Бир куни
БИР КУНИ
Ўшанда эрта баҳор эди. Академик лицейда маънавият ишлари бўйича директор муовини бўлиб ишлардим. Мингдан ортиқ ўқувчи, кўпчилиги узоқ вилоятлардан келган йигит-қизлар эди. Бир куни биринчи курсда ўқийдиган ўқувчилардан бири ёнимга кириб, ота-онаси пул юборгани ва уни отчопар (ипподром) бозоридан бориб олиши кераклигини айтди.
- Дарсдан к ейин бирор та хонадош дўстинг билан бориб келасан, - деб рози бўлмадим.
- Автобус шопири қайтиб кетиб қолади, нонга ҳам пулим йўқ, устоз, - деб йиғлаб юборди.
Шунда: “Бироз шошилмай тур, синф раҳбарингни чақираман, таксида бирга бориб келасизлар”, - деб унинг қўлига пул бердим. Синф раҳбари дарсда экан, бироз ҳаяллади. Кейин уни ахтариб топа олмадик. Кетиб қолибди. Хавотир олиб кутдик, кун оға бошлаганда ҳам келмади. У пайтда қўл телефонлар йўқ, бошимни қаёққа уришни билмай жоним қақшаб безовта эдим. Лицей раҳбаридан тортиб, ётоқхонадаги дўстларигача ташвишда қолгандик.
Дўстларидан Қибрайда узоқ бир қариндоши борлигини эшитиб, йўлга тушдим. У ёққа ҳам бормаган экан. Ички ишлар бўлимига хабар бергач, чидолмай ўзим Отчопарга ҳам бориб қидирдим.
Йўқ эди. “Бўлиши мумкинмас”, деган гап хаёлимдан кетмасди. Ярим тунда ИИБ ходимлари мени чақириб: “Бугун шахси аниқланмаган одамлар жасади топилган, эҳтимол, шуларнинг орасида бўлиши мумкин”, - деганларида икки марта ҳушимни йўқотдим.
Тонгача юриб чиқдик. Сўроқсиз уйига кетиб қоладиган нодон бола эмасди.
Йиғлаб, юпаниб, оташда ёниб, тик оёқда тонг оттирдим. Эртасига одам йўқ овлоқ жойдан ҳушсиз ҳолда топилиб, касалхонага олиб келингани ҳақидаги хабарни эшитиб, етиб бордим. Худога шукр, соғ-саломат экан. Ҳайдовчидан омонатини олиб, метро томонга кетаётган пайти енгил машинада кимдир келиб ёнига тўхтаган.
- Қаерга борасан, укам, чиқ метрогача ташлаб қўямиз, юзинг танишга ўхшаяпти, - деган гапига ишониб, машинага ўтирган. Орқа ўриндиқдаги йигит қўлидаги дориланган рўмолча билан уни ҳушсизлантирган. Пулини олиб, ўзини бир даладаги тутқаторга ташлаб кетишибди. Ўз боламдан ҳам бунчалик хавотир олмаган, ҳаётимда бунчалар ғамга ботмаган эдим.
Титраб бориб, уни бағримга босдим:
- Сизлар Аллоҳнинг о монатисиз, ота-онангиз ёнига касб-ҳунарли бўлиб, омон боришингиз керак, нега қочиб кетдинг, болам”, - деб йиғладим...
Икки кунда кўзларим киртайиб, уйга кириб борганимда қизим:
- Аяжон, сочингизга нима бўлди?, - деди.
Ойнага қарасам, бир тутам сочим оппоқ эди...
Мунаввара УСМОНОВА - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, «Саодат» журналининг Бош муҳаррири.