Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Умида Абдуазимова билан ҳар қандай мавзуда бемалол суҳбатлашиш мумкин. Айни кунда нафақада ва қайноқ ижод билан банд бўлишига қарамай, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси сифатида шоира тез-тез вилоятларда бўлиб, шеър ихлосмандлари билан учрашади.
— Умида опа, Сиз умрингизнинг бугунги бекатида нималар ҳақида кўпроқ ўйлайсиз ва одамларга нималар дегингиз келади?
— Шукроналик ҳақида кўпроқ ўйлайман. Агар қайта яшашимга тўғри келса, яна шундай яшаган бўлардим. Аллоҳга шукр, ўқидим, меҳнат қилдим, изландим. Хуллас, кам бўлмадим, яхши яшадим.
— Сиз умрингизнинг кўп қисмини матбаа нашрларида ишлаш билан ўтказгансиз. Куни кеча матбуот ходимлари ўз касб байрамларини нишонлашди. Айни кундаги матбаа нашрларининг фаолиятидан кўнглингиз тўладими?
- Мен чин маънодаги газетачиман. «Маърифат», «Тонг юлдузи», «Туркистон" («Ёш ленинчи») газеталарида, «Ёш куч» журналида ишладим. Баҳор келганида гуллар тўғрисида, ёз келганида унинг ўзига хос хислатлари ҳақида ёзишга ўрганганман. «Ғунча» журналига ишга ўтганимдан кейин зерикканимдан ўзим ариза ёзиб ишдан бўшаб кетганман. Чунки журналда баҳорда ёз ҳақида, кузда қиш ҳақида ёзишингиз керак. Мен доим газетага талпинганман. Бугунги матбуотда ишлаётган ҳамкасбларимга жуда ҳавасим келади. Тезкор давр. Истаса, телефонидан ҳам бемалол ўз мақоласини ёзиб керакли манзилга жўнатиши мумкин. Кўп керакли нарсаларни жойида, қисқа фурсатда ҳал қилиш имконига эга. Айни дамда ўзим ҳам шунга ўрганиб қолганман. Кўпинча интернетда ўтираман. Шеърми, мақолами, телефонда ёзиб, Фейсбукка қўяман. Айримлар шу ёшда ҳам интернетда ўтирибсиз-а, дейишади. Лекин мен компьютер сабоқларини компьютер энди-энди кириб келаётган пайтларда-ёқ ўрганиб олганман. «Ёш куч» журналида электрон ҳисоблаш машиналарини тарғиб қилганмиз. Газетада бош муҳаррирлик фаолиятим даврида ходимларим билан биргаликда ёзиш, расмларни қўйишни, макет қилишни ўрганганман. Ҳатто ўзимнинг китобларимни макетини ўзим қилиб кетавераман. Шунинг учун бирга ишлаган ходимларим миннатдорчилик билдириб, «Умида опа, айримларга ўхшаб компьютерларни қулфлаб юрмадингиз» дейишган. Интернетдан болаларни сақланг дейишса ҳайрон қоламан. Аксинча очиб қўйиш керак. Улар йўл-йўлакай сарагини саракка, пучагини пучакка қилиб ажратиб олишади дейман. Илмга берилиш ва кўп китоб ўқиш керак. Мана, муҳтарам Президентимиз «Китоб ўқинглар» дедилар. Аминманки, бундан кейин китоб ўқувчилар орамизда янада кўпаяди. Саводхон кишилар эса интернетдан қандай фойдаланишни яхши билишади. Уларнинг ижтимоий тармоқлардан яхшилик олишларига ишончим комил.
— Назаримда интернет тармоқларидан яхши нарсаларни ўрганиш оилавий муҳитга ва тарбияга ҳам боғлиқ бўлса керак. Нима дейсиз?
— Албатта, ота-онага ҳам боғлиқ. Улар фарзандларига рухсат бериб йўналиш кўрсатиши зарур. Энди матбуотга келсак. Газета-журналларни варақлаб кейинги пайтда бироз хафа бўлиб қоляпман. Биз ишлаётган пайтда «Туркистон» газетаси раҳбари, раҳматли Рустам Шоғуломов ҳар летучкада «Эссе беринглар, очерк тайёрланглар. Лавҳа нечта, фелъетон нечта чиқди?» дея саралаб, ёзишга даъват этиб турардилар. Ҳозирги матбаа нашрларида эса хабарлар ва фавқулодда воқеаларни ҳаяжон билан ёзишяпти холос. Мен, масалан, газеталарда гўзал очерклар, оила даврасидаги суҳбатларни, буюк шахслар билан интервьюларни, хуллас, турли жанрдаги мақолаларни, матал, аския, юмор, жаҳон адабиётидан намуналар ўқишни истайман. Шунинг учун бош муҳаррирлардан илтимос қилиб қолардим: ҳафталик, ойлик режаларни тузаётганда юқоридаги жанрларнинг барчасига алоқадор материаллар тайёрлашни ходимларига топширишса. Бу газета ададининг ошишига хизмат қилишига ишонаман. «Тонг юлдузи» газетасида ишлаётганимда илк марта «Кроссворд» деган сўз чиқди. Мен уни «Бошқотирма» деб ёзиб қўйдим. Кичкина жой бошқотирмага ажратганим учун ходимлар хафа бўлишарди, қаранг сариқ матбуотда бир саҳифадан ажратишяпти дейишарди. Биз шу кичик бошқотирманинг ёнига Пушкиннинг эртагини ёки Лермонтовнинг тарихий шеърини, Робиндранат Тагор асарларидан қўямиз ва болаларни жаҳон адабиёти намуналари билан таништириб борамиз деганман. Ўзим Азиз Несин ва Марк Твен ижодиётини жуда яхши кўраман. Ҳозир газетамизга обуна бўлинг дея ялиниб юрганларни кўрсам жуда хафа бўлиб кетаман. Илк марта «Тонг юлдузи»га раҳбар бўлганимда газета 1,5 минг нусхада чиқарди. Обуна қилишни фаррошдан бошлаганман. Уларга сизни газетада чиқарамиз, десам, вой кап-катта хотин бўлсам, нима деб ёзасан, деганлар. Аллоҳ буюрган яхши ишларни бажараяпсиз, дея уларни набираларининг номларидан «Мен бувим билан фахрланаман» дея газетада чиқардим. Натижада 5-6 бола газетага обуна бўлган. Бир математик, иқтисодчи олим билан танишганман. Газетада «Иқтисодиёт сабоқлари» рукнини ташкил этганмиз, улар ўзлари саволларни тузиб келганлар. Газетада саволлар учун анкеталар қилганмиз. Жавобни албатта шу анкетага ёзиш керак эди. Йил охирида ғолиб бўлган болаларга совғалар ҳам берганмиз. Шу «Иқтисодиёт сабоқлари» асосида кейинчалик халқ таълими вазирлиги томонидан дарслик яратилди.
— Сиз тенгдошларингизга нисбатан ижтимоий тармоқларда жуда фаолсиз. Бунинг боиси нимада?
— Жамиятга доим аралашиб туришни хоҳлайман. Журналист сифатида ўз вақтида ҳаётнинг ҳар жабҳасини яхшилаб ўрганишга ҳаракат қилганман. Масалан, айтайлик, сигир қанча сут беради, ёзда ёмғир ёғса нима бўлади, пахта плани қачон бажарилади кабилар. Таҳририятнинг турли бўлимларида — одоб-ахлоқ, адабиёт, қишлов хўжалиги, спорт бўлимларида жараённи доимимй равишда ўрганиб ёзганман. Ғайратлиман, замон билан ҳамқадам журналист, газетачиман. Балки шунинг учундир. Дарвоқе, иш фаолиятимни телевидениеда бошлаганман. Бу даргоҳ ҳам тезкорликни талаб этади. Мухлисларим эътибор беришса, шеърларимни қайта-қайта таҳрир қилиб ёзиб қўявераман. Фейсбукдаги менинг саҳифамни очиб қарасангиз, яқиндагина Президентимиз қўш хотинлик ҳақида гапиргандилар. Мен ҳам қалбимни қийнаган бу муаммо ҳақида ўз мулоҳазамни ёздим. Ҳозир дувиллаб фикр билдиришяпти. Кимларгадир фикрим маъқул келди, чапак чаляпти, кимлардир эсақоралаяпти. Камида кунига 200-300 одам ўқияпти. Фейсбук мен учун ватанпарварлик учун бир йўл.
— Кейинги пайтларда маза-матрасиз шеърлар кўпайиб кетди, назаримда. Айтинг-чи, шеър нима: у юрак ғалаёними ёки?..
— Менимча қалбингиздан чиқаётган тарбия. Ҳатто Қуръони карим ҳам шеърий нозил бўлган-ку.
— Илк шеърингизни қоғозга туширганингизда неча ёшда эдингиз? Буни тенгдошларингиз қандай қабул қилишган?
— 4-синфда ўқирдим. Укам Шавкатжонга бағишланган бу шеъримни ўқитувчим роса мақтаганлар. Натижада синфимиздаги 20 та бола ҳам шеър ёзишни бошлаб юборган.
— Кўп йиллар оммавий ахборот воситаларида («Маърифат», "Туркистон" («Ёш ленинчи»), «Тонг юлдузи», «Ғунча») ишладингиз. Бу сизнинг ижодингизга қай даражада таъсир кўрсатган?
— Мен болалар шоирасиман, катталарга ҳам бемалол ёзавераман, журналистман. Газета мени тезкорликка ўргатган. «Ёш ленинчи"да ҳассос ижодкор, таниқли журналист Мирзакарим Пирматов билан битта хонада ўтирардим. Улар радиони эшитиб, хабарларни таржима ҳам қилаверардилар, олдиларига кирган аёлларга чиройли муомала қилиб, кўйлагингиз чиройли экан, очилиб кетибсиз, деб ҳам қўярдилар ва яна келган ижодкорларга ёзган асарини таҳрир қилиб фикр ҳам билдириб турардилар. Яна биринчи саҳифага мақола ҳам ёзаверардилар. Мен ҳам шунга ўрганиб қолганман. Илҳом истаб ёлғиз ҳам қолмайман, йўл-йўлакай ёзиб кетавераман, одамлар билан мулоқотдаҳам бўлавераман. Балки шунинг учун ёзганларим кимларгадир оддий мақола бўлиб кўринар, кимгадир даҳо санар, билмадим, лекин мен кўнглимга келганини ёзавераман.
— «Меҳр топдим» китобингиздан ўрин олган кўп шеърлар («Бугунги кун», «Вужудим», «Бир кам дунё»)ни ўқиган ҳар қандай киши умр — ўткинчи эканлигини, ёр васли ҳам ўлчовли эканлигини, ҳар бир дақиқанинг қадрига етиш кераклиги таъкидланади. Бу шеърларнинг ёзилишида нима туртки бўлган?
— Ҳаётий тажриба. Аввал севги, муҳаббат ҳақида роса ёздим. Машҳур хонандалар Ортиқ Отажонов, Нуриддин Ҳамроқулов, Илҳомжон Иброҳимов, Ғуломжон Ёқубов, Қодир Мирашуров, Комилжон Баратов, ака-ука Исмоилжон, Исроилжон Ваҳобов, Шоҳруххонларлар шеърларимни қўшиқ қилиб куйлашган.
— Қайси бир ижро сизга кўпроқ манзур бўлган?
— Ҳаммаси манзур бўлган. Масалан, «Тикилиб-тикилиб қарайсан», «Ёр кўринмайди», «Тушларингга кирмоқ учун»», «Вафоларинг шуми?», «Ярим бахт» кабилар хит даражага эришган. Ўзимнинг қалбимдаги гапларни ёзганман. Кимнинг қошидан, кимнингдир сўзидан таъсирланиб ёзганман бу шеърларни. Ҳозир ҳам шундай. Ака-ука Ваҳобовлар 1977 йилнинг илк тонгида «Янги ёзувлар» рукнида шеъримни газетадан олиб Абдуҳошим Исмолиов мусиқаси билан қўшиқ қилишган.
— Одатда, қайси пайтда илҳом келади?
— Одамларнинг завқланишидан илҳомланаман.
— Тасаввур қилайлик: энг қиммат буюмингизни ўғирлатдингиз ёки йўқотиб қўйдингиз. Кейинчалик, уни яқин инсонларингиздан бирида кўриб қолдингиз. Бундай вазиятда қандай йўл тутасиз?
— Мен билан бунақа бўлмаган. Лекин аёлларга алданиб ўз қўлим билан анча-мунча нарсаларимни бериб юборганман. Бундан хафа эмасман. Тақдиримда шу ёзилган бўлса керак.
— Ёш шоираларга тавсия ва маслаҳатларингиз?
— Ушбу тавсиям нафақат шоираларга, балки барча ижодкор ва санъаткорларга тааллуқли. Энг аввало улар кибр ва ғурурдан йироқ бўлишсин. Халқнинг ичига киришсин, муомалали бўлишсин.
МАЪЛУМОТ ЎРНИДА:
* Тошкент шаҳар Юнусобод тумани «Бободеҳқон» маҳалласида туғилган.
* ЎзМУ (Тошкент давлат университети) журналистика факультетини тамомлаган.
* «Севинчим», «Сени кўргим келаверади», «Аразламанг», «Салом, ҳаёт», «Умрим зийнати», «Ойдин орзулар», «Оймома боғ» каби ўттизга яқин китобларини муштарийлар ҳукмига ҳавола этган.
* "Ўзбекистонда хизмаат кўрсатган маданият ходими» унвонига сазовор бўлган, Халқ таълими аълочиси, «Шуҳрат» медали соҳиби.
Маъпура НАБИЕВА суҳбатлашди.
2017 йил.