ЁЗУВЧИ ТЎҚИЙДИ, ЛЕКИН ҲАҚИҚАТНИ ЁЗАДИ!


МЕҲРИНИСО ҚУРБОНОВА:
“ЁЗУВЧИ ТЎҚИЙДИ, ЛЕКИН ҲАҚИҚАТНИ ЁЗАДИ!”

     Мен ёзувчи ва журналист Меҳринисо Қурбонова билан бир хонада узоқ йиллар бирга ишладим. 
   Шўх-шаддод, баъзида ўйчан, баъзида ҳазилкаш, дилкаш дугонамнинг ижодини ҳурмат қиламан. Ҳикояларидаги ўзбек аёлларининг қалби, дард-дунёси, улардаги миллий колорит, ўзига хослик китобхонни ўзига жалб қилади. 
     Меҳринисо Қурбонова ҳаётнинг, турмушнинг ўнқир-чўнқирларини енгиб ўтган оқила аёл сифатида ёшларимизга яхши устоз ва насиҳатгўй бўлганлар. Уларнинг суҳбатини, даврасини истовчи мухлислари ҳам бисёр. Адиба билан бир марта суҳбатдош бўлган одам унинг суҳбатини яна қўмсайди. 
    Адибанинг янги китоби нашрдан чиқиши муносабати билан “Бекажон” газетасида фидоийлик билан меҳнат қилган ҳамкасбимизни суҳбатга чорладик. 
    Ижоддан ташқари у аёллар ҳавас қилса арзийдиган бека, она ва қайнона ҳамдир. Уч ўғилнинг онаси ва шириндан-шакар саккиз набиранинг бувижонисидир.

“КАТТА БУВИМ ГАПГА ЧЕЧАН, ҚУВНОҚ АЁЛ БЎЛГАНЛАР!”

– Меҳринисо, аждодларингиз ичида шоир ёки ёзувчилар, умуман ижод билан машғул бўлганлар борми? Адиба ва журналист бўлишингизга нима туртки бўлган?
– Бизнинг аждодимизда шоирлар, ёзувчилар бўлган ёки бўлмаган деб айтолмайман. Чунки болалик чоғларимизда бобом билан момомнинг араб алифбосида саводи бўлганлигини элас-элас эслайман. Энди ёшим бир жойга борганида ўйлайман-да, балки шоирлар ёки бахшилар чиққандир.Уларга ёзиш учун имкон бўлмагандир, қанчадан-қанча дардлари қоғозга тўкилмай армонларда кетишгандир. Бир манзара эсимда. Болалик чоғларимда онамнинг бувиси,  90 га яқинлашган шаҳрисабзлик катта бувим (бобомнинг онаси)  жуда гапга уста, нотиқлик санъати кучли эди. Пародияли гаплар айтиб, бир уй одамни кулдириб ўтирардилар. Узун қиш кечалари. Ўртада танча. Устига кўрпа ёпилган. Танча устида  патнисга тўкилган бир уюм туршак. Катта бувим бизга эртаклар  сўзлаб берардилар ва  биз чеваралар туршак шимганча, эртакдаги қаҳрамонларнинг бошидан ўтказганларини кўз ўнгимизга келтира-келтира ширин уйқуга кетардик. 100 ёшдан ўтиб оламдан ўтган, кўзлари кўрмай қолган катта бувимнинг гапга жуда чечанлиги, онамнинг шеъриятга бўлган қизиқишлари, ўртанча тоғамизнинг катта бувимга ўхшаб, ҳар бир гапни жой-жойига қўйиб сўзлашлари, балки адабиётга ҳавас  уйғотгандир, қалам тебратишга  ундагандир...
– Илк асар қувончлари ёдингиздами? Бадиий ижодга қай тариқа кириб келгансиз? 
– Илк ҳикоям мактабнинг 9-синфида ўқиб юрганимда Яккабоғ туман газетасида  “Болакай” деган номда босилган. Ўша йиллари, ҳатто туман газеталари катта тиражда босиларди ва жуда кўп хонадонларга кириб борарди. Айтсам, ишонасизми-йўқми, мен бир кунда машҳур бўлиб қолганман. Мактабда, кўча-кўйда кўпчилик мени кўрсатиб, “Ана, газетада ҳикояси чиққан қиз” дейишганида роса хижолат бўлганман.  Ичимда эса кўкларда учиб юрардим, мендан бахтли одам йўқ эди.
– Бадиий ижод кўнгил очар соҳами ёки қисматми?
– Нега биз китоб дўконларига кирганимизда, руҳиятимизга яқин бўлган китобларни сотиб оламиз? Кимдир шеърият шайдоси, кимдир насрий асарларни излаб дўконга кирган, яна кимдир фантастик ёки психологик китоблар сотиб олади. Китобхон ўзига ёққан шеърни ўқиб, ёд олиб завқ олиши ёки бирон қисса, роман ўқиб маънавий оламини бойитиши мумкин. Шуларни ёзган муаллиф ҳақида эса  ўйламайди ҳам. Лекин   шу китобларнинг муаллифи  барча турмуш ташвишларидан  ва нималардандир   воз кечиб, компьютер столи устида соатлаб ўтирганлиги унга нима беради, деб ўйлайсиз? Ёзганлари учун бир сўм пул олмаса... Тарихга қайтсак. Навоий бобомиз эмасми, барча ҳаловатларидан воз кечиб, шеърият мулкининг султони бўлган? Неча асрлар ўтса-да,  асл ҳаёти  ҳақида муҳим хабарларга  мутлақо эга эмасмиз. Нега оила қурмаганликлари ҳанузгача сир.  Чеховга нима зарур эди, ҳеч қандай шароити йўқ, муздек хоналарда совқотганича ҳикоялар битиш? Шукур Холмирзаевга нима зарур эди,   кўпчиликдан, шовқинлардан қочиб, вақтида овқатланишни-да унутиб, дала ҳовлисидаги  чайлада романлар, юзлаб ҳикоялар  ёзиш? Толстойга, Чингиз Айтматовга  осон бўлмагандир, ўнлаб ғалвалар  ичида  асрга татигулик  шедевр асарлар битиш?  Тоҳир Малик эмасми, қанчадан қанча жарроҳи амалларини бошидан ўтказса-да, умрининг сўнггига қадар ухламасдан, тонггача қалам тебратиб, минглаб-миллионлаб китобхонлар қалбидан жой олган? Бадиий ижод кўнгилочар соҳа эмас. Бу  - қисмат! Мана, сиз қанчадан-қанча қиссалар, романлар ёздингиз. Аллоҳ қўлингизга қалам тутқазди  ва  безовта бўлишга, кечинмаларингизни қоғозга туширишга мажбур бўлдингиз.
– Қайси асарингиз кўпчилик эътирофига сазовор бўлди? Ва нима учун деб ўйлайсиз?
– Мен машҳур ёзувчи эмасман, оддий қаламкашман, холос. Бирон асарим машҳур бўлди, десам, ёлғон гапираётган бўламан. Чунки  анчадан бери китобларимни чиқара олмадим. Бугунги кунда китобхонликдан  кўра, интернет тармоқларига қўйганларингиз ўз ўқувчиларини топади. Чунки интернетда ҳикоя қўйилса, ҳеч бўлмаганда юзта одам ўқийди, мулоҳазаларини айтади. “Бекажон” да ишлаб юрган кезларимда  кўплаб ҳикояларим чоп этилди, газетхонлар тилига тушдим. Кейинги йилларда Фейсбукда қўйганларим  бироз машҳур бўлди, демасам, оламшумул даражада бирон нарса ёздим, дея олмайман. Яқинда Фейсбукда “Энди мен кетаман!”  ва “Ота ҳукми” номли ҳикояларим эълон  қилинди. Жуда кўпчилик фикр-мулоҳазаларини ёзишди ва миннатдорчилик билдиришганидан хурсандман.

“АЁЛНИ МЕҲРСИЗЛИК ЎЛДИРАДИ!

– Нима учун ижодингизда тушкун кайфият бор. Айрим ҳикояларингиз бахтли якун топмайди?
– Бу саволингиз жуда ўринли ва жавоб бериш мушкулроқ. Демак,  ҳикояларим қаҳрамонларини кўпроқ тушкун ҳолатда кузатган бўлиб чиқаман. Масалан, мен ҳажвий ёки фантастик ҳикоялар ёзолмайман. Ҳикояларим қаҳрамонларининг кўпчилиги ҳаёт чорраҳаларида адашиб қолганлар ёки романтикроқ  одамлар. Охири яхшилик билан тугаган ҳикояларим ҳам бор. Инсон яшаш тарзини, дунёқарашини ўзгартиришга интилдими, қилган хатосини англаб ета бошладими, демак, унинг қалби Яратганга яқинлаша бошлайди. Бу  унинг ютуғи. Одамларга кўпроқ охири яхшилик, бахтиёрлик билан тугаган  асарлар ёқади.   
    Ёзувчининг ўз оламидан ташқари, яна бир олами бор. У ҳаётда кузатаётган одамларнинг  тақдирини  нигоҳдан ўтказа туриб, тасаввурларини ишга солади ва бу ҳақиқат бўлиб чиққан пайтлар ҳам бўлади. Айтишади-ку, менинг ҳаётимни ёзибсиз, деб. “Ёзувчи тўқийди, лекин ҳақиқатни ёзади” деган эди Асқад Мухтор. ”Бекатдаги икки ёлғиз” номли ҳикоямда автобусда икки ёшни кузатдим  ва қизнинг алданиб қолишини, у севиб қолган йигит уни ҳеч қачон бахтиёр қилолмаслигини ҳис этиб, юрагим қаттиқ оғриди. Қизгина ҳиссиётга берилган кўйи тиканлар устида турарди. Қизга мен, муаллиф эмас, балки муаллима аёл дуч келди  ва тушкун кайфиятга тушиб қолган қиз учун қалқон пайдо бўлди. Лекин  ҳикояни “йигит қизга уйланди, тўй бўлди, олам нурафшон бўлди”, деб ёлғондан тугата олмайман. Эртага нима бўлишини Яратган Эгам билади. Бир рус ёзувчисининг “О, Мария” деган ҳикоясини ўқиганман. Хиёнат қилиб, уйдан чиқиб кетган эркак аёлидан кечирим сўраб, уйи эшиги  тагида узоқ туриб қолади. ”Аёлим кечирармикан?” деган минг истиҳолага боради. Асарда эшик очилганлиги ёки очилмаганлиги ҳақида  бирон сўз йўқ. Ёзувчи асарнинг ечимини ўқувчининг ҳукмига ҳавола этади.Чунки ҳаёт давом этаяпти. Бир кундан, бир лаҳзадан кейин қисматимиз нима бўлишини  биз ожиз бандалари билмаймиз. Бу асарни ўқиганлар қандай хаёлга боришларини билмадим, Бироқ,  мен  “аёл  эшикни очади ва эрини кечиради”, деб умид қиламан. Лекин қалбининг эшиклари очилармикан? Буни вақт кўрсатади. Пандемия даврида ёзилган “Вирус” номли ҳикоям бор. Ҳаётда кузатган қаҳрамонимнинг аёли вирус касалидан оламдан ўтади. Аслида аёлни вирус эмас, меҳрсизлик, эътиборсизлик ўлдирди. Эри бошқа шаҳарда, ўзга миллат аёлига уйланган, маишатини қилиб яшаб юрибди. Ватанга қайтса, қизи икки боласи билан уйга қайтиб келган. Ўғли чет элда оиласи билан пандемиядан азоб чекаяпти, набиралари сарсон-саргардон, севилмаган, бахтсиз, касалманд аёли оғир бетоб. Эркак оиласига вирус туширганини, ўзи туфайли фарзандлари бахтсиз яшаётганлигини бутун вужуди билан идрок этади. Ва асар сўнггида севикли маҳбубасини тарк этиб, аёли билан қолади. Лекин мен ҳикоямда аёлни “ўлдирмадим”. Эридан оладиган меҳри узоооқ бўлишини ва китобхонга ҳам юқишини хоҳладим. ЭРКАКЛАРГА БУРЧ ДЕГАН МАСЪУЛИЯТ борлигини ҳам эслатиб қўйишни истадим.
– “Бекажон” газетасида ишлаш жараёнида жуда кўп таниқли инсонлар билан ҳамсуҳбат бўлгансиз. Улардан нималарни ўргангансиз?
– “Ўзбекистон” радиоси ва “Бекажон” газетаси  менга жуда катта имкониятлар эшигини очди. Чунки бу жамоаларда ишлаш жараёни турли касб эгалари билан чин дилдан суҳбатлашиш ва улардан кўп нарсаларни ўрганиш имконини берган. Уларнинг ичида  таниқли олимлару санъат арбобларигача, халқ артистларидан тортиб, оддий фаррошларгача бор. Улардан одамийликни, синов келганда сабр қилишликни, энг оғир вазиятда ҳам тўхтаб қолмасликни ўргандим. Ва буларнинг ҳаммаси ҳаёт йўлимда асқатди, асқатяпти. Кўпчилик журналистлар телефон орқали интервью олишни осон деб билишади. Лекин ҳамроҳларимнинг ҳузурига бориб, юзма-юз суҳбатлашишдан эринмадим, чунки суҳбатдошинг рўпарангда ўтирганида диллашиш мароқли ва жонли кечади. 

“КИМ ЎЗАРГА БЕЛ БОЙЛАГАН АЁЛЛАР!”

– Ўзбек аёллари ҳақида сўз очилса, кўнглингиздан қандай ўйлар ўтади? Қувончли ва оғриқли нуқталар...
– Бир мунча муддат “Тадбиркор аёл”  журналида ишладим. Вилоятларда бўлиб тадбиркор аёлларнинг ҳаётини, иш фаолиятини кузатдим, улар ҳақида кўплаб очерклар ёздим.Тан берган томоним шундаки, уларнинг ўзига бўлган ишончи, қўрқмаслиги, бир ишни бошлаганда охиригача етказа олиши, кредит олиб, қарзга кириб кетганида ҳам нолиш қилмасдан, қарздор бўлмасликнинг чорасини  қидиришлари мени ҳайратга солди. Аслини олганда, ўзбек аёлларининг аксарият қисми - тадбиркор. Эрларининг, ўғилларининг топиб-тутиб келганларини эплаб, тежамкорлик қилиб, борича чиройли қилиб дастурхон ёзадиган, уйидаги гапни кўчага чиқармай бошини баланд кўтариб табассум қилиб юрадиган аёлларимизга ҳар қанча таъзим қилсак арзийди. Онам билан момомни эслайман. Сабзидан, беҳилардан мурабболар қилиб, ҳар куни тандирда иссиқ нонлар ёпиб, бор бўлса ошириб, йўқ бўлса яшириб рўзғор юритганларини кўрдим, ҳеч қачон “у  қолмади, бу қолмади”, деб нолишмаган. Эри том суваётганида лой ташиб бераётган,  таппи - тезакларини ғамлаб, қишда ўтиннинг ғамини қилиб қўядиган, ҳатто ғишт қуяётган аёлларни биламан. Эри Россияга ишлагани кетиб, майиб бўлиб тўшакка михланиб қолганида сира нолимасдан, кеча-ю кундуз атрофида парвона бўлаётган, бировларнинг кўрпа-тўшагини қавиб, болаларини боқаётган аёлларни кўраман. Тилларидан шукур тушмайди. Оғриқли нуқталаримиз бисёр. Кейинги 20 йиллар ичида ўзбек аёлларининг кўпчилиги тўй, маросимлар ўтказиш масаласида ким ўзарга бел боғлашган. Самарқанддаги тўйларда қуда томонда нечта одам бўлса, тилла тақинчоқлар тарқатилаяпти. Водий томонларда ҳалиям қиз узатган томон куёв томонга манзират ташимоқда. Тошкент шаҳрида келин томон куёв томонга швабрадан тортиб, пол латтасигача обориб беради. Бу одатлар воҳа томонларгаям етиб борди. Лекин  қанча ташима-таши бўлишига қарамасдан, ажрашишлар сони кўпайиб кетмоқда. Той ясатиш деган маросим йўқолиб кетувди, яна пайдо бўлди.  Исломда бешик тўйи ўтказиш йўқ-ку! Эркакларнинг кўпи инсультга чалинмоқда. Нега? Мана бир мисол: Бир эркак қизини узатди. Даромади унчалик эмас. Эру хотин арзимаган маошга кун кечиришади. Куёв томон учта хонани бўшатиб қўйган.  Пардасининг ўзи 12 миллионга тушди, чинни идишлар ва гиламларни айтмасам ҳам бўлади. Эркак хотинининг гапига кириб ҳаммаёқдан қарз кўтарди. Орадан кўп ўтмасдан оғзи бир томонга қийшайиб, инсульт бўлди. Бу  кераксиз удумларни ўйлаб топадиган кимлар? Фақат аёллар! Қандай  қилиб бу онгсиз аёлларга китоб ёки журнал совға қиласиз? Ўқимайди, берсангиз очиб ҳам кўрмай бир четга улоқтиришади. Шу аёлларнинг фарзандлари китобга меҳр қўяди, деб ўйлайсизми? Оғриқли нуқталаримиз жуда кўп, ёзсам, катта варақлар тўлиши аниқ.
– Кейинги йилларда ўзбек адабиётида яхши асарлар ёзилмаётганига нима сабаб деб ўйлайсиз? Нима учун илгаригидек қўлма-қўл ўқиладиган, оғизга тушадиган асарлар ёзилмаяпти?
– Ёзилаяпти, лекин юқорида айтганимдек, ҳозир  интернет асри. Биз қандай асарлар ёзилаётганлиги, муаллифи кимлигини фақат интернет орқали билаяпмиз, холос. Бундан кўп йиллар олдин адабиётимизда бирон яхши асар битилса,  адабиётшунос олимларимиз   Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафиддинов, Норбой Худойбергенов, Умарали Норматов ва бошқалар томонидан мақолалар битилар ва ундан деярли барча  адабиёт шинавандалари баҳраманд бўлар ва ўша китобларни ўқувчи излаб топиб ўқирди. Ҳозир бундай тақризлар мутлақо ёзилмайди ва “омон”  қолган газеталардан бирида  чоп этилса ҳам сизу бизга ўхшаган журналистлар ўқимаса, ҳеч ким қайрилиб қарамайди. Ўтган йили ёш ёзувчи Жовли Хушбоқовнинг “Қўрқма” номли романи эълон қилинди. Ўтган аср бошларида Германияга ўқишга юборилган ёшларнинг Ватанга қайтгач, турли тазйиқларга учраб отиб ўлдирилганлиги ҳақида битилган асар. Менга ёқди. Таниқли ёзувчилар Нурали Қобул ва Шаҳодат Исахонованинг катта меҳнатлар эвазига ёзилган тарихий асарлари номини фақат Фейсбук орқалигина билиб олаяпмиз. Бу ёзувчиларнинг асарлари ҳатто чет тилларга таржима қилиниб чоп этилди. Шеъриятимизда ҳам фаоллик кучли. Яхши ёзаётган ёш шоиру  шоиралар бор. Уларни қўллаб-қувватлаш керак. Бугун адабиётимиз ҳақида жон куйдириб, бонг ураётган профессор, адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошев, Хуршид Даврон, Усмон Азим, Улуғбек Ҳамдамов, Фахриддин Низомовлардан бошқа шоиру ёзувчилар тилим учига келмаяпти.
– Жаҳон бадиияти тарихида ёки ўзбек адабиётида қайси ижодкорларни устоз деб биласиз? Уларнинг таъсирини нималарда кўрасиз?
– Биласиз, биз болалик чоғларимиздан бошлаб, ўзбек адабиёти тарихини яхши ўрганмадик. Дарсликларимизда Алишер Навоийнинг бир неча тўртликлари ва Увайсий момомизнинг биттагина “Анор” чистонидан бошқа нарсаларни ёд олмадик. Университетга кирганимиздан кейингина  Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Тоҳир Малик, Ўткир Ҳошимов, Усмон Азим, Ҳалима Худойбердиеваларнинг ижод намуналарини ўқидик, ёд олдик. Иброҳим Ғафуровнинг мақолаларини  ва таржима асарларини ўқидик. Бу асарларнинг таъсир кучи уларнинг халқона тилда ёзилганлиги, қаҳрамонлар ҳаётининг маҳорат билан ёритилганлигида, деб биламан. Яхши асарлар бир марта эмас,  қайта-қайта ўқилсагина узоқ йиллар яшайди, халқнинг ҳақиқий мулкига айланади. Ҳозиргина тилга олган ижодкорларнинг барчасини устозим деб биламан.

“ИНСОН КЎЗ ЎНГИНГИЗДА БУҚАЛАМУНГА АЙЛАНСА...”

– Илк муҳаббат ва унинг ижодга таъсири ҳақида нима дея оласиз? Ижодда ақл ва ҳис-туйғунинг роли ҳақидаги фикрингиз?
– Илк муҳаббат болаликда ва ўсмирликда ҳам кечади. Муҳаббат дардига йўлиққан одам  ҳамма қаторида юрган инсонлардан бирини ёқтириб қолади ва бир кун бориб унутади. Кимдир буни баралла айта олади, кўпчилик бу “дард”ни юрагида сақлаб юради. Ёзувчи эса мана шу дардни ёзиш жараёнида  севиб қолган қаҳрамонидан ҳам ортиқ азоб чекади. Чунки у ўша одамларнинг “ичига” кира олиши ва ўша изтиробларни маҳорат билан қоғозга тўка олиши керак. ”Муҳаббат мавсуми”, “Хайр муҳаббат”, “Муҳаббат дориси”, “Эсдалик учун севги” каби муҳаббат ҳақида ёзган кўплаб ҳикояларим бор. Ижодда ҳис-туйғудан кўра, ақл устунлик қилишига имкон қадар ҳаракат қилдим. Чунки ўта ҳис-туйғуга берилиш кўпинча кўнгилсиз оқибатларни келтириб чиқаришини кўп кузатдим. Айтмоқчиманки, одамзод   муҳаббат деб аталмиш нозик  масалада ўзини бошқара олиши, ақл билан иш тутиши зарур.
– Сизнингча, ёмон одам деганда қандай  аломатлар кўзга ташланади? “Одамнинг оласи ичида” деганда аниқ бир белгили одамлар тоифасини  кўрсата оласизми? Қандай одамни  ва қайси гуноҳни кечирмаслик керак?
– Бундан беш йилча олдин “Одам” деган ҳикоя бошловдим. Шу чоққача тугата олганим йўқ. Миямда айланиб юрибди. Ер юзида қанча миллиард одам зоти бўлса, ҳеч бири бир-бирини такрорламайди, ҳатто Ер юзидаги барча япроқларнинг, ҳатто қор парчаларининг ранги, тузилиши ҳар хил. ”Одамнинг оласи ичида” деган яхши гап ишлатдингиз. Ёмон одам...Сиз бир инсонга меҳр қўйдингиз, шу инсоннинг унчалик яхши одам эмаслигини биласиз, лекин қўлингиздан келганича ёрдам беришга ошиқасиз. Яхши одамлар қаторига киради, деб умид қиласиз. Бирмунча муддат ўтгандан сўнг шу одамнинг асл қиёфаси намоён бўлади, тўсатдан кўз ўнгингизда буқаламунга айланади. Бироқ, инсон зоти кечиримли. Шу ёмон одамнинг ҳам бир яхши хислати бор-да. Ака-уканинг, опа-сингилнинг, ота-боланинг орасига ҳеч бир уялмасдан нифоқ туширадиган, ҳатто халқлар, миллатлар орасини бузадиган, қонли урушларни бошлаб юборадиган бузғунчи одамларни кечириб бўлмайди. Аллоҳга ширк келтирадиган одамларни  эса асло!

“АЁЛ ҚАЧОН ЎЗЛИГИНИ АНГЛАБ ЕТАДИ?”

– Ўзбек адабиётида қайси мавзулар кам ёритилган деб ўйлайсиз? Қандай асарлар ёзишни орзу қиласиз?
– Бундан кўп йиллар олдин Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиева “Гулчеҳралар “ газетаси учун  долзарб мавзуда ҳикоями, қиссами   ёзиб беришимни сўраб қолдилар. Ўша кезлари “Алдов қурбонлари” номли қиссамни тугатган эдим. Шуни кетма-кет сонларида чоп этишди. Ўша йиллари одам савдоси муаммоси жуда авжига чиққан эди. Давлатимиз томонидан жуда кўп алданган йигит-қизлар ортга қайтарилди, ишларга жойлаштирилди. Лекин бу муаммо ҳали ҳануз тугамади, янгича кўринишларда давом этмоқда. Шулар ҳақида ёзишимиз керак. Аёлга бўлган зўравонлик ҳақида ҳикоя ва қиссалар ёзиш ниятим бор, бошладим. Аёл қачон ўзлигини англаб етади? Бошига мушкул иш тушганида қаддини кўтара олган, ҳам ўзини, ҳам атрофидагиларни қадрлай олган, мушкулотларни матонат билан енга олган аёллар ҳақида ёзгим келади. Бундай  қаҳрамонлар ёнгинамизда яшаяпти. 
– Уч ўғилнинг онасисиз. Ижодга, яна китоблар ўқиб, ўрганишга қандай улгургансиз?
– Оила юритиш, унинг китобларда ёзилмаган қонуниятларига бўйсуниш анча мушкул. “Боланг каттарди, яранг каттарди” дердилар момомиз. “Нега бундай дейсиз, момо, болалар каттарганидан кейин яхши-ку, ўзларини ўзлари бошқаради” дердим. Бу гапнинг мағзини энди тушундим. Фарзандлар ўттиз,  қирққа киришганида ҳам уларга ё  моддий, ё  маънавий кўмак беришга ўзимизни масъул, деб биламиз барибир. Китобларни тунда ўқийман, ижодий ишларимни эса набираларимдан, уй юмушларимдан бўшаганимда ёзаман. 
– Ҳам адиба, ҳам, уч ўғилнинг онаси сифатида қайноналарга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?
– Қайнонажонлар, янги тушган келинларингизга ҳадеб ёшлигингизни эслатиб мақтанманг. Наҳотки, ошингизнинг таги куйиб кетмаган бўлса? Наҳотки, қозондаги сутингиз тошиб кетмаган бўлса? Ҳар қадамда тергашингиз уни касалманд аёлга айлантиради. Ўз ҳолига қўйинг, ўғлингизга ёмонлашни бас қилинг. Билмаганини  ўргатинг, асакангиз кетиб қолмайди.
– Мана, умримизнинг ярми ўтиб бўлди, ҳисоб. Бу давр мобайнида ҳаёт ҳақида қандай хулосаларга келдингиз? Инсон учун энг муҳим нарса нима деб ўйлайсиз?
– Юнус Эмронинг бир ажойиб гапи бор: “Бу дунё бозорда ўтирган сотувчининг тонгда молини ёйиб, то кечгача сотиб, йиғиштиргандаги ҳолатига ўхшайди”. Демоқчики, ҳаёт нақадар қисқа. Аллоҳим биз бандаларини синовдан ўтказиш учун дунёга келтирди. Журналистик фаолиятим давомида кўрган-кечирганларимдан хулосам шуки, олаётган ҳар бир нафасимиз, ҳар бир берилган дақиқамизни тилда ва кўнгилда шукур билан кутиб олишимиз, атрофимиздаги яхши одамларнинг маънили суҳбатларидан баҳраманд бўлишимиз  одамзод учун энг катта саодат. Инсон учун энг муҳим нарса дилозор бўлмаслик, қўлимиздан келганича одамларга яхшилик қилиш, яхши амалларни бажариш, энг муҳими, шу чоққача қилган хатоларимиздан хулоса  чиқариш, деб ўйлайман.
– Айтгандек, янги китобингиз нашрдан чиқди. Муборак бўлсин!
– “Шиша ичидаги муҳаббат” номли китобим хусусий нашриётда қаттиқ муқовада, сифатли қилиб тайёрланган. Фурсатдан фойдаланиб, нашриёт директори Эркинжон Юсуповга ва китобни тайёрлашда иштирок этган барча мутахассисларга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман.

Мавлуда ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди. 
Манба: "Бекажон" газетаси.













Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот