ҚОЗОҒИСТОНДА ХОР БЎЛГАНЛАР


   Халқимизда “Ўзга элнинг қозиси бўлгандан, ўз элингнинг тозиси бўл” деган нақл бор. Аммо ҳамма ҳам бу нақлга амал қилавермас экан. Тоҳирбек (исм-шарифлар ўзгартирилган) икки йилдан буён Қозоғистоннинг Чимкент вилоятида ишлаб келарди. У антиқа режа ўйлаб топди. Ишламасдан ҳам пул топиш режаси уни кечаю-кундуз ухлагани ҳам йўл қўймади. Ниҳоят у тузган режаси бўйича ўзи яшайдиган қишлоққа келди.

— Намунча кўринмайсан? У ёқдан тилла топдингми дейман? — дея танишлари у билан ҳол-аҳвол сўрашди.
— Ғишт заводида ишлаяпман. Ишлайман дейдиганлар бўлса, олиб кетишим мумкин. Ким яхши меҳнат қилса, ҳар ойда 900 АҚШ долларгача топиши мумкин, — дея танишларининг оғзини ланг этиб очиб қўйди у.
— Вой ростданми? Ундай бўлса бизни ҳам бирга олиб кет, — дейишди танишлари.
   Тоҳирбек уларни осонгина ўзининг фириб қармоғига илинтирганига қувониб кетди. Дарҳол ишга киришди. 
   Дастлаб бешта танишини Ўзбекистоннинг чегара постига етаклади. Уларни чегарадан олиб ўтгач, дарҳол паспортларини олиб қўйди. Йигитларни Чимкент ҳудудининг Тоггус қишлоғидаги қурилишга, бетон қўйиш ишига жойлаштирди.
— Паспортимиз ўзимизда тура қолсин, — дея унга паспортларини ишонқирашмади танишлари.
— Шу ерга рўйхатга қўйдирган заҳотиёқ паспортинглар қўлларингда бўлади. Ўн кун ишлаганинглардан сўнг уйларингга, албатта, 100 АҚШ долларидан жўнатасанлар, — дея уларнинг қўйнини пуч ёнғоқ билан тўлдирди у. — Сизларни бугундан бошлаб Ғайрат ишлатади. 
   Орадан ўн кун ўтгач, танишлари Тоҳирбекдан аванс пулларини талаб қилишди.
— Бетон ишларини тугатганларингдан сўнг Ғайрат, албатта, иш ҳақларингни бераркан. Озгина сабр қилинглар! Ахир қишлоқдаям бир сўм пулга зор бўлиб, иш топрлмай юрудингларку! — дея алдади  уларни Тоҳирбек.
   Йигитлар кўпроқ пул оларканмиз, дея бир кунда 12-13 соатлаб ишлашди. Иш тугагач, Тоҳирбек йигитларнинг орасидан Маҳмудни ўзи билан бирга бошқа жойга ишга олиб кетди. Қолганлар эса яна шу ерда бетон қуюшни давом эттирди.
   Ғайрат билан Тоҳирбек бир неча маротаба уларнинг ёнига келиб “Уйларингга телефон қилиб айтинглар, эртага 200 АҚШ доллари жўнатасизлар” дея алдашди. Ахийри тоқати-тоқ бўлган йигитлар улардан бир сўм ҳам ололмаслигига фаҳми етгач, қочишдан бошқа иложи қолмади. Чунки кундан-кунга иш оғирлашиб, ичиш, ейишнинг тайини бўлмаётганди. Бир амаллаб тўртовлон яширин йўллар орқали Ўзбекистонга қочиб кетишди. Буни билиб қолган Ғайрат Маҳмуднинг ёнига бориб унга ўшқирди:
— Амакиларинг қани? Улар қаерга қочиб кетганини фақат сен биласан? Айт! — дея уни ўласи қилиб урди. Кейин Тоҳирбекга юзланди. — Қочиб кетган одамларингнинг ўрнига яна ишчи топиб келасан ёки улар учун олган пулларингни қайтарасан!
   Тоҳирбекнинг бу гапдан жаҳли чиқиб Маҳмудни тепкилаб ташлади. Бунга ҳам қаноат қилмай уни қўл-оёғини боғлаб қўйиб, уйига телефон қилдирди. Отаси ва амакиларини сўрашни буюрди. Кейин ўзи Маҳмуднинг отасидан ўғлини қўйиб юбориши учун 600 АҚШ доллар жўнатиб юборишини айтди. Шундан сўнг Маҳмудни кундуз куни роса ишлатиб, кечқурун қочиб кетмаслиги учун қўл-оёғини боғлаб қўйди.
   Ота бечора боласи учун елиб-югуриб, қарз олиб, қозоғистонлик Дусим деган йигит орқали ўғлини қутқариш учун  40.000 қозоқ тенгеси бериб юборди. Шундан сўнггина Тоҳирбек Маҳмудни қўйиб юборди. Аммо ишлаган иш ҳақини умуман бермади. Бешаласининг ҳам ойлик маошини ўзи олиб, шахсий харажатлари учун ишлатиб юборди.
   Май ойида Тоҳирбек ҳеч нарса бўлмагандек яна туғилиб ўсган юртига, Шаҳрисабзга қайтди. Энди у аёлларни ҳам олиб кетмоқчи бўлди. Таниши Роҳатга иши зўрлигини, уч-тўртта одам бўлса олиб кетишини айтиб мақтанди.
   Унинг гапларига ишонган Роҳат дарҳол дугонаси Ҳалиманинг олдига борди.
— Дугонажон, танишим Қозоғистонда яхши ошпазлик иши борлигини айтаяпти. Ойига 30.000 қозоқ тенгесида тўлашаркан. Ётоқ жой ва бошқа шароитларни қилиб бераркан. Хоҳласанг, турмуш ўртоғингни ҳам олвол. Бирга борамиз.
— Мен хўжайиним билан маслаҳатлашай, эртагаёқ жавобини айтаман, — дея қувониб қолди Ҳалима. 
   Турмуш ўртоғи ишдан қайтгач, дарҳол у Қозоғистондаги иш ҳақида оғиз очди. Турмуш ўртоғига ҳам бу таклиф ёқиб қолди. 
   Индинига Тоҳирбек олти кишини эргаштириб, Чимкентга йўл олди. Уларни ғишт ишлаб чиқарадиган заводга ишга жойлаштириб, паспортларини олиб қўйди.
— Кетадиган вақтларингиз ўзим паспортларингизни қайтариб бераман, — деди уларни тинчлантириб.
   У ерда Ҳалима билан Роҳат ошпазлик ва фаррошлик юмушларини бажарадиган бўлишди. Турмуш ўртоқлари ғишт заводига юк ташувчи бўлиб ишга киришди. Икки ой ишлаганидан сўнг Роҳатнинг турмуш ўртоғи касал бўлиб қолди. Шунинг учун улар ноилож уйларига қайтадиган бўлишди. Тоҳирбекга бир ойлик пулини  иш жойидан олиш тўғрисида тилхат беришди.
   Тоҳирбек уларни Ўзбекистонга кузатиб қўйиш учун йўлга чиқди.
— Опа, пулларингизни менга беринг, уларни доллар қилиб бераман. Чунки бунча кўп пул билан чегарадан ўтолмайсизлар, — дея уларнинг ёнидаги 65.000 қозоқ тенгеси ва “Нокиа” русумли қўл телефонини олиб қўйди.
— Чегарадан ўтган заҳотингиз пулингизни ва телефонингизни қайтараман, — деди у.
   Улар Қоплонбек пости орқали Ўзбекистон чегарасига ўтишди. Тоҳирбекни у ерда беш соат кутишди. Аммо ундан дарак бўлмади. Ноилож уйларига қуруқ қўл билан қайтишди.
   Тоҳирбек бу пайтда яна Шаҳрисабзга қайтиб, бошқа Сув-Султон қишлоғида яшайдиган танишларидан уч нафарини Қозоғистонга олиб бориб, сотишга улгурганди. Кейинги гал у саккиз нафар йигитлар ва аёлларни олиб бориб, паспортларини олиб қўйиб, уларни оғир меҳнатга жалб қилиб, иш ҳақларини бермасдан ўзи олиб, пулларни ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборди.
   Тоҳирбек жами йигирма беш нафар фуқароларни, айримларини ўн саккиз ёшга тўлмаганлигини билгани ҳолда улардан қурилиш ишларидан фойдаланиш учун Ўзбекистоннинг чегарасидан ўтказиб, паспортларини олиб қўйиб, зўрлик ишлатиб, қўрқитиб, иш ҳақларини ўзи олди.
   Суд Тоҳирбек Тошпўлатовни жабрланган йигирма беш кишига етказган зарарни ундиришни ва уни саккиз йилу олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилишни лозим деб топди.
   “Тегишмагин кўпга, тенг бўласан чўпга” деган экан машойихлар. Тоҳирбекнинг қадр-қиммати бир чўпчалик ҳам бўлмади. У ўз юртдошларини Қозоғистонга сотиб, бойиб кетмоқчи эди. Ўйлаган режаси пучга чиқиб, қилган жирканч иши уни симтўрлар ортига етаклади.
  
Хонбиби ҲИММАТ қизи (МАХАМОВА), журналист.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот