Ўзбекистон ҳалқ артисти - Марям Ёқубова 1909 йилнинг 19 Октябрь куни Бухорода туғилган. 1924 йилда Москвада Шарқ меҳнаткашлари университетида, сўнгра маърифат уйида ва кинорежиссёр Борис Чайковскийнинг киноактёрлик студиясида таҳсил олган. Москвада беш йил яшаш ва ўқиш ёш актрисанинг келгусидаги ижодий камолотида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Марям Ёқубова 1929—1932 йилларда Ҳамза номидаги театр қошида ташкил этилган Ишчи-сайёр театрида меҳнат фаолиятини бошлаб, бу ерда саҳналаштирилган спектаклларда асосий ролларни ижро этади. Ишчи-сайёр театри тарқатилиб юборилгандан кейин М. Ёқубова Ҳамза театрининг асосий таркибига ўтади. Театр раҳбарлари уни Москвага Мейерхольд номидаги театрга малака оширишга юборадилар. Москвадан қайтгач, 1933—1939 йилларда Свердлов номидаги мусиқа театрида фаолият кўрсатиб, Рўзвон (К. Яшин, "Гулсара"), Меҳинбону (Хуршид, "Фарҳод ва Ширин") образларини яратади. Марям Ёқубова 1939 йилда Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрига ишга ўтиб, то 1941 йилгача театрда қизғин фаолият кўрсатади. Театрдаги фаолияти мобайнида яратган эпчил, хушчақчақ ва доно Майсара образи (Ҳамзанинг "Майсаранинг иши" мусиқали комедияси) актрисани кенг жамоатчиликка яқиндан танитади ва катта шуҳрат келтиради. 1941 йилда Марям Ёқубова Ҳамза номидаги театр (ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театри)га ишга таклиф этилади. Бу машҳур ижодий жамоадаги кўп йиллик фаолияти жараёнида актриса юзга яқин ролларни муваффақиятли ижро этади. Улар орасида А. Островскийнинг "Сепсиз қиз" асаридаги кучли ва ҳисоб-китоб асосида яшовчи, совуққон Огудалова - она, А. Чеховнинг "Айиқ" асаридаги бор куч-иродаси билан бахт-саодат сари талпинган, ҳазил-мутойибага уста Попова, "Ваня тоға"даги Войницкая, Шекспирнинг "Ҳамлет" ва "Отелло" трагедияларидаги малика Гертруда, енгил табиатли Бьянка ва Эмилия образлари улкан истеъдод ва маҳорат билан ижро этилди. Николай Гоголнинг "Ревизор" комедиясидаги шаҳар ҳокимининг хотини, танноз ва енгил табиатли Анна Андреевна, А. Островскийнинг "Момақалдироқ" пьесасидаги ёқимсиз, ниҳоятда калтафаҳм Феклуша, Ҳамзанинг "Майсаранинг иши" комедиясидаги доно ва тадбиркор Майсара образлари ҳам кенг томошабинларнинг меҳрига сазовор бўлди ва матбуотда юксак баҳоланди. Умуман, ёрқин, қуюқ бўёқли ҳажвий ролларни меъёрига етказиб ўйнашда М. Ёқубова тенги кам актрисалардан эди. 1954 йили М. Ёқубова М. Горький номидаги рус драма театрига ишга таклиф этилади. Узоқ йиллар ўзбек театрларида самарали фаолият кўрсатган актрисанинг рус театрида саҳнага чиқиши ва асосий ролларни ўйнаши ҳамда томошабинлар олқишига сазовор бўлиши ноёб ҳодисадир. Жумладан, Нозим Ҳикматнинг "Байрамнинг биринчи куни" спектаклидаги Ферхунде образи М. Ёқубованинг рус театри саҳнасида эришган жиддий ютуғи бўлди. Актриса ижодида кино санъати муҳим ўрин тутади. М. Ёқубова Ўзбекистонда биринчи бўлиб 20-йиллардаёқ Москвада кино соҳасида таълим олган профессионал ўзбек актрисасидир. У 1925 йилда илк бор "Ях уй" фильмида суратга тушиб, ташландиқ қиз ролини ижро этган. 30-йилларда режиссёр Пиотровскийнинг "Туғишганлар" фильмида журналист, "Трефхоним" фильмида йўл кўрсатувчи ролларини ижро этади. 1953 йилда режиссёр Латиф Файзиев, Александр Гинзбург билан ижодий ҳамкорликда Ҳамза театрида саҳнага қўйилган "Бой ила хизматчи" спектаклини экранлаштиради. М. Ёқубова бу асарда Хонзода ролини ижро этади. Бойнинг молу-мулкини қўлга киритишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган, ушбу йўлда ҳар қандай тубанлик ва пасткашликдан ҳам қайтмайдиган Хонзода характеридаги қабиҳлик ва тубанликнинг моҳиятини актриса ҳам психологик, ҳам ижтимоий жиҳатдан асосли равишда аниқ кўрсата олган. Сўнгра у "Ҳовли тўйи" фильмида партия раҳбари Одилова ролини ижро этади. Шунингдек, М. Ёқубова К. Ёрматовнинг "Опа-сингил Раҳмоновалар", Й. Аъзамовнинг "Мафтунингман", Ш. Аббосовнинг "Маҳаллада дув-дув гап", Х. Ахмарнинг "Ганга қизи", "Машаққатли йўл" фильмларида суратга тушади. М. Ёқубованинг кинодаги роллари катта ёки эпизодик бўладими, драматик ё ҳажвий бўладими, актриса учун бунинг аҳамияти йўқ эди. Ҳар бир ролга катта маъсулият билан жуда жиддий ёндашар ва ёрқин эсда қоларли образлар яратар эди. Томошабинлар томонидан жуда илиқ кутиб олинган Ш. Аббосовнинг "Маҳаллада дув-дув гап" кинокомедиясидаги Ойпошша образи, ўзига хос, ҳукмфармо, фарзанди бахти, хонадон обрўси учун жон-жаҳди билан курашадиган шаддод аёл. Ойпошша образини актриса шундай моҳирона ижро этганки, бу рол гўё М. Ёқубова учун ёзилгандек. Ойпошша образи ёқимлилиги, ҳазил, пичинг ва кесатиққа бойлиги билан ҳамон томошабинларни ўзига мафтун этмоқда. Кейинчалик М. Ёқубова "Тожикфильм" киностудиясида суратга олинган "Севадими, севмайдими?", "Оқ роял" мусиқали комедияларида Замира ва Малоҳат образларини яратади. Шунингдек, у "Майсаранинг иши", "Оловли йўллар" кўп серияли телевизион фильмларида, "Севги афсонаси", "Қалбингда қуёш" каби бадиий фильмларда ҳам ажойиб образлар яратади. Й. Аъзамов А. Қодирийнинг "Ўтган кунлар" романини экранлаштирар экан, асардаги бош роллардан бири — Ўзбекойим ролини М. Ёқубовага топширади. Ўзбекойим (М.Ёқубова) — кучли ва тадбиркор, ўз ҳукмини ўтказишни яхши кўрадиган мураккаб характерли инсон. У ана шу ҳукмронликка эришиш йўлида ўғли Отабекни ва жамиятда катта мавқега эга бўлган эри Юсуфбек Ҳожини ҳам жуда усталик билан тобе қилмоқчи бўлади. У Кумуш ва Зайнабларга ўз фарзандига бўлгандек оналарча меҳрибонлик кўрсатади, улар ҳақида ўйлайди, уларга ғамхўрлик қилади. Лекин бу уринишлари, афсуски содир бўлиши мумкин бўлган фожианинг олдини ололмайди. Чунки, Ўзбекойимнинг ўзи ҳам у яшайдиган ижтимоий муҳит ва даврнинг маҳсули ҳамда қурбони эди. Актриса истеъдодининг комедияга, ҳазил-мутойиба, пичинг ва ҳажвий бўёқларга мойиллиги унинг "Наштар"ҳажвий киножурналларида ижро этган кичик-кичик ролларида ҳам ўз тасдиғини топади. Бундай қисқа сюжетларда аниқ, ёрқин образлар яратиш талаб этилади. Актриса бу мураккаб ва масъулиятли вазифани ҳам яхши адо эта олган. М. Ёқубова ижодида радио алоҳида ўрин тутади. У Ўзбекистон радиоси ташкил бўлган биринчи кунлардан бошлаб, то умрининг охиригача турли радиопостановкаларда, радиожурналларда ва бошқа эшиттиришларда фаол қатнашди. 70 йиллардан бошлаб М.Ёқубова радиода болалар учун эртаклар ўқиб, минглаб ёш радиотингловчиларнинг севимли санъаткорига, радиоэнагасига айланди. Болаларнинг ички дунёсини чуқур ҳис этган М. Ёқубова эртакларни шу даражада чуқур самимият ва хушчақчақлик билан ёқимли оҳангда ўқир эдики, радиотингловчилар унинг ноёб истеъдодига қойил қолардилар. Марям Ёқубованинг театр ва кино санъати равнақи йўлидаги хизматлари муносиб тақдирланди. 1955 йилда унга "Ўзбекистон халқ артисти" фахрий унвони берилди.
Марям Ёқубова 1987 йилда Тошкентда вафот этган.