Бахт ўзи нимадир?


Актёр - Эркин Бозоров ижодига бир назар

Эркин Бозоров 
·  1989 йили Навоий вилоятида туғилган.
·  Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтини тамомлаган. 
·  Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маърифат маркази қошидаги “Турон” театр студияси актёри.
· Режиссёр Шуҳрат Аббосовнинг “Дилор, дилор, дил ва ор...”ида автолавкачи, “Маҳаллада дув-дув гап-2” фильмида тўнғич ўғил, режиссёр Нозим Аббосовнинг “Саид ва Саида”сида Саид Аҳмад ролларини ижро қилган.
· “Турон” давлат ҳарбий театрида Явдат Илёсовнинг “Тўмарис” спектаклида Кир, Тенесси Уильямснинг “Бир кунлик бахт”ида йигит, Шаҳодат Исахонованинг “Жалолиддин Мангуберди” драмасида Жалолиддин Мангуберди, Лев Зориннинг “Муҳаббат мавсуми”да Самар, Чингиз Айтматовнинг “Сарвқомат дилбарим”ида Илёс ролини яратган.

 – Эркин, хоҳ кино, хоҳ театр – умуман саҳнада тарихий шахс талқини ўта мураккаб. Мисол учун, суюкли адибимиз Саид Аҳмад образини яратиш сизнинг чекингизга тушди. Бу тимсолни ижро этишда кўпроқ нималарга аҳамият қаратдингиз?

– Биринчи галда адибнинг ИНСОНлигига, дўст-ёрига муносабатига. Чет эл фильмларини кўп кузатаман. Американинг Уинстон Черчиль, Фреди Крюгер, Леди Гаага, Абрам Линкольн, РоссиянингСергей Есенин каби донгдор шахслари тўғрисидаги фильмларни томоша қиларканман, уларнинг суратга олиниши, актёрларижросига бор зеҳнимни сафарбар этаман. Биласизми, ушбу асарларда қаҳрамонларбор-бўйича гавдаланади, хато ва камчиликлари билан. Томошабин уларни камчиликлари билан қабул қилади. Ҳаётда мукаммал шахснинг ўзи йўқ. Айтайлик, сиёсатдонлар ҳақдаги фильмларда режиссёр уларни фақат сиёсат билан чегараламайди, доирани катталаштиради. Томошабин уларни нафақат сиёсат бобида идроклайди, оддий инсон сифатидаги қиёфасини ҳам ўзи учун аёнлаб олади. 
  Ана энди саволингизга келсак, Саид Аҳмаднинг ички дунёсини ўрганишга, унда яшашгауриндим: кечинмалари, қувончи, ғам-ташвишлари...ҳаёт зарбаларига дуч келганда ўзнимардонавор тутиши, букилмас ва синмас иродасини англашга уриндим. 

 – Саид Аҳмад шахсияти мураккаб. Адибда Ойбекнинг психологик тасвир маҳорати, Ғафур Ғулом юмори, Абдулла Қаҳҳор баёнидаги ихчамлик мужассам.Ҳаётда ҳазилкаш кўрингани билан “усти бутун, ичи тутун” инсон ўтган. Роль билан ишлаш жараёнида ушбу психологик жараёнларга қанчалик эътибор қаратдингиз? Сизнинг ролда ҳазилкаш Саид Аҳмаддан умуман асар йўқ.

– Киши Саид Аҳмаддек Жезқазғондаги вазиятга тушганида на ҳазил, на мутойибага ўрин қолади. “Келинлар қўзғалони”нинг саҳнага олиб чиқилиши билан боғлиқсаҳналарда адибнингюморнавислиги очиб берилган эди, бироқ кино хроно-метражидан келиб чиққан ҳолда у жойлар “тушиб қолди”. 
  Актёр учун ҳар қандай прототипининг қандай инсонлигини кўрсатиш муҳим. Саид Аҳмад характеридаги ҳазилкашлик, тилининг ўткирлиги унинг асарларида намоён. Уларни ўқиган борки, яққол тан олади. Томошабинга эса адибнинг синовли кечмиши, бу дамда ўзини қандай тутиши қоронғу ва қизиқ ҳам. Актёрнинг вазифаси ҳам – шахснинг томошабин учун мавҳум қирраларини очиш.Асарда имтиҳон қилинаётган яна бир кечмиш бор –  Саида Зуннунова.Уларни дард ажратолмаяпти, аксинча, тобора яқинлатяпти. Шу томонлама бугун бошига томчилаган зиғирча ёмғирни дўлдек қабул қилувчи ёшлар учун Саид Аҳмад ва Саида Зуннуновақисмати бемисл дарс. 

 – Дарс? 

 – Ҳа, садоқат дарси. Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова шахсига ёзувчи ва шоира деб эмас, икки инсон ўртасидаги муносабат тарзида юзланайлик. Улар бошига тушган мусибат иккаласининг садоқатини чиғириқдан ўтказган. Ҳолбуки, ўша талотумли дамларда бундай синовлар кимларнинг бошига тушмаган? Шоирага турмуш ўртоғингдан воз кечасан ёки уюшмадан ҳайдаласан, деган шарт қўйишган. Икки йўлдан иборат шарт– бу синов. Бошда бор савдо бу.
  Бу ҳол бизнинг оила бошидан ҳам ўтган. Болалик дамларимда онам негадир кўп бетобланиб қолар, касалхонада кўп ётарди. Қўлимиз калталик қиладиган бир пайтлар. Синглим ҳали чақалоқ эди.Отам баъзан йўлга пулсиз чиқиб кетар, ўйласам, бемор онамни парваришлаш учунчиқимлардан тийилган экан. Бир-бирига садоқати, меҳри қўшчинордек туюларди. Тўғри, у ва бу синовнинг фарқи бор. Бироқ ҳар иккаласининг заминида садоқат ётади. Балки шулар ҳам мени ролга кириштириб қўйгандир.

 – Актёр қанчалик кўп ахборотга эга бўлса, атрофни кўп кузатса– шунчалик мукаммал образ яратади, нима дедингиз? 

 – Образ десак, хато бўлар. Актёр роль ижро қилади. Образ сўзини қўллашда эҳтиёткор ёндашаман. Нега? Қачонки вақт ва томошабин“элагидан ўтгач” ҳам яшаяптиди, демак, у образ.Характер яратган актёр образ яратганини билмай туриб оламдан ўтган бўлиши ҳам мумкин. Шуҳрат Аббосовнинг “Сен етим эмассан” фильмидаги Обид Жалилов талқинидаги Маҳкам ака ва Лутфихоним Саримсоқова ижро этган Баҳри ая роллари... ана уларни образ деса ярашади. Бу роллар ўзбек характерини бус-бутунлигича очиб берган. Ёки Раззоқ Ҳамроевнинг Ҳазрат Алишер Навоий роли, Абдураим Абдуваҳобовнинг Шум боласи... булар чинакам образ.

– Демак, ролнинг роллигича қолиши, бошқача айтсак образ даражасига кўтарилолмаслиги қандай омилларга боғлиқ?

 – Аввало, жамоага. Фильм жамоа меҳнати.Шундан келиб чиқсак, оддий хулоса ролнинг образга томон ўсмаслиги ижодий гуруҳнинг тарқоқлигидан. 

 – Ахборот кўп ва хўп замонда яшаяпмиз. Томошабин ахборотни қиёслаш имконига эга. Бироқ ахборотга “тўйиб қолиб”, “ҳазм қилолмаслик” ҳоллари кино ва театр оламига ҳам бегона эмас. 

 – Зўр саҳна асарини томоша қилиш, сара асарларни ўқиш – бу ҳам бир омад. Ахборот оқимидаги юзлаб маълумотдан биттасигина яроқли бўлиши ё бўлмаслиги ҳам мумкин. Режиссёр Александр Мильта шогирдларига жавонда юзта китоб бор, бироқ улар орасидан ўнтасигина ҳаётда сизга асқотади. Ўнта фойдали китобни билиб олиш учун эса ўша юзтасини ўқишингиз шарт”, дер экан. Айтмоқчи бўлганим, юз фойдали маълумотга беҳуда вақт сарфламаслик учун фойдали китобни бизга устозлар тавсия этади. Ўнтадан бирини танлашимиз эса ўзимизга ҳавола. 


 – Устоз-шогирдлик анъаналари яна нималарда кўринади?

 – Ҳамфикрлиликда. “Театрдаги ҳамфикрлилар жамоаси даҳоликнинг ўрнини босиши мумкин” деган Александр Мит. “Турон” давлат ҳарбий театр студиясида ана шундай жамоа бўлиб шаклланганмиз. Адабиётда, кино, театрда янги асар пайдо бўлса, режиссёр Сайфиддин Мелиев бошчилигида уни обдон ўқиб жамоавий муҳокама қиламиз. Саҳналаштирмоқчи бўлган спектаклимизнинг ҳам бир қанча талқинларини томоша қиламиз, ўзимизни янги ижро йўналишида очишга интиламиз. Тарихий асарларни саҳналаштирмоқчи бўлсак, унга оид ўнлаб китобни варақлаймиз, ўша дамдаги вазият, давр, муҳит, муносабат, зиддият – жараённи таҳлил қиламиз.
  Устозим, атоқли кинорежиссёр Шуҳрат Аббосовни дастлаб “Тошкент – нон шаҳри”, “Маҳаллада дув-дув гап” фильмлари орқали таниганман. Сўнг талабалик давримда Чеховнинг “Айиқ” комедиясида Григорий Степанович Смирнов ролини ижро этганимни кўриб, “Яшавор!” деб алқаб,“Дилор, Дилор, дил ва ор...”га бош қаҳрамон севгилиси – “фокус-мокусчи”, автолавка ҳайдовчиси Йигитали ролини ишониб топширди. Съёмка тонг саҳардан бошланса, билардимки, Шуҳрат ака қуёш чиқмаси туриб жойни ўрганарди.Оператор бўладими, актёрми – “Мана бу ерини бундай қиласан, жоним...” деб ҳар биримизга вазифа юкларди. Маълум сабабларга кўра йигирма йил мобайнида “Отамдан қолган далалар” фильмидан сўнг фильм олишга рухсат бермаган инсоннинг ижодий чанқоқлигини шунда кўрганман. Устозимизнинг ҳолати худдики анча йилдан буён денгиз кўрмаган кемакапитани ҳолатига ўхшарди.
  Тушлик ёки фильмни суратга олиш жараёнларида устоз машҳур ижодкорлар, режиссёр, актёр, санъаткорлар ҳаётидан ибратомуз ҳикоятлар гапириб берарди. Уларнинг айримларини видеолавҳага муҳрлаб олганман. Шулардан бири: “Моцартнинг ёнига Сальери бир ёш мусиқачини етаклаб келиб, унинг қобилиятини аниқлаб берсангиз, деб илтимос қилибди. Моцарт бир оҳангни чалиб, “Шуни давом эттир” деб буюрибдиёш мусиқачига. Мусиқачи оҳангни минг жилолаб нақ йигирмадақиқа давом эттирибди. Сўнг Моцарт ўзгача оҳангда бир дақиқагина куй ижро қилибди ва яна созандага давом эттиришни имлабди. Бояги йигит куйни нақд бир соатдан ортиқ минг бир жило билан ижро қилибди. Моцарт созанда йигитга рухсат бериб юборгач, Сальерига қараб “Бу йигит шундай кетаверса менга иш қолмайди” деган экан. Бояги йигит кейинчалик машҳур композитор Людвиг Вань Бетховен бўлиб танилибди”. Шуҳрат ака, ҳар бир ижодкорнинг ўз виртуозлиги бўлади дер эди.

 – Танқидга муносабатингиз? 

 – Ким учундир танқид кўзгуга отилган тошдек  туюлади, мен учун сал бошқача. Танқид тиниқ сувга отилган тошдек. Сувга тушган тош уни олдинигақалқитиб, сўнгқайта тиниқлаштиради. Талабалик кезларим курс раҳбаримиз Мунаввара Абдуллаева “Сендан актёр чиқмайди...” дея койиганида нега доим бизга ёмон назар билан қарайди деб гина қилардим. Бугун саҳна ва ҳаётда устозимизнинг мана шу дашномлари яхшигина ёрдам бермоқда. Улар бизга ҳаётда кучли бўлишимиз, гап кўтара олишимиз учун шундай йўл тутганига энди аминман. 

 – Актёр бўлишингиз болаликдан орзу экан-да?

-  Бобом Хайри Бозоров Тошкент театр ва рассомлик институтига қабул қилинган, Эркли Маликбоева, Бахтиёр Ихтиёровлар билан бирга курсдош бўлган. Бироқ оиласидаги оғир турмуш шароити, отаси қатағонга учрагани, онасига ёрдам берувчи инсон бўлмагани туфайли институтда ярим йил ўқиб, ўқишни ташлаб кетган. Бобом “Шундай касбни ташлаб кетганман-а деб армон қилар, менга турли шеър, арияларни ижро этиб берарди. Шу сабаб актёрликка меҳрим эрта куртак ёзган. 9-синфни битириб ота-онамнинг истаги билан Тошкент шаҳар 1-сонли юридик коллежида ўқишни давом эттирдим. Дарсдан бўш пайтларимда эса “Космонавтлар” метроси яқинидани Тошкент театр ва рассомлик институтига бориб, талабалар ўқиган декламацияларини, ўйнаган спектаклларини кузатиб, “Мана бу ерини бундай қилса бўларди-я” деб ўзимча “имтиҳон” қилиб ўтирардим. Коллежни тугатгач, яна уйдагиларнинг йўриғи билан Тошкент юридик институтига ҳужжат топширдим ва турган гап синовдан йиқилдим. Адабиётга, ижодга иштиёқимсабаб Миллий университетнинг журналистика факультетига ҳам ҳужжат топширганман, яна ўша аҳвол – ўтолмаганман. Ўша йиллари Навоий вилоятидаги суд ижро бюросида ишладим. Ора-сира қоралаган шеърларимни ҳамкасбларга ўқиб бериб юрардим. Қарангки, уларнинг тавсияси ва маслаҳати билан Санъат ва маданият институтига ҳужжат топширдим, омадим келиб ўқишга қабул қилиндим.

 – Эркин Бозоров нафақат актёр, балки “Зумраша” болалар ҳажвий кино-журналидаги бир қанча фильмлар, “Иншо” болалар бадиий фильми сценарий муаллифи... Яна шеър ҳам ёзиб турасиз. Қаламкашлик бу ҳавасми ёки изтироб?

- Болалик инсоннинг энг беғубор палласи. Ўша дамларга қайтгим келганида, ундаги ҳаракатли ўйинларни тасаввур қилганимда хаёлда киносценарийларим юзага келган. Ҳозир негадир болаларга бир ҳавасим келса, бир ачинаман ҳам. Нега?Улар ҳаракатли ўйинлардан узоқлашиб бораётир, назаримда. Болалик онларимни қўмсаб Фарғона қўғирчоқ театрига “Меҳрқишлоқ” деган пьеса ёзиб берганман ҳатто. Ушбу пьеса Ватан, болалигим ўтган йўллар, қишлоқ кўчаларини соғингам бир дамларда қоғозга тушган.

 – Ватан ҳақда сўз очдингиз. Сиз ижро этган Жалолиддин Мангуберди ролида унинг қайси қирраларини очиб беришга ҳаракат қилгансиз? 

- Ватанпарварлик! Султон Жалолиддиннинг спектакль жараёнида “Югур, оқ тулпор...” монологи бор. Мангуберди гарчанд мўғулларга енгилган бўлса-да, иймони, эътиқоди бўйича улар устидан зафар қучди. Ватанпарварлик пок эътиқод, ватандошларга қилинадиган эзгу амал ҳамда сўз ва иш бирлигидадир.

Нигора УМАРОВА суҳбатлашди. 
Манба: "Ёш куч" журнали.
2022 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот