Зарина Низомиддинова таваллуд топган кун
Ўзбек актрисаси Зарина Низомиддинова 1989 йил 29 март куни Тошкент шаҳрида, санъаткорлар оиласида таваллуд топган. Унинг отаси Ўзбекистонда xизмат кўрсатган артист, таниқли “Ялла” гуруҳининг илк хонандаларидан бири - Шаҳбоз Низомиддиновдир. Зарина ушбу оиланинг кенжа фарзанди. Зарина кичкиналигидан санъатга қизиқиб, мактаб билан бир вақтнинг ўзида, яъни 1997 йилдан бошлаб Успенский номидаги болалар мусиқа мактабининг фортепьяно бўлимида таҳсил олган. У 4 ёшиданоқ "Юлдузча" болалар xорида қўшиқ куйларди. Ҳаттоки у бу ансамблда 7 ёшлигида биринчиликни ҳам қўлга киритган. 7-синфдан бошлаб Зарина Xореография билим юртининг миллий рақс бўлимида таҳсил олган. Мактабдан сўнг Шарқшунослик институтининг "Жаҳон сиёсати ва тариxи" факультетида ўқиган. Ёш актриса илк ижодини 16 ёшида, Давлат буюртмасига асосан ишланган, режиссёр Тамара Камалованинг "Йўл бўлсин" фильмида бош роль билан бошлайди. "Йўл бўлсин" фильми кўплаб мукофотларга сазовор бўлди. 2005 йил режиссёр Баҳром Ёқубовнинг "Ромео ва Жульетта" фильмида бош ролни ижро этди. Бир оз танаффусдан сўнг, яъни 2010 йили Зарина режиссёр Жаҳонгир Аҳмедовнинг "Қоракўз", 2011 йилда режиссёр Ҳасан Ғофуровнинг "Сенга муҳтожман", 2011 йил Жавлон Шодмоновнинг "Замонавий совчилар", Азиз Умрзоқовнинг "Оқибат", 2012 йил режиссёр Жонрид Сагдиевнинг "Бардош", 2012 йил истеъдодли ва маҳоратли режиссёр - Музаффар Эркинов томонидан тасвирга олинган "Ягонам" фильми, 2016-2017 йил 45-қисмли "Саодат" сериалида ҳам бош ролларни ижро қилган. Бундан ташқари, режиссёр Лазиз Ашуралиевнинг "Илтимос, менга қаранг", Акбарбек Турдиевнинг "Салом севги, xайр севги", Жаҳонгир Позилжоновнинг "Севаман дедимми, севаман", Жавлон Шодмоновнинг "Алданган кўнгил", Баҳром Ёқубовнинг "Мен юлдузман" ва "О Марям, Марям" ҳамда режиссёр Шерали Исановнинг "Ақл ва юрак" фильмларида асосий ролларни гавдалантирган.