Ҳожиакбар Комиловга табрик


   Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбек Миллий Академик драма театри ва кино актёри, маҳоратли дубляж устаси - Ҳожиакбар Комиловни таваллуд топган куни билан табриклаймиз!
    Ҳожиакбар Комиловга мустаҳкам соғлик, узоқ умр, оилавий тотувлик, энг эзгу истакларимизни тилаб қоламиз!

   Камоли эҳтиром ила - Ўзбек Миллий Академик драма театри ва Muzaffar.uz сайтининг ижодий жамоалари.

   Маълумот: Ҳожиакбар Толибович Комилов 1956 йилнинг 11 Май куни Тошкет шаҳрида туғилган. 
   Ҳожиакбар Комилов 1983 йили М.Уйғур номидаги Тошкент Давлат санъат институтини "Драма театри актёри” факультетини битириб, 1976 йилда Ўзбек Миллий Академик драма театрига режиссёр ёрдамчиси ва 1984 йилда актёр сифатида ўз фаолиятини бошлаган. 
   2002 йили "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони билан тақдирланган. 
   Ҳожиакбар Комилов саҳнадаги ижодининг дастлабки йилларидан то шу кунга такрорланмас образлар яратиб, театрнинг етук актёрлардан бирига айланган. 
   Устоз санъаткор "Кундузсиз кечалар”да Файзулла Хўжаев, "Афандининг беш хотини”да Қодир банги, "Энага”да Мурод, "Ҳасрат боғи”да Мурод тоға, "Бир қадам йўл”да Хорижлик, "Ўткан замон ҳангомалари”да Вазир, "Машраб”да Гадой, "Муҳаббат султони”да Ибн Салом, "Отелло”да Родриго, "А. Қодирийнинг Ўткан кунлари”да Ойбек, "Макр ва муҳаббат”да Президент, "Чимилдиқ”да Ота, "Нексия”да Болтавой, "Жаҳон Отин Увайсий”да Замоний, "Ёз туни ғаройиботлари”да Эггей, "Усмон Носир”да Ғулом Зафарий, "Соҳибқирон”да Ҳофиз Шерозий, "Етти фарёд”да Барон Пертус, "Пири коинот”да Мағрудий, "Алишер Навоий”да Мўмин Мирзо, "Меҳробдан Чаён”да Зокир Гов, "Умр шомидаги бахт”да Рустам, "Уфқ”да Турсунбой, "Куёв”да Эркин, "Мирзо Улуғбек”да Қози Мискин, "Жиноят устида ушлансин”да Қобулов, "Ўғрини қароқчи урди”да Тоживой соққа, "Соҳиби Тахтизар”да Хориён, "Сеҳрли апельсин”да Труфальдино, "Ёрилтош”да Шаҳзода, "Кулойим”да Эртакчи, "Жодугар канизак”да Шох, "Семурғ”да Ота, "Талваса”да Домла, "Ўткан кунлар”да Мирзакарим Қутидор, "Танҳо юлдуз”да Домла, "Рустам”да Элликбош, "Сизсиз ўтмас кунларим”да Ўткир, "Ўзбекча рақс”да Домла, "Адибнинг умри”да Ойбек, "Дахшатли қудуқ”да Бобо, "Тонг отган тарафлар”да Луқмони хаким ва бошқа кўплаб спектаклларда турфа ролларни ижро этиб келмоқда. 
   Бундан ташқари, кўплаб кино ва видеофильмларда ҳам суратга тушган. "Кўнгил кўчалари”да Синдор, "Бобур”да Шаҳзода, "Навоий”да Музаффар Мирзо, "Ибн Сино”да Ибн Сино, "Қирқ тоғоранинг қирқ ноғораси”да Заргар, "Буюк Амир Темур”да Саркарда, "Эгизаклар”да Ота, "Хавфли бурилиш”да Ота каби кўплаб образларни яратган. 
   Дубляжда 200 дан ортиқ фильмларга овоз берган. Халқ эътиборига тушган таниқли актёрлардан.  










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот