ИЛМ ИСТАГАН КЎНГИЛ


   Ушбу ажойиб ижодкорнинг исмини эшитишимиз биланоқ беихтиёр кўз олдимизга юз-кўзларида табассум жилва қилаётган фариштали ўзбек аёли намоён бўлади. Энг муҳими Умида опанинг ижодларида ҳам шу самимийлик ва беғуборлик акс этиб туради. Шунинг учун ҳам шоиранинг ҳар бир шеърида тоза руҳ ва тоза қалб борлигини ҳис қиласиз. Мен ҳозирги кунда жуда камёб ҳисобланаётган ўша тоза руҳ ва тоза қалб билан улғайган севимли шоирамизнинг болалик хотираларини сизларга ҳам илиндим.


ИЛМ ИСТАГАН КЎНГИЛ


   Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Халқ таълими аълочиси, “Шуҳрат” медали соҳибаси, шоира Умида АБДУАЗИМОВАни ҳаммангиз яхши танийсиз. Умида опа узоқ йиллар “Тонг юлдузи” газетаси ва “Ғунча” журналига бош муҳаррирлик қилган. Ажойиб ижодкор “Бир бола”, “Акамнинг китоби”, “Боғларда баҳор”, “Бурч”, “Ақл қаймоғи”, “Қимматбаҳо тош”, “Ойқиз ҳақида эртаклар”, “Меҳмон-меҳмон ўйнадик”, “Севинчим”, “Салом, ҳаёт”, “Қадимий қўшиқ”, “Ойдин орзулар”, “Умрим зийнати”, “Оймома боғ” номли ўттиздан ортиқ шеърий ва публицистик тўпламлар муаллифи.


УМИДЛАР РЎЁБИ


   Мен 1953 йил 1-июнда Тошкент шаҳар Юнусобод тумани “Бободеҳқон” маҳалласида туғилганман. Оилада икки ўғил, олти қизмиз. Отам – Мурод Абдуазимов 16 ёшида кўнгиллилар сафида II жаҳон урушига борган. Минг шукр, жангоҳлардан омон қайтган. Ақлимни таний бошлаганимдан кейин отамнинг соғлиғи тез-тез безовта қилишини, уни тинимсиз оғриқлар қийнашини тушуна бошлаганман. Кейин билсам отам урушдан ўз танасида осколка парчасини “олиб” қайтган экан. Шифокорлар осколканинг кўп бўлакларини танадан териб олишган, аммо қўрғошиннинг ўн бир бўлаги тананинг чуқур қисмида жойлашгани сабабли олишнинг имкони бўлмаган экан. Шу қўрғошин парчалари отамни оғриқлар билан яшашга мажбур қиларди. Ўша пайтда отамнинг аҳволини кўрган шифокорлардан бири: “Афсус, минг афсус, сен энди фарзандли бўла олмайсан”, деб айтган экан. Шунинг учун отам урушдан қайтганига етти йил ўтса-да бувимнинг гапларига қулоқ солмай, уйланишга рози бўлмаган экан. Ҳар гал шу мавзуда сўз очилса, отам бошини эгиб: “Аҳволимни билиб туриб, бир инсонни бахтсиз қиламанми?!” дер экан. Лекин бир куни онамга кўзлари тушибди-ю, уйланишга рози бўлган эканлар. Орадан бир йил ўтиб мен туғилганман. Ана ўшанда отамнинг бахтдан кўзлари ёшга тўлган, “Йиллаб сўнган умидларимнинг рўёби бўлган фарзандим”, дея исмимни Умида қўйган эканлар.
   Онам – Маҳбуба Алишоева турмушга чиққан пайтлари олий ўқув юртининг талабаси бўлган эканлар. Аммо уй-рўзғор, фарзандлар учун ўқишни тамомлай олмаганлар. Онам бизга: “Сиз фарзандларимнинг қийналмай униб-ўсишингиз учун ўзимнинг орзу-умидларимдан воз кечганман. Шунинг учун ҳаммангиз олий маълумотли бўлишингиз, ўқиб-ўрганиб, жамиятда ўз ўрнингизни топишингиз зарур”, деб уқтирар эдилар.
   Дадам рўзғор учун кўп-кўп ёғ олиб келардилар. Онам уларни ҳидсизлантириш учун катта қозонда доғлар, сўнг идишларга солиб қўярдилар. Қиш кунларининг бирида онам тайёрлаб қўйган қозоннинг тагини ёқиш учун бир чўпни олдим-да, уни керосинга ботириб, олов ёқдим. Сўнг шўхлигим тутиб оловнинг тагини ковлайвердим. Керосиннинг кучи билан олов баланд кўтарилиб, ёғ ҳам ёниб кетди. Нима қилишни билмай кўча томон югурдим. Кўчадан ўтаётган қўшни амакини ёрдамга чақирган эдим, у киши ҳовлимизга кириб нима қилишни билмай бироз каловланиб турди-да, қозонни икки қулоғидан ушлаб қорга отиб юборди... Рухсатсиз олов ёққанимдан жаҳли чиққан онам мени роса қувлаган. Мен ҳар доим жазодан қутилиш учун беҳи дарахтининг устига чиқиб олардим. Бу сафар ҳам онамнинг жаҳли босилгунича совуқ есам-да, дарахт тепасида ўтиравердим...


ШАРАФЛИ БЕШ БАҲО


   Мактабда деярли ҳамма фандан аъло баҳога ўқир эдим. Фақат кимё ва биология фанларидан мавзуни ёдлаб, баҳо олардим. Негадир шу фанларни тушунишга қийналардим.
   5-синфдан шеърлар ёзиб, газета ва журналларга юборганман. Таҳририятдан камчиликларим тушунтирилган мактублар келса, уларни синчиклаб ўқиб чиқиб, шеърларимни қайта тузатиб яна юборар эдим. Шундай қилиб газета ва журналларда шеърларим тез-тез чоп этиладиган бўлди. Мактабимизда ҳар ҳафта деворий газета тайёрланиб, йўлакка илиб қўйиларди. Унда, албатта, менинг шеърим ҳам бўлар эди.
   Маҳалламиз маънавият раҳбари бўлган Наби ака Саидов ўша пайтда чоп этиладиган газета, журналларнинг ҳар бир саҳифасини қолдирмай ўқиб чиқарди. Ҳар гал менинг шеърим ва суратим чиққан нашрни кўриб қолса, дарров олиб келиб, мени ва онамни табриклаб, бундан кейин янада кўпроқ ёзишим кераклигини тайинлар эди. Юқори синфларда ўқиётганимда “Қизлар давраси” кўрсатувида ҳам иштирок эта бошладим. Ҳар сафар экранга чиққанимда, қўни-қўшниларимиз уйимизга келиб табриклашар, ўша куни худди туғилган кунимдек байрам бўлар эди.
   10-синф охирида белгиланган фанлардан давлат имтиҳонларини топширдик. Адабиёт фанидан эркин мавзуда иншо ёздик. Мен “Ватан тарихи” номли шеърий иншо ёздим. Шунчалар завқ ва шавқ билан ёзибманки, иншоим нақ 8 варақ бўлибди. Унинг қораламасини ҳанузгача сақлаб қўйганман.
   Мактабни тамомлаш арафасида олтин медаль олиши керак бўлган ўқувчиларни баҳоларига қараб саралаш бошланди. Мен кимё ва биология фанлари сабаб бундай бахтни хаёлимга ҳам келтирмас эдим. Ўқитувчим Рихсихон Ғиёсова синфдошларим олдида: “Сенинг билиминг, аслида, тўртга муносиб. Лекин одобинг, ҳар доим саришта, озода юришинг, тинмай изланиб, ўқишинг ва ҳаракатчанлигинг учун йиллик баҳоингга беш қўяман”, дедилар. Шу ўқитувчим сабаб олтин медаль олишга мушарраф бўлдим. Буни қарангки, йиллар ўтиб кимё ва биология фани ўқитувчисига турмушга чиқдим.
   Мактабни тамомлаганимдан сўнг Тошкент тиббиёт институтига ҳужжат топшириш учун тайёргарлик кўра бошладим. Аммо устоз Пўлат Мўмин: “Қанча ижод намуналаринг матбуот юзини кўрди. Қанча устоз шоирлар сенга оқ йўл беришди. Сен ҳужжатларингни журналистика факультетига топширгин”, деб маслаҳат бердилар. Шундан сўнг ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетига ҳужжат топширдим. Ўша пайтларда мактабдан берилган олтин медаль имтиёзи олий ўқув юртига имтиҳонсиз қабул қилиш имконини берарди. Аммо журналистика факультетига қабул қилинаётган талаба, албатта, устоз журналистларнинг суҳбатидан ўтиши лозим эди. Мен ҳаяжон билан суҳбат ўтказилаётган хонага кирдим. Таниқли олимлар – Озод Шарафиддинов, Абдуғафур Расулов, Бегали Қосимов, Мухтор Худойқулов, Ҳасанхўжа Муҳаммадхўжаевлар ҳайъат аъзолари экан. Улар қўлимдаги катта дафтарга жойланган ижодий ишларимни бирма-бир текшириб кўришгач, мендан Бобур лирикаси ҳақида сўрашди. Шу пайтда мактабдаги адабиёт ўқитувчимнинг талабчанлигидан миннатдор бўлганман. Сабаби у кишининг ўта қаттиққўлликлари сабаб синфимиз билан Бобурнинг бир нечта ғазалини ёд олган эдик. Мен Бобур ғазалларини ёддан айтиб, таҳлил қилиб бердим. Сўзим якунида эса шоирнинг машҳур:
– Ким ёр анга илм толиби илм керак... – деб бошланган рубоийсини айтдим-да, – бобомиз Бобур мазкур рубоийларида илм оламан деб интилганларни асло қайтарманглар, деб айтганлар. Мен ҳам бу даргоҳга илм оламан деб келганман. Мени ҳам қайтарманг, – дедим. Устозлар бараварига кулиб юборишди ва “Ўқишга қабул қилиндингиз”, дейишди...


ОТАМНИНГ ОҒРИҚЛАРИ


   Отам жуда бақувват, вазмин киши бўлиб, кўпинча ўйга чўмиб, ғамгин бўлиб ўтирганларига кўзим тушарди. Лекин бунинг сабабини ҳеч била олмасдим. Орадан йиллар ўтиб бир куни отам билан Хотира майдонига бордик! У ерда илинган қалин темир китобларни варақлаб, тўхтаб қолган отам йиғи аралаш: “Мана ҳақиқат бор экан-ку! Абдуазимов Эргаш – 1921-1943! Бу – менинг акам. У ўз юртини ҳимоя қилиш учун мардларча ҳалок бўлган. Оиламизнинг шунча йиллик изтиробларига, юрагимдаги оғриқларимга шу китоб муносиб жавоб қайтарди”, дедилар. Кейин билсам уруш вақтида икки амаким ҳам биринчилардан бўлиб жангга кетган. Бири оёғидан оғир жароҳат олиб қайтган бўлса, иккинчи амакимдан фақат “Бедарак йўқолди” деган хабар етиб келган экан. Амаким ҳақида маҳалладагилар Ҳамро бувимга: “Ўғлингиз душман томонга сотилиб кетган бўлса керак”, деб айтишган экан. Тарбия берган фарзандининг хиёнат қилмаслигига ишонса-да, атрофдагиларнинг гап-сўзи бувимнинг дилини оғритган, амакимни кўп эслаб, тинмай йиғлаган экан...
   Дадам ўта меҳрибон бўлганликлари билан бирга анчагина қаттиққўл ҳам эдилар. Бир куни оиламиз ҳақида иншо ёзганимда дадамни ҳайдовчи деб эмас, экспедитор деб ёздим. Буни айтганимда дадам менга: “Тўғри, мен экспедитор вазифасини ҳам бажараман. Лекин асосий ишим ҳайдовчилик-ку! Қизим, дадангни ҳайдовчи эканлигидан уялдингми? Шуни доимо ёдингда тутгин. Ҳаётда ҳамиша тўғрисўз бўлишга ҳаракат қилгин”, дедилар. Шу-шу ҳар қандай вазият, ҳар қандай ҳолат бўлмасин, тўғри сўзладим. Ҳаётим давомида тўғрисўзлигим ўзимга жуда кўп панд берган вақтлар ҳам бўлди.
   Болалигимни эсласам кўпинча уруш жабрини тортган 90 ёшли қўшнимиз Зулайҳо буви ёдимга тушадилар. Мен имкони борича уларнинг уйларига чиқиб, рўзғор ишларида кўмаклашиб, ҳаммаёқни саранжомлаб, тозалаб берардим. Бетоб бўлиб қолсалар, етаклаб ҳовлини айлантирардим. Онам ҳар гал тансиқроқ таом тайёрласалар, албатта, Зулайҳо бувига ҳам илинардилар. У киши мени доимо “Катта директор”, бўлгин деб дуо қилардилар. Шу дуоларнинг ижобати бўлса керак, энг улуғ бўлган болалар нашрларининг бир нечтасида бош муҳаррир лавозимида ишладим. Кексаларимиз бежизга: “Олтин олма, дуо ол”, дейишмас экан. Кўнгилларга эзгулик улашишда, қалбларга ёруғлик таратишда, кекса ва кўнгли яримларнинг дуосини олишда ҳикмат кўп экан...


Суҳбатдош Нилуфар ЖАББОРОВА.

Манба: "Гулхан" журнали. 2020 йил.


***
ILM ISTAGAN KO‘NGIL


O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan madaniyat xodimi, Xalq ta’limi a’lochisi, “Shuhrat” medali sohibasi, shoira Umida ABDUAZIMOVAni hammangiz yaxshi taniysiz. Umida opa uzoq yillar “Tong yulduzi” gazetasi va “G‘uncha” jurnaliga bosh muharrirlik qilgan. Ajoyib ijodkor “Bir bola”, “Akamning kitobi”, “Bog‘larda bahor”, “Burch”, “Aql qaymog‘i”, “Qimmatbaho tosh”, “Oyqiz haqida ertaklar”, “Mehmon-mehmon o‘ynadik”, “Sevinchim”, “Salom, hayot”, “Qadimiy qo‘shiq”, “Oydin orzular”, “Umrim ziynati”, “Oymoma bog‘” nomli o‘ttizdan ortiq she’riy va publitsistik to‘plamlar muallifi.


UMIDLAR RO‘YOBI


   Men 1953-yil 1-iyunda Toshkent shahar Yunusobod tumani “Bobodehqon” mahallasida tug‘ilganman. Oilada ikki o‘g‘il, olti qizmiz. Otam – Murod Abduazimov 16 yoshida ko‘ngillilar safida II jahon urushiga borgan. Ming shukr, jangohlardan omon qaytgan. Aqlimni taniy boshlaganimdan keyin otamning sog‘lig‘i tez-tez bezovta qilishini, uni tinimsiz og‘riqlar qiynashini tushuna boshlaganman. Keyin bilsam otam urushdan o‘z tanasida oskolka parchasini “olib” qaytgan ekan. Shifokorlar oskolkaning ko‘p bo‘laklarini tanadan terib olishgan, ammo qo‘rg‘oshinning ўн бир bo‘lagi tananing chuqur qismida joylashgani sababli olishning imkoni bo‘lmagan ekan. Shu qo‘rg‘oshin parchalari otamni og‘riqlar bilan yashashga majbur qilardi. O‘sha paytda otamning ahvolini ko‘rgan shifokorlardan biri: “Afsus, ming afsus, sen endi farzandli bo‘la olmaysan”, deb aytgan ekan. Shuning uchun otam urushdan qaytganiga yetti yil o‘tsa-da buvimning gaplariga quloq solmay, uylanishga rozi bo‘lmagan ekan. Har gal shu mavzuda so‘z ochilsa, otam boshini egib: “Ahvolimni bilib turib, bir insonni baxtsiz qilamanmi?!” der ekan. Lekin bir kuni onamga ko‘zlari tushibdi-yu, uylanishga rozi bo‘lgan ekanlar. Oradan bir yil o‘tib men tug‘ilganman. Ana o‘shanda otamning baxtdan ko‘zlari yoshga to‘lgan, “Yillab so‘ngan umidlarimning ro‘yobi bo‘lgan farzandim”, deya ismimni Umida qo‘ygan ekanlar.
   Onam – Mahbuba Alishoyeva turmushga chiqqan paytlari oliy o‘quv yurtining talabasi bo‘lgan ekanlar. Ammo uy-ro‘zg‘or, farzandlar uchun o‘qishni tamomlay olmaganlar. Onam bizga: “Siz farzandlarimning qiynalmay unib-o‘sishingiz uchun o‘zimning orzu-umidlarimdan voz kechganman. Shuning uchun hammangiz oliy ma’lumotli bo‘lishingiz, o‘qib-o‘rganib, jamiyatda o‘z o‘rningizni topishingiz zarur”, deb uqtirar edilar.
   Dadam ro‘zg‘or uchun ko‘p-ko‘p yog‘ olib kelardilar. Onam ularni hidsizlantirish uchun katta qozonda dog‘lar, so‘ng idishlarga solib qo‘yardilar. Qish kunlarining birida onam tayyorlab qo‘ygan qozonning tagini yoqish uchun bir cho‘pni oldim-da, uni kerosinga botirib, olov yoqdim. So‘ng sho‘xligim tutib olovning tagini kovlayverdim. Kerosinning kuchi bilan olov baland ko‘tarilib, yog‘ ham yonib ketdi. Nima qilishni bilmay ko‘cha tomon yugurdim. Ko‘chadan o‘tayotgan qo‘shni amakini yordamga chaqirgan edim, u kishi hovlimizga kirib nima qilishni bilmay biroz kalovlanib turdi-da, qozonni ikki qulog‘idan ushlab qorga otib yubordi... Ruxsatsiz olov yoqqanimdan jahli chiqqan onam meni rosa quvlagan. Men har doim jazodan qutilish uchun behi daraxtining ustiga chiqib olardim. Bu safar ham onamning jahli bosilgunicha sovuq yesam-da, daraxt tepasida o‘tiraverdim...


SHARAFLI BESH BAHO


   Maktabda deyarli hamma fandan a’lo bahoga o‘qir edim. Faqat kimyo va biologiya fanlaridan mavzuni yodlab, baho olardim. Negadir shu fanlarni tushunishga qiynalardim.
   5-sinfdan she’rlar yozib, gazeta va jurnallarga yuborganman. Tahririyatdan kamchiliklarim tushuntirilgan maktublar kelsa, ularni sinchiklab o‘qib chiqib, she’rlarimni qayta tuzatib yana yuborar edim. Shunday qilib gazeta va jurnallarda she’rlarim tez-tez chop etiladigan bo‘ldi. Maktabimizda har hafta devoriy gazeta tayyorlanib, yo‘lakka ilib qo‘yilardi. Unda, albatta, mening she’rim ham bo‘lar edi.
   Mahallamiz ma’naviyat rahbari bo‘lgan Nabi aka Saidov o‘sha paytda chop etiladigan gazeta, jurnallarning har bir sahifasini qoldirmay o‘qib chiqardi. Har gal mening she’rim va suratim chiqqan nashrni ko‘rib qolsa, darrov olib kelib, meni va onamni tabriklab, bundan keyin yanada ko‘proq yozishim kerakligini tayinlar edi. Yuqori sinflarda o‘qiyotganimda “Qizlar davrasi” ko‘rsatuvida ham ishtirok eta boshladim. Har safar ekranga chiqqanimda, qo‘ni-qo‘shnilarimiz uyimizga kelib tabriklashar, o‘sha kuni xuddi tug‘ilgan kunimdek bayram bo‘lar edi.
   10-sinf oxirida belgilangan fanlardan davlat imtihonlarini topshirdik. Adabiyot fanidan erkin mavzuda insho yozdik. Men “Vatan tarixi” nomli she’riy insho yozdim. Shunchalar zavq va shavq bilan yozibmanki, inshoim naq 8 varaq bo‘libdi. Uning qoralamasini hanuzgacha saqlab qo‘yganman.
   Maktabni tamomlash arafasida oltin medal olishi kerak bo‘lgan o‘quvchilarni baholariga qarab saralash boshlandi. Men kimyo va biologiya fanlari sabab bunday baxtni xayolimga ham keltirmas edim. O‘qituvchim Rixsixon G‘iyosova sinfdoshlarim oldida: “Sening biliming, aslida, to‘rtga munosib. Lekin odobing, har doim sarishta, ozoda yurishing, tinmay izlanib, o‘qishing va harakatchanliging uchun yillik bahoingga besh qo‘yaman”, dedilar. Shu o‘qituvchim sabab oltin medal olishga musharraf bo‘ldim. Buni qarangki, yillar o‘tib kimyo va biologiya fani o‘qituvchisiga turmushga chiqdim.
   Maktabni tamomlaganimdan so‘ng Toshkent tibbiyot institutiga hujjat topshirish uchun tayyorgarlik ko‘ra boshladim. Ammo ustoz Po‘lat Mo‘min: “Qancha ijod namunalaring matbuot yuzini ko‘rdi. Qancha ustoz shoirlar senga oq yo‘l berishdi. Sen hujjatlaringni jurnalistika fakultetiga topshirgin”, deb maslahat berdilar. Shundan so‘ng hozirgi O‘zbekiston Milliy universitetining jurnalistika fakultetiga hujjat topshirdim. O‘sha paytlarda maktabdan berilgan oltin medal imtiyozi oliy o‘quv yurtiga imtihonsiz qabul qilish imkonini berardi. Ammo jurnalistika fakultetiga qabul qilinayotgan talaba, albatta, ustoz jurnalistlarning suhbatidan o‘tishi lozim edi. Men hayajon bilan suhbat o‘tkazilayotgan xonaga kirdim. Taniqli olimlar – Ozod Sharafiddinov, Abdug‘afur Rasulov, Begali Qosimov, Muxtor Xudoyqulov, Hasanxo‘ja Muhammadxo‘jayevlar hay’at a’zolari ekan. Ular qo‘limdagi katta daftarga joylangan ijodiy ishlarimni birma-bir tekshirib ko‘rishgach, mendan Bobur lirikasi haqida so‘rashdi. Shu paytda maktabdagi adabiyot o‘qituvchimning talabchanligidan minnatdor bo‘lganman. Sababi u kishining o‘ta qattiqqo‘lliklari sabab sinfimiz bilan Boburning bir nechta g‘azalini yod olgan edik. Men Bobur g‘azallarini yoddan aytib, tahlil qilib berdim. So‘zim yakunida esa shoirning mashhur:
– Kim yor anga ilm tolibi ilm kerak... – deb boshlangan ruboiysini aytdim-da, – bobomiz Bobur mazkur ruboiylarida ilm olaman deb intilganlarni aslo qaytarmanglar, deb aytganlar. Men ham bu dargohga ilm olaman deb kelganman. Meni ham qaytarmang, – dedim. Ustozlar baravariga kulib yuborishdi va “O‘qishga qabul qilindingiz”, deyishdi...


OTAMNING OG‘RIQLARI


   Otam juda baquvvat, vazmin kishi bo‘lib, ko‘pincha o‘yga cho‘mib, g‘amgin bo‘lib o‘tirganlariga ko‘zim tushardi. Lekin buning sababini hech bila olmasdim. Oradan yillar o‘tib bir kuni otam bilan Xotira maydoniga bordik! U yerda ilingan qalin temir kitoblarni varaqlab, to‘xtab qolgan otam yig‘i aralash: “Mana haqiqat bor ekan-ku! Abduazimov Ergash – 1921-1943! Bu – mening akam. U o‘z yurtini himoya qilish uchun mardlarcha halok bo‘lgan. Oilamizning shuncha yillik iztiroblariga, yuragimdagi og‘riqlarimga shu kitob munosib javob qaytardi”, dedilar. Keyin bilsam urush vaqtida ikki amakim ham birinchilardan bo‘lib jangga ketgan. Biri oyog‘idan og‘ir jarohat olib qaytgan bo‘lsa, ikkinchi amakimdan faqat “Bedarak yo‘qoldi” degan xabar yetib kelgan ekan. Amakim haqida mahalladagilar Hamro buvimga: “O‘g‘lingiz dushman tomonga sotilib ketgan bo‘lsa kerak”, deb aytishgan ekan. Tarbiya bergan farzandining xiyonat qilmasligiga ishonsa-da, atrofdagilarning gap-so‘zi buvimning dilini og‘ritgan, amakimni ko‘p eslab, tinmay yig‘lagan ekan...
   Dadam o‘ta mehribon bo‘lganliklari bilan birga anchagina qattiqqo‘l ham edilar. Bir kuni oilamiz haqida insho yozganimda dadamni haydovchi deb emas, ekspeditor deb yozdim. Buni aytganimda dadam menga: “To‘g‘ri, men ekspeditor vazifasini ham bajaraman. Lekin asosiy ishim haydovchilik-ku! Qizim, dadangni haydovchi ekanligidan uyaldingmi? Shuni doimo yodingda tutgin. Hayotda hamisha to‘g‘riso‘z bo‘lishga harakat qilgin”, dedilar. Shu-shu har qanday vaziyat, har qanday holat bo‘lmasin, to‘g‘ri so‘zladim. Hayotim davomida to‘g‘riso‘zligim o‘zimga juda ko‘p pand bergan vaqtlar ham bo‘ldi.
   Bolaligimni eslasam ko‘pincha urush jabrini tortgan 90 yoshli qo‘shnimiz Zulayho buvi yodimga tushadilar. Men imkoni boricha ularning uylariga chiqib, ro‘zg‘or ishlarida ko‘maklashib, hammayoqni saranjomlab, tozalab berardim. Betob bo‘lib qolsalar, yetaklab hovlini aylantirardim. Onam har gal tansiqroq taom tayyorlasalar, albatta, Zulayho buviga ham ilinardilar. U kishi meni doimo “Katta direktor”, bo‘lgin deb duo qilardilar. Shu duolarning ijobati bo‘lsa kerak, eng ulug‘ bo‘lgan bolalar nashrlarining bir nechtasida bosh muharrir lavozimida ishladim. Keksalarimiz bejizga: “Oltin olma, duo ol”, deyishmas ekan. Ko‘ngillarga ezgulik ulashishda, qalblarga yorug‘lik taratishda, keksa va ko‘ngli yarimlarning duosini olishda hikmat ko‘p ekan...

Suhbatdosh - Nilufar JABBOROVA.

Manba: ''Gulxan'' jurnali. 2020 yil.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот