ҲОЖИАКБАР ҲАМИДОВ Устоз Фахриддин Умаровга қилинган туҳматни ошкор этди!
Шундай инсонлар бўладики, уларнинг ҳаёти, босиб ўтган йўллари ва касбий фаолиятини барчага ўрнак қилиб кўрсатсанг арзийди. Бугунги суҳбатдошимиз ана шундай инсонлардан бири тарихчи олим, моҳир педагог ва истеъдодли санъаткор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими – Ҳожиакбар Ҳамидов бўлди.
- Ҳожиакбар ака, инсон умрига тамал тоши қўядиган болалигингиз қандай кечган?
- Инсон дунёга келгандан кейин Парвардигор унинг ҳаётини белгилаб қўяр экану аммо унинг ўзи бундан бехабар бўларкан. Менинг ҳам пешонамга ёзилган касблар бор эканки, умрим давомида мен шу касбларда фаолият юритиб келдим. Болалигим, ҳаёт ва ижодим ҳақида тўхталишдан олдин менинг дунёга келишимга сабабчи бўлган инсонлар ҳақида озгина бўлса ҳам гапириб ўтишни хоҳлардим. Отам Азизов Абдуҳамид 1913 йилда туғилганлар. 1933 йилларда онамга уйланганлар ва кетма-кет учта фарзандли бўлишган. 1941 йилда уруш бошланган ва отам ҳам барча қатори урушга кетганлар. У кишининг бошларига жуда кўп қийинчиликлар тушган, кўп ўлимлардан қолганлар. Урушга дастлаб борган пайтлари бир ҳафтагина ҳарбийга тайёрлаб жангга киргизишган. Жангнинг энг олдинги қаторида бўлганлар. Чунки Ўрта Осиёдан урушга борганларга шундай муносабатда бўлишган. Польшада жангга кирган пайтлари немислар томонидан асир олинган ва тажриба лагерида не-не азобларни бошидан кечирганлар. Кейинчалик ана шу лагерда тирик қолганларни Германияга олиб кетишган. Германиядаги ҳозир ҳам мавжуд катта-ката тош ётқизилган кўчаларни отам каби асирлар бунёд этишган экан. Ниҳоятда оғир меҳнат билан шуғулланишган. Хуллас, отам 1946 йили урушдан қайтган. Ўша давр сиёсати урушда асир тушган ва тирик қолганларни доимо таъқиб остига олган. Ҳеч қачон уларнинг яхши ишларда ишлашларига йўл қўйилмаган. Биз оилада етти фарзанд эдик. Отам бизни жуда катта машаққатлар билан боққанлар. Умр бўйи қора меҳнат билан шуғулланиб, бизни шу даражага етказганлар. Биз ўша пайтлар ўртачадан ҳам паст даражада ҳаёт кечирардик. Уйимизда фақат кечқурун озгина иссиқ овқат қилинарди. Бошқа пайт биз иссиқ овқат нималигини билмасдик. Ҳар доим оғир меҳнат билан шуғулланишга мажбур бўлганмиз. Акаларим билан бировларнинг уйига ғишт қуйиб, рўзғор тебратишда отамга ёрдам қилганмиз. Кўмир олишга қурбимиз етмасди. Қайси жойда дарахт кесилган бўлса шуни тўнкасини қазиб, илдизини ўтин қилардик. Бу жудаям машаққатли меҳнат эди. Ҳамма илдизни олиш учун камида беш метр энликдаги ерни кавлашга тўғри келарди. Ўтинликдан ортган илдизларни саржинлаб сотиб, рўзғорга нарса олардик. Узлуксиз шунақа ишлар билан шуғулланганмиз. Уйимизнинг лойсувоқ томларидан ёмғир ўтиб кетарди. Онам кечаси билан дўппи тикиб, биз уйғонгунча Бешёғоч бозорига олиб бориб сотиб келардилар. Ўша давр одамлари ниҳоятда оғир ҳаёт кечиришарди. 4-5 синфларга ўтганимда эчки сотиб олганмиз. Сигир-бузоқ олишга қурбимиз етмасди. Ана шу эчкиларни галма-галдан ўтлатиб келардик ва кечқурун уни соғардик. Онам эчки сутидан эрталаб оқчой қилиб берардилар. Биз эрталабки озгина нонушта билан кечга етиб олардик.
- Санъатга ҳавас айна шу пайтлардан бошланганми?
- Оллоҳ ўша пайтлар менинг юрагимга шундай ишқ солган эканки, бири китоб ўқиш бўлса, иккинчиси санъатга иштиёқ эди. Мактабга бориб, ҳарф таниганимдан бошлаб китоб ўқишга муккасидан кетган бўлсам санъатга бўлган меҳрим туфайли бўлса керак уйда ва мактабда ҳам хонтахта ва парталарни бармоқларим билан чертиб ўтирардим. Халқимизда ишқ бошқа, ҳавас бошқа деган гап бор. Ҳақиқатдан ҳам ишқ фақатгина юракка берилар экан, ҳавас эса унинг ёнидан ўтиб кетаркан. Агар қалбнинг тўрида бирор соҳага нисбатан ишқ пайдо бўлса бу ишқ керак бўлса тушларингизга ҳам кириб чиқаркан. Амакимнинг санъатга ҳаваси бор эди. Тўйларга чиқиб турардилар. Ўша пайтлар амакимга жуда ҳавас қилганман. У кишининг рубоб чаладиган шериклари бор эди. Шу киши Дўмбирабодда санъатга ҳавасмандлар учун тўгарак очган экан. Мен ҳам шу тўгаракка қатнай бошладим. 5-синфда ўқиб юрган кезларим дадам билан ойим менинг санъатга бўлган қизиқишимни кўриб, катта машаққат билан пул йиғиб, 17 сўмга рубоб олиб беришган.
- Ҳожиакбар ака, 70 йиллик юбилиейингизга бағишланган концерт дастурингизга қизғин тайёргарлик кўраётганлигингиздан хабаримиз бор. Шу ҳақда мухлисларингизга кенгроқ маълумот берсангиз.
- Шукрлар қиламан шу кунга етказганига ҳам. Яқиндагина бола эдик, бирпасда шу ёшга етибмиз. Абдулқодир Бедилга кимдир айтган экан: “Мен инсоннинг дунёга келиб-кетишини кўз ёшнинг думалаб кетишига ўхшатаман деганда, у киши : “Кўз ёш ҳам то оққунча бир оз вақт ўтади. Мен умрни ёмғир ёққанда сувга тушадиган томчиларга ўхшатаман. Бу томчилар сувга ҳар хил бўлиб тушади. Баъзилари тушиши билан пуфакдек ёрилиб кетади, баъзилари эса пуфак бўлишгаҳам улгурмай ёрилади. Инсон умри ана шу ёрилишга ҳам улгурмаган пуфак”, деган экан. Ҳақиқатдан ҳам вақт учқур. Бекорчилар учун вақт секин ўтар балки. Иши кўплар учун эса мисоли сувдек оқади. Мен ҳам ишлар билан банд бўлиб, бирпасда 70 га кириб қўйганимни сезмай қолгандекман. Ҳаётим, ижодим ва фаолиятим ҳақида оила аъзоларим, мухлисларим ва қадрдонларим учун хотира китоби ёзяпман. Ҳозир шуни якунлаш арафасида турибмиз. Қолаверса буни мухлисларга бир дастур қилиб, шу йилнинг 3-октябр куни “Халқлар дўстлиги”санъат саройида концерт ўтказишни режалаштираяпмиз. Ҳозир қизғин тайёргарлик ишлари кетяпти. Бу қайсидир маънода узоқ йиллик ижодимнинг сарҳисоби десам, хато бўлмайди. Ушбу концерт дастурида шогирдларим, меҳмон санъаткорлар ҳам иштирок этиши режалаштираяпти. Концерт ташкилотчилари ва режиссёрлар билан маслаҳатлашган ҳолда ҳали яна ушбу дастурга ўзгартиришлар киритиш кўзда тутилган. Концертга яқин кунлар қолганда бу ҳақда яна мухлисларга кенгроқ маълумотлар берамиз.
- Биламизки, сиз Ўзбекистон халқ ҳофизи, раҳматли Фахриддин Умаровнинг шогирдисиз. Устозингиз умрларининг охирги йиллари қаттиқ тазйиққа учраганлигидан ҳам хабаримиз бор. Ана шу тазйиқларга нима сабаб бўлган эди, деб ўйлайсиз?
- Бетакрор овоз соҳиби, устозим Фахриддин Умаров ҳақида қанча гапирсам шунча оз. У киши буюк санъаткор эди. Мени у кишидан ўрганганларим жуда кўп. Фахриддин аканинг нутқига ва сўз бойлигига жуда кўпчилик ҳавас қиларди. Одамлар билан оддий суҳбатлашганда ҳам сўзларни шу қадар дур каби териб гапирардиларки, ҳатто шоир ва ёзувчилар ҳам қойил қоларди. Ўзи айтмоқчи бўлган қўшиқларнинг ҳар бир сўзига жуда катта эътибор қаратарди. Сўзларнинг маъносини жуда чуқур ўрганар ва ҳатто уларнинг луғавий маъносини эринмай излаб топарди. Қўшиқларини у киши билан биргаликда куйлаганимда мураккаб сўзларнинг маъносини мендан ҳам сўраб қолардилар. Айрим ҳолларда батафсил тушунтиролмасам “ўзинг тўлиқ билмаган сўзларни қандай куйлашинг мумкин, ҳофиз энг аввало ўзи куйлаётган қўшиқдаги сўзларнинг маъносини чуқур билиш керак”, дердилар. У кишининг ана шундай зукколикларига жуда кўпчилик ҳавас қиларди. Шунинг учун бўлса керак устознинг ҳар бир ашуласи одамларнинг юрак-юрагига кириб борарди. Ҳар томонлама ибратга сазовор, ўз даврининг етук ҳофизи эдилар устозим. Мен у кишининг шогирди бўлганлигимдан ҳамиша фахрланаман. Албатта, у кишининг кўплаб шогирдлари бор эди. Аммо шогирдлари ичида устознинг менга бўлган меҳрлари бўлакча эди. Менга ўзларининг торларини совға қилганларида бу меҳрни янада чуқур ҳис қилганман ва у кишига шогирд бўлиш ҳам катта масъулият эканлигини англаганман. Ана шундай буюк инсон эди устозим. Мен шогирдлари кўп санъаткорлардан иккита одамни биламан. Бири Комилжон Отаниёзов бўлса, иккинчиси Фахриддин Умаровдир. Устозим ҳақида ёзувчи Набижон Боқий билан биргаликда "Мени ёд эт" номли китоб ёздик ва бу 2000 йили ўн минг нусхада нашрдан чиқди ва жуда қисқа муддатларда бу китоб қўлма-қўл бўлиб кетди. Устозим 2007 йилнинг 7 сентябр куни саксон икки ёшларида оламдан ўтдилар. Ўтишларидан олдин касал бўлиб қолгандилар. Чунки туҳмат ва тазйиқлар соғликларига таъсир кўрсатганди. Бировга ҳам хизмат қилиб, ҳам туҳматга қолганди устозим. Ўша пайтлардаги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг собиқ раиси Назир Сафаров деган кимса уюштирганди бу туҳматларни. Сабаби оддий, унинг тўйида охиригача хизмат қилолмаганди устозим. Чунки Назир Сафаров тўй қилишдан бир кун олдин Филармониянинг директорига кириб, мен эртага тўй қиляпман, тўйда мана бу, мана бу санъаткорлар келиши керак, деб шарт қўйган. Унинг тўйига бориши керак бўлган санъаткорлар орасида Фахриддин аканинг ҳам номи бўлган. Аммо Фахриддин ака ўша куни янгийўллик бир ҳайдовчи йигитнинг тўйига айтилган. Ўша йигит 80-ёшли онасининг юбилейига атайлаб икки ой олдин айтган устозни. У киши вазиятни тушунтирганда филармония директори Назир Сафаров жуда ёмон одам, агар унинг тўйига бормасангиз ҳар бало бўлиши мумкин, дея огоҳлантиради. Фахриддин ака хўп деб унинг тўйига боради ва уч соат қўшиқ куйлайди. Шу орада у кишини тўйга айтган янгийўллик йигит Фахриддин акани излаб келади. Устоз тўйингизда шунча куйладим, энди шу йигитникига ҳам борай 80-ёшли кекса онаси ният қилган экан деса Назир Сафаров баланддан келиб, кетмайсан ҳозир биринчи келади дея Шароф Рашидовни назарда тутади. Фахриддин ака қанча тушунтиришга ҳаракат қилмасин “агар ҳозир тўйдан кетсанг, эртага санъатдан кеткизаман сени”, дея дўқ уради. Бундан жаҳли чиққан устоз “кеткизсанг санъатдан кеткизасан, лекин санъатимни олиб қўёлмайсан”, дея тўйхонадан чиқиб кетади. Бор-йўқ воқеа шу. Ана шундан сўнг у кишининг бошлари устида қора булутлар айлана бошлаган. Шу қадар туҳматлар уюштирилганки, иродаси бўшроқ одам бунга чидолмасди. Ҳатто унвонларидан маҳрум қилишгача боришди, ёмонотлиқ қилиш учун бор туҳматларни ёғдиришди. Устозим жуда қаттиқ тушкунликка тушиб қолдилар, албатта. Ҳам хизмат, ҳам туҳматга қолиш жуда ёмон экан. Устозимга бўлган бу каби ноҳақликларни оммага ошкор қилайлик деганимда устозим "кераги йўқ" дегандилар. Лекин мен бу ҳақиқатни халқ билишини истайман. Чунки эртами-кечми ҳақиқат барибир ошкор бўлиши керак. Кимлар учундир бу сабоқ бўлар балки. Устозим ана шу туҳматлар сабаб руҳан жуда кўп азоб чекди. Буни мен ҳатто душманимга ҳам раво кўрмаган бўлардим.
- Ҳожиакбар ака, сизни ҳам ҳофиз, ҳам тарихчи олим сифатида жуда яхши биламиз. Икки соҳада фаолият юритиш қийинчилик туғдирмайдими? Бу орада китоблар ҳам ёзяпсиз ва айни кунларда қандай китоблар устида ишлаяпсиз?
- Аксарият одамлар битта соҳани танлаб, ишлаб ва умрининг охиригача шу соҳада донг таратиб, кўпгина ютуқларга эришади. Буни кўпчиликка ибрат сифатида кўрсатиш мумкин, албатта. Аммо шундай одамлар ҳам борки, 70-90ёшга кирса ҳам ўзи танлаган соҳада ўртачадан ҳам паст даражада фаолият юритади. Демак, Худо уларга ғайрат, ҳафсала, қувват ва масъулият бермаган. Шукр, Аллоҳ менга куч-ғайрат ва шижоат берган эканки, умрим давомида иккита соҳада фаолият юритиш насиб этди. Иккала соҳага ҳам болалигимдан қизиққанман. Санъат ҳаётим бўлса, тарих бу менинг касбим. Ушбу соҳани ҳам мен иккига бўлиб ўрганганман, яъни ҳам педагоглик ҳам илмий-тадқиқотчилик билан шуғулланганман. Мактабни тугатганимдан сўнг биринчи йили университетга киролмагаман. Иккинчи йили ҳозирги Миллий университетнинг тарих факультетига кечки бўлимга ўқишга киришга мажбур бўлганман ва ўқиш мобайнида меҳнат фаолиятимни ҳам бошлаганман. Кечқурун ўқисам кундузи ишлайман. Уйга ҳар куни кечки ўн иккиларда кириб келаман. Яна тонг саҳарлаб ишга югураман. Шу билан бирга санъатда ҳам фаолият юритишни бошлаганман. Ўқишга киролмаган кезларим акам Аҳмаджон “Бир йил бекор юрмагин” деб касб-ҳунар ўргатиладиган бир йиллик билим юртига олиб борган. Бир йил алоқа йўналиши бўйича шу ерда ҳам ўқиганман. Лекин санъатга бўлган қизиқишим кундан-кунга ортиб борарди. Мусиқа асбобларида куй чалгим келарди. Аммо тор олишга имконим йўқ. Шундай бўлсада ашулалар айтиб юрардим. Ҳар куни радиодан эшитган қўшиқларни қўлимдан келганча айтишга ҳаракат қилардим. Айниқса, Фахриддин аканинг қўшиқларига меҳрим бўлакча эди. Уйдагиларим ҳам яхши кўрарди. Ана шу билим юртида ўқиб юрган кезларим Маъруфжон исмли бола билан курсдош бўлганмиз. У ҳам санъатга қизиқар ва доира чалишни биларди. Гапимиз гапимизга тўғри келиб, у билан яқин қадрдон бўлиб қолдик. Ҳозиргача қадрдонмиз. Маъруфжон билан бирга турли тадбирларга чиқадиган бўлдик. Шу йигит сабаб бўлиб унинг маҳалласида яшайдиган бир одамдан биринчи торимни олишга муваффақ бўлганман. Менинг ҳавасимни кўриб, ота-онам шу торни менга 62 сўмга олиб беришган. Ана шу тордан бошланди гўё санъатдаги илк қадамларим. Бу ёқда ўқишим ҳам давом этарди, санъатим ҳам кун сайин ривожланиб борарди. Болалигимдан Фахриддин аканинг мухлиси бўлганим учун қанийди шу одамни бир кўрсам, дея орзу қилардим. Бир куни акам мени у кишининг концертларига олиб бордилар. Фахриддин аканинг ҳам олдиларига боргунимча катта санъаткорларнинг бир нечта қўшиқларини куйлаб юрардим. Шу жараёнда қўшиқнинг қандай ижро этилиши, кичик авжи, катта авжи ва тугалланиши ҳақида менда озми-кўпми тушунча пайдо бўлганди. Устозимнинг олдига боргач, кўпчиликка маъқул бўлган ва ҳозир ҳам сўрашадиган "Кечир мени, кечир қоракўз" ашуласини ижро этганман. Ижроим устозимга маъқул бўлган. Худонинг ишини қарангки, овозимизда бир-бирига ўхшаш жойлари бор экан.
- Тарих фанига нега қизиқиб қолгансиз?
- Тарихга қизиқишим мактаб пайтларидан бошланган. Бу фаннинг оҳанграбоси мени ўзига маҳлиё этганлиги учунми шу ёшгача ҳамон тарих бўйича илмий изланишдаман. Шу фан бўйича талабаларга дарс бераман. Халқимизда тарихсиз келажак йўқ, деган гап бор. Ҳақиқатдан ҳам бизнинг халқим жуда бой тарихга эга. Уни қанча ўргансангиз шунча камдек назаримда. Чунки биз буюк алломаларнинг авлодларимиз. Аждодларимиз қилган ишларни бутун дунё ўрганаётган бир пайтда нафақат биз тарихчилар балки шу юртда яшаётган ҳар бир фуқаро учун ҳам қарз, ҳам фарз бўлса керак. Албата, тарих бўйича жуда кўп илмий изланишлар қилдим, китоблар ёздим. Бу хизматларим эътиборга олиниб тарих фанлар доктори бўлдим. "Турон" фанлар академиясининг академиги ва вице-призенти этиб сайландим. Тарих бу менинг касбим бўлса, санъат ҳаётимнинг мазмуни. Иккаласини биргаликда олиб бориш қийин, албатта. Лекин инсон ўзи севган иш билан машғул бўлса унинг қийинчиликлари билинмас экан. Ҳар битта қўшиғимга ўзим мусиқа басталайман. Шеър танлаётганда эса унинг ҳар бир сўзига жуда катта эътибор бераман, минг бир чиғириқдан ўтказиб кейин куйга соламан. Ҳар бир шеърга мос ва хос куйлар топишга ҳаракат қиламан. Бу менга устозимдан ўтган хислат. Китобга келадиган бўлсак, яқинда мухлисларимизга бир совға тайёрлаяпмиз, яъни менинг ҳаётим ва ижодим акс эттирилган китоб нашрдан чиқиш арафасида. Ушбу китоб тақдимоти ҳам яккахон концертимиз арафасида бўлиб ўтади.
- Эшитишимизча, умр йўлдошингиз билан севишиб турмуш қурган экансиз. Рафиқангиз сизни қўшиқларингиз туфайли севиб қолганми ёки ёшликдан аҳду паймон қилганмисизлар?
- Ҳа, турмуш ўртоғим Саломатхон билан севишиб турмуш қурганмиз. Аёлим тиббиёт техникумини тугатган. Кейинчалик турмуш қурганимиздан кейин Низомий номли институтда мактабгача таълим факультетида ўқиди ва ўқишни тугатгач, болалар боғчасида тарбиячи бўлиб ишлаб, шу ердан нафақага чиқди. Саломатхон билан 1971 йили танишганмиз. У мактабда ва маҳалласида ҳам лидер қизлардан бўлган. Мактабда яхши ўқиган. Оғир меҳнатни кўриб улғайган қиз бўлган. Эрталаб мактабга кетишдан олдин соат 5 да туриб, онаси билан биргаликда тўн тикиб, рўзғор тебратишган. Унинг ибо-ҳаёси, оқилалиги, ориятлилиги ва ақллилиги диққатимни тортган. Бир-биримизга кўнгил қўйиб, аҳду паймон қилганмиз. Албатта, қўшиқларимнинг шайдоси бўлган. 1972 йилда унинг маҳалласига тўйга борганман. Ўшанда унинг уйи рўпарасидаги қиз узатилаётган экан. Мен ўша тўйда хизматда эдим. Шунда Саломатхонга сўз беришди. У оиласи номидан келинчакни табриклаганда диққатимни тортди. Ўша пайтлар мен энди институни битираётган йигит эдим. Шундан кейин биз 2 йил бир-биримизни синаб, севишиб юрганмиз ва турмуш қурганмиз. Тўйимизда устозим Фахриддин ака бош-қош бўлганлар. Учта фарзандли бўлдик. Катта фарзандим Ҳамидов Фахриддин бу йил 45 ёшни қаршилади. Кичкинаси Санжарбек ундан икки ёш кичик. Иккиси ҳам тадбиркор. Қизим Ферузахон ҳам оилали. Қудамиз Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Олимжон Орифжонов. Қизимнинг учта фарзанди бор. Катта ўғил набирам ҳозир Ригадаги институлардан бирида таҳсил оляпти. Ҳаммаси бўлиб, 10 набиранинг севимли бобосиман. Болаларни улғайтириш давомида кўп қаватли уйларда яшадик. Бунинг ҳам ўзига яраша машаққатли томонлари бор экан. Уйда репитиция қилолмасдим. Қўни-қўшни шикоят қиларди тинчимизни бузяпсиз деб. Кейнчалик ҳовли қурдик. Шу ерда болаларимизнинг тўйларини қилдик. Бу орада илиий ишларимни амалга оширдим, номзодлик ишларим докторлик диссертацияларини ёқладим. 2012 йилда “Турон” фанлар академиясини тузишга эришдик. Устозимиз Ҳайдарбек Бобоеков тарих фанлари доктори, профессор, Германиядаги Либнец номидаги халқаро табиий фанлар академиясининг академиги, Тожикистондаги “Нури-Хўжанд” антик давр академиясининг академиги. Ниҳоятда илмли инсон, юзлаб китоблар, дарсликлар муаллифи. Мен шу инсондаги куч-ғайратни кўриб, жуда ҳавас қилганман. Хуллас, шу инсон билан ҳозирги кунда “Турон” фанлар академиясида ҳам фаолият юритяпман.
- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!
Суҳбатдош Гулруҳ Ёрматова
Суҳбат Muzaffar.uz сайти билан ҳамкорликда тайёрланди.
Манба: "Бекажон" газетаси.
2019 йил.