КЎНГИЛДАГИ ДАРД КЎЗЛАРДА АКС ЭТАДИ!
МАРЯМ АБДУЛЛАЕВА: “КЎНГИЛДАГИ ДАРД КЎЗЛАРДА АКС ЭТАДИ!”
Марям Абдуллаева шу кунларда “Олов пазанда” кўрсатувига бошловчилик қиляпти. Аввал-бошда бу кўрсатувни актриса Маърифат Ортиқова олиб боргани учун муҳлислар янги бошловчига тезда кўника олмадилар. Шу сабабли айримлар Ижтимоий тармоқларда унга нисбатан салбий фикрлар ёзиб қолдиришди.
Умуман олганда таниқли режиссёр Дурдона Тўлганованинг “Сенсиз”, “Ёлғиз қўйинг” сериаллари Марям Абдуллаевага катта омад келтирди. Бу ҳушрўй актрисани томошабинлар дарров яхши кўриб қолишди.
Марям Абдуллаева аслида актриса эмас, бухгалтерия соҳасини тугатган, кинога эса тасодифан кириб келди.
Биз у билан кинога кириб келиши, янги роллари, оиласи ва “Олов пазанда” кўрсатуви ҳақида суҳбатлашдик.
“ИЛОНЛАРДАН ЖУДА ҚЎРҚАМАН...”
- Қандай оилада таваллуд топгансиз? Болалигингизда шўх бўлганмисиз? Болаликда бўлган бирон таъсирли воқеани эсласангиз.
- Ўртаҳол оилада туғилганман. Отам кўпроқ чорвачилик ва деҳқончилик билан, онам эса кичик тадбиркорлик билан шуғулланар эдилар.
Нимасини айтасиз, болалигимда жуда шўх, ишкалчи қиз бўлганман. Ҳатто ўғил болалар билан муштлашардим. Мактаб пайтида неча марта касалхонага тушган бўлсам, ҳаммасига шу уруш-тўполонлар сабаб бўларди. Шунинг учун бўлса керак, ҳамма менга “сен ўзи ўғил бола бўлиб туғилишинг керак эди” дер эди.
Болалигимда ёдимда қолган бир воқеа бўлган. Шу воқеани унутишга роса ҳаракат қилдим, лекин бўлмади. Уйимизда уста ишлаётган вақтда, онам бозорга чиқар, усталарга кичкина бўлсам ҳам мен қарар эдим. Бир куни усталарга тушлик бериб ухлаб қолибман. Шу даражада чарчабманки, баданимга нимадир тегаётгани биляпман, лекин кўзимни очишга ҳолим йўқ. Ухлаб ётган жойимда, уйлар бузилгани ҳисобига уй илони оёғимнинг устида ўрмалаб юрган экан. Буни ҳис қиляпман, лекин уйқуда бўлсам ҳам, “тавба, нима шунақа судралиб юриши мумкин?” деб ўйлаяпман. Бир пайт ўша муздай нарса мени сескантириб юборди ва мен сакраб ўрнимдан туриб кетдим. Қарасам, илон! Шу-шу илонлардан жуда қўрқаман. Бу воқеа онгимга шу қадар чуқур ўрнашиб қолганки, ҳалигача тушларимга киради ва мен ҳар сафар сесканиб уйғониб кетаман.
- Ота-онангизнинг тарбиявий усуллари қанақа бўлган? Айб қилсангиз жазолашар эдими? Ёки тушунтирар эдиларми?
- Дадам жуда ҳам қаттиққўллар. Ҳатто шу даражада бизга қаттиқ турганларки, 9-синфда ўқиётганимда чёлка кесганим учун мени қаттиқ жазолаганлар. Биз қизлар турмушга чиққунимизгача бошимиздан рўмол тушмаган. Кўпинча, муаммоларимизни онам билан маслаҳатлашиб ҳал қилар эдик. Ота-оналаримиз иккалалари ҳам бизга қаттиқ туришган.
“Нима иш қилсанг ҳам, шим киясанми, калта кўйлак киясанми, соч кесасанми, аввал турмушга чиқ, эринг рухсат берса, кейин қиласан!” дейишар ва кўп нарсага рухсат бермас эдилар.
Ҳа, айб иш қилсак, жазоланар эдик. Фарзандни бусиз тарбиялаб бўлмас экан. Энди мана ўзим она бўлиб, ҳаммасини бошимдан ўтказяпман, ота-онам нега жазолаганларини тушуняпман. Улар мени келгусида қоқилмасин, яхши инсон бўлсин, деб жазолашган.
- Қайси соҳага қизиққансиз? Касбингиз нима?
- Бирон касбга қизиқиш менда энди бошланди, десам, ишонасизми?! Болалигимда шўх бўлганим учун мактабда умуман ўқимаганман. Коллежда ҳам онамнинг қистовлари билан ўқиганман.
Банк соҳасининг бухгалтерия йўналишини битирганман. Лекин институтда ўқимаганим учун шу кеча-кундузда Ички ишларда, форма кийиб ишлашга жуда қизиқиб қолдим ва шу йўналиш бўйича олий маълумот олишни ният қиляпман.
“АКТРИСА БЎЛАМАН” ДЕБ СИРА ЎЙЛАМАГАНДИМ!”
- Киносанъатига қандай кириб келгансиз? Бу тасодифан бўлганми? Бунга оила аъзоларингиз қандай қарашган? Қаршиликлар бўлмаганми?
- Бу саволни жуда кўп бор беришган. Мухбирларнинг деярли ҳаммаси шу саволни беради. Киносанъатига тасодифан кириб келганман. Ҳеч қачон “актриса бўламан, озми-кўпми, муҳлисларим бўлади!” деган фикр хаёлимнинг кўчасига ҳам келмаган.
Кимдир кимгадир сабабчи бўлади. Тасодифан режиссёр Дурдона Тўлаганова билан кўришиб қолганман. Ҳаммаси бир кунда ҳал бўлган.
Ота-онам “турмушга чиққанингдан кейин, сен рухсатни хўжайинингдан сўрайсан” дейишган. Шунинг учун аввал кинода суратга тушмоқчи эканимни турмуш ўртоғимга айтганман ва улардан рухсат сўраганман.
Ота-онамга “кинода суратга тушмоқчиман, мени дуо қилинглар, куёвингиз рухсат бердилар!” деб айтганимда, улар бунга монелик қилишмаган.
- Сиз касбингиз бўйича актриса эмас экансиз. Актрисалик маҳоратини кимдан ўргандингиз? Кимлар сизга устозлик қилди?
- Билмадим, ўзимга жуда катта баҳо беришни истамасдим. Лекин бу туғма истеъдод бўлиши мумкин (кулади). Мактабда ўқиб юрган пайтимда “Балли қизлар!” танловида, Наврўз, Янги йил тадбирларида ҳар доим “Энг яхши роль ўйнагани учун”, “Энг чаққон қиз” деган номинацияларни олганман. Аммо ҳеч қачон “Энг аълочи қиз” деган мақтовга сазовор бўлмаганман.
Ҳуллас, байрам тадбирларида жуда ҳам фаол эдим. Устозларга келадиган бўлсам, мени санъат оламига олиб кирган ҳам, шу соҳада менга таълим-тарбия берган одам ҳам, камера қаршисида қандай роль ижро этишни, кадр ортида нималарга эътибор бериш кераклигини менга ўргатган инсон, режиссёр Дурдона Тўлаганова бўладилар. Мен уларни ўзимга устоз деб биламан. Улардан кейин сериалда бирга роль ижро этганларим – Убайдулла Омон, Муқаддас Ҳолиқова, Нигора Каримбоевалар менга устозлик қилишди, иш жараёнида маслаҳатларини аямадилар. Мен ўзи иш “ўғрисиман”. Мен уларнинг қилаётган ҳатти-ҳаракатларини кўриб, буни ўзимга татбиқ этишга ҳаракат қиламан.
“Ёлғиз қўйинг” сериалида қайси устозлар билан ишлаган бўлсам, мен маза қилиб ишладим. Улардан табиийликни ўргандим. Камера қаршисида одам ўзини эркин ҳис қилолмайди, қандайдир қимтиниб туради. Шу туфайли баъзида ижроси сунъий чиқади. Улардан камера қаршисида эркин ишлашни ўргандим. Масалан, устоз санъаткорлар Муқаддас Ҳолиқова, Нигора Каримбоева, Убадулла Омон сценарийда қандай ёзилган бўлса, шундай ижро қилмас эдилар. Улар диалог пайтида сценарийдаги сўзлар орасига халқона бир ибора қўшиб кетардиларки, шунда роллари жуда ҳам чиройли, жонли чиқарди. Мен ҳам роль устида ана шундай ишлашни ўргандим.
- ”Сенсиз”,”Ёлғиз қўйинг” сериалларида қатнашиб озми-кўпми, машҳур бўлдингиз. Бундан аввал ҳам сериалларда иштирок этганмидингиз?
- “Сенсиз” сериали мен учун жуда ҳам омадли бўлди. Кастингда қатнашмаганман. Актриса бўламан деб ҳаракат ҳам қилмаганман, бунга даъвогар ҳам бўлмаганман.
“Сенсиз” сериали устида иш бошланган йили 14 мартда Тошкентга келган бўлсам, 15 мартда менга шу сериалда қатнашиш таклифини айтишган. 16 мартдан съёмкаларга қатнашишни бошлаганман. Ва 23 мартда, бир хафтадан кейин қайтиш шарти билан Озарбайжонга учиб кетганман. У ердан қайтганимда сериалда мен қанашган қисмлар эфирга узатила бошлаган экан. Шунинг учун кўча-кўйда юрганимда халқ мени танишни бошлаган. Шунинг учун “Сенсиз” сериали мен учун омадли сериал бўлди, деб биламан.
“Ёлғиз қўйинг” сериалида ҳам бош қаҳрамонлардан бирини ижро этдим. Дурдона Тўлаганова қўлларида сценарий билан менга юзландилар. “Рисолат ролида фақат сизни кўряпман” дедилар. Мен эса “бу сериал камида икки йил суратга олинади, мен бунча узоқ муддатга Тошкентда қоломайман” дедим. “Бу сизнинг қўлингиздан келади, ўзим сизга ёрдам бераман” деб менга ишонч билдирдилар. Менга шу куч ва мадад берди.
“БИРОВНИНГ ДАРДИНИ ҲИС ҚИЛИШ ҚИЙИН!”
- Роллар ижросида сизни кўпроқ қийнаган муаммо нима? Қийин вазиятлардан қандай чиқиб кетдингиз?
- Тўғрисини айтадиган бўлсам, камера қаршисида ишлаш жуда ҳам қийин. Яъни, масъулиятли. Масалан, “Ёлғиз қўйинг” сериалида биринчи мавсумда ҳам, иккинчи мавсумда ҳам йиғлайдиган жойлари кўп. Шунчаки йиғлаш бор, кўзни ишлатиб йиғлаш бор. Дурдона Тўлаганова “йиғла” деганларида йиғлар эдим, лекин режиссёрнинг бундан кўнгли тўлмасди. “Кўзинг ишламаяпти!” дер эдилар. “Агар одамнинг кўнглида дарди бўлса, бу унинг нигоҳларда кўринади!”, дердилар. Барибир асли кўнглингизда бўлмаган дардни кўрсатиб бериш мушкул. “Шундай вазиятда мен нима қилган бўлардим, нимани ҳис қилган бўлардим” дея тасаввур қилиб, ўша ҳолатга тушишга ва ўша дардни нигоҳларим орқали ҳам ифодалаб беришга ҳаракат қилдим. Буни ҳам менга усозим Дурдона Тўлаганова ўргатдилар. Бошқа ўринларда жуда у қадар қийналганим йўқ. Лекин кўзларда дард чекиб йиғлашни мен бир, бир ярим йил ўргандим.
- Айримлар кинодаги ролларни фақат проффессионал актёрлар, яъни шу йўналишда институтларда ўқиган кишилар ижро этиши керак, деб ҳисоблашади. Сизнинг фикрингиз қандай? Мана роллар ижро этдингиз, “шу соҳада ўқишим керак экан” деган фикрга бормадингизми?
- Тўғрисини айтсам, ўқиш керак. Бу мени фикрим, албатта. Ҳамма касбда ўзига яраша рақобат бўлади. Шу рақобатчи актёрлар олдида ҳам “мен ўқиганман, мен касбимни мукаммал эгаллаганман. Касбим бўйича профессионал даражада билимга эгаман” дейиш учун ҳам, ёв қарашлар бўлмаслиги учун ҳам ўқиш керак, деб ўйлайман. Лекин ўқишдан ҳам олдин, аввало истеъдод, туғма талант бўлиши керак. Агар истеъдоди бўлмаса, менимча, ундай одамнинг ўқигани ҳам бир пул. Агар “сиз ўқишни танлайсизми ёки маҳоратними?” деган савол берилса, “мен маҳоратни танлайман”, деган бўлардим.
“ОЛОВ ПАЗАНДА” ДА СИНОВДАН ЎТДИМ!
- ”Олов пазанда” кўрсатувида бошловчилик қиляпсиз? Айрим иштирокчилар нега норози бўлишди? Маърифат Ортиқова нега бу лойиҳани тарк этди?
- Маърифат Ортиқова фарзандли бўлдилар. Фарзанд парвариши билан шуғулланиш учун лойиҳани тарк этишларига тўғри келди.
Энди биласизми, янги ишга келган одам шу жамоадагилар билан танишиб, чиқишиб олгунича, синовдан ўтади-да. Бу жамодагилар сизни “ким экан, қандай одам экан, касбининг устасими-йўқми” деб кузатишади. Истанг-истаманг, сизни муҳокама қилишлари табиий. Менда ҳам худди шундай ҳолат бўлди. Шукрки, мана бир ойдан бери, Ижтимоий тармоқлардаги тўқсон беш фоиз негатив изоҳлар йўқолди. Ниҳоят, “Олов пазанда” муҳлислари мени қабул қилишди. Қолган ҳаммаси жойида.
“ЖАМШИД БОБОЖОНОВ ТУРМУШ ЎРТОҒИМ ЭМАС!”
- Шу лойиҳада қатнашганидан кейин Маърифат Ортиқова бироз тўлишди. Сиз семириб кетишдан қўрқмайсизми?
- Маърифат опам оналикка тайёрланаётганлари учун тўлишдилар-да. Улар “Олов пазанда”да икки-уч қошиқ овқат еганлари сабабли семирганлари йўқ.
Мен қоматимни жуда қаттиқ назорат қиламан. Шунинг учун йил ўн икки ой парҳез тутаман. “Олов пазанда”да, съёмка пайтида овқатларни мақтаб-мақтаб еймиз. Худди ҳаммасини еб қўйгандай қилиб суратга олишади. Бу кўрсатувнинг талаби шундай. Шахсан мен кадр учун кўпи билан икки қошиқ овқат ейман. Таомнинг таъмини билиш ва иштирокчиларга ҳолис муносабатда бўлиш учун шундай қилиш керак. Семириб кетишдан қўрқмайман. Чунки ҳамма нарса одамнинг ўзига боғлиқ.
- Ўзингиз оилалимисиз? Айрим муҳлисларингиз сизни актёр Жамшид Бобожоновнинг аёли бўлса керак, доим бирга роль ўйнашади, деб ўйлайдилар. Ундай эмасми?
- Ҳа, оилалиман. Аммо, Жамшид Бобожонов турмуш ўртоғим эмас. Биз яхши ҳамкасб ва яхши дўстмиз. Бирга роль ўйнашимизга келадиган бўлсак, характеримиз бир-биримизга жуда мос тушган ва режиссёрлар биз билан ишлашга қийналмайди. Шунинг учун ҳозир янги сериалларда ҳам бирга роль ўйнаяпмиз. Буни ҳозирча ҳеч кимга айтмаяпмиз. Бу муҳлисларимиз учун ҳам бир яхшигина совға бўлади, деб ўйлайман.
Турмуш ўртоғимнинг шоу бизнесга умуман алоқалари йўқ.
- Ўзингиз пазандаликка қизиқасизми? “Олов пазанда” кўрсатувидан бирон таом тайёрлашни ўргандингизми? Уйда қандай таомларни яхши кўриб тайёрлайсиз?
- Энди ўзимни мақтасам, нокамтарлик бўлади. Лекин уйда хамир таомларни, айниқса чучварани жуда севиб тайёрлайман. Албатта, бу кўрсатув орқали жуда кўп ширинликларни, салатлар ва газаклар тайёрлашни ўргандим. Оила аъзоларимга хамир таомлар тайёрлаб берсам, ҳаммалари мақтаб-мақтаб ейишади. Лекин очиғини айтаман, уйда таом тайёрлашга кўпинча вақтим етмайди.
- Сизни яна қайси сериалларда кўрамиз? Бўлғуси режаларингиз қандай?
- Тўғрисини айтсам, иккита-учта сериалларда бандман. Ҳаттоки, худо хоҳласа, сериалларнинг айримлари чет давлатларда суратга олинади. Бироқ сериал ҳақида маълумот беролмайман. Насиб қилса, ўзингиз кўрасизлар.
- Ҳаётдаги шиорингиз. Аёл оилада бахтли бўлиши учун у нималарга эътибор қилиши керак, деб ўйлайсиз?
- Ҳаётдаги шиорим - онамни ҳурсанд қилиш! Уларга қувонч олиб келадиган ишлар қилиш. Буни ҳатто кунлик режаларимга киритиб қўйганман. Ҳар куни “бугун онамни ҳурсанд қилиш учун нима иш қилдим” деган саволни бераман. Агар жавобимдан қониқсам, ўзим ҳам ҳурсанд бўламан.
Аёл оилада бахтли бўлиши учун менимча, биринчи ўринда тозаликка, саранжом-саришталикка эътибор қилиши керак. Шу билан бирга фикр мусаффолиги, қалб тозалиги ҳам жуда муҳим, деб ҳисоблайман. Иккинчи қоида, бу турмуш ўртоғининг қалбига йўл топиш. Бу эса уни мазали таомлар билан сийлашдан бошланади. Чунки таом ҳам кайфиятни кўтаради. Эркак пазанда аёлини жуда ҳам қадрлайди. Шунда оила ҳам тинч бўлади, рўзғор ҳам бут бўлади. Аёлнинг ҳам кайфияти кўтаринки бўлади.
Тўғри, орамизда уй бекалари бўлган аёллар кўп, лекин мен ишлайман. Баъзида съёмкалардан кеч қайтаман, турмуш ўртоғимга вақт ажрата олмаган пайтларим бўлади. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам, жуда чарчаган бўлсам ҳам, у кишига вақт ажратаман. Баъзида “жуда чарчабсан, кириб ухлайвер, ўзингни зўрлаб ёнимда ўтирма!” дейдилар. Шунда ҳам кетмайман, ёнларида қоламан.
Аёл оилада бахтли бўлиши учун қалб покизалиги билан бирга озодалик, саришталик, иккинчиси пазандалик, эркакнинг ошқозони орқали унинг қалбига йўл топиш, учинчиси эътибор, деб ўйлайман!
-Мароқли суҳбатингиз учун раҳмат. Сизга сиҳат-саломатлик, ижодингизга омад тилаган ҳолда сиздан яна янги роллар кутиб қоламиз.
Мавлуда ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди.
Манба: "Бекажон" газетаси. 2023 йил.