайди, деб орзулайдиган аёллар йўқ деб ўйлайсизми? Мана, масалан мен, сизга жон деб тегишга рози бўлган бўлардим.
Дурдона шоша-пиша гапираркан, қачонлардан бери дилида асраб юрган, лекин тилига чиқаролмаётган гапларини беихтиёр гапириб юборди. Ҳақиқатни гапирди-ю, уялганидан нозик бармоқлари билан лабларини тўсди, нигоҳларини олиб қочди.
– Дурдонахон, шу гапларни ростдан айтяпсизми ёки кўнглимни кўтармоқчимисиз? –Илҳомнинг кўзларида умид порлади.
– Кечиринг мени, Илҳом ака, ҳаяжонланганимдан нима деяётганимни ўзим билмай қолдим. – Дурдона қўллари титраганча совғаларни халтага соларкан, Илҳомнинг унга тикилиб қолганини сезар, ўзи қарашга эса журъати етмасди.
– Бўлмаса мен борай, манави совғаларни эса болаларнинг ёнига қўйиб кетаман, майлими. Хайр.
Дурдона югурганча чиқиб кетди. Илҳом анча вақтлардан бери аёл кишидан бундайин илиқликни, меҳрли сўзларни эшитмаганди. Ўз ҳаяжони билан овора бўлиб Дурдонанинг ортидан қараб қолди.
Дилрабо опа қизининг овқатга чиқмаётганидан хавотирланиб, ётоғига кириб борди. Дурдона катта йўл сумкасига кийимларини жойлаштираётганди.
– Ҳа қизим, нега овқатга чиқмаяпсан, – сўради Дилрабо опа. –Нега кийимларингни йиғиштиряпсан, тинчликми?
– Ойи, мен эртага кетяпман. Барибир бир кун укам уйланса бу ҳовлида ортиқчалигим билинади.
– Нега унақа деяпсан, қизим. Худо хоҳласа тушунган, оқибатли келинни олиб берамиз укангга.
– Ойи, гап ундамас, мен турмушга чиқишга қарор қилдим.
Дилрабо опа ажабланганча ўтириб қолди.
– Ростанми, ҳазиллашмаяпсанми қизим. Кимга?
– Нодиранинг эрига. Унинг фарзандларига оналик қилмоқчиман.
–Вой ўлмасам, нималар деяпсан қизим! Ишқилиб иситманг йўқми? – Дилрабо опа Дурдонанинг пешонасига кафтини босди.
– Ойи, ёш болага ўхшатманг мени, илтимос. Ҳа, Илҳом акага турмушга чиқмоқчиман. Ўйлаб кўрсам мендек икки марта эр кўрган аёлга ундан яхши жуфтлик бўлмас экан.
– Қизим, нима энди икки марта эр кўрдим деб умрингни ногирон билан ўтказмоқчимисан! Майли, болалари учун розиман, лекин ҳаётингни, яшашингни ҳам ўйлашинг керак қизим. Хали ёшсан, чиройлисан, сени кимлар олмайди, ахир!
– Ойи, мен бу ҳақда узоқ ўйладим. Бугун юрагим буюрган йўлни танлашга қарор қилдим. Илҳом ака ногирон бўлса нима бўпти, у ҳам инсон. Унинг ҳам бахтли яшагиси келади, қолаверса Нодира менинг яқин дугонам, унинг фарзандларига мен керакман.
Дурдона ахийри онасини кўндирди. Эшикдан чиқиб кетаётганида, Дилрабо опа ўкинч билан чақирди:
– Қизим, дугонангни деб, унинг фарзандларини деб ўзингни қурбон қилмоқчимисан?
– Ҳа ойи, бу сафар ҳам ўзимни қурбон қилмоқчиман. Барибир тақдирдан қочиб бўлмас экан. Мен қурбонлик учун яралган аёлман.
Дурдона ўз қароридан мамнун жилмайганча чиқиб кетди. Унинг дадил қадамларидан буюк бахт сари интилаётганини Дилрабо опа тушунгани учун ҳам индамади, аксинча ортидан дуо қилиб қолди.
Раъно МАҲМУДОВА.