Болаликнинг ойдин хаёллари


Болаликнинг ойдин хаёллари

     Баҳор фасли ҳақида гап борганда шеър, шеърият ёдга тушади. Ўлкамизда баҳор Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллуд топган кундан бошланади. Буни қарангки, халқимизнинг яна бир забардаст ижодкори, Зулфияхонимнинг суюкли, истеъдодли шогирди, Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиева ҳам авжи баҳор палласида туғилган. Шу боисданми Ойдин опа ижодининг анчагина қисмини баҳорга бағишланган шеърлар ташкил қилади. Шоиранинг “Шабнам”, “Манзиллар”, “Мен севган қўшиқ”, “Зар кокил қиз ва қуёш”, “Орзу гули”, “Достонлар”, “Хушхабар”, “Кўзимнинг оқ-у қораси”, “Мушфиқ онажон”, “Ишонч юлдузлари”, “Шом шуълалари”, “Тонг туҳфалари” каби кўплаб шеърий тўпламлар муаллифи. У жаҳон ва қардош адабиёт вакилларининг достон, баллада ва туркум шеърларини ўзбекчага ўгирган. Шеърлари рус, украин, қозоқ, қирғиз, тожик, белорус, француз, инглиз ва урду тилларида нашр этилган. Яна бир гап. Ойдин опа узоқ йиллар болаларнинг севимли нашри “Гулхан” журналида раҳбарлик қилганлар. У кишининг саъй-ҳаракати билан “Гулхан” журнали кўзни қувонтирадиган рангли бўёқларда чоп этила бошлаган.

БЎСТОНЛИК “МУХБИРЧА”

     Оилада ўн бешинчи фарзанд бўлиб дунёга келганман. Отам онамга “Бибинарзи! Бунингни пешонаси дўнг экан. Супра қоқди бу. Эломонлик бўлиб, ойдинликка чиқайлик, илойим. Отини Ойдиной қўяман”, деган эканлар. Сабаби, акаларим икки-уч ёшга етиб-етмай қизамиқ, чечак, терламадан нобуд бўлаверган экан.
     Патила сочли, эрка қизалоқ эдим. Беш дугона: мен, Муҳаббат, Латофат, Назира ва Муборак кавушчаларимизни ҳам киймай оёқяланг югурардик, аммо ҳечам чарчамасдик. Биргаликда “Сандиқча-ю курсича”, “Тўптош”, “Яшинмачоқ” ўйнардик. Ҳозир ўша дамларни чексиз ҳаяжон билан эслайман.
     Ҳайит ва байрам, қишлоқ тўйларини интизорлик билан кутардим. Ҳайитда янги чит кўйлакча тикиб беришарди. Сочларимни қирқ кокил ўришиб, учига жамалак ёки пилик тақиб қўйишарди. Янги мато топмаганлар-чи, сизилиб кетган кўйлаклари ёки қалғай рўмолларини бўяб, бичиб, янгидан кўйлак тикишарди.
     Кўклам кезлари онам бир қозон бўёқ қайнатиб, аввалига оқ дока рўмолни ҳар ер-ҳар еридан ип билан тугиб, бўяб олардилар. “Ойгули” рўмоллар пайдо бўларди. Сўнг эскирган, ранги ўчиб кетган сурп кўйлаклар солинар, ҳар хил “янги” мато пайдо бўларди.
     Мактабга борганимда мен мўжизалар оламини топдим. Муаллима Раҳима Салоева ҳар бир дарсининг охирида мендан ёдлаган шеърларимни айтиб беришни сўрарди. Шеърни ифодали ўқишни ўргатар, барча мажлисларга мени қунт билан тайёрларди. Қиш кунларининг бирида шоир Уйғун билан учрашув бўлган. Туманнинг катта клубида тумонат одам. Бир неча чиқишлардан сўнг шеърга навбат келди. Ўша пайтда учинчи синф ўқувчисиман. Уйғуннинг “Мен қушларга дон бердим” шеърини дона-дона қилиб ўқиб бераётганимда... бирдан тўхтаб қолдим ва кетма-кет икки-уч марта аксириб юбордим. Ўзимни йўқотмасдан шеърни ўқишда давом этдим. Ана шу ҳолат Уйғун бобода ажиб таассурот қолдирган бўлса керак, шоир Тошпўлат Ҳамидга “Шу қизалоққа устозлик қилинг”, дея тайинлабдилар...
     Шу воқеадан сўнг мени кўрганлар алоҳида самимият билан кўрсатиб, Уйғунга шеър ўқиб берган қизча келаяпти, дейишарди. Бибиражаб опам менга бир сидра янги уст-бош, кавушча олиб бердилар. Ана шундай кунларнинг бирида мактабга борсам, Тошпўлат Ҳамиднинг аёллари мени четга имладилар. У киши рус тилидан дарс берардилар. Туманимизнинг кичкина газетасида менинг “шеърим” чиқибди. Муаллима менга тайинлаб айтдилар: “Ким сўраса, ўзим ёздим, дегин”. Мактабдаги очиқ майдончада йиғилиш бўлди ва мени “шеърим” билан қутлашди. Дарс тугаши билан халқ маорифи идорасига, Тошпўлат Ҳамид ўтирадиган хонага олиб боришди. Кўлмак йўлларда кавушчам лой бўлган эди. Остонада ечиб қолдириб, ийманиб ичкарига кирдим. Менинг одобимдан завқи келибми, хурсандчиликданми, у киши мени яхши кутиб олдилар ва ўтиришга таклиф қилдилар.
– Оббо, сен-ей, шеър ёзибсанми? – дедилар кулиб.
– Ўзим ёздим, – дедим муаллима тайинлагандай. У киши бирданига қаҳқаҳ отиб кулдилар. Тиззаларига уриб, “оббо, сен-эй”, деб мени ҳайратга солардилар. Ниҳоят кулишдан тўхтаб, дедилар:
– Бу шеърни сенинг номингдан мен ёздим. Сен кўп шеърларни ёд биласан, достонларни ҳам ёддан ўқийсан. Бир уриниб кўр, қофиялар топсанг, ўқитувчинг туроқни ўргатса бўлди, шеър ёзаверсанг бўлади, – деб маслаҳат бердилар.
     Ўша лаҳзалардан бошлаб менинг мурғак онгимда ўзим англаб етмаган бир орзу куртак ёзди. Опам пахса деворли уйнинг бир бурчагига кичкина столча қўйиб бердилар. Кеча-ю кундуз қоғоз қоралай бошладим. Нимасидир шеърга ўхшамасди уларнинг. Лекин мактаб тадбирларида, ёбонда аёллар даврасида ўқиб берардим. Бутун туманга “мухбирча” бўлиб довруғим кетди.

“ГУЛХАН” ИЛҲОМЛАРИ

     Болалигимда муаллимларим “Ойдин математикани сув қилиб ичган, математик бўлади”, деб юришарди. Мени эса сўз сеҳри ўз оламига мафтун қилди. Ўша йиллар ҳаяжонлари мени шеъриятга шайдо қилган экан, энди билсам.
     Қишлоғимизда кичкинагина кутубхона бўларди. Захгина, нимқоронғу икки хонадан иборат эди. Қиш кунлари мактаб, дала ва уй ишларидан ортиб кутубхонага киришга вақтим бўлмасди. Ёруғ ёзда кутубхона олдидаги ҳовуз бўйи шийпон вазифасини ўтарди. Қизлар кашта тикишса, мен кутубхонадан китоб танлаб чиқиб, мук тушиб ўқирдим. Пушкиннинг эртаклари, ўзбек халқ эртак ва достонлари, шарқ халқларининг афсона-ю ривоятларини бош кўтармай ўқир, баъзиларини уч-тўрт бор такроран кўздан кечирардим. Ёзда юлдузлар сайрини томоша қилиб ҳовлимиздаги баланд супада ухлардик. Ойнинг ёруғида алламаҳалгача китоб ўқирдим. Эртаклардаги қаҳрамонларим қисмати юрагимга ҳам азоб, ҳам фахр соларди. Тонггача эртаклар дунёсида яшардим. Онамнинг эртаклари эса ҳеч тугамас, сигиримиз пахтани еб, ипга айлантириб беришини кутардим. Отасининг кўзига малҳам излаб кетган кенжа қизнинг саргузаштлари мени ҳали-ҳамон сеҳрлаб келади. Шеъриятнинг сеҳргар хаёллари билан яшардим. Ана шундай туйғулар менга журъат бағишлаган ва шундай жасорат билан қишлоғимдан биринчи бўлиб Тошкентга ўқишга келганман.
     Миллий университет дарсхоналари чинакам ижод оламига олиб кирди ва машқларимни илк бор таҳририятга, “Ўзбекистон хотин-қизлари” журналига олиб бордим. 1961-йили ҳозирги “Саодат”нинг август сонида шеърим чоп этилди. Ўша шеъримни ҳар гал ўқисам, юрагим нурга тўлади. Зулфиядек буюк устознинг имтиҳонидан ўтганимга суюниб юраман...
     Илк китобим “Шабнам” 1971-йили дунё юзини кўрди. Онам китобнинг илк нусхасини кўзларига суртиб йиғлаб юбордилар. “Отангиз, ўғилларимнинг ўнтаси ҳам ерга ем бўлди, қизларим бировнинг хасми, отим қолмайди, деб армон қилган эди. Мана энди Ҳожи бобонинг номи ўчмайдиган бўлибди, ўргилай сиздан”, дегандилар. Шу кунгача 30 дан ортиқ тўпламим чиқди: шеърлар, мақолалар, таржималар, бадиалар. Албатта, уларнинг мазмун-мундарижаси, савияси ҳар хил. Кўнглим тўлмаганларини ҳам ўзимнинг инжиқ боламдай қадрлайман.
     “Гулхан” журнали мен учун жудаям қадрли. Ҳозир ҳам унинг мухлисиман. Севиб ўқийман, баҳра оламан. Болаларнинг шундай топқир, ранг-баранг мавзули нашри борлигидан, у болаликка сирдош, маслаҳатдош ва дўст бўлиб қолаётганидан хурсанд бўламан. Таҳририятнинг навқирон ва изланувчан ходимларига баҳор тилакларини билдириб қоламан. “Гулхан” доимо гуриллаб турсин.

Нилуфар ЖАББОРОВА тайёрлади.
Манба: "Гулхан" журнали.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот